Меню

пятница, 30 ноября 2012 г.

ДОВЮРАК

Жуда ёшлигимда бир эртакни эшитгандим…
Ўрмоннинг ўртасида жойланган бир қабиланинг бошига мусибат тушибди. Таланган, оч қолган, касалланган ва ўз йўлини йўқотган бу қабила тақдир сўқмоғида чорасиз қолибди. 
Қабиланинг бу каби инқирозига кимлардир бойлик ва мансаб илинжида, хоинликлари натижасида бу каби ғурбатларга сабабчи бўлибдилар. Хоинларни ҳам халқ билан кулфатни бирга тотишга маҳкум этилибдилар.Чунки, ўз халқига хиёнат қилганлар бошқаларга ҳам хиёнат қилмаслигига ким ҳам кафил бўла оларди дейсиз?!
Боши қотган оқсоқоллар барчани йиғиб маслаҳатлашиб олишмоқчи бўлишибди.Кимдир ўлимга ўзларини топширишни таклиф қилибди, кимдир душман қўлида хору зорлик бўлсада жон сақлаб қолишни илгари сурибди, яна кимдир қандайдир қуллик кишанларини бошга кийиш лозимлигини ўртага қўйибди….
Маслаҳатдан бирор натижа чиқмагач қабиланинг ёшлари орасидан бир йигит узр сўраб ўз фикрини айтмоқчи бўлибди.Унинг фикрича хоинлик натижасида бир аҳволга келиб қолган бу зулмат босган юртни
ташлаб, қуёш нурларини тўсиб турган ўрмонни тарк этиб қуёш нурлари балқиган жойларга
кетиш қабила учун ҳар томонлама афзал эканлигини эътироф этибди.
Кимдир рози, кимдир қулликни афзал кўрибди…Алалоқибат йигитга ишониб зулмат босган ўрмонни ташлаб қуёш нурлари жилва қилаётган адирликларга етиб боришга кўнишибди.Керакли озуқа заҳиралари олиб халқ ёш йигитнинг орқасидан отланишибди.Йўл топиш қийин эди, қуёш нурини тўсган ўрмон зулматидан қай томонга кетиш аниқ эмасдек эди.
Йўлда азоблар, кутилмаган қийинчиликлар халқнинг тинкасини қуритибди.Кунлар ўтаркан, йигитнинг гапига кириб юртни ташлаб кетганлари учун ўзларига лаънатлар айтишибди ва йигитни бош айбдор деб йўлни билмаганликда ҳамда халқнинг тақдирини оғирлашганликда сабачи қилиб хуноб бўлишибди.
Ёшлар кексаларга ёрдам берарканлар, кунлар ўтиб бирин кетин очлик ва ҳайвонлар ҳужумидан одамлар қирила борибди.Халқ саросимага тушибди…Шунда охирги чора йўлбошчи йигитни ўлдиришмоқчи бўлишибди….Ночор қолган ёш йигит ўз танасини ёриб юрагини қўпориб олибди ва боши узра баланд кўтарибди.
Унинг пок юраги шунчалар мусоффо эканки, ундан таралаётган нур бир зумда зулматни ёритиб, қуёш каби порлай бошлабди.Кишиларда ишонч пайдо бўлиб, яна ёш йигитнинг орқасидан йўлга тушибдилар.Оз фурсатда ўрмон тугаб, кенг бир ялангликка етиб келишибди.Осмон мусаффо. Қуёш порлаб турибди.
Ёруғликни кўрган кишилар далага томон югуришибди.Юрагидан ажралган ёш йигит ёруғликни кўриб, халқини озодликка олиб чиқа олганидан хурсанд бўлиб, секин ерга йиқилибди. Далага чиқа олмай, ўрмон четида ўлиб қолибди.Унинг қўлида қонга беланган юраги тинчиб қолган, ҳаётдан асар ҳам кўринмасди.
Йигитнинг йиқилганига ҳеч ким эътибор ҳам бермабди.Барчанинг кўзини қуёшнинг нури чарақлаб шамғалатибди.Барча далага томон югуриб борарканлар дала узра оёқ излари қолаверибди.Бу излар оёқяланг югурган кишиларнинг ўзлари эътибор бермай ёш йигитнинг пок юраги устидан ўтганларида оёқларига илашган қонлар изи экан…
Халқнинг юрган йўлида, бутун далада қонли оёқ излари муҳрланиб қолибди…Жонсиз жасад ёнида ушбу пок юрак озодликда юрган кишиларни кўриб секин аста тинчиб қолибди….Одамлар эса диконлaб ҳар томонга отлар каби сакраб хурсандчлик қила бошлашибди.Ўзларига асли хоин бўлган бир кишини бош этиб сайлашибди…—————————–Мен буни нега айтмоқчи эдим?!Бугунги кунимизда шундай ҳолатлар юз бермаяптими?!Ватан хоинлари, уни сотиб юб юрганлар, халқнинг оғир аҳволига сабабчи бўлган кишилар йўқ деб ўйлайсизми?Агарда бир инсон чиқадиган бўлса бу ўрмон ҳалқи каби унинг ҳам устидан мағзава тўкиб кейин унинг пок юраги устидан юриб кетмаймиз дея ким ҳам кафолат бера олади???
Ҳурмат билан Мистер Қалампир

"БУЮК КЕЛАЖАК"!

Жиддий ханда

Афандидан сўрашибди.

- Келажакка ишонасизми?
- Қайси келажакка?
- "Буюк келажак"ка, албатта!
- Йўқ, мен фақат оддий келажакка ишонаман.
- Нега энди?
- Оддий келажак -бу аниқ нарса!
"Буюк келажак"ни тухумга ўхшатадиган бўлсак, у лук бўлади. Агарда лук бўлмай қолса ҳам ундан жўжа эмас, балки яна битта ўзига ўхшаган "Буюк келажак" чиқади!

Насрулло Саййид:Террорчи депутат

( тарихий  қисса )
Яқинда Тошкентда Ислом Каримовнинг янги китоби нашрдан чиқди ва унинг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб - «Юксак маънавият – енгилмас куч» деб, номланганлигини матбуотда ўкиб қолдим. Кўпчилик қатори мен ҳали бу китобни кўрганим ҳам, ўкиганим ҳам йўк. Тахминимча И.Каримов ушбу китобида ўзи бошчилигида, охирги 18 йилда Ўзбекистонда қурилган «юксак маънавият»ли жамият ҳакида фикр юргизган бўлса керак.
Ўзбек мухолифатининг ҳозирги аҳволидан келиб чиқиб, бўлиб ўтган воқеалар ва хотиралар тўғрисида ёзишдан ўзимни чеклаб юрган эдим. Сабаби бу хотиралар айрим кишиларга ёкмаслиги ва у ҳатто бошқача талқин ҳам қилиниши мумкин. Лекин бугун И.Каримовнинг маддоҳлари юксак минбарлардан туриб, «юксак маънавият» ҳакида сафсата сотаётган эканлар, мен ўзбек жамиятини маънавиятсизлик ботқоғига ботаётганлигини кўра - била туриб жим туришга ўзимни ҳақсиз деб билдим. Бугунги ўзбек жамиятида илдиз отиб кетган - ёлғончилик, сохтакорлик, порахўрлик каби иллатларнинг миллатимиз маънавиятини тубанлаштириб бораётганлиги тўғрисида гапирмасликнинг сира иложи йўқ.
Ўзбек мухолифатининг бир вакили сифатида, президентимизнинг ўша китобида тилга олинган мавзу ҳақидаги фикрларим Ўзбекистон ҳукуматидагиларни қизиқтирмаслиги тайин. Чунки
ҳозирги И. Каримов қурган Ўзбекистонда мендай бир ўзгача фикрловчи шахснинг фикрларини тинглашга уларда тоқат йўқ. Шу сабаб мени ҳам ўша китобни тезрок топиб ўкиш ва уни таҳлил қилиш ниятим йўқ.У китобдаги қарашлар менга тахминан танишдай туюлмоқда...
Бу китобга жавобан охирги 18 йилда Ўзбекистонда ўз бошимдан кечирган ҳодисалар хотирасининг бештаси, аниқроғи бўлиб ўтган бир воқеанинг эсда қолган беш нуқтаси ҳакидаги хотираларим баён этилган бир қисса  ёзишга қарор қилдим. Бир пайтлар бошимдан ўтказган ушбу мудҳиш воқеаларни ҳеч қачон унута олмасам керак деб, ўйлайман. Бўлиб ўтган ўша ҳодисалар тавсилотларини холислик билан, қандай бўлиб ўтган бўлса, шундайлигича ёзаман. Илтимос ҳеч ким уларни тўкима деб, уйламасин. Бу – ҳақиқат, Парвардигоримни олдида мен ёлғончи ва гуноҳкор бўлишдан қўрқаман.
Бу қисса – И.Каримовнинг яқинда босмадан чиққан китоби муқовасидаги ўша - «юксак маънавият» ҳақидадир...

БИРИНЧИ ХОТИРА
Адолатга ўчлигим, юрт тақдирига бефарқ бўлолмаганлигим мени 1990 йилнинг бошида Ўзбекистон Олий Кенгашига олиб келди. Олий Кенгашда мухолифат фракцияси тузилишида қатнашдим ва бир қатор ҳур фикрли депутатлар билан биргаликда Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш талаби билан чиқа бошладик. Сессия залидаги депутатлар ичида камида 20-30 киши қаттиқ ислоҳотчилик позициясида турарди ва ўз фикрларини қўрқмасдан айта оларди. 500 депутат ичидаги шу кичкина гуруҳ балким Ўзбекистондаги ҳаётни бошқа томонга буриб юбориши мумкин эди, ўшанда. И.Каримов буни тез илғади ва уларга қарши курашни бошлаб юборди. Ҳар хил бўхтон, туҳматлар ва сохта жиноят ишлари оқибатида ислоҳот талаб қилганлар бирин-кетин сессия залини «тарк эта» бошладилар. Бу И.Каримов яратишни ният қилган - «юксак маънавият»нинг бошланиши эди. Аксига олиб фракциямиз раҳбари М.Солих 1992 йил 2 июль куни уз депутатлик мандатини топшириб, Парламентдаги курашини тўхтатди. Сессия залида И.Каримовни қўрқмай танқид қила оладиган овозлар кундан-кун сийраклашиб, озайиб ва оқибат сўниб борарди...
1993 йил сентябрь ойининг охири эди. Мен сиёсий курашдан чекинмаган ҳолда ҳали-бери катта бир қурилиш ташкилоти ва «Эрк» нинг Бухородаги бўлимига раҳбарлик қилардим. Олий Кенгаш депутатлиги ваколатим ҳалигача ўзимда эди. Ой охирида Тошкентда «Эрк» партиясини навбатдаги қурултойи ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, айримлар унда ташкилий масала  кўрилиши мумкинлиги ҳақида гап сўз қилиб юрганди.
Мен бир гуруҳ бухоролик «Эрк»чиларни Тошкентга қандай қилиб олиб бориш режасини тузиб, ўз ташвишларимга қоришиб юрардим. Тошкентга қурултойга жўнаб кетишимизга бир кун қолганда,кечқурунги соат 10 ларда, уйимга Эркин деган бир милиция майори келди. У менга вилоят ҳокими Д.С. Ёдгоров мени сўраётганини  айтиб, мени ўзи билан олиб кетди. Вобкент туман ҳокимлиги биносида, туман ҳокими Шавкат Иброҳимовнинг кабинетида вилоят ҳокими мени кутиб ўтирган экан. Бу ерда ўтирган вилоят ва туман ҳокимларининг мендан қилган талаблари мазмуни шундан иборат бўлди : Мен яқинда ўтиши режалаштирилган “Эрк”нинг қурултойида бухоролик эркчилар билан биргаликда «Эрк»нинг янги раҳбарини сайлашга овоз беришимиз ва М. Солиҳ номзодини ўтказмасликка эришмоғимиз  лозим экан. Ўз талабини менга айтиб бўлган вилоят ҳокими стол устига янги «ГАЗ-31» машинаси калитини қўйди-да, туман ҳокими Ш. Иброхимовга имлаб, уни кабинетдан чиқариб юборди. Сўнгра у мени олдимга бир қоғозни папкасидан чиқариб ташлади. Ўкиб чиқсам,вилоят ҳокимининг мени Вобкент туманига ҳоким этиб тайинлаш тўғрисидаги фармойиши. Аммо у ҳали имзоланмаган. Д.С. Ёдгоров ушбу фармойиш менга топширилган «вазифа» бажарилиши биланоқ, эртасига дарҳол имзоланишини айтди. Мен кўп ўйлаб турмай, унга рад жавобини бердим ва фақат қалбим буюрганидай иш тутишлигимни айтдим. У эса: «Жиннилик қилма, бажармасанг кейин ўзингга ёмон бўлади» - деди. Сўнгра уйимга кетишимга ва яхшилаб ўйлаб кўришимга шаъма қилиб гапирди. Уни олдидан чиқиб, тезда уйга жўнадим.
Тошкентдаги қурултой ҳис ҳаяжонларга тўла бир ҳолатда бошланди. Қурултой раислигини аввалига Отаназар Орипов олиб бордилар. Номоз Нормўмин сўзга чиқиб,партия раисининг чет элдан туриб жўнатган ҳисоботини ўқиб эшиттирди. Залда ўтирганлар орасида шовқин кўтарилиб, партия раисига нисбатан норозилик кайфияти сезила бошлади.Вазият ҳукумат истаган йўналиш томон кескин бурила бошлади. Раислик қилувчи партия раисига ўта содиқ шахс бўлгани боис, йиғилишни бошқара олмай, довдираб қола бошлади. Шу орада танаффус эълон қилиниб, мажлис тўхтаб қолди. Танаффус пайтида Отаназар ака мени олдимга келиб: - «Насрулло, йиғилиш раислигини ўзингиз олиб бормасангиз бўлмайди. Мен ҳозир ҳамма нарсани расво қилиб қўйишим мумкин» деди. Шундай  қилиб танаффусдан сўнг қурултойга раислик қилиш менга ўтди. Мен зални бироз бўлсада тинчлантирган ҳолда бошқариб, ҳар хил фитналарни йўлини тўсдим деб ўйлайман. Ҳукумат режаси амалга ошмай қолди...
Ўша қурултой бўлиб ўтганига 15 йилдан кўп вақт ўтиб кетибди. Шу орада қанча–қанча сувлар оқиб кетди. Кимлардир ўша кунлар ҳақидаги ўз хотираларини ёзишга ҳам улгурди. Яқинда «Эрк»нинг ўша қурултойи ҳакида «Эрк» партияси рахбари томонидан Халкаро Энциклопедия (Wikipedia)га киритилган маълумотларга кўзим тушиб қолди. Қайси кўз билан кўрай–ки , у ерда М.Солиҳ ва О.Ориповдан бошқа бирор бир “эрк”чининг   исми ва фамилияси йўқ эди. Улар тарихни ҳам қизғанишибди. Эҳ, тиниб-тинчимаган одамлар-эй, бунчалик “шуҳрат”га ўч бўлмаса  булар, дедим.Шу боис бундан буёғига И.Каримов китобларини ўқишга ҳавасим сўнгани сингари уларни ёзганларига ҳам қарагим келмай қолди...
Қурултойни ўтқазиб, эртасига уйга қайтдим. Уйга яқинлашар эканман уйим олдида турган милиция машиналарига кўзим тушди. Уйимиз олдида ўз соқчилари билан Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, милиция подполковниги Садриддин Зайниев мени кутиб олди. Эртасига мен раҳбарлик қилаётган ПМК га ҳам 30 кишидан иборат катта тафтиш комиссияси келди. “Эрк”нинг ўша қурултойидан бир неча кун ўтиб бошланган ўша тафтиш роппа-роса 1 йил давом этди. Мен бошчилик қилган ПМК билан ўзаро хўжалик-иқтисодий алокаларида бўлган барча  ташкилотлар шу баҳонада бир қатор тафтишдан ўтказилди. Кейинроқ эшитдимки,ушбу тафтишларга бевосита раҳбарлик қилган рус йигити- Володя шу баҳонада Бухоро шаҳридаги каттагина иморатини битириб ҳам олибди ва янги «иномарка»лик ҳам бўлибди. Тафтишлар мени иштирокимсиз олиб борилди, сабаби ўша 1993 йилнинг кузидаёқ мени депутатликдан «чақириб олишди» ва 1994 йилнинг 20 февралида «уйида жанговор граната сақлаган» деб қамашди...
1994 йилнинг ўша машъум қиши кириб келган даврда мен каттагина оилалик ҳам эдим. Мени 5 фарзандим бўлиб, катта ўглим - Жаҳонгир эндигина 11 ёшга кирган эди. Энг кенжа боламиз Эркиёр (“Эрк” партияси шарафига уни отини ўзим қўйган эдим) эндигина икки ёшга кираётган чақалоқ эди. Буларни орасидаги қизларим -Мадина, Марина ва Шаҳризода 10, 8 ва 6 ёшли қизалоқлар эдилар.
Ўша туни уйимизга жуда кўп,қуролланган милиция ходимлари келишди. Улар уйимиздан «Эрк» газеталарини топмоқчи бўлишди. Кеч соат 10 дан то тонгги соат 2 гача уйимизни остин-устин килдилар, аммо газета чиқмади. Қоронғуда кимдир бирдан 5 нафар гўдагим ухлаб ётган хонадаги шкафдан, болаларимнинг кийим  ва ўйинчоқлари орасидан жанговор граната топганлигини айтиб қичқирди. Қичқирган Бухоро вилоят ИИБ ходими Олим Жаъфаров эди. Мен кутилмаган бу ҳодисадан бироз довдираб қолдим ва нима қиларимни билмай, қўлида граната ушлаб турган ўша миршабни кўзларига қараб, жовдираб тикилдим. Аммо унинг кўзларида И.Каримов айтаетган ўша «юксак маънавият»ни сира кўрмадим. (Шу воқеадан 10 йил ўтиб, милиция майори Олим  Жаъфаров бир тадбиркордан йирик микдорда пора олаётиб, қўлга тушади ва 12 йилга қамалиб кетади)
Тергов-суриштирув ишларини олиб бориш Бухоро вилояти ИИБ терговчиси Отамурод Қўлдошевга топширилди. Мени эса шу бошқарманинг ертуласидаги бир заҳ камерага жойлаштирдилар. Тўғрисини айтишим керак албатта, мени у ерда биров чертгани ҳам йўк. Балким яқин ўша кунларгача Олий Кенгашда депутат  бўлганлигим сабаб  бўлгандир. Балким деярли ҳар куни ортимдан сўроқлаб жуда кўп сайловчиларим келаётганлиги сабаб бўлгандир. Хуллас мени у  ерда жисмоний қийноқларга солишгани йўқ.
Куним терговчининг савол жавоблари билан бошланиб, шу билан тугарди. Терговчи олдинига ўша «топилган граната» ўзимники эканлигини тан олишга роса ундаб кўрди, тинмай дўк -пўписалар қилди. Мен билмайдиган нарсамни билмаслигимни айтиб туравердим. Мен ҳам айбсизлигимни тинмай унга таъкидлайвердим. Ҳатто бу ишни уюштирганларни жавобгарликка тортишни ундан талаб қилардим. Бир ҳафталик савол - жавоблардан сўнг терговчида бироз ўзгаришни кузата бошладим. У энди менга қўйилган айбни исботлаб бера олмаслигига кўзи етаётгандай, сал саросимага туша бошлаган ва шу оҳангда гапирарди. Чунки тинтув қонунга зид тарзда ўтказилганлиги, тинтув жараёнида қатнашганлар ўша граната қаердан топилганлигини аниқ кўрсатиб бера олмаётганликлари терговчини ҳавсаласини пир қила бошлаган ва ишини анча чигаллаштириб ташлаган эди. Қаршисида ўтириб, ҳар бир сўзида фақат яхшилигу, эзгуликдан гапираётган, минглаб сайловчилари наказларини сидқидилдан бажарганлигини айтаётган оддий, содда софдил бир инсондан « жиноятчи» ясаб бериш у учун  осон иш эмаслиги яққол сезила бошлади.Шу орада кўплаб сайловчиларим имзо тўплаб, ҳар томонга мурожаатномалар жўната бошлаганликларини кейинчалик эшитиб билдим. 2500 киши имзолаган катта бир мурожаатнома папкаси президент аппаратига ва вилоят ҳокимлигига топширилганлиги ҳақидаги хабар терговчигача ҳам етиб келганди.
Ҳар кунги савол-жавоблар пайтида мен унинг кўзларидан бу иш бир масхарабозликдан иборат эканлигини билишини англаб турардим ва бу ҳақда унга тинмай таъкидлардим ҳам. Гапларимни эшитганда у гоҳида мийиғида кулар ва гоҳида эса гапни бошқа бир томонга буриб юборарди. Аста – секин уни мен бор ҳақиқатни тан олдиришга ундай бошладим. Менимча унга виждонини сал бўлсада қийнайдиган гаплар айтдим шекилли, у бир кун тўсатдан: - «Ака, ариза ёзиб беринг, мендан бу ишни олсинлар. Сизга бошқа бир терговчи тайинлаганлари маъқулроқ, мен бу ишдан роса қийналиб кетдим», деб колди. Мен унга: «Нимага энди қийналасиз, бор ҳақиқатни айтинг қўйинг. Айби тасдиқланмади, бу унга нисбатан туҳмат»- денг дедимда, ундаги ҳолатни кузата бошладим. У эса бирдан асабийлашиб кетди ва : «Сиз билмайсиз, сиз тушунмайсиз буни оқибатини. Ишдан ҳайдалсам майли эди... Умрим қамоқда чириб кетиши мумкин. Ахир бунинг орқасида сиёсат бор, бунинг орқасида Каримов бор. Сиёсатга аралашиб нима қилардингиз?» -дея, менга қараб қичқира кетди. Орадан сал ўтиб, суҳбатимиз аста – секин бошқа мавзуга томон бурилди. У энди кўринишидан бу муаммодан қутулиш йулларини излай бошлаганди назаримда. У нима булмасин,«қисман» бўлсада айбдорликни бўйнимга олишимни, у эса «дело»дан тезроқ қутулишни ўйлар ва кўпинча бу ерга олиб келинган ҳар қандай кимса, бу ердан албатта бирор «айби»ни бўйнига олмасдан чиқа олмаслигини таъкидларди. Мен эса безрайиб, унга бор ҳақиқатни айтиб тураверардим. Уни бу ишдан ҳафсаласи кундан – кун пир бўлиб бораётганлиги яққол сезилиб борарди. Энди у қийноқлар қўллашни бошлаб юборса керак деган уйлов мени кун сайин қўрқита бошлаётган эди...
Бир кун мен ўтирган камерага бир ўрис болани келтириб ташладилар. «Лёха» деб ўзини таништирган ўша махбус, кейин билсам «лохмач» экан. У аввалига мени қўркитиб, гап олишга  роса ўринди. Ҳатто бир марта ўз вена қон томирини намойишкорона кесиб, ўзини жинниликка ҳам солиб кўрди. Бунақа “томоша”лар қарийиб бир ҳафта давом этиб турди, шу орада терговчи бирор марта ҳам мени сўроққа чақиртирмади. «Лёха»нинг жинниликларидан охири асабларим чарчади, аммо мен уни бир нима қилиб қўйишдан қўрқардим...
Охири бир куни мени яна сўроққа олиб чиқишди. Қарасам  терговчининг чеҳраси бироз очиқ. У менга қараб: « Ака йулини топдим, сизга ҳам, менга ҳам яхши бўладиган йўлини топдим» - деди. Сўнг: «Катта ўглингиз неча ёшда?» деб сўради. Уни бу саволидан нимагадир вужудим тирқираб кетди, пешанамдан совуқ тер ёғилиб кела бошлаганини сездим. «Нима эди?» - дедим унга мўлтираган ҳолда, савол назарида қараб. «Билишимча, у ҳозир 11 ёшда бўлса керак, уни қамаб бўлмайди. Битта ариза ёздириб оламиз ундан холос. Мен ўша нарса (граната)ни нималигини билмасдан, кўчадан топиб, уйга олиб келувдим, деб ёзиб берса бўлгани»- деди терговчи бамайлихотир. Шу маҳал кўз олдим қоронғулашиб кетди,терговчи қаршисида тирик мурдадай қотиб қолдим...
Шу ҳолатда қанча турганимни билмайман, кейин аста ўзимга келдим ва унга сансираб: “Сен иблиссан, ҳа, иблиссан!” – дедим. Аммо ғўлдираб, бошқа бир нарса дейишга тилим айланмади.
У эса сапчиб ўрнидан турдида: «Айбланувчи Сайидов, бўлмаса шу билан тергов ишлари тугаганлигини сизга маълум қиламан,  «дело»ни эртага прокурорга топширишим керак, мен сизни айбдор деб топдим. Агар айбсиз бўлсангиз судда исботлаб берарсиз»- деди ва эшик олдида турган соқчига тезда мени бу ердан олиб кетишларини буюрди...
Терговчи билан орамизда бўлиб ўтган ўша суҳбат хотирамда бир умрга шундай муҳрланиб қолдики, орадан 14 йил ўтган бўлса ҳам терговчининг ўша машъум ҳолати, башараси ва айтган ўша жирканч сўзлари ҳали ҳам қулоғим остида жаранглаб турибди. Амал деб, давлат бошлиғига яхши кўринаман деб, ҳар қандай ёвузлик ва  жирканчликка тайёр кишилар борлигидан жуда хафа бўлгандим ўшанда.Кеча И.Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» деб номланган китоби ҳақида эшитганимдан сўнг эслаган хотираларим ичида бу биринчиси эди, қолганлари ҳақида сўнг...
Айтмоқчи ўша терговчи ҳозирда адвокатлик қилиб, инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб юрган экан, шу боис мен уни кечиргим келди ва уни номини ҳам тарихларда қолдирса бўлар деб, юқоридаги хотираларни ёздим.
ИККИНЧИ  ХОТИРА

Бу хотира Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқларнинг бир тури ҳакидаги хотирадир . Хотирлаётганим қийноқ - ўзгача шаклдаги бир руҳий қийноқдир. Бу – маҳбусни товони тагига   «дубинка» билан уриш эмас, бошига противогаз ёки полиэтилен халта кийгизиш ҳам эмас. Бу-маҳбусларни совуқ ва заҳ изоляторларга қамаб қўйиш ёки уларни бошларига қоп кийгизиб, кейин полиэтилен билан ўралган арматура ёрдамида савалаш ҳам эмас. Бу- инсон руҳиятини мусиқа ва қўшиқ воситасида   синдириш қийноғидир.
Ҳа, мусиқа ва қўшиқ воситасида. Бошқаларни билмадиму, мен бу нарсани нимагадир қийноқнинг бири тури сифатида қабул қилдим...
Терговчи «дело» ни тугатиб, «айблов хулосаси»ни ёзди ва тасдиқлаш учун уни прокурорга топширди. Мени эса ИИБ  ертўласидан машҳур ва машъум «Отбозор» турмасига кўчирдилар. Бу турмани қанақалигини Ўзбекистонда ҳамма яхши билади. Яқинда ўзбек халқининг мард шоири Юсуф Жума ҳам шу турмада бир муддат азобланди. Бу турма аслида тергов изоляторидир, аммо у ерда ҳар хил одамлар ва ҳар хил тақдирларни учратиш мумкин.
Турманинг кетма – кет ўтиб бориладиган темир дарвозаларидан бирин-кетин ўтиб, узоқ каридор  бўйлаб юриб, бир камера эшиги олдида тўхтадик. Соқчи вужудларни чирқиратиб юборадиган  «жарақ» товуши чиқартириб, камера эшигини шошиб очдида:      - «Жиноятчи, энди бу ер сизнинг уйингиз» дея, мени камерага ичкарисига қараб имлади. Сўнг орқадан анчадан бери мойланмаган ўша темир эшикни жарақлатиб ёпиб,тамбалаб ташлади. «Ака, мен жиноятчи эмасман» - деган гапим оғзимда қолди. У : «Бу ердагилар ҳаммаси - жиноятчи»- деди бир даста калитини шарақлатганча уйнатиб эшикни нариги томонидан. Уни узун каридордан аллақандайдир қўшиқни хиргойи қилиб кетиб  бораётгани торгина камера ичидан ҳам эшитилиб турарди. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари остонасидан шундоқ ичкари кирдингизми тамом,сизни бундан буёғига албатта «жиноятчи» деб аташларини ва «шунга яраша» муносабатда бўлишларини ўшанда билдим.
Мени қамашган камералари жуда кичкина бўлиб, у ерда фақат иккита темир каравот турар, камера жуда қоронғу, салқин ва юракти сиқиб юборадиган даражада жуда сокин эди. Камерада ўзим ёлғиз қолгач, секин у ерда турган темир каровотларни бирига чўзилдим. Шу пайт аллақаердандир кимнингдир баланд овозда қўшиқ куйлаётгани қулоққа чалинарди. Ҳофиз шундай дея хониш қиларди:
Керак бўлса ҳақиқат учун, минг бор ўлиб, минг бора тирил...
Шу чўзилганимча қаттиқ чарчаганимданми, асабларим тиришиб кетганиданми, қаттиқ уйқуга кетиб қолибман. Орадан қанча вақт ўтди билмайману, бирдан уйғониб кетдим, қарасам камерада фақат ёлғиз ўзимман. Аммо ҳалиги қўшиқлар ҳали- бери тингани йўк,янги- янгилари кетма-кет янграмоқда:
Жиловланиб товусдек, юришларинг ёқади... дан кейин:
Юз йилда бир туғилармиш  эл дардини айтолган... ва  ундан сўнг:
Кимларгадир керак бизни ёлғизгина бошимиз... ва ҳоказолар айтилаверди.
Хуллас қўшиқларни эшитиб, бироз тинчлангандай бўлдим. «Мазза-ку»- дедим, ўзимча. Қўшиқлар тунги соат 2 гача давом этди, кейин билсам бу -«Машъал» радиостанцияси экан. Тонгги соат 5 да «Серқуёш»билан янги кун бошланди. Радио овозини бир пас ўчириш еки пасайтиришни сўрамоқчи бўлдим, аммо кимга ва қандай қилиб мурожаат қилишни билмадим. Овоз чиқараётган радиокарнай турманинг нақд марказидаги бино томига ўрнатилиб, «прямой» қилиб улаб ташланган экан...
Мен прокурорни хулосасини кутаётган эдим. Агар у ҳам мени «айбдор» деб топган бўлса, демак судгача шу ерда қолиб кетишим тайин эди. Ташқаридан ҳеч қандай ахборот олишнинг иложи йўк, ҳеч ким ташқи дунё, оиланг ва бола-чақанг ҳақида маълумот бермайди. Қамоқдагиларни ахборот тақчиллиги ҳолатида сақлаш ва шу орқали уларга руҳий босим ўтказиш Ўзбекистон турмаларидаги одатий бир ҳолдир. Бундай ҳолатда фақат фолбинлик қиласан киши, ўзингча ҳар хил тахминлар қиласан ва қўрқинчли хаёллар денгизига шўнғиб кетасан. Миянгга ҳар хил бўмағур хаёллар келаверади, келаверади. “Нахотки”...? деб, ўрнингдан туриб кетасан, юрак сиқилганидан оғриб, қон босиминг ошиб кетаверади. Сани шу аҳволингга кулгандай, устига -устак бу - «яллалар» тинмайди, улар шунчалик  жонингга тегиб кетади-ки, “дод” деворгинг келади. Бири –биридан шўх ва худди тўйхонада айтилаётгандек жўшқин бу мусиқалар кун ва соат сайин руҳиятингни синдириб бораверади...
Мен ётган камерага бир ҳафтадан сўнг тўсатдан бир одамни келтириб ташладилар. Кўринишидан жуда ҳорғин, орриққина кўринган бу одам 40 ёшларда эди. У бошида жуда оз гапирар ва мени яхшилаб «разведка» қилаётганга ўхшарди. Нимагадир у умуман овқат емас ва қўрқинчли тарзда чуқур йўталарди. Ҳар тунда камера «кормушка»си бирдан “жирқ” этиб очиларди-ю, кимдир у ердан целофан қоғозга ўроқлик бир нарсани камерамизга ташлаб кетарди. Бу жараён шунчалик тез кечардики, мен темир эшикдаги тешикдан бу нарсани ким ташлаб кетаётганини ҳақиқатда илғаб ололмасдим. Шеригим эса ташлаб кетилган ўша ўрамни дарҳол олар, уни шоша-пиша очиб, ичидагисини оғзига солар ва орқасидан бир кружка сув ичарди. Бу унинг ҳам нонуштаси, ҳам тушлиги ва ҳам кечкурунги овқати эди. Кейинчалик билсам у – кўкнорнинг эзилгани экан.
Танишувимизнинг бошида у мени кимлигимни роса суриштира кетди. Мен унга кимлигимни айтдим. Олий Кенгашга депутат бўлганлигимни, Каримовнинг «демократияси»га ишониб, мухолифат сафларига кирганлигимни, фақат одамлар ташвиши билан яшаганимни, кейин эса уйимга граната ташлаб бу ерга қамаб қўйишганини, хуллас барини айтдим. У олдинига бу гапларга сира ишонмади. Шу орада прокурордан «айблов хулосаси» келди ва у уни ўқиб кўриб ишонди. Нафақат ишонди, ҳатто ҳайратга тушди. «Наҳотки орамизда шундай одамлар ҳам бор»деб қўярди ўзича қизиқиб. Ҳатто менга: «Политический» деб ўзича ном ҳам қўйган бўлди. Кейин у ўзи тўғрисида ҳам аста-секин гапира бошлади: Айтишича, у самарқандлик бир эроний йигит экан. У ёшлигиданоқ ўғрилик ва талончилик билан шуғулланим келган экан. Отаси ароқхўрликка, онаси эса бузуқчиликка муккасидан кетган одамлар бўлишган. Камерадошимнинг айтишича, у ўз оиласида яхши тарбия олмаганлиги оқибатида жуда ёшлигиданоқ қамоққа тушиб қолган. У ердан чиқиб эса яна ўғрилик қилган ва яна қамалган. Охирги марта онаси ва бир опасини бузуқчилик устида ушлаб, чавоқлаб ташлаган. (Ҳарқалай бу унинг сўзлари) . Шу сабаб у ўзини модаркуш ҳисоблар, қилган ишларидан пушаймон бўлиб, гоҳида ўзини, гоҳида эса бутун жамиятни сўкарди. Охирги жинояти учун биринчи суд инстанцияси уни ўлимга ҳукм қилганлигини, у эса тирик қолиш илинжида 12 йилдан буён қандай курашиб келаётганини шу қадар жонли ва таъсирчан қилиб айтиб бердики, уни ҳикоялари таъсирида мен «Машъал»да янграётган қўшиқларни гоҳида унутиб қўярдим.
Кунларнинг бирида вилоят прокуратурасидан бир вакил келиб, турмадагилар билан бир суҳбат ўтқазди. Ўша вакил суҳбат давомида шундай савол берди: - «Турма маъмуриятига қандай талабларингиз бор?» Уни саволига жавобан мен: - «Ака, иложи бўлса шу радиони ўчириб қўйсалар, талабимиз - шу» дедим. Прокуратурадан келган вакил мени гапимни эшитиб роса кулди, бунақасини олдин ҳеч кимдан эшитмаганлигини айтиб, у ҳайратланарди. «Фақат шуми?» дея, шеригимга ҳам юзланди. Шеригим эса вакилдан асло ундай қилмасликни, мусиқани сира ўчирмасликларини сўраб, ҳатто зорланди. «Ҳақиқий демократия Ўзбекистон турмаларида. Бу саволни яна бошқалардан ҳам сўраб кўрамиз ва кейин ҳал қиламиз»- дея вакил камерамиздан чиқиб кетди.
Вакил камерамиздан кетиши биланоқ шеригим менга қараб бақира кетди: - «Нима деганингизни биласизми ўзи, бунақа турмада ётишни фақат орзу қилиш керак. Мен Владимиридаям, Воркутасидаям, Тоштурмасидаям ётдим, аммо бунақасини ҳеч қаерда кўрганим йўк» дея, у сўзида давом этди: - «Ўн икки йилдан буён «тиқ» этган овозни эшитсам сакраб тураман, юрагим дўккилаб уриб кетади. Соқчининг калитларини овози эса менга худди Азроилнинг овозидай туюлади, шу товушни эшитсам  вужудим қақшаб, қалтираб қоламан. Ана келди...,мана келди... вақти соати ҳам етди - деган ўй фикру- хаёлимни чўлғаб олади, қўрқувдан жоним чиққундай бўлиб қоламан. Тасаввур қиласизми, 12 йилдан буён шу гап...Бу ерда ҳаркалай мусиқа бор, соқчининг юриши-ю, калитларини овози эшитилмайди... Сиз бу бахтдан мени маҳрум қилмоқчимисиз?»  Уни бу гапларидан жуда таъсирланиб кетдим ва бирдан хаёлга чўмдим, унга қанчалик қийин бўлганлигини англадим. Сўнгра у ўзига нисбатан ўлим ҳукми чиқарилганлигидан сўнг ўзини жинниликка сола бошлаганини, ҳимоячиси эса уни «жинни бўлиб қолган» деб, ҳар томонга шикоятлар ёзиб, қатл этиш ижросини кечиктира олганини ва уни ўлимдан сақлаб қолишга ҳаракат қилганини, камерадошим эса йиллар мобайнида ҳақиқий жинни образини  ярата олганлигини, бирвақт уни Владимир шаҳридаги психларни даволаш зонасига юборганликларини, у у ерда 3 йил мобайнида «жинни» сифатида даволанганлигини ва оқибат ўлим жазосидан қутилиб, ҳукмни узоқ муддатли қамоқ  жазосига  айлантира олганини гапира кетди. Тирик қолиш, яшаш учун уни босиб ўтган машаққатли кураш йўлига қойил қолмай иложим йўқ эди. Уни айтганлари бир афсона бўлса керак деб ўйладим. У эса бу борада қилган барча ҳаракатлари тўгрисидаги ҳужжатлари ва суд ҳукмларидан кўчирмаларини кўрсатди. Қўли қонган ботган бир қотилнинг ўз жонини асраб қолиш мақсадида қилган кўп йиллик курашидаги иродаси ҳақиқатан таҳсинга сазовор эди...
Бир кун уни тасодифан камерадан олиб чиқиб кетдилар, 3-4 соатдан сўнг уни яна қайтариб олиб келишди. У ҳеч нарса демай дарҳол ўзини тўшакка ташлади. Тунги 2-3 ларгача бир-биримизга ҳеч нарса демай, хаёл суриб ётдик. Томдаги радиода эса жўшқин қўшиқлар янграрди:
Бу дунёдан вафо кутма болагинам... ва яна алламбалолар
Тун яримдан оққан эди.Бир пайт у: «Насрулло, мабодо сизни ташқарига суҳбатга олиб чиқсалар, шеригим мени безор қилди, «ўлдираман» - деб, дағ-даға килаяпти деб қўйинг, тушиндингизми?» деди. Уни бу гапидан ҳайратга тушдим ва унга савол назарида юзландим. У бошка ҳеч нарса демади. Мен тергов изоляторига биринчи марта тушганларни қамалиб чиққанлардан алоҳида сақлашлари шартлиги хақида эшитгандим. Бу қотил билан мени нега бир хонада қўйишибди? деган ўй дарров миямга урди. Аммо у мени ҳурмат қилаётгандай туюларди, шу боис  ўзимга бироз таскин бердим ва тинчландим.
Тонгга яқин қотиб ухлаб қолибман.Кун чиқиб, коридорда шовқин бўлгач уйғониб кетдим. Қарасам ёнимда шеригим йук. Бир пайт эрталабги нонуштага овқат келтирган «Постовой» камера “кормушка”сини очиб қолди.Ундан шеригим қаердалигини сўрадим. У эса бамайлихотир: «Ўзини осибди, ўлди» деди. Уни бу сўзлари чинмиди ёки ҳазил, англамадим. Яшаб қолиш учун бир умр курашиб келган инсонни бирдан ўзини ўзи ўлдиришига сира  ишонгим келмади. Бу нарса мен учун ҳанузгача бир сир бўлиб қолди...
Йиллар ўтиб, ҳаётда кўп нарсани кўрдим. Ўзбекистондаги аҳвол нимагадир менга ўша «Отбозор» турмасидаги аҳволни эслатади. Гўё ҳамма юрагини ҳовучлаб, қўрқиб яшаётгандек... Ҳукуматни «қора рўйхати»га тушганларни эса ҳолига войлигини биламан.Уларни бемалол яшагани қўйишмайди. Уларни изма-из кузатадилар, бўлар- бўлмасга мелисага чақиртираверишади. Айнан шундай ҳаёт мени бошимга ҳам тушди,таъқиблардан чарчадим...
Кўпчилик билан сухбатлашсам, ҳамма қўрқувда яшашини, бир бирига шубҳа билан қарашини айтади. Камерадошим ўша эроний бола айтганидек,«тиқ» этган овоздан қўқадиган бўлиб қолган ҳамма. Уйи олдида мелиса ёки бегона одам пайдо бўлиб қолганини кўрган ҳар қандай одамни рўзғорида дарҳол саросима бошланади, оилани тинчлиги бузилади. Шу сабаб бўлса керак, бугун Ўзбекистонда ҳамма мусиқа эшитишга ўч. Шу сабаб тўртта ўзбек бир жойга йиғилса, биринчи навбатда мусиқа ва қўшиқни баланд қилиб қўяди. Автобусга ёки таксига чиқсанг ҳам албатта қулоқларни додга келтирадиган мусиқа янграйди. Ёнингда ўтирган иштони йиртиқ, оёқяланг шеригинг эса дарров ҳайдовчига қараб: - « Ака, музикани қўйинг, шўхидан бўлсин, овозини баландроқ қилинг» дейиши тайин. Телевизорни қулоғини бурасанг ҳам шу гап - ҳамма каналларда фақат қўшиқ, қўшиқ ва яна қўшиқ. Ҳатто бугунги Ўзбекистонда қўшиқчилик шоу-бизнеси энг сердаромад соҳага айланиб кетди. Илм олишга, китоб ўқишга ҳавас халқимиз орасида кундан - кун йуқолиб бормокда...
Балким мен ноҳакдирман, балким «Отбозор» турмасидан қолган асоратлар қарашларимни янглиштиргандир. Балким мендаги маънавият И.Каримов айтганичалик  «юксак» эмасдир.
Уша эроний йигит бирдан йуқолиб қолган куннинг эртасига мени бошқа, умумий бир камерага кўчирдилар. У ерда кўрганларим эса мендаги «энг буюк бир ҳавасни» ҳам чил-парчин қилиб ташлади...

УЧИНЧИ ХОТИРА

Суд муҳокамасига қачон олиб боришлари ҳалигача номаълум эди. Прокурор томонидан юборилган «айблов хулосаси»дан ўкиб билдимки, мен Вобкент шаҳри Фитрат кўчасидаги ўз уйимда, болаларимнинг кийим ва ўйинчоқлари сақланадиган шкафда, бир дона жанговор гранатани, норасидаларимнинг усти-бошларига ўраб, яшириб қўйган эканман. Ҳа, жанговор гранатани! Астағфулиллоҳ! Астағфулиллоҳ! Астағфулиллоҳ!
Ер юзида бундай жоҳилликка борадиган бирор ота-она  топилмаса керак! Мабодо жанговор гранатаси бўлганидаям, уни болаларининг кийимлари орасига яшириб қўярмиди? Бу «айб»га ҳам кулгинг, ҳам йиғлагинг келади. Менга қандай жазо бериларкан деб, айбномани ўқиб кўрган, бир соқчидан сўрадим? У: - «уч йилдан – етти йилгача», - деб жавоб қайтарди.
– Энди нима қилсам экан? - деб, туну-кун ўйлай бошладим. Аммо миямга бирор яхши бир фикр келди дегунча, «Машъал»дан енгил ва шўх бир қўшиқни бошлаб юборади.
Мени кўчиришган умумий камера анча кенг экан. Бу «хона»да ўн икки «меҳмон» икки қават қилиб қўйилган саккизта темир каровотда навбат билан дам олар, камерани бурчагида, шол-парда билан тўсиб қўйилган жойда эса ҳожатларини чиқаришарди. У ерда ҳатто:- «Ҳожат чиқарганда қаттиқ товуш  чиқарилмасин!» - деб, ёзиб ҳам қўйишган. Ўртада эса овқатланиш учун яланғоч тахтадан ясалган стол турибди.
Янги камерадошлар билан танишишимиз унча қийин кечмади. Чунки уларнинг кўпчилиги бу «меҳмонхона»ни биринчи марта зиёрат қилаётган ёш йигитлар экан. Уларнинг орасида биттаси сал «тажрибалироқ» экан шекилли, эшикни олдидаги каравотда бир ўзи ёлғиз «шекарный» ўрнашиб олган. Биринчи бўлиб ўша билан танишишга тўғри келди. У ўзини бошқалардан жуда устун қўяр ва чамамда у камерада «ҳокимият»ни қўлга олган кўринарди. Шу ўринда анча олдинроқ ишлаган ерим, яъни Учқудуқ  шаҳридаги қамоқ зонасида  ишлаб олган «тажрибам» асқотди деб, ўйлайман. 1980 - йили Самарқанд Архитектура ва қурилиш институтидаги «Саноат ва гражданлик қурилиши» факультетини битирганимдан сўнг, Учқудуқдаги бир зонага мастер(уста) қилиб йўлланма билан ишга юборилгандим. Зона ичидаги катта қурилишда маҳбуслар билан бирга 2 йил ишладим. У ерда бораётган қурилиш ишларида мен уларга мастерлик қилардим. Ўша ерда улар сўзлашадиган «тил»ни анча ўрганиб, улар билан биргаликда ишлаб, ҳаёт тажрибасини олгандим. Уша зонада ишлаб юрган кезларимдаёқ қамоқхоналарда ноҳақ ўтирганлар ҳам  анчалигини кўриб, англаб етгандим. Фуқароларимиздаги ҳуқуқий илм савияси пастлиги ва судларнинг адолатсиз ҳукмлари оқибатида қамалиб қолган одамларни у ерларда кўплаб учратганман.
Биринчи «яхшироқ» танишган  камерадошим ўша Жондорлик йигит бўлди. У бензин ўғриси экан. Темир йўл станциясида турган ёқилғи цистерналаридан ўз ҳамтовоқлари билан бирга, доимий равишда йирик миқдорда бензинлар уғрилаб, сотиб юрган экан у. Ўзини айтишича шериклари асосан милицияда ишлайдиган соқчилар ва темир йўл бекатининг маъмурларидан  бўлишган. У эртадан кечгача шерикларидан нолир ва улар очиқда қолиб, ёлғиз ўзи камалганини, жиноятчилик борасида  тажрибасизлик қилиб қўйганини айтарди. Иккинчи камерадошимиз эса – Бухоро Давлат университетида уқиятган Шаҳрисабзлик бир йигит экан. У ўзини айтишига кўра,бир  кечқурун шаҳар микрорайонларидан бирида турадиган ўз  маъшуқасини уйига боради.У ердаги қуюқ зиёфатда кайфи ошиб, ўзини бошқара олмай «қайнона»сини бехосдан ўлдириб қўяди. Қўли қонга булғаниб қолган студент қотилликнинг изини йўкотиш мақсадида, жиноятга гувоҳ бўлган маъшуқасини ҳам биратўла «тинчитиб», икки ўликни ичида қолган уйга ҳам ўтиб қўйиб юборади.Кейин ўзи қочади, аммо узоққа кетолмай қўлга тушади. Камерадошларнинг яна бири эшак ўғриси бўлса, бошқаси қизиққонлик қилиб, ўз қўшнисини болта билан чопиб ташлаган экан. Уни айтишича у бу ишни ўша қўшнисини қора моли арғамчинидан бўшалиб, уни томорқасига киргани  учун  қилган. Бошқа бир Қизилтепалик йигит эса хотинини тоби қочиб қолганда, қўшнисини дарвозахонасида турган мотоциклни ундан сўрамасдан олганда, хотинини олиб касалхонага жўнаган. Бу ишлардан бехабар қўшниси эса, мотоциклимдан айрилдим деб, шоша-пиша мелисага қўнғироқ қилган. Кейинроқ эса у ўз хатосини англаб етиб, қўшнисига нисбатан даъвосидан воз кечган. Аммо давлат номидан гапирувчи прокурор “бу ерда жиноят бор” деб туриб олади. Қўшнисини мотоциклини  зарурат юзасидан, сўрамасдан олиб кетган йигит эса қамоққа тушиб қолган.
Биз ўтирган ўша умумий камерада 40 ёшлардаги бир афғон йигит ҳам бор эди. У Афғонистондан Ўзбекистонга 6 ойлик кириш визаси олиб, қонуний равишда келган, аммо Бухородан хотин топилиб,шу ерда уйланиб, у ерда узоқроқ қолиб кетишга мажбур бўлган экан. Шу сабабли бўлса керак, уни ушлаб қамаб қўйишибди. У судда иши кўрилишини шу ерда 6 ойдан бери кутиб ётибди бечора. У камерадошларини суҳбатларини эшитиб, бу ишлар буйича Афғонистонда қандай жазо белгиланишини солиштирар ва ўзича “Ўзбекистонда жазолар жуда адолатсиз экан” дейишдан чарчамасди. Уни ўзбекчаси жуда кулгили бўлиб чиқар ва худди лўлиларникига ўхшарди. Бир куни бир камерадошимиз ўзини ҳибсга олиниши ҳақида шундай ҳикоя қилди: «Шаҳар чеккасидаги бир хушманзара ердан иморат қуриш учун ер участкаси олганимизга 5 йил тўлди. Эр-хотин гўр азобида, туну-кун икковимиз лой қориб, иморатимизни зўрға тикладик. Ён томонимиздан бизга қўшни бўлиб, вилоят прокуратурасида  ишлайдиган бир одам ҳам ер участкаси олган экан. У дарҳол қурилиш материалларини тўкиб ташлади, ёнимиздан ҳашаматли қилиб иморатини тиклади. Районимиздаги жуда кўп ташкилотларга “солиқ солди”, порахўрлик эвазига иморатини битирди. Бир куну у менга биласизларми нима деди: «Участкангни менга сот, ҳовлимни кенгайтирмоқчиман, иморатингни пулини бераман, сен эса яна бирор жойдан тиклаб оларсан,»- деди. Хотиним билан маслаҳатлашиб, участкамизни унга сотмайдиган бўлдик. Шундан кейин сўнг прокурор бизга олдинига дўқ-пўписа қила бошлади, кейин эса бутунлай очиқчасига душманлик қила бошлади.Прокурор қўшнимизни уйида ҳар хил зотдор ит ва итваччалари бўларди. У итларини уриштириб, томоша қилишни жуда яхши кўрарди. Бир куни денг   битта итваччаси бизни ҳовлига кириб келди, қувиб ҳайдадим, аммо кетмади. Кейин “юрса-юрар” дедимда, индамай қўяқолдим. Орадан бир неча кун ўтиб, қарасам уйимизга иккита милиционер келди ва мени ўзлари билан олиб кетди. Мелисахонага борсак, у  ерда ўша прокурор қўшним, мени итваччасини ўғирлаганликда  айблаб, аллақандайдир аризалар ёзиб ўтирган экан. Ёнидаги папкада анчагина қоғозлар борлигини кўрдим. Ўша ҳужжатларни бирида ҳатто итваччани нархини ҳам бахолатиб қўйишибди. Биласизми, уни итваччаси қанча  тураркан? Шу пайт афғон: «Қанча?» - деди, кўзларини катта қилиб. Йигит унга: «1500 доллар!»- деди. «Йўғее, наҳотки..., у қанақа кучуквачча ўзи?»      - дея, сўроққа аралашди бошқалар ҳам. Камерадошимиз эса: «У парода экан, ҳа парода!»- деди-да, кўзига ёш олди. Сўнг сўзида давом этиб: - «Яқинда суд бўлди, прокурор менга етти йил беришларини сўради, судья эса олийжаноблик қилиб, бор-йўғи 3 йил берди холос» деди. Шунда ҳалиги афғон жахл билан ўрнидан турди-да: «Хе, ўшо... бибисини... , сенго тухмот килгонни...!!!»     -дея, ғазабини яшира олмай сўкинди. Кейин яна: - «Агар Афғонистонда шундой қилса борми, қози уни чоқиртириб 100 дурра урдироди» - деди. - «Бизда ҳарқолой адолот бор, шариат бор, ҳар нарсаго қамоб юбормайдиёв!» деди тутоқиб.
У йигитга жуда раҳмим келди, қўлидаги ҳужжатларини олдим-да, кечаси билан ўтириб унга аппеляция шикояти ёздим.
Орадан бир муддат ўтиб, нимагадир у ёзган аппеляция шикояти тезда судда кўрилди ва унга нисбатан белгиланган қамоқ жазоси «шартли жазога» алмаштирилди. У қамоқдан озод бўлиб кетди, Буни эшитиб ҳаммамиз жуда хурсанд бўлдик. Шу воқеадан  сўнг биз ўтирган камерада ҳамма шикоят ёзишга тушиб кетди, менга ҳам иш купайиб қолди...
Орамизда бир тумандаги сберкасса қоровулини ўлдириб, тунда кассани урган ўгри ҳам, ота- онаси ичкиликка берилиб кетганлиги учун ёшгина синглиси билан қолиб, егуликка бирор нарса топаман деб, бозордаги дўкондан озроқ макарон ўғрилаган 18 ёшли бир рус ўспирини ҳам бор эди. Афғонни шу рус болага жуда раҳми келар ва: «Шунга ҳам қамойдими? Сани бачча, уконг нима бўлди? Кимни қўлиго қолди? Бизда бўлганингда, қози сани 5 дурра уриб, уйингго ҳайдордида, “бориб етим уконгни боқ” дерди. Бу «шўро»ларни қозиси ёмон деб, эшитгоним рост экон...» деб, болага қараб бошини қашаларди. У: «Иби, акун мани нима қилсо экан булар?» - деб, ҳадеб менга юзланаверарди.
Хуллас, камерамиз «меҳмонлари»нинг “айб”лари ҳам, ўзлари ҳам хилма – хил эдилар. Улар менга: «Политический» деб, ҳазиллашган бўлишар, аммо барчалари доимо ҳурматимни жойига қўйишарди.
Мен баён қилиб ўтган “Отбозор” турмасида бўлиб ўтган ушбу  воқеага 14 йил бўлиб ўтди. У ерда мен билан маълум муддат бир камерада ўтирган ўша одамларнинг кейинги тақдирлари менга номаълум. Улар билан бир камерада ўтган кунларим ҳақида  биринчи марта ёзишим. Бу хотираларни ўшаларнинг ўзларидан эшитганларимга асосланиб ёздим. Балким ўшанда уларни орасида ёлғон гапирганлари ҳам бўлгандир? Билмадим...
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда «жиноят» турлари ҳам, қонунлар ҳам ўзгарди. Энди одамларимизга қўйилаётган «айблар» ҳам, жазолар ҳам ўзгача, турмалардаги «контингент» ҳам бугун ўзгача... Ҳатто маҳбусларга муносабат ҳам бугун «ўзгача»...
“Отбозор”даги камерада ўтган уйқусиз тунларимда олдинроқ бўлиб ўтган бир воқеа бот-бот эсимга келиб турарди: Ўшанда СССР деган қудратли бир империянинг емрилиб бораётган  пайтлари эди. М.С. Горбачёв халққа бироз сиёсий эркинликлар бера бошлаганди. Бутун Иттифоқ ҳудудларида эркин сайловлар ўта бошлади. 1990 йилнинг февраль ойи охирларида Ўзбекистонда ҳам очиқроқ ва демократик сайловлар ўтказилди. 181- Вобкент сайлов округидан Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши депутатлигига, ўзим раҳбарлик қилган ПМК (қурилиш ташкилоти)нинг 250 ишчиси номзодимни кўрсатди. Уларни бу ҳаракати Вобкент туманига якингинада райкомни биринчи котиби бўлиб ишга келган Ҳошим Маҳкамович Сатторовга сира ёқмади. У мени олдига чақиртириб, ўз номзодимни қайтариб олишимни талаб қила бошлади. Аммо ташкилотимиз ишчилари бундай  қилишимга рози бўлишмади. Бу сайлов округида мендан олдинроқ яна икки кишини номзоди кўрсатилган бўлиб, улардан бири – яқин кунларгача СССР Олий Совети депутати бўлиб келган, «Калинин» номидаги бир колхознинг раисаси Муҳтарама Наврўзова ва иккинчиси эса ўқитувчи - Сулаймон Саноев эди. Муҳтарама Наврўзова ўзига бино қўйган бир димоғдор бўлиб, мени менсимаслигини сездириб юрар ва райкомни биринчи  котиби эса уни қўллар ва албатта ўша опа депутат бўлади деб,ҳар ерда очиқчасига таъкидларди. Ўқитувчи Сулаймон Саноев эса содда, кўринишидан ҳалол оддий бир инсон бўлишига қарамай, у ҳам фақат райкомнинг йўриғидан юрарди.
Сайловчилар билан сайловолди учрашувларининг биринчиси Вобкент тумани «Зарафшон» колхозидаги катта йиғилишлар залида бўлиб ўтди. Ҳамма номзодлар бирин-кетин сўзга чиқдик ва ўз дастурларимизни айтиб бердик. Залдагилар номзодлардан ўзига хос нимадир, янгича очиқча сўз кутарди. Ўша даврга келиб  халқимиз энди уйғона бошлаган ва анчайин сиёсий фаоллашиб қолган эди. Чиқишим залдагиларга ёқди шекилли, залда қарсаклар бошланди. Райкомни биринчи котиби тинмай қарсак чалаётган оломонни ярим соатча тинчлантиролмай, анча авзойи бузилди. Ўшанда халққа қараб ортиқча ҳеч нарса ваъда қилганим йўқ эди, аммо жуда самимий гапирган эдим...
Йиғилиш тугагач, уни натижаларидан ҳафсаласи пир бўлган Ҳ.М.Сатторов мени сал четга тортиб: - Ҳой йигит, сен бу қарсакларга кўп ҳам ишонма, «халқ», «халқ» деяверма кўп, тушиндингми?! – деркан, айтишга ярамайдиган бир тарзда халқни роса ҳақорат қилиб: - Бошини силасанг, уйғонади ва сенга ташланади, бошига уриб турсанг шалпайиб, жимгина  ётади бу халқ деганинг! Билдингми?!! –деди-да: - Айтиб қўяй сайловда барибир мени айтганим бўлади!»- дедида ўз «Волга»сига ўтириб жўнаб қолди. Халқ тўғрисида уни “йўлбошчиси”дан эшитган уят гаплардан ҳафсалам пир бўлиб, якинроқда турган бир скамейкага бориб ўтирдим. Кетма-кет бир нечта сигарета чекдим. Сўнг ичимда бир исён пайдо бўлгандай бўлди, ўрнимдан шашт билан турдим-да, юриб кетдим. Йўл бўйи ўз халқини ҳақорат қилган райком котибини айтган гапи учун ҳам сайловда қаттиқ курашишга аҳд қилдим...
Сайлов якунлари бўйича 68 фоиз сайловчи мен учун овоз бергани аниқ бўлди. Шундан сўнг райкомни биринчи котибини  “сайловни барбод қилгани учун” ишдан олишди... Аммо мен  “Ҳошим Маҳкамович Сатторов ёмон одам эди”, деган фикрдан йироқман. У жуда серҳаракт ва тиниб тинчимас раҳбар эди, у туманда қатор яхши ишлар ҳам қилди. У КПССнинг оддий бир аскари эди холос, у ҳам бошқа раҳбарлар сингари фақат буюрилган ишларни қилишдан бошқа нарсага ярамасди...
Суд муҳокамалари бошланишини кутиб «Отбозор» турмасида ётган ўша кезларимда Чеченистон ва Россия орасидаги муносабатлар жуда ёмонлашган эди. Чеченистон президенти Жавҳар Дудаев ўз республикасини мустақил деб эълон қилиб юборган, Россия эса бу мустақилликни тан олмасдан, у ерга ўз қўшинларини киритмоқда эди. «Отбозор» турмаси томидаги  радиокарнай ҳар кунги ахборотларида бу ҳакда ҳам гапирар ва  Ўзбекистон ҳукуматини бу борадаги қарашларини ҳам онда-сонда шарҳлаб турарди. Ўшанда шарҳларнинг бирида Чеченистон қамоқхоналарида сақланаётган бир гуруҳ маҳбуслар ўз мамлакатлари президентига мурожаат қилганликлари ва мурожаатда улар ўзларини вақтинча турмадан чиқаришларини,  улар эса қўлларига қурол олиб ўз Ватанлари мустақиллиги учун курашмоқчи эканликларини билдирадилар. Яна ўша хабарда чечен маҳбуслари Ватан тўла озод бўлгач, ўз ихтиёрлари билан  яна турмага қайтишларини ва қамоқ муддатлари тугагунча ўтириб беришларини айтиб, муқаддас «Қуръон»билан қасам ичганликлари айтилади.
Чеченлар ватанпарварлиги ҳақидаги бу гаплар менга жуда таъсир қилди. Шунча йилдан бери «халқ», «халқ» деб юраман. Бир сўраб кўрайчи бу халқимдан қандай фикр бераркан шу саволга, дея камерадошлар орасида бир суҳбат уюштирмоқчи  бўлдим. Агар юрт бошига оғир кун тушса,бизникилар ҳам  албатта қалқийди, оёққа туради, керак бўлса ҳузур-ҳаловатидан кечади, деган фикрга қаттиқ ишонардим.Шу боис бўлса керак, ўшанда райком котибимиз халқни ҳақорат қилганда жуда жаҳлим чиққанди, балким ҳозир ҳам шундайдирман. Бир сўраб кўрайчи, шу баҳонада одамларни кайфиятини ўрганаман,руҳиятини ўрганаман, дедим ўзимга -ўзим.
Кечқурун ҳамма ишларини йиғиштириб,бир ерда тўпланиб ўтирганда, айнан шу мавзуни “халқ” муҳокамасига ташлаб юбордим. Камерадошларга чечен маҳбуслари ва уларни мурожаати ҳақида уларга гапириб бердим. Сўнг ўзимдан қўшиб, чатиб «ватанпарварлик ва миллий туйгулар»ҳақида роса  гапириб, улар вужудини қитиқлаб кўрган бўлдим: «Йигитлар, Худо кўрсатмасин мабодо Ўзбекистонда ҳам ўшанақа вазият юзага келиб, “келинглар, Ватанни биргалашиб асрайлик” деб, сизларни ҳам бу ердан чиқариб юборишса, нима қилардиларинг?» - дедим. Бу гапимдан сўнг ҳамма жимиб, хаёлга чўмар десам, йўқ.Биринчи бўлиб ҳалиги бензин ўғриси дарҳол гап бошлади:- «Қўйинг ака бу сафсатани... Агар ҳозир озодликка чиқсам борми... Биринчи галда мени тушириб, ўзлари очиқда юрган шерикларни барчасини топиб, бошларини кесардим. Кейин пулларимни йиғиб, чет элга қочиб кетардим!»-деб қолди. Иккинчиси, яъни сберкасса қоровулини ўлдириб, у ердаги кассани пулини ўмаргани эса: - «Ака, мабодо ўшандай бўлиб қолса,беш соатдан сўнг мени бу Ўзбекистон деган ердан тополмасдингиз. Аммо кетишдан олдин айрим кишилар билан ҳисоб-китобимни қилиб олардим!»- деди. Кейингиси, яъни студент бўлса:-«Ака, ватан-патан деган сафсатани бир четга қўйинг. Мен биринчи галда ота-онамни бориб кўрардим-да, сўнг улар билан яхшилаб хайрлашардим. Ўзингизга маълум, энди  ҳаётим барбод бўлди, аста бирор магазинми, банкними уриб, мен ҳам ғойиб бўлардим»- деди. Эшак ўғриси ҳам музокарага бирдан  аралашиб: - «Аввал бориб, эшак уғрилаганимни мелисага сотган кўшним Абдужабборни албатта топардим. Мени номимни айтган ўша тилларини кесардим. Кейин бир гап бўларди...» - деди  дудуқланиб. Бошқаларни гапини жимгина эшитиб турган, моли ерига киргани учун қўшнисини ўлдириб қўйган йигит эса: - «Мен Бу ердан тўғри чиқиб, уйга борсам қўшнимни ўғиллари мени кўриб, бирдан ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин. Шу учун «Ватанни асрайман» деб, бориб аввал қўлимга қурол олардим. Мен учун ватан бу– ўзимни уйим, бошқалар билан мени сира ишим йўқ, ўлиб кетмайдими барчаси.Кейин секин уйга бориб, вазиятни ўрганардим. Мабодо қўшнимни болалари бирдан ҳужум қилиб қолса, биратўла ҳаммасидан қутилардим қўярдим. Ҳар қарқалай уйга автомат кўтариб борсам яхшида, ахир душманларим жуда кўпчилик,» -деди. Рус бола эса: - «Я никуда не пошел-бы...»- деб қўйди холос. Мотоцикл “ўғриси” бўлса:        - «Ака, мен албатта биринчи уйга бориб, уйдаги қорамолларимни ҳаммасини сотардим-да, бир таниш судья бор, йиққанимни шунга элтиб берардим. Ўшанда ахмоқлик қилмаганимда, судьяга пулни вақтида берганимда, ҳозир бу ерларда сира ётмасдим. Ватан-патан масаласида биза -ни тинч қўйинглар, армия бормаганмиз ака. Уни устига хотин ёш, ўқ-пўқ тегиб, арзимаган нарсага бекорга ўлиб нетиб қолмайлик» - деб куйди.
Афғон эса: - «Ако, ўзингиз биласизку ман Афғонистондан. Сизларни армияга мани оладими, йўқми билмайман. Ўзи урушлардан қочиб, бу ерларга келувдим. Оллоҳ билади!» - деб гапни қисқа қилди. Бошқалар ҳам ҳар хил важларни кўрсатиб, Ватан ҳимоясига боришдан сўз очмадилар, гапни бошқа томонга олиб қочдилар... Шундан сўнг қўлимга сигаретани олиб, камеранинг торгина деразаси олдига бордим. У ердан осмонга, юлдузларга қарадим. Бу - мени кетма-кет сигареталар чекишга мажбур қилган ҳаетимдаги иккинчи шундай воқеа эди.
Кунлар ўтиб, суд куни ҳам яқинлашиб қолди. Мен суд мажлисига яхши тайёрландим. Уйдагиларга, болаларим ётадиган, мелисалар граната «топган» ўша хонадаги шкафнинг макетини судгача тайёрлаб, ҳеч кимга билдирмасдан суд залига олиб келишлари ҳакида, бир яхши соқчи орқали хабар етказдим. Судда айтиладиган сўнгги сўзим матнини ўзимча ёзиб қўйган бўлдим, хуллас суд бошланишини дақиқама- дақиқа интизорлик билан кута бошладим Бу разилликка қарши муносиб зарба бера оламан, деб ўзимни-ўзимроса ишонтиришга ҳаракат қилдим...
Суд йиғилиши эса мен кутганимдан ҳам зўр бир ҳолатда бошланди, аммо суд бошланишига бироз вақт қолганда содир бўлган бир воқеа асабларимга шунчалик ёмон таъсир қилдики, ўшанда юртимизда «юксак маънавият» яратаяпмиз деб, юрганларнинг айримларини инсон зотидан эканлигига ҳам менда шубҳа пайдо бўлди...
ТЎРТИНЧИ  ХОТИРА
1994 йилнинг 2 апрель куни кечга яқин камерамиз эшигини   «шарақлатиб» бирдан очган турма соқчиси менга бир хушхабар  келтирди. У эртага эрталаб, соат саккизларда, тайёр бўлиб  туришимни ва мени судга  олиб кетишларини айтиб, огоҳлантириб қўйди. Ўша тун ухлай олмадим, ўзимча эртанги кун режасини тузиб чиққан бўлдим. Эртанги кунда бошланадиган судда қандай қилиб бўлмасин, бор ҳақиқатни юзага чиқаришим, гуноҳсиз эканлигимни исботлаб беришни ўйлардим. «Ўзбекистон  Республикаси жиноят-процессуал кодекси»ни яна қайта ўқиб  чиқдим. Суд  маҳкамаси ҳалоллик билан олиб борилармикан,  деган хаёл ичимни тирнар ва менга тинлик бермасди...
Эртасига, яъни 3 апрель куни каллаю саҳардан туриб олиб,   жангга бораётган жангчидай ўзимни суд маҳкамасига  тайёрлай  бошладим. Эрталаб соат 8 бўлишини кутдим, 8  ҳам бўлди, аммо  ҳеч ким мени олиб кетгани келмади. Соат 9 ҳам бўлди, ҳалигача ҳаммаёқ тинч эди. Соат 10 бўлди ҳам, 11 бўлди ҳам ташқаридан  бирор хабар йўқ. Шу пайт хаёлимдан ҳар нарсалар ўтаверди.  Тушдан кейин бу нарсага чидаб туришнинг сира иложи  бўлмади, камера эшигини ура бошладим. Соқчи камера кормушкасини келиб очиши биланоқ, ундан нега мени судга  олиб кетишмаганини сўрадим.
- Бу манзилдан чиқиб кетиш сиз ўйлаганчалик осон иш эмас,  ўртоқ жиноятчи, - деди соқчи ҳам ўзича ҳазиллашган бўлиб ва ҳеч нарса билмаслигини  айтди. Мен дарҳол унга пул тутқаздим, у пулни олгач: - Шесть секунд! – деди –да, ғойиб бўлди. Бироздан кейин келиб: - Суд маълум бир муддатга  кечиктирилибди, сабабини эса ҳеч ким билмайди - деди. Уни бу гапидан сўнг кайфиятим жуда ёмон бўлди...
Ўша куни суд муҳокамаси нима сабабдан бошланмаганини   кейинроқ билдим: Ўша 3 апрель куни эрталаб Вобкент туман  суди биносида маҳкама бошланиши режалаштирилган экан. Бу  ҳакдаги хабар вобкентликлар орасида тезда тарқалибкетган. Бу гапдан хабар топган мени сайловчиларим ёки мени яхши билганлар эрталабданоқ суд биноси олдида тўплана бошлашган. Соат эрталабки саккизлардаёқ бу ерда 300-400 чоғли одам  тўпланган. Бу аҳволни кузатиб турган ҳокимият вакиллари ва  МХХ раҳбарияти судни йиғилишини кечиктиришга ва бошқа жойга кўчиришга қарор қилишган. Йиғилганларга эса тарқалишни, суд йиғилиши эртаси куни Жондор туманида бўлишини айтишган. Ўша ерда бўлган танишларимдан бир нечтаси эртасига одамлар Вобкентдан 60 км узоқликдаги   Жондорга ҳам боришганини гапириб берди.
4 апрель куни жуда тушкун бир кайфиятда уйғондим. Туни билан суд нега қолдирилганини ўйлаб, ўйимга етолмай чиқдим.Эрталаб  соат ўнлар эди, бирдан камерамиз эшиги очилиб, мени ташқарига чақиришди. Соқчилар менга судга боришимни айтганидан сўнг, гап нимадалигини тушиндим. Танимни титроқ босди.Шу ҳолатда, ҳис ҳаяжонимни билдирмай, машинага чиқдим. Махсус машинада узоқ юрмадик, орадан 10 минут ўтар ўтмас машина бир ерда тўхтади.Ташқарида одамларнинг ғала ғовури ва шовқин эди. Ёпиқ бутка машинанинг орқа эшиги  очилиши биланоқ, у ерда тўпланиб турган оломонга кўзим  тушди. Қарасам аллақандайдир катта бир бино олдида  турибмиз, кимлардир мени кўриб, биз томонга қараб қичқиряпти, шу орада жуда кўп танишларимнинг кўзларида ёш кўрдим.Бу  манзарани кўриб, ўзимни ҳам кўнглим тўлиб кетди,кўзларимда   бирдан ёш қалқиди.
Одамларни тўсиб турувчи, миршабларнинг «тирик коридор»и  бўйлаб, мени тезлик билан ичкарига судраб кета бошлашди. Шу  маҳалда оломон ичида қўлидаги чақалоғи билан хотинимни кўриб қолдим. Уни қўлида кенжамиз Эркиёр бор эди.Болам мени кўриб, мен томон талпинаётгандай туюларди. Қўлларимни у томонга чўздим, мелисалар эса мени олдимни тўсишди. Аммо  хотиним ҳам ёш боласи билан мен томонга отилди. Мен Аллоҳни каромати билан кишанли қўлларим билан боламни қандай тутиб олдим, ўзим билмайман. Атрофда қий-чувлар бошланиб кетди, шу орада мелисалар саросимага тушиб қолди. Эркиёрни тўйиб - тўйиб ўпдим ва онасига қайтариб узатдим. Сўнгра мелисаларни   буйруғига бўйсинган ҳолда бино ичкариси томон юриб кетдим.
Ўша куни мени Жондорга олиб борилишим ҳақида ёлғон ахборот тарқатиб, одамларни алдаб, бу ерга, яъни «Отбозор»  турмасидан унча узоқ бўлмаган Бухоро шаҳар Файзулла Хўжаев номидаги туман халқ суди биносига олиб келишган экан. Кейин эшитишимча, аввалига одамларни бир қисми Жондордан қайтиб, Бухорога келишган ва суд қаерда бўлишини билмай роса сарсон  бўлишган.Ниҳоят хабар етгач одамлар шу бино олдида тўплана  бошлашган.Воқеа гувоҳларининг  айтишича, ўша суд маҳкамаларини  энг камида 500 киши кузатиб борган.Суд йиғилиши ўтказиладиган зал бор- йўғи 200 кишига мўлжаллангани боис,одамлар навбатма – навбат  залга  кириб ўтиришган. Ўша куни бино атрофида камида 50 чоғли мелисалар ва МХХ ходимлари ҳам навбатчилик қилганлиги кузатилган.
Бухоро шаҳридаги Ф. Хужаев туман суди биносида иккита суд  заллари бўлиб, бу ерда бир пайтнинг ўзида икки жойда суд  маҳкамаларини олиб борса бўларкан. Судга олиб келинган  айбланувчи шахслар, суд йиғилиши бошланиб, судга олиб чиқулгунча бинонинг махсус қўриқланадиган бир ерида, маҳбуслар тили билан айтганда «каталашка» (махсус  хонача)ларда ушлаб туриларкан. Ёнма-ён турган  икки  «каталашка»ни бирига мени ҳам келтириб қамадилар. У ер ўта  қоронғу, заҳ ва жуда ифлос жой бўлиб, адашмасам  ҳажми  1,2х1,2 метрдан ошмасди. Уни фақат олд томонида темир  чамбара билан тўсилган бўлиб, қолган тарафлари бетон девор эди. Олдидаги ўша темир панжара эшик соқчилар турадиган   кенг зал томонга очиларди. Айбланувчилар шу ерда ўтиришиб, суд залига олиб чиқишларини  кутишаркан. Ҳар иккала заллар эса бу ердан  унча узоқ бўлмаган масофада бўлиб, уларга узун  коридор бўйлаб бориларди. Шу боис залдагиларнинг шовқини бу ердан бемалол эшитилиб турарди...
Мени бу хоначага қамаб қўйганларидан кўп ўтмай, бу ерга яна бир кишини судраб келишди. Мен уни ёнимдаги иккинчи “каталашка”га қамаб қўйсалар керак, деб ўйладим. Аммо бир мелиса  зобити  келиб, нимагадир уни ҳам мен турган тор  хонага қамаб қўйишларини буюриб кетди. Бу ишдан  жуда  ажабландим, бироқ қўлимдан  нима ҳам келарди? Қолаверса  суд маҳкамаси тез орада бошланиб кетади, деб  ўйлаган  эканман. «Фалокат доим оёғингни остида» деганларидек, суд  махкамаси бошлангунича, бу ерда кутилмаган бир имтиҳонни  топширишга тўғри келиб қолди.

Шу торгина “каталашка”га  икки  “айбланувчи”  бемалол  сиғишдик. Бир – биримизга туртиниб, суртиниб икки нотаниш қоронғуда таниша  бошладик:
- Мен Насрулломан, сиз кимсиз? – дедим шеригимга биринчи бўлиб.
- Что, не узнал, я  Ильхам, - деди  у дўнғиллаб.
- Откуда мне знать тебя? - дедим  мен ҳам унга ўзи жавоб берган оҳанда.
- Ты что? – деб, у менга ташланиб қолди. Қўллари билан елкамга осилди. Мен Илҳомни қўлларини махкам тутиб, уни ўзимдан итара бошладим.  У жуда қилтириқ ва нозик бўлиб кўринсада, анчайин эпчил бола экан. Бизлар бир –биримизни турткилаб, бу тор хонада ким ҳукмрон эканлигини аниқлашга тушдик.Мелисалар эса тортишувимизни кўриб туришар, аммо  уни кўрмаганга солиб, бир нима дейишмасди.
- Ты по какой..? - деди у бироз  «курашганимиз»дан сўнг  тинчлангандай бўлиб.  – Двести  десятий, часть первий, - дедим.
- Оооо - террорист! Террорист!!! – деди у ва негадир бирдан ҳовуридан  тушди. - Сен-чи? - дедим  мен унга  ўзбекчалаб.
- У меня вечно одное и тоже, вот уже 15 лет одное тоже...деди гапини қисқа қилиб.
Шу  пайт нимагадир оғзимдан:
- Менга туҳмат қилишди, Худо хоҳласа бугун шу залдан чиқиб  кетаман - деб юборибман.
- Неужели? – деди у.
- Мен бир демократ одамман, ҳақгўйлигим  тепадагиларга  ёқмади, шу  туфайли... – дедим -у, бошқа гапирмадим.
-  О... Демократ..! демократия..!  дем-о-кра-тия..!!! – дея, мени  масхаралашга тушиб кетди у.
- Тиржайма, сен нимани тушинардинг..? - дедим  унга тутоқиб.
Ит - мушук бўлиб, шу зайлда қарийиб ярим соатча тортишиб турдик. Сўнг у бирдан тинчиди. Мен уни  ўғри ёки наркоман  бўлса керак, деган хулосага келдим.
Бир пайт ёнимиздаги, мелисалар ўтирган  катта зал эшиги бирдан очилиб, эшикда бир аёлни чеҳраси кўринди. Илҳом  дарров  ўша томонга қаради  ва у ердаги аёлни  отини  айтиб  чақира кетди. У ўша аёлга тожикчалаб нимадир деди. Тожикчани тушинганим боис у аёлга: - «Олиб келдингми?» - деганини  англадим. Улар эр ва хотин бўлсалар керак, дедимда суҳбатларига эътибор қаратмасликка уриндим. Соқчилардан  бири эшик олдига бориб, ҳалиги аёлга нималардир деди. Бир пайт мелиса  аёлнинг қўлидан бир даста пулни олди ва уни  шошмасдан санай бошлади. Пулни чўнтагига соларкан аёлни қўлидан румолчага уроғлик бир нарсани ҳам олди. Сўнг эшик олдидан тўғри бизга қараб юриб, қўлидагини  Илҳомга  келтириб  тутқазди. Соқчи бу ҳаракатларини  ўта хотиржамлик билан ,бамайлихотир, хар кунги ишидай  амалга оширарди. Аёл  эса  берган нарсаси  ўз эгасига аниқ етганига ишонч  ҳосил  килгач,  Илҳомга  қараб: - «Мен шу ерда бўламан» - дегандек  ишора қилиб, эшикни ёпди.
Илҳом  шоша –пиша  мелиса келтириб берган ҳалиги рўмолча  тугунини  ечди. Ичидан ниманидир олди. Бу – ичида аллақандай  суюқлиги бор шприц эди. У шприцни кўргач, жуда қувониб  кетди ва дарҳол чўнтагидан бир гугурт чиқариб: - «Буни  ёқ,» - деди менга. У нима қилмоқчи  бўлганлигини олдинига  сира англамадим ва шундай бўлсада гугуртни  ёкдим. Гугуртдан тушган шуъла  ёруғида  у  кўйлагини енгини тезда шимариб,  билагидан вена томирини  излай  бошлади. Бу  манзарани кўриб,  мени қалтироқ  босди, чунки  бунақасини  ҳали умримда  учратмаган эдим. Наркоманлар ҳақида маълум тасаввурларга эга бўлсамда, наркотикни қабул қилиш жараёнини биринчи бор жуда яқин масофадан кўриб туришим эди. Ёшликдан уколни ёмон кўрганим боис, бетимни буриштириб,  ён томонга қараб  туришга ҳаракат қилдим. Аммо шеригим ўз венасини қандай  излаганини  ва нинани қандай санчганини кўриб турмасдан иложим йўқ эди. Аксига олиб гугурт ҳам тезда ўчиб қолди.  У эса: - «Бўл! Ёқ! Ёқ!!! Давай бистрей!» - деб  бақирарди. Қўлим қалтираганидан  энди гугуртни  ҳеч ёқолмасдим. Бир марта ёнганида, ҳатто бехосдан  пуфлаб уни  ўчириб  қўйдим. У эса ҳозир жони чиқиб қоладигандек, менга қараб жовдирарди. Бир бало қилиб  ўнинчими,  ўн  бешинчими  уринишда  гугуртни  яна ёқдим. У яна игнани  венасига  санчди  ва  шприцдаги  ҳамма суюқликни  танасига  юборди.Юрагимга  бирдан ваҳима оралади. Мелисалар турган томонга  қараб: - «Наҳотки шуларни ўзи уюштирган  бўлса, «террорист» деган айбларига  энди «наркоман»ни  ҳам  қўшиб, қамаб  юборишмасмикан?» - дедим ўзимга - ўзим.
Ниҳоят Илҳом ўз томиридан игнани суғириб олди. У бўшаган шприцни рўмолчага қайта ўраб, чўнтагига солди. Худди бу жараённи зимдан кузатиб тургандай, мелисалардан бири:
- Илхам... Ну как? - деб қолди.
- Каааайф! - деди шеригим.
Кейин уни башарасида содир бўла бошлаган ўзгаришларни кузата бошладим. Нигоҳим уни кўзларига тушди,Илҳомни кўзлари энди олазараклаша борар ва қип –қизил бўлиб ёнарди.
Кутилмаганда у баданини тинимсиз қашишга тушиб кетди. Бу ҳолат вақт сайин тезлашиб борар ва энди елкаларини учириб, типирчилаганча менга нималардир деб ғингширди:
- Оддий бир гугуртни ёқишни ҳам билмайсан, қаерда ўқигансан  ўзи?! – деди у мени камситган бўлиб. «Ке қўй, шу билан тенглашаманми?» – дедим ўзимга ва унга жавоб қайтармадим. Аммо у ҳали-бери вайсашдан тўхтамас ва: - Яна демократман дейсан, демократия дегани нималигини биласанми ўзи?! Дея баттар асабимга тегарди. Вазият қалтислашиб бораётгани ва  ҳозир нимадир рўй бериши мумкинга ўхшарди. Фикр қилиб кўрдим, агар ҳозир уни чертсам мени тўппа –тўғри турмага қайтариб олиб кетишади, суд ҳам қолдирилиши мумкин. Шунча  халқ олдида жиноятимни «далил» килиб, айбимни  «исботлаб»  берган бўладилар. Ундан кейин ҳаммаси тамом-вассалом.
«Энди бу балодан қандай қутилсам?» -дея бош қотира  бошладим. Аксига олиб вақт ҳам жуда секин ўтаяпти.Суд йиғилишини бошланишидан ҳам дарак йўқ. Хуллас у  вайсайверди, мен эса тишимни-тишимга қўйиб, чидаб  туравердим. Шу орада у мени бир-икки туртиб ҳам қўйди. Вақт  ўтиб борган сайин у йиртқич ҳайвон сингари қутуриб, мен билан жанжал чиқармоқчи бўларди. Охир сабрим тугади ва мелисаларга: - «Бу ердан олинглар уни, тоби қочаяпти. Ёки мени  бошқасига кўчиринглар..!» - дея пўписа қилган бўлдим.  Мелисаларни эса парвойисига ҳам келмас,улар ўзаро давра  қуриб, стол устидаги овкатлардан паққос туширишар ва ора-чарада ароқ тўла пиёлаларини чўқиштириб ҳам қўйишарди...
Шу ҳолатда қанча вақт Илҳом «наркоман»нинг қилиқларига чидаб турдим билмайман, аммо бу анча узоқ давом этган бўлиб туюлганди менга ўшанда.
Бир пайт зал эшиги очилиб, ҳалиги аёл яна мўралаб қолди.    Илҳом шу заҳотиёқ мелисаларга юзланди: - «Уни бу ёққа,беш  дақиқага киргизиб қўйинлар, пулини тўлаймиз» - деб қолди. Мелисалар хохолаб кулишдида, улардан биттаси калитларини ўйнатиб, аёл турган ерга борди. Улар бироз савдолашиб   турдилар ва сўнг мелиса аёлдан қанчадир пул олди. Пулни чўнтагига солган мелиса ўша аёлни қўлидан етаклаб, биз турган “каталашка” томон кела бошлади. Бу ҳолатни кўриб, уни мақсадини сира ақлимга сиғдира олмадим. Инсонларни тубан кетишини кўп кўрганман, аммо бунақа жирканч, уятсиз ва ҳаёсизини биринчи марта кўриб туришим эди. Не кўз билан  кўрайки, ҳалиги ширакайф мелиса, ҳеч бир ғайриоддий нарса содир бўлмаётгандек биз турган «каталашка» эшигига калит сола бошлади. Мен бу нарсани елкам кўтара олмасди, шу боис:            - «Йўк!» - дея бақириб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.  Залда ароқ ичиб ўтирган бошқа соқчилар ҳам бу қийқириқни эшитгач, биз томонга келдилар ва: - «Нима гап?» - деб,сўрай  бошлашди. Мен эса: -«Ахир бу ишни бегоналар олдида фақат  ҳайвонлар қилиши мумкин » - дедим.
- Нима дединг?! - дея шеригим менга ташланиб қолди шу маҳал.  Жаҳлим чиқсада унга қўл кўтармй, уни қаттиқ қисиб олдим. Мелисалардан бири: - «Э, жўра... кааайф қилиб, томоша қилиб ўтирмайсанми? Бунақа “живой секс”ни турмада қайтиб кўрасанми, йўқми?» - деса бўладими.
Унга ҳеч нарса демадим. Мендан садо чиқмагач, у яна валдирашда давом этди: - «Майли, агар хоҳламасанг сани  бошқасига ўтқазамиз» - дея, мени у ердан чиқариб бошқа   «каталашка»га қамади. Шеригимни олдига ҳалиги аёлни киритиб, улар иккаласи устидан эшикни маҳкамлаб қўйишди. Наркоман йигит Илҳом эса шонли Ўзбекистон мелисаларининг «беминнат ёрдамлари» туфайли, нақд суд биносини ичидаги  торгина “каталашка”да, кўпчиликни кўз ўнгида аёлининг дийдорига  етишди. Ўзбек мелисалари эса уни олқишлаб турдилар.Бу ёғини айтишга тилим ҳам бормайди, чунки бу ёғи энди  И.Каримов яратган « юксак  маънавият»дан даракдир...
Бу воқеани уюштириб, кейин ўзлари томоша қилиб турган мелисаларни тарбиясига ва хулқига қойил қолмадим. Улар бу нарсани оддий бир ҳол деб қарашлари, мени таажубга солди. Аммо мен бу нарсани оддий бир ҳол деб қабул қила олмадим ва бу ишлардан роса жиркандим. Балким мен бошқача бир муҳитда тарбия топганим учунми бу ҳайвоний ҳирс қондириш менда   жуда салбий таассурот қолдирди.
Ўзбекистонда барча мелисалар шунақа экан, дейиш фикридан  узоқман. Юртимизда юксак маданиятли мелисалар ҳам анчагина топилади. Ўйлашимча мелиса сафларини ана шунақа нопок  шахслардан тозалаш керак. Чунки бутун дунёда политсия ишига энг тарбияли, аққлли ва фаросатли йигитларни олишади. Шу боис улар ўз халқининг ҳақиқий ҳимоячиларига айланади ва уларга ҳамма ҳавас қилади... Биздачи?   Мелисалар орасидаги порахўрлик ва сурбетлик кенг тарқалиб кетган, ҳатто уларни айримлари пора ундириш мақсадида ҳар қандай жирканч ишларга ҳам қўл уришади. Айнан ана шу нарса ўзбек жамиятидаги энг ёмон иллатлардан биридир.
Зал бурчагида турган телефон қўнғироғи бирдан жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарган соқчи: - «Есть!» - дедида мен томонга  қараб: - «Кетдик» - дегандай боши билан ишора қилди. Сўнг у  мен турган “каталашка”ни темир панжарали эшигини очди. Бир  неча мелиса соқчилари қўршовида суд залига кириб бордик.Суд  зали одамларга лиқ тўла экан. Залга бир қатор разм солиб  чикдим. Одамлар орасида кўплаб қариндош-уруғлар, дўстлар ва танишлардан ташқари анчагина нотаниш инсонлар ҳам борлигини кузатдим. Уларни чеҳрасидаги ташвишни  ва шунинг билан бирга “илоҳим бу иш яхшилик билан якун топсинда”  деганга ўхшаш бир умидларни кўрдим. Чамамда ҳаммани хаёли   судни қанчалик адолатли ўтишига қаратилган эди...
Ана шундай қилиб, 1994 йилнинг  4  апрель куни, тушга яқин  уйидаги болалар ётадиган хонадан, уларни кийим ва ўйинчоқлари орасидан жанговор граната “топилиб” устидан жиноят иши очилган Ўзбекистон Олий Кенгашининг бир  депутати устидан суд мақкамалари бошлаб юборилди. Агар мен бу махкамаларда ажабтовур ҳангомалар содир бўлишини олдиндан билганимда албатта бу томошага Хўжа Насриддин Афандини ҳам таклиф қилган бўлардим...
БЕШИНЧИ  ХОТИРА
1- қисм
Суднинг биринчи куни шу аснода анча кеч бошланди. Судья аввалбошда ҳаммага ўз хайъати аъзоларини таништирди, томонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида гап қилди. Сўнг у узундан узоқ «айблов хулосаси»ни ўқиб эшиттирди ва ушбу «жиноят иши» бўйича судга чақирилажак гувоҳлар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатнинг бошида Вобкент тумани ИИБ бошлиғи ва уни жиноят ишлари бўйича бўлим бошлиғи турарди. Улардан сўнг Бухоро вилояти ИИБга қарашли жиноят-қидирув бўлимининг 3 нафар мелиса ходими ва Вобкент туман ИИБ биносида доимий навбатчиликда турадиган юк автомашинаси ҳайдовчиси бор эди. Хуллас тинтув охиридаги актга имзо қилган 7 кишининг 6 таси ички ишлар ходимлари эдилар.
Рўйхатда ички ишлар ходимларидан бўлмаган факат бир киши бор эди. У ҳам бўлса яқин қўшнимизни боласи – Ҳожиев Абдуқаҳҳор бўлиб, ўша тунда тинтувга уни мажбурлаб, холис гувоҳ сифатида олиб келишган экан. Суд муҳокамалари давомида ана шу 7 киши «жиноятчи» эканлигимни, уйимда жанговор граната сақлаганлигимни исботлаб беришлари талаб қилинарди. Мени вазифам эса аксинча нима бўлмасин бу разилликни фош қилиб ташлашим ва Ўзбекистондаги диктатура малайларининг нопок ҳаракатларига  қаттиқ зарба беришдан иборат эди.
Судда айбсиз эканлигимни исботлашим, унчалик осон кечмаслигини жуда яхши билардим ва шу боис суд жараёнида ўша тундаги ҳолатни тўлиқ тасвирлаб беришим учун менга уймиздаги  ўша шкафни макетини ясаб келишлари керак эди. Бу ишни мен хотинимга буюриб қўйган эдим. Ундан ташқари уйимиздан топилди дейилаётган ўша “жанговор граната”ни менга тегишли эканлигини хулосалаб берган эксперт аёлни ҳам суд жараёнида ҳозир бўлиши жуда муҳим эди. Мен у аёл берган хулосаларни қанчалик асоссиз эканлигини исботлаб беришга тайёргарлик кўра бошлаган эдим. Ўша тунги воқеа тавсилотларини янада ойдинлаштириш учун яна бир кишининг судда гувоҳ сифатида қатнашиши жуда шарт эди. У - 9 ёшли қизим – Мадина эди....
Суднинг биринчи куни тез тугади. «Айблов хулосаси» ва гувоҳлар рўйхати ўкиб эшиттирилгач, судья мендан қўшимча гувоҳларни ҳам чақириш тўғрисидаги талабномани ёздириб олди. Одамлар тарқалиб бўлмасдан  мени яна турмага жўнатишди. Махсус буткада турма томон ғизиллаб кетарканмиз, фақат эртанги кунни тезроқ келишини ўйлардим холос.
Турмага қайтиб, темир каравотга чўзиларканман бугун эрталаб хотиним қулоғимга шипшитиб қўйган айрим гапларни эсладим, уни айтганлари бўйича ўша тунги манзарани яна бир бор кўз олдимда келтириб ўтдим: Ўша тунда болаларимиз ўз хоналарида, ўз каравотчаларида ухлаб ётишарди. Бу алоҳида хонани биз болаларимиз учун жиҳозлагандик, ўша хонадаги тўрт деворни бири болаларни кийим ва китоблари учун тўлиқ қўлбола шкафга айлантирилган эди. Деворни бор эни ва бор баландлигида ясалган ушбу шкаф энига ҳам бўйига ҳам уч қисмга бўлинган токчалардан иборат эди. Шкафни барча бўлинмалари ва тортмаларини хотиним болаларимга бўлишиб берган, улар ўз кийимлари, китоб ва уйинчоқларини ўзларининг алоҳида бўлимларида сақлашарди.
Катта қизим Мадина ўша тунда хоналарига кимдир кирганини сезиб, бирдан уйғониб кетади. Сал қия очиқ қолган эшик тирқишидан хонага тушиб турган ёруғликда номаълум кимсани қилаётган ҳаракатлари яққол кўриниб турган. Мадина жуда қўрқиб кетган ва ўша шарпа ҳаракатларини индамай кузатиб ётган. Шарпа эса қоронғу хонада болалар шкафини пайпаслаб очиб, шкаф хоналаридан бирига, қўлтиғидан бир нима чиқариб, «тақ» эткизиб ташлаб юборган. Балки у ўша жисмни у ерга оҳиста қўймоқчи бўлгандир, аммо у ўз қилаётган муттаҳамчилигидан қўллари қалтираб, ўша жисмни “тақ” эткизиб тушириб юборгандир. Нима бўлгандаям ўша шарпа шкафга бир нарсани ташлаганини тўққиз ёшли қизалоғим кўрган, аммо у бу нарса нима эканлигини ва у нима учун қилинганлигини албатта олдинига англаб етмаган. Шарпа башарасини хонадан чиқиб кетишда, эшик олдига етиб, ташқаридан тушаётган ой нурида Мадина аниқ ва равшан кўрган экан.Мени қамаб қўйганларидан сўнг, ўша тунда кўрганлари тўғгрисида  у ойисига айтиб берибди... Иккинчи кунги суд йиғилишига кетаётиб, йўл бўйи шу ҳақда ўйладим: Қанийди қизим ўша кимсани таниб берсайди...?
Суднинг иккинчи куни хаммамиз учун тушкинлик кайфиятида   бошланди. Чунки суд муҳокамасига гувоҳ сифатида чақирилган мелисаларнинг бирортаси ҳам келмаганди. Фақат ўша тунда  мелисахонада навбатчиликда турган ҳайдовчи – Аҳмат ака билан қўшнимиз Абдуқаҳҳор келишганди холос. Судья уларни бирма-бир чақириб, гувоҳлик ола бошлади.
Аҳмат ака ўша тунда мелисалар билан ҳақиқатан бизникига келганини, аммо тинтувда қатнашмаганини, тинтув пайтида ҳовлида турганини, ўша гранатани ким, қаердан топганлигини сира кўрмаганлигини айтиб берди. Уни айтишича, тинтув тугаганидан сўнг улар ҳаммаси мелисахонага қайтиб боришган, у ерда унга аллақандайдир қоғозларга қўл қўйдириб олишган. У ўз қўли билан ҳеч нарса ёзмаган, чунки саводи етишмаган экан. Уни номидан ёзилган барча қоғозларни ўша тинтувни ташкил қилганларни ўзлари ёзганлар, у эса тайёр қоғозларга қўл қўйиб берган холос. Қисқаси, Аҳмат ака шунчалик соддалик ва гўллик билан гапирардики, уни гапларига залда ўтирганлар ҳам куларди, ҳам унга ўта ғазаб билан қарарди. Кейинчалик ҳам Аҳмад акага ўхшаган оқибатини ўйламай иш қиладиган, масъулиятсиз ўзбекларни жуда кўп учратдим. Шу сабабми агар «типик ўзбек» образини кўз олдимда гавдалантирмоқчи бўлсам, албатта биринчи навбатда Аҳмат акани ўйлайман.
Биздан икки ҳовли нарида турадиган қўшнимиз -ёшгина Абдуқаҳҳор ҳам худди шунга ўхшаш манзарани чизиб, уни ҳам мелисалар алдашганини, бизникига нима сабабдан олиб келганларини тушинмаганини ва қилган ишидан пушаймон эканлигини билдирди. У ҳам ўзи ёзмаган қоғозларга қўл қўйиб берганини, кимдир ўша тунда қўлидаги гранатани  курсатганини у эса у нарсани қаердан топилганлигини кўрмаганлигини ва билмаслигини айтди.
Бу фитнанинг бошида ким турганини ҳамма биларди, аммо виждонини, иймонини сотиб, пасткашлик қилган ижрочини ҳеч ким танимасди. Ўша тунда бўлиб ўтган мудҳиш воқеа тавсилотларини тўла ойдинлаштириш ва аниқ манзарани чизиб бериш учун эса қолган гувохларнинг ҳам барчаси судга келиши жуда зарур эди. Лекин ана ўша “бошқалар”нинг гувоҳлик беришдан қочаётганлиги мени жуда ташвишлантира бошлади. Улар ўз ихтиерлари билан судга келмасликларини билардим ва уларни қандай қилиб судга олиб келиш ҳақида бош қотира бошладим.
Суд залида ўтирган раҳматлик қайнотам – Эшпўлот Ёров ва акам Саъдулла Саидовга қараб юзландим. Қайнотам мени жуда яхши кўрарди, мени ҳам у кишига ҳурматим юқори эди. У киши дунё кўрган, жуда тажрибали ва зийрак одам эди. Вақтида мактаб директорлиги-ю, колхозда парткомликдан бошлаб райком инструкторлигигача бўлган вазифаларда ишлаган инсон аммо кейинчалик барчасидан воз кечиб Бухоро шаҳридаги бир институт ётоқхонасида комендантлик қилиб юрган қайнотамни бошимга тушган шу ишлар туфайли жуда изтироб чекаётганлигини сезиб турардим. Қайнотамга асабийлашиш мумкин эмасди, чунки гоҳида у кишини қон босими жуда кўтарилиб кетар ва оёклари шишиб, юролмай қоларди. Охир оқибат бу изтироблар у кишига ортиқчалик қилдими билмадим, мазкур суд музокаралари тугаганидан 10 кун ўтиб, қайнотам 60 ёшга ҳам етмай, тўсатдан вафот этиб кетдилар. Аллоҳ  у кишини ўз марҳаматига олган бўлсин. Омин!
Акам эса ўзини фақат илмга бағишлаган, ҳақиқатгўй ажойиб бир инсон. У қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича катта бир илмий иш қилган олим, физика фанлари номзоди, университет домласи. Хуллас шу икки инсон қандай бўлмасин мелиса-гувоҳларни судга келишини таъминлашлари керак эди. Суд залида аста улардан бирини имлаб чақириб, юқоридаги муаммони бир бало қилиб ҳал қилишларини сўрадим. Орадан кўп вақт ўтмай, улар суд залидан шошиб чиқиб кетганларини кўрдим.
Кейин менга айтишларича, улар иккаласи суд залидан чиқиб, тўғри Бухоро ИИБ биносига боришган, бино ичига киришолмай роса қийналишган, ҳеч ким улар билан гаплашишни ҳам истамаган. Қайнотам ва акам ИИБ биноси олдидан кетмай, бошлиққа киришни талаб қилиб, кун бўйи ўша ерда тураверганлар. Кечга яқин ИИБда масъулиятли бир лавозимда ишлайдиган бир кишига улар ўз дардларини айтишга муафақ бўлганлар. Мелисаларни катта лавозимларидан бирида ишлайдиган бу одам, акам ва қайнотамларга ёрдам қўлини чўзишга ботинибди.Ҳар еда ҳам яхшилар бор. Агар ўша одам мардлик қилиб, гувоҳлик беришдан қочиб юрган мелисаларни   судга келишини таъминлашга ёрдам бермаганида борми,  билмадим аҳволим нима кечарди...?
Диктатура даврида Ўзбекистонда қанча-қанча одамлар сохта айблар билан ёпиқ судларда, ҳақлигини исботлаб беришга имконият қилолмай қамалиб кетдилар. Қонунлар мунтазам ишлаб турадиган дунё мамлакатларида инсон ўз айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас, ундан гумон қилаётганларни ўзлари уни айбини исботлаб беришлари керак. Шу боис инсонларга ҳеч бўлмаганда ўз айбсизлигини исботлаб беришга шароит яратиб беришнинг ўзи жуда катта ишдир. Мен аминманки ҳозирги Ўзбекистон судларида шундай имкониятлар яратилганида эди, қанча- қанча одамлар ноҳақдан қамалиб кетмасди, ноҳак жабр кўришмасди. Ҳарқалай мен ўшанда шундай бир имкониятга эга бўлдим ва шу учун Аллоҳга доимо шукр қиламан. Чунки ўша йилларда Ислом Каримов диктатураси ҳозирдагидек мустаҳкам ва йиртқич бўлиш даражасига кўтарилмаган эди, ҳарқалай ўшанда мени ҳозиргилардан минг карра кўп очиқроқ суд қилишганди.
Кейинроқ эшитишимча, бизникиларга ёрдам бериб, мелиса гувоҳларни судга юбортирган ўша инсонни мелиса сафларидан четлаштириб юборишибди.
Тушдан сўнг ўша машъум тунда тузилган тинтув протоколидаги рўйхатнинг энг бошида турган, Вобкент туман ИИБ бошлиғи суд чақирув қоғозини қўлида тутгунча маҳкама ўтказилаётган залга кириб келди. Судья уни дарров минбарга чорлади ва ундан ўша тунги воқеа тавсилотларини сўради. Туманимиз мелисаларини  бошлиғи энди сўзини бошлайман деб турувдиямки, хотинимга қараб ишора қилдим. У уйда тайёрлатиб келинган, «жанговор граната топилди» деб даъво қилинаётган ўша девордаги шкафимизни кичрайтирилган ҳолдаги, картон қоғоғлардан ясалган макетини суд залига олиб кириб, ҳаммани кўзи тушадиган бир ерга чиқариб қўйди. Буни кўрган туманимиз мелисалари бўлими бошлиғи бирдан саросимага тушиб, ўз сўзини нимадан бошлашни ҳам билмай қолди. У бир макетга, бир менга ва бир залга олазарак бўлиб қараркан, тинтув ўтказилган пайтда у у ерда бўлмаганлигини ва ҳовли ташқарисида сигарета чекиб турганини, тинтувда эса бевосита иштирок этмаганини, “топилди” деб айтилаётган жанговор граната қаердан топилганлигини у кўрмаганлигини ва сира билмаслигини айтди. Судда давлат қораловчиси сифатида қатнашаётган Бухоро вилоят прокуратураси вакилининг кайфияти шу орада бирдан бузилиб, у гувоҳга :
- Агар кўрмаган бўлсангиз, протоколга нега қўл қўйдингиз! - деб бақирди.
- Мен ўз йигитларимга ишондим, улар “топдик” деди, мен эса қўл қўйдим, - деди Вобкент туман ИИБ бошлиғи.
Залда ғала-ғовурлар бошланди, одамлар нималарнидир ўзларича муҳокама қилишга тушиб кетдилар. Судья залдагиларни тинчланишга чақирар ва ҳатто агар тартиб сақланмаса уларни залдан чиқариб юборишини айтиб,пўписа қиларди. Зал тинчимаганлигини баҳона қилиб, судья кутилмаган йўналишда бораётган суд йиғилишини вақтинча тўхтатиб туришни маъқул кўрди. Суд муҳокамаси эртага кўчирилиб, махсус бутка машинада мени яна «Отбозор»томон олиб кетдилар.
Кузатишимча, ҳар куни суд залида кўплаб нотаниш одамлар бўларди. Судни кузатиб бораётган махсус хизмат ходимлари бу ердаги вазият ҳақида ўз раҳбарларига кунма-кун ахборот етказиб турганликлари аниқ эди.Учинчи куни Вобкентдан Бухорога автобусларда келган одамлардан бир гуруҳи нотаниш одамлар сони нимагадир кўпайиб бораётгани ҳақида айтишди. Четдан келиб қўшилаётган “нотанишлар” эвазига шу куни залга одамлар сиғмай, тартибни сақлаш муаммога айлана бошлади. Бу ерда кимдир бир провакация тайёрлаётгани аниқ сезила бошлади. Тўпланганлар орасида ароқ ичганлар ва бўлар бўлмасга ҳақорат сўзларини ишлата бошлаётганлар пайдо бўлаётганини сезиб қолдим. Ака-укаларимга ишора қилиб, зал ва уни атрофида қаттиқ тартиб ва интизом ўрнатишларини тайинладим.
Гувоҳлик беришдан қочиб юрган Бухоро вилояти ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимларидан бирининг бу ерда пайдо бўлганлигини кўриб сал таскин топдим. Шу пайт акам ва қайнатамдан  қилган хизматлари учун миннатдор бўлдим. Судья ҳам гувоҳ келганини кўриб, муҳокамани бошлаб юборди. Биринчи бўлиб судда кўрсатма берган мелиса ходими роса чайналиб, ҳақиқатда менинг уйимдаги бир хонадан жанговор граната топилганини, аммо уни ўзи ўша гранатани топмаганини, бирок кимдир “топилди” деганда, уни бориб кўрганини айтди. Мен судьядан сўз сўраб, суд залида турган макетдан гувоҳ граната топилган ўша жойни, аниқ қилиб кўрсатиб беришини сўрадим. Залда ўтирганлар уни диққат билан кузатиб турдилар. У залда турган макетни кўриб, аввалига ҳайратга тушди ва сўнг  аста уни олдига борди. Узоқ термулиб туриб, у шкафнинг чап томондан биринчи бўлинмадаги иккинчи токчани кўрсатди. Мен судьядан илтимос қилиб, гувоҳ кўрсатган ўша жойни, худди у ўзи  айтганидек протоколга киритиб қўйишларини сўрадим. Прокурор ҳам унга дағдаға шаклида қўполлик қилиб, бир неча саволлар берган бўлди. Прокурор ҳам у “граната топилди” деган жойни қайта -қайта сўраб, аниқлаштириб олди. Кейин гувоҳга кетиш учун рухсат берилди, у залдан елкасидан оғир тоғ қулагандай аҳволда, деярли учиб чиқиб кетди. Навбатдаги гувоҳ ҳалигача  етиб келмаганлиги боис вақтинча танаффус эълон қилинди.
Навбатдаги гувоҳ эса орадан бир соатларча ўтиб пайдо бўлди. Бу мелиса ходими ҳам фақат ҳақ сўзни айтишга ваъда бериб, ўз кўрсатмаларини бера бошлади. Уни айтишича, шахсан у ҳам ўша гранатани ўзи топмаган, аммо топилганда гувоҳ бўлиб турган. Гувоҳ ҳақиқатда граната топилганлигини ва у аллақандайдир бир  яшик ичида, болаларнинг ўйинчоқ ва кийимлари орасида турган эканлигини гапирди. У ўз афсонасини айтиб тугатгач, судьядан менга сўз беришларини сўрадим. Пркурор орага суқилиб, ҳалиги мелиса гувоҳга гап ташлаб: – Намунча чайналасан, мабодо граната топган бўлсанг, топдим деб, тўғрисини айтда, топилган жойини кўрсат!, деди ўта асабийлашиб.
Прокурорни пўписасидан сўнг гувоҳ сал ўзини йўқотди, қалтираб қолди. Сўнг у макетни олдига борди ва чап томондан учинчи бўлимни биринчи токчасини кўрсатди. Уни бу кўрсатмасини ҳам суд ўз протоколига киритиб қўйди. Бу ва бундан олдинги гувоҳлар кўрсатма бериб турганда,мен қизалоғим Мадинага қараб қўярдимда: – «Шуми?» деган ишорани қилардим. У эса: “Йўқ” деган ишорани қилиб, бошини чайқаб қўярди.
Ўша куни кечга яқин учинчи мелиса гувоҳ ҳам пайдо бўлиб қолди. Шунисига роса омадим чопдики, барча гувоҳлар судга бир пайтда келишмади, улар ҳар хил пайтларда келишиб, бир-бирлари билан маслаҳатлашиб ола олмадилар. Йирик гавдали, қоп-қора пальто ва қора шляпа кийган 30 ёшлардаги бу йигит суд зали эшигида кўриниши биланоқ,қизалоғим Мадинага қарадим. Уни ранги шу маҳал нимагадир оқариб кетди. Бу мелиса зобити аввалгилардан фарқли ўлароқ, суд залига шахдам юриб, кўтаринки руҳда кириб келди ва энг олдинги қатордаги бир  ўриндиққа бориб ўтирди. Бироздан сўнг судья уни минбарга чақирди. Шу пайт кўзим яна қизим Мадинага тушди, у эса йиғлаб ўтирарди. Уни ёнида ўтирган онам неварасининг кўз ёшларини рўмолчасида артиб, уни аврарди. Айни вақтда онам иккинчи қўлида, рўмолига ўроғлиқ бир нарсани менга кўрсатди. Ўша томонга синчиклаб қараб турдим, онам қўлидаги рўмолни оҳиста тугунидан очди ва ичидан бир китоб олди. У китобни дарров танидим – у муқаддас Қуръони Карим эди. Онамга сал шошмасликни ва вақти соати етгач ўзим унга ишора қилишимни бир амаллаб тушунтирдим.
Гувоҳ гранатани шахсан ўзи болалар кийими ва ўйинчоқлари турган шкафдан топганлигини ва бошқаларга ҳам уни ўзи кўрсатганлигини  айтиб бериши билан залда ўтирган онам ҳўнграб йиғлаб юбордилар. Ҳамма бирдан жимиб, ўша томонга қаради. – Болам гапирсин, неварам гапирсин, унга ҳам сўз беринглар! – деди онам. Суд раиси ҳам гап нимадалигини англамоқчи бўлди шекилли, онамни кўз ёшларидан таъсирланиб, қўлидаги рўмолчаси билан пешанаси ва кўзларини  артди.
– Ҳозир сўз берамиз, албатта сўз берамиз, у ҳам рўйхатда бор - деди суд раиси ва қайтадан минбарда турган мелиса -гувоҳга юзланди. У гувоҳ сўзида давом этишини буюрди...
2 – кисм
Беш дақиқа олдин жуда шаҳдам юриб, суд залига кириб келган  ва бошланишида бурро-бурро гапириб, ёлғон гувоҳлик бера  бошлаган бу «опер»ни энди сира таниб бўлмасди. У энди фақат  ғўлдирар, қўллари худди пиянисталарникидай қалтирарди. Бошига шапка, эгнига чиройли форма кийиб, йулида  учраган одамга удағайлаб юрадиган, бу тўрт кунлик дунёда кимлигини  унутиб қўйган мелиса зобитини ҳақ олдида қалтирашини кўриш  нақадар аянчли эди.
Лиқ тўлиб турган залга ташқаридан яна янги одамлар келиб  қўшила бошладилар, йулаклар томошабинларга тўлиб кетди. Суд залининг деразаларидан ҳам одамларнинг гавдалари  кўрина бошлади. Бу томошани ҳеч ким қолдиргиси келмасди...
Жахл отига миниб турган прокурор чидолмасдан ўрнидан турди ва мелисага: – Гапиринг, нимага гапирмайсиз? Жанговор  гранатани қаердан, қай ҳолатда топдингиз? Қилинган жиноятни  исботлаб  беролмайсизми?! дея бақира бошлади.
Суд раиси ўзини гувоҳ деб атаган мелисага савол беришимга  ўрин қолдирмай, ўзи гувоҳдан ўша граната шкафнинг  қаеридан  топилганлигини сўради. Бу гувоҳ ҳам макетни кўриши билан ўзини йўқотиб қўйди. Макет турган томонга юраман деб, ҳатто депиниб ҳам кетди. Макетни  олдига бориб у, шкафнинг ўрта  бўлимидаги  биринчи тортмасини кўрсатди. У ўз ҳаракатларига ишонмас  ва  прокурор томонга қараб,«Тўғрими?» дегандек  термулиб турарди. Уни бу ҳаракатидан давлат қораловчисини  баттар жаҳли чикарди...

Судья суд бошланишида олдин берган ваъдасига амал килиб, мен  ёзиб берган талабномани инобатга олди. У қизим Мадинага ўз кўрганларини айтиб беришга рухсат қилди. Одам кўплигидан  залда нафас олишни ва эркин юришни сира иложи йўқ эди. Шу боис одамлар Мадинани кўлма-қўл узатиб, бир пасда минбарга  чиқариб қўйдилар. Гувоҳ билан қизим чамаси икки метр масофада юзма-юз туришарди. Мелиса зобити қизимга нақадар нафрат кўзи билан қарамасин, у унга эътибор бермади ва  судьяга: – Мен ҳам қасам ичайми? –деб гап бошлади. Уни кутилмаган бу гапидан кўнглим ёмон бўлиб кетди. Шу маҳал судьяга қарасам у ҳам  бошқача бўлиб ўтиргандай...
– Гапир қизим, нима дейсан, мен сенга  ишонаман. Уйларингиздан граната топилган кеча сен нимани кўрдинг? -деди суд раиси Мадинага. Қизим эса ҳалиги мелиса томонга қараб:
– Ман у кишини танийман, у киши ўша кеча бизаникига  келувдила. Кечаси ман каравотимда ётувдим...Ана шу киши  хонамизга кириб, шкафимизга бир нарса ташадила....”Тақ” этиб  кетувди... Жуда  қўрқиб кетувдим ўшанда – дея, йиғлаб юборди.
Шу маҳал хотиним - Муқаддасхон қизимни овутишга тушди. У  эса йиғиси орасида: – Дадамни ҳеч кимга бермайман! Бермайман!!!– деб ҳўнграрди.
Бу ҳолатни кўриб ҳалиги мелиса –гувоҳ типирчилашга тушди. У бир нималардир деб ғўлдирар аммо уни гапига ҳеч ким тушинмасди. У Мадинага қараб - «Бу гап ёлғон, мен уйларингга кириб, граната ташлаганим йўқ»- дейишини ҳамма кутди.
Мелиса -гувох бир нима демоқчи бўлиб, кўп уринди. Аммо ўзини оқлайдиган бирор сўз айта олмади. Залда ўтирганларни орасида анчагина аёллар ҳам бор экан. Улар энди овоз чиқариб, ҳалиги “гувоҳман” деганни қарғай кетдилар. Улардан бирови: – Ҳа,  кўзинг оқиб тушсин!»- деса, бошқаси:–Ҳа, бировга чоғ қазиган  қўлларинг синсин! Худони ғазабига  учра!!! – дерди.
Бир пайт залда ўтирган қарри онам қўлларида Қуръони Карим билан минбар томон юра бошладилар. – Она, бўлди, қўйинг, агар озгина иймони бўлса, шуни ўзи етар, - деб, онамни йўлларидан  қайтардим. Вазият чигаллашиб бораётганини сезган судья  залдаги одамларни тинчлантиришга тушди, у тўқмоғини уриб, шовқинни бузди. Сўнг Мадинага бир неча қўшимча саволлар бериб, ўша кунги воқеа тавсилотларини янада ойдинлаштириб олди.
Залда шовқин босилавермагач, суд раиси ҳалиги мелиса- гувоҳни залдан атайлаб чиқариб юборишга мажбур бўлди. Гувоҳлардан яна икки кишини - эксперт аёл ва Вобкент туман  ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғини судга келиши кутилаётган эди. Аммо улар ҳали етиб келмагани боис,суд мажлислари яна чўзиладиган бўлди. Суднинг  учинчи  кунги  йиғилиши шу тарзда тугади.
Камерага  қайтариб келтириб қўйишлари биланоқ ўзимни   каравотимга отдим ва елкасидаги юки бироз камайиб бораётганидан одамдай ўзимни ҳис қилиб, охирги икки ойда  биринчи марта қаттиқ қотиб ухладим. Уйқудан жуда енгил бўлиб уйғондимда  бугун бўлиб ўтган воқеалар тавсилотларини бирин кетин таҳлил қила бошладим: Хўш, биринчи гувоҳ “граната  шкафни чап томонидаги биринчи бўлинмани иккинчи токчасидан топилди” деб, ўша ерни кўрсатди. Иккинчи гувоҳ  эса “чап  томондан  учинчи  булинмани  биринчи токчасидаги  қути ичидан топдик” деб айтди. Учинчи гувоҳ бўлса, умуман бошка жойни – шкафни  ўрта бўлинмасидаги биринчи токчани кўрсатди. Қизим  бўлса, гранатани  ташлаб қўйган одамни шахсан таниб берди...
Демак ишимизни бу ёғи яхши бўлиши керак, дедим ўзимга ўзим.
Суддан чиқиб, ҳибсхонага олиб келишаётганда қариндошлар  анча-мунча егулик бериб юборишганди. Қоровуллар бу егуликларни ичкарига олиб киришимга монелик қилишмади. Қолаверса эндиликда, барча қоровуллар менга кун сайин  илиқроқ муносабат кўрсата бошлаган эдилар. Камерадошлар  билан стол  атрофида тўпланишиб, келтирилган озиқ- овқатларни аҳил-иноқ бўлиб, биргалашиб едик. Бу кун ҳам ҳар кунгидай суд залида бўлиб ўтган воқеаларни уларга бирма –бир ҳикоя қилиб бердим. Улар уни эшитишиб, жуда хурсанд бўлишди ва ҳатто ҳаваслари ҳам келди. Кўпчилиги: «Ака, худо хоҳласа яқин орада бу ердан чиқиб кетасиз» - деб, далда ҳам бўлишди.
Тўртинчи кунги суд йиғилиши одатдагидан кечроқ бошланаётгани  мени ташвишлантира бошлади. Мени масалам бу ерда эмас, бошқа жойларда ҳал бўлишини кўнглим сезарди. Ўзбекистонда суд ва прокуратура ҳали бери мустақил  эмаслигини, улар давлат бошида турган кимсани оддий бир қўғирчоқлари  эканлигини билардим. Шу боис прокурор ва суд  раисларини  ҳолатини доимо кузатиб турардим. Улар ҳар танафусдан танафусга ўзгариб келар ва ҳар куни юқоридан қандай топшириқлар олишаётгани уларни чеҳрасида акс этиб турарди. Хуллас мажозий маънода айтадиган бўлсак, суд раиси ва прокурор ҳар кунги афт-башарасига қараб, Тошкентдаги   «об-ҳаво»ни англаб туриш мумкин эди. Ўзини адолат  посбонлари деб билгувчи бу икки «қўғирчоқ»ни ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир марта юқорига, махсус хизматларга ҳисобот  бериб туришларини  ва  улардан махсус йўриқлар олиб туришларини  ҳам  кўп бора эшитгандим. Шу сабаб бугун ҳам залга келтириб, қора курсига ўтқазишлари биланоқ, уларни   чеҳраларига бирма – бир қараб чиқдим. Бугун нимагадир  улар иккиси ҳам боқачароқ эди, ёмон топшириқ  бўлганлиги яққол сезилиб турарди...

Корейс миллатига мансуб эксперт аёл суд йиғилиши  бошланмасиданоқ залга кириб, бир ерда ўтириб олган экан. Биринчи бўлиб судья ўша аёлдан, минбарга чиқишни ва эксперт сифатида «жанговор граната» борасида берган хулосасини сўради. Аёл русчалаб ҳақиқатда бу борадаги хулосани ўзи ёзганлигини, аммо ўша граната қаердан,қачон ва ким томонидан топилганлигини билмаслигини  айтди. Шунда судья экспертга  қараб: – Вы уверены, что та граната была боевая? Вид, у нее не  была запала? (Сиз граната жанговор эканлигига ишонасизми? Ахир уни учқун чиқарадиган қисми, запали йўқ экан-ку?)  - деб  қолди. Судьянинг кутилмаган бу саволидан залда ўтирган қораловчи прокурор ўзини йўқотаёзди ва эксперт томонга  қаради. У аёлга бир нима демоқчи ҳам бўлди. Мен уни нима  демоқчи бўлганлигини тахминан англадим. Чунки ўзим шу  саволни экспертга бермоқчи бўлиб, тайёрланиб тургандим. Тергов материаллари билан танишганимда эксперт аёлни берган хулосасини ҳам яхшилаб ўрганиб чиққандим. Ўша мен ўқиган ҳужжатларда, уйимдан «топилган» граната  запалсиз, яъни  учқун чиқарадиган қисмисиз эканлиги ҳақида гап борарди.  Тергов жараёнида 3-4 кун менга ҳимоячилик қилмоқчи бўлган  ва кейин бу ишни ташлаб, қочиб кетган адвокат Аҳмад ака  Эшонқулов ўша «запал»деган нарса ҳақида тушунтириш бериб,  «запал»сиз  граната ҳеч қачон жанговор ҳисобланмаслигини, агар унда «запал» бўлмаса  у ҳеч қачон портламаслигини айтиб ўтганди. Демак ўша лаънати граната мабодо меники  бўлганидаям, у учун мени  жавобгарликка тортиш қонунсиз экан. Лекин терговчи ушбу нарсадан хабардор бўлсада, у нимагадир терговни тўхтатмаган эди.
Судьяни саволига эксперт аёл: - «Я так и написала, что нет  «запал»а, остальное дело следователья. Он должень был решат этоть вопрос (Мен шундай ёзганман, гранатани учқун  чиқарадиган қисми йук, деб. Қолган иш терговчиники эди, у ҳал қилиши лозим эди нима қилишни) » – деди.
Шу орада судьядан экспертга саволим борлигини айтиб, сўз сўрадим. У  рухсат қилди. – Ваша совесть не мучаеть, что перед  Вами судять совершенно не  виновного человека? Во первых на  гранате нет моих отпечатков пальца, во вторых Вы  дали  заключение  на неопределеный  предмет? Откуда я знаю тот ли  предмет которого будто «нашли» у меня дома Вы обследовали? (Мутлақо айбсиз бир одамни суд қилишаётганидан сизнинг виждонингиз қийнамайдими? Биринчидан, ўша гранатада мени бармоқ изларим йўқ, иккинчидан Сиз аниқланмаган бир нарсага хулоса ёзгансиз? Мени уйимдан  топилди  дейишаётган нарсани айнан ўзини текширганингизни мен қаердан биламан?)– дедим,  чала-чулпа  қилиб ўрисчалаб ва яна сўзимда  давом этиб: - Вы  выглядете как порядочный  человек, но  Вы  оказывается - безсовестная. (Сиз  кўринишдан  жиддий бир одамга ўхшайсиз-у, аслида виждонсиз экансиз!) дедим унга. Бу гапларим эксперт аёлга жуда қаттиқ таъсир қилиб кетди шекилли, у ҳам дарров жавоб кайтарди: –  Мне сказали  что этот предмет какого- то  разбойника, террориста.  А я вижу Вы порядочный, грамотный  человек. Поэтому я прошу суда  возвратить этот предмет  на  допольнительную  обследованию. (Менга бу нарса қандайдир бир қарокчиники, террористники  деб  айтишганди. Ҳозир мен кўриб турибманки, Сиз бир тартибли, зиёли одам экансиз. Шунинг учун  мен суддан бу нарсани бошқатдан ўрганишга  қайтариб юборишларини сўрайман.)

Залда ўтирган аёлим –Ёрова Муқаддас  бизни  орамиздаги суҳбат мазмунини  яхши англамади шекилли, мен томонга қараб:            - «Нима деди, у корейс хотин?» - деб қолди. Хотиним жуда  зийрак аёл бўлиб, доим ҳар нарсани тагига етиб боришга  уринарди. Уни бу нарсани сўраб суриштириб олишга албатта   ҳаққи  ҳам бор эди, деб ўйлайман. Чунки  у бошимизга келган  бу адолатсизликлар туфайли  мендан ҳам кўп азият чекди, мен билан елкама-елка  туриб, ноҳақликка қарши бирга курашди.  Мен эса ҳазиллашиб : «Яхши аёл экан, виждони оз бўлсада бор  экан, зўр»- дедим. Корейс аёл ўзбекчани  яхши  тушинаркан шекилли,  бизга қараб жилмайиб қўйди. Аммо прокурор нимагадир ўша эксперт аёл билан тортиша кетди...
Тушликдан сўнг суд залига энг охирги гувоҳ - Вобкент
туман ИИБ жиноят - қидирув гуруҳи  бошлиғи кириб келди. Мен  у  йигитни яхши танирдим, бир пайтлар биз у билан бир ерда  бирга  ишлагандик. Вобкент туман  ижроия  қўмитаси  архитектура  ва  қурилиш  бўлимида  ишлаб юрганимда  у ҳам  шу  қўмитани  умумий  бўлимида  ишларди. Орадан бироз муддат ўтиб, у мелисага  ишга  ўтиб кетди, мени эса  «Агропром»га ишга тайинлашди. Аста-секин  у ҳукуматнинг  ишончли  одамига, мен  эса  «халқ  душмани»га  айлана  бордик. Тақдирнинг  ҳазилини  қарангки,  энди  биз суд залида, бу вазиятда  у  билан  учрашиб  тургандик. Аслида бу залга у мени судраб келди. Чунки у  энди  амалдор, елкаларида  погонли  эди.  Мени эса  қўлларимда  кишан, суд залидаги  темир кафасни ичидаги қора курсида   ўтирардим...
Ўша тундаги тинтувда  у  тинтув ўтказувчи гуруҳ раҳбари сифатида қатнашиб, барча  ёзув– чизув ишларини ўзи қилганди.  Демак терговчига  ўтказилган барча дастлабки суриштирув  қоғозларини у тайёрлаб берган. Мен уни  оиласини яхши танирдим. У жуда камбағал бир оиладан чиққан, айни замонда жуда тиришқоқ бола эди. Тинтув кечаси у бошқа одам бўлиб келди уйимизга, мен уни сира танимадим ўшанда.
Хуллас энг охирги гувоҳ – туман мелисалари идорасининг  жиноят-қидирув гуруҳи бошлиғи суд залидаги минбарга чиқиб, кўрсатма бера бошлади. У  менга қўйилган «айб»лар қоғозда қандай ёзилган бўлса, шундайлигича уни ўқиб берар ва такрорларди. Мен уни бу  ахволини  яхши  тушинардим.  Насрулло  Саййидни  «жиноятчи»  қилиб кўрсатиб  бериш унга  қаттиқ  топширилганди.  У  бу топшириқни  ҳаётида ҳамма  нарсадан устун  қўйишлиги аниқ эди. У  учун мени  қамоққа жўнатиш  Ватан  олдидаги  ўз бурчини  бажариш  эди холос. Афсуски, Насрулло  Саййид  бу  бурчни  ундан  кўра  эртароқ  тушиниб  етганлигини  ва  Ватанини, халкини  ундан  миллион  марта ортиқроқ севишини  у,  яъни  мелиса  зобити  англаб етмасди. Хуллас  унга  ўша тунда  Насрулло  Саййидни  уйида тинтув  ўтказ, деб  буюрдилар - у ўтказди, “айбдор” деб  ёз  дейишди - у ёзди. Бугун  унга  ўша ёзганларингни исботла, деб  буюрдилар  ва  у  исботламоқчи... Жўжабирдай беш норасидаси бор бир одамни ноҳақ  қамалиб кетиши  олдида  мелиса зобити учун юқоридан берилган ахмоқона  бир буйруқ устун эди.
Бу сафар судда бир неча кундан бери такрорланиб келаётган  саволни  бу сафар гувоҳга  прокурорни ўзи  берди ва  ундан  ўша  граната  шкафни  айнан  қаеридан  топилганлигини сўради. Гувоҳ олдидаги бир даста коғозларини роса титкилаб, граната топилган жой ҳақида ёзилган ерини топди ва ўша қоғозда кўрсатиб ўтилган ерни макетдан кўрсатди. У ўз кўрсатмаларини бериб бўлгач, судядан сўз сўраб, гувоҳга шундай  деб савол  бердим: - «Сиз ҳозир берган кўрсатмаларингизни ростлигига  ўзингиз ишонасизми?» Мени бу саволим мелиса зобитини анча  ўйлантириб қўйди ва у бир муддат жим бўлиб қолди. Сўнг роса   чайналиб:- «Ҳа,» - деди. Аммо гапирганда у на залдагиларга, на менга тик қаради. Гувоҳни иймонини синаб кўришни  вақти соати етганди чамамда. Шу сонияда мен залдаги юзлаб одамлар орасидан онамни изладим. Онамни нигоҳи менга тушгач, у кишига қараб имладим. Онам нима демоқчи эканлигимни дарҳол тушиндилар ва ўринларидан туриб минбарга, гувоҳлик бераётган мелиса томонга кела бошладилар. Онамни қўлларида эса рўмолдан ҳозиргина ечиб олинган Қуръони Карим  кўринарди.  Онам саҳнага етиб келишларига  бироз қолганда ҳалиги гувоҳ бирдан тилга  кириб кетди ва: – Нима қилардингиз  сиёсатга  аралашиб, биз ҳам хизматдаги одаммиз ахир, бизга буюрдилар ва биз бажардик – деди  у.
Мен уни худди шундай деб айтишини кутгандим, ҳарқалай  у  ҳам ўзимизни “қора халқ”дан, мехнаткашдан  чиккан. Мен биламан у ёшлигида анча қийналиб ўсган. Мен унга бошқа ҳеч бир савол бермадим. Онам ҳам бу аҳволни кўриб, ўз ўринларига бориб  ўтирдилар. Прокурор  ва  судья  эса  жиноят-қидирув гуруҳи  раҳбарининг айтганларини  эшитиб, анчагача бошларини  ушлаб, жимгина турдилар. Залда эса одамлар ғала-ғовури авжига чиқиб, ўзаро “муҳокамалар” бошланиб кетди.
Судья рўйхатга киритилган барча гувоҳлардан кўрсатмалар олиб бўлинганлиги ва  ва охирги сўз менга берилажагини эълон  қилди. Мен судда гапирмокчи бўлган сўзимни  аллақачон
коғозга тушириб қўйгандим. У жуда қисқа эди. Судьяга  мурожаат қилиб, қўлимдаги  кишанни  ечишларини, охирги  сўзим қоғоздалиги ва  кишанда  уларни ўқиб беролмаслигимни  айтдим. Судья рози бўлди, кишанлар  ечилиб, ёнимга қўшимча  соқчилар келиб ўтирди. Чўнтагимдан  коғозни олиб, ўқий бошладим:

                        Суддаги сўнгги сўзим
Мен шу халқимни ичида  ўсиб улғайдим. Ақлимни  танигач,  халқимни  аҳволига  қараб  ачиндим. Бу  халқ  озод, эркин  ва  бой яшаши керак деб, ўйладим  ва  шу мақсадда  сиёсий  курашга  кирдим. Юртимизда мустақиллик  ва  демократия  ўрнатамиз  деганларга қўшилдим. Ушбу кирган йўлимни мен ҳеч  қачон хато йўл деб ҳисобламайман.
Бу  курашга  ўз  виждон  амрим, қалб  даъватим  билан, онгли  равишда  кирганман  ва  бу йўлимдан  ҳеч  қачон  қайтмайман.
Ўз  ҳаракатларимда  Ўзбекистон  Конституцияга  зид бирор  бир ҳолатни  сезганим йук  ва  ҳозирда  ҳам  буни сезмаяпман. Шу  сабабли  мени  нега  таъқиб  қилаётганликларига  сира тушунмайман. Менга  нисбатан  қўзғатилган  ушбу  жиноят  иши сохта  ва  ясамадир.  Мен  ҳеч қачон  бирор  бир жиноят содир  қилмаганман. Уйимда  тинтув  ўтказилиб,  гуё  у ердан жанговор  граната топилди, деган сохта  айблов  билан  мени  қамашларини  менга  нисбатан  қилинган  қонунсиз  ҳаракат   деб  ҳисоблайман.
Мени  тезда  қамокдан  озод  қилишингизни   ва  шу  билан  бир  қаторда    болаларимни  ҳаётига  таҳдид  туғдириб,  уйимизга  жанговор граната  олиб  бориб ташлаб қўйганларни  барчаси устидан жиноят ишлари  очишингизни  талаб  қиламан.
Охирги сўзни  ўқиб тугатишим биланоқ, зал бир муддат  сукунат ичида қолди. Кимдир йиғлади, кимдир хомуш тортди. Бу қабиҳ  ишлардан  хўрлигим келди, юрагим бирдан санчиб, беҳуш бўла бошладим. Аста қора курсига, ўриндикка ўтирдим. Соқчилар   келиб қўлимга  яна кишанларини солиб қўйдилар. Сўнгги сўз  матни ёзилган қоғозни кимдир қўлимдан  олиб судьяга узатди.
– Биз сиздан бошқачароқ нутқ кутгандик - деди судья шу маҳал. Сўнг ёнидагилар билан маслаҳатлашиб, танаффус эълон қилдида ўзи ҳам  залдан чиқиб кетди. Прокурор ҳам кимгадир телефон қилиб, ниманидир пичирлаб гаплашарди. Сўнг у ҳам залдан чиқиб кетди.
Кўнглим нимагадир безовта бўла бошлади. Чунки улар нимагадир жуда узоқ кетдилар. Одамлар ҳам анча толиқишганди, улар ҳам безовта бўла бошлади. Соқчилар мени яна, тўрт кун олдин  Илҳом билан бирга ўтирган «хона»миз олдидаги залга олиб  ўтдилар, аммо бу сафар энди  у «каталашка»га  қамамадилар. Соқчилар билан ҳам шу ўтган кунлар мобайнида  анча  иноқлашиб, дўстлашиб қолгандик. Фурсатдан  фойдаланиб, мен  улардан  қайнотамни  шу  хонага  чақириб  беришларини  ва  у кишига айтар гапим борлигини сўрадим. Мукофотига «яримта»  ҳам ваъда қилдим. Биттаси дарров  қайнотамни  чақириб  келди. – Амаки – дедим мен қайнотамга, -  кўринишдан суд бугун  тугамайдиганга  ўхшаяпти. Бу ерда нимадир бўлаяпти, судья  билан  прокурор бекорга  безовта бўлаётгани йўқ. Агар  эртага  мени  турмадан олиб  келишмаса, билингки  иш  чатоқ. Улар  учун  ҳозир одамларни  тезроқ  тарқаб  кетиши  муҳимроққа ўхшаяпти.  “Ишни  қайта терговга юборамиз” деб одамларни алдаб, орқасини совутмокчи  улар. Бу натижалар  билан  мени жазога  тортишлари  жуда қийин. Юқори  эса  жазо талаб  қилиб  турган  кўринади, жазо бўлгандаям оғир  жазо.
– Бўлмаса  биз бу ердан ҳеч қаёққа кетмаймиз,- деди қайнотам. Сўнг: - Халқ билан ҳокимиятга борамиз, деди сўзида давом этиб.
- Эҳтимол... сиз ҳаксиз, - дедим, у кишига.
Орадан кўп ўтмай одамларни  яна залга  таклиф  этишди. Судья  жуда тажанг бир ҳолатда суд залига кириб келди. – Гап   шундай  ўртоқлар, судга  бироз  танаффус  эълон  қилсак,  кейинги  йиғилиш  қачон  бўлишини  ўзимиз сизларга  хабар  қилармиз, -  деди судья.
Залда суд раиси томонидан бу гап айтилиши билан одамлар  жунбушга  кела бошладилар  ва  тўс-тўполон кўтарилиб кетди.
– Нимаси қолди? Тугатинг қўйингда, ҳаммаси  аниқ-ку! - деди  кимдир.  – Сиз ҳам уларга шерик бўлмоқчимисиз! – деди қичкириб яна  биров. – Адолат борми, ўзи?!
– Аслида шу мелисаларни  ўзларини қамаш керак эди! - дея  кўпчилик  гапира  кетди.
Жанжал бўлади баҳонасида дарҳол мени суд залидан олиб  чиқиб кетдилар. Кўчада турган машинага  юклай  бошлаганларида орқадан оломоннинг: -«Кеттик, ҳокимиятга  борамиз, намойиш  қиламиз!»-  деган қийқириқларини  эшитдим. Биз  ўтирган  машина «Отбозор» томон  елдай учиб кетди.
Кейин нима бўлганини  эртасига  эшитдим. Судьянинг суд  мухкамасини  қолдириш  ҳақидаги  қароридан  норози  бўлган халқ  катта  кўчани  тўлдириб, Бухоро  вилоят  ҳокимлиги  томон  юра  бошлаган. Уларни  мақсади  адолатни  қарор  топтириш  ва  зулмга  чек  қўйиш бўлган холос. Ярим йўлда  суд  раиси,  прокурор  ва  бир  неча  фуқаролик  кийимидаги  кимсалар       одамларни  олдини тўсиб  чиқишган  ва  уларга  суд  эртага  давом  этишини  эълон  қилишган. Одамлар  эртаси куни ҳам албатта келишларини айтиб, кейин тарқалишган.
Суднинг охирги куни кўп чўзилмади. Эрталаб соат 10 ларда суд  мажлиси бошлаб юборилди ва биринчи бўлиб давлат  қораловчиси гапирди. Шунча  гап, шунча сўздан кейин ҳам, у   барибир  мени «айбдор» деб  топди  ва  3  йиллик  қамоқ  жазоси  сўради. Суд  ҳайъати  аъзолари  маслаҳатга  кириб кетиб, узок  «маслаҳатлашдилар». Улар фақат суд ҳайъати  аъзолари  билан  эмас, ҳатто Тошкент билан ҳам узоқ    «маслаҳатлашдилар» деб ўйлайман. Ниҳоят судья  ўз ҳукмини  эълон қилди:

                                    ҲУКМ
...Насрулло  Сайидов... «айбдор»  деб  топилсин  ва  унга  нисбатан            1  йиллик  қамоқ  жазоси  белгилансин. Уни  биринчи  марта  жиноятга  қўл  урганлиги  ва кўплаб  фуқаролар ва сайловчилари  томонидан  қўллаб  қувватланганлиги  инобатга  олиниб..., ЖКнинг...  моддаларига  асосан  жазоси  енгиллаштирилиб, мажбурий  меҳнатга  жалб  қилиш  шаклидаги  шартли  жазога  алмаштирилсин. Махсус  комендатура  қошидаги  жазони  ўташ  муассасасида  белгиланган  муддатини ўтасин  ва...  суд залида озод қилинсин.
Тамом.

                            ХОТИМА   ЎРНИДА
Бу хотираларни  аслида ёзишга ҳам арзимасди. Чунки 2-3 ой  бир тергов  изоляторида  ўтириш  ёки бир йил мобайнида  комендатура  соқчилари  назоратида, бир қурилиш   майдончасида «грузчиклик» қилиш  ҳам  азоб  бўлибдими? Ўзбекистондаги  диктатура  зулми  остида, охирги 18 йил  мобайнида, ҳак-ноҳақдан  тергов изоляторларида  ётиб  чиққанлар, устиларидан  ноҳақ  ҳукмлар  ўқилиб, И.Каримовнинг жазо лагерларида қон ютиб юрганлар қанчадан - қанча? Диктатурани  аччиқ «шароби»ни  ичмаганлар  қолдими  Ўзбекистонда ?
Аввалбошда таъкидлаганимдек мен қамоқ ҳақида  эмас, ўзбек  жамиятида  тубсиз бир жарликка  қулаб бораётган маънавият  ҳақида фикр билдиришга ҳаракат қилдим. Ўзбек халқи оғир  турмуш туфайли  ўз ота-боболаридан  қолган  улуғ  бир  маънавиятни  йўқотаётгани  ва  жирканч  иллатлар  исканжасига кириб бораётгани  ҳақида  ёзмоқчи  эдим. Ана ўша жирканч  иллатлар  бугунги  Ўзбекистонда  кундан-кун  кўпаяётгани,  чирмовуқдай илдиз отиб бораётгани ҳақида ёзмоқчи бўлгандим.  Бу қиссани  ёзишга  туртки  берган  нарса  эса  яқинда  чоп этилган, И. Каримовнинг «Юксак  маънавият-енгилмас  куч» деган  китоби  ҳақида  эшитганларим  ва  унга  бир қатор маддоҳлар  томонидан  берилаётган  баҳо  бўлди. Ахир маънавият емрилиб бораётган бир ерда, юксак маънавиятдан гапириш мукинми?  Истагим  ўша китобни мутоала қилганлар  мени  арзимас  қиссамни  ҳам  ўкисалар  девдим. Улар атрофларига бир қарасинлар ва  одамларимиз нималар билан шуғилланаётганини  бир  кузатсинлар. Мен ҳикоя қилган 1994 –йилда  жамиятда бироз  эркинлик ва ошкоралик бўлгани  боис,  судда ўзимни ҳимоя  қилиш имкониятига эга бўлгандим ўшанда, деб ўйлайман. Ҳозир буни иложи бормикан? Ахир биз ёруғлик сари эмас, зулмат сари бормаяпмизми?
Ушбу қисса иштирокчилари  эҳтимол  ҳозир ҳам «узбек  жамияти» деган улкан ташвишли бир уммонда сузиб  юргандирлар. Шу сабаб  мен  уларни кўпларини  номларини  бу ерда  ошкор  этмадим. Эндиликда  мени уларга  даъвоим ҳам  деярли йўқ. Майли  сузаверсинлар!  Қаеққа  сузишни,  қандай  сузишни  ҳар кимни ўзи танлайди, мен уларга  йўл кўрсатмоқчи      эмасман. Фақат мен уларга уммоннинг қаерида лойқа  ва  ахлатга юз келганлигимни айтиб  қўйдим      холос.
Ушбу  қиссамни  «Ўзбекистонда  Мустақиллик  Декларацияси  қабул            қилинганлигини  18 йиллиги» кунига  бағишладим.


Канада
2008  йил, май-июнь.