Меню

пятница, 31 августа 2012 г.

1 сентябрь - Жаҳонгир Муҳаммад туғилган кун !


Суратда: Сиёсат ва давлат арбоби  Жаҳонгир Муҳаммад

Қалби пок инсон, садоқатли дўст ва устоз

Умрлар кўп, йўллар кўп. Шу умр йўлида кимларни учратмайсиз...Айрим учраганларни гоҳда ёдга  олсангиз оласиз, гоҳда эса йўқ. Сабаби доимо хотиротингизни банд этишга арзимайдиганлар кўп.

Таниқли сиёсат ва давлат арбоби, адиб ва шоир, олим  Жаҳонгир Муҳаммад эса улардан мустасно. У қаерда яшамасин, ёки сизу биз билан ҳар дамда суҳбатдош бўлмаса ҳам доимо ёнма-ён юргандай ҳис қиласиз. Сабаби унинг асарлари, илмий ишлари, ҳаёти ва фаолияти ибратлидир. Унинг ибратли ҳаёти ҳамиша кишиларга йўлланма, қўлланма бўлиб хизмат қилади.



Жаҳонгир Муҳаммаднинг Тангри жуда камдан-кам инсонларгагина ато этадиган ўз сўзи, ўз овози, энг муҳими ҳаётда ўз ўрни билан сийлаган. Унинг сўзига, овозига эса одамларнинг ҳамиша эҳтиёжи бор. У одамлар  ўзига эҳтиёж сезишаётганини теран ҳис қилади. Шу боис  ҳамма вақт одамлар руҳияти поклиги учун хизмат қилишдан чарчамайди. Ўзга инсонлар руҳияти поклантириш учун эса аввало кишининг ўзлиги пок бўлиши керак. Жаҳонгир Муҳаммад қалби пок, беғубор  ва ҳоҳ дўсти, ҳоҳ рақибига фақат эзгуликдан сўзлайдиган, тўғри йўлни кўрсатадиган инсон.

Одамлар кўп, умр йўллари кўп, дедик.  Кимдир арзимаган бир туҳфасини бир умр миннат қилиб ўтади. Жаҳонгир Муҳаммад эса "«Яхшилик қилгину сувга от — балиқ билар, балиқ билмаса — холиқ билар» нақлини ҳаётда исбот этган оқилу фозил, ҳотамтой инсондир.

Қалби осмон каби чексиз, мусаффо,
Садоқатли дўст, ҳазрати устоз.
Одамзот эркига умрин бағишлаб,
Ҳечда чекинмасдан айтаётган сўз —
Жаҳонгир Муҳаммад!

Адолат туғини бош узра   тутган,
Халқ учун хизматни юракка туккан.
Озодлик йўлида заҳматлар чеккан,
Садоқатли дўст, ҳазрати инсон —
Жаҳонгир Муҳаммад!

Жаҳонгир Муҳаммад таваллуд куни Ўзбекистонда Мустақиллик , дея нишонланадиган байрам  кунга тўғри келади. Ҳар нарса бўлса бежизга эмас. Зеро,  Ўзбекистон атоқли улкан мамлакат Мустақиллигига қайсидир бир жиҳатдан дўст ва устоз Жаҳонгир Муҳаммад номи билан ҳам тарихан  боғлиқдир. Камина эса шундай улуғ киши билан дўстлигимдан, шундай табаррук инсон устозим эканликларидан фахр ва ифтихор ҳис қиламан!

Туғилган кунингиз муборак бўлсин Жаҳонгир ака!

Ризо Обидов.

Комментариев нет:

Отправить комментарий