Меню

среда, 5 февраля 2014 г.

- Сиёсат ёки ачиб ётган муаммолар тўғрисида гапириш мумкин бўлмагандан кейин.......

www.milliyburch.com



Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида, янаям аниқроғи Марҳамат райони қўшни Ленин районига (ҳозирги Асака тумани) қўшиб юборилган 1963 йилнинг эрта баҳорида Андижон Педагогика институти филология факультетининг шоирликка даъвогар студенти Т. шеърий дафтарини қўлтиқлаб энди йўқ бўлиб улгурган районнинг йўқ бўлиш арафасида турган газети редакциясига кириб келади. Қаергадир шошаётган омонат газетнинг омонатгина редактори шоирликка даъвогарнинг шеър дафтарини ўзида олиб қолади. Дафтар редактор тортмасидан жой олади. Редактор тушмагурнинг таҳрирга
кайфияти бўлмаганми ёки икки бетликкина варақани тўлдиришга материал топилмаганми, балки атайиндир, ишқилиб дафтарда шунча шиғир машқлар қолиб, студент Т.нинг "Деразамнинг олдида бир туп олча оппоқ бўлиб гуллади..." деб бошланувчи шеъри бир муддат ўтиб газетга чиқиб кетади...

Шундан кейин Марҳаматни илғорроқ ва анча олғирроқ Ленин районига қўшиб юборилгани задасини кимдан олишни билмай турган марҳаматликлар, айниқса марҳаматликларнинг зиёлиларига роса худо беради. Сиёсат тўғрисида, айниқса совет ҳукуматининг сиёсати тўғрисида бирон нима ёзиш тугул, ҳатто ўйлаш мумкин бўлмаган кезларда шоирликка даъвогар Т.нинг "Оқ олтин"даги "Олча гуллаганда..."си биринчи рақамли баҳсу-мунозара ва аёвсиз танқид мавзусига айланади-қолади. Райондаги эринмаган адабиёт муаллими борки, ҳаммаси ўша газетнинг ўзида сохта шиғирчи Т.ни аёвсиз фош этади. Ҳатто биттаси "улуғ ўзбек совет шоири Ҳамид Олимжоннинг ўригини атайин олчага айлантирган каснинг совет олий мактабида ўқишга ҳаққи борми ўзи", деб ўз мақоласини тугатади. Шоир Т.нинг "Олчаси" баҳонасида газетга ҳам анча-мунча жон кириб қолади, шу сабабми, ё бошқами, якунда газетни ёпмасликка ҳам қарор қилинади.

Шоир Т. каникул бошланиб, пахта сезон бошлангунча ҳам қишлоққа кела олмайди. Шаҳарда туриб, кўпчилик марҳаматликлар олдида қасам ичадики - қайтиб шиғир ёзсам , фалон бўлай. Т. ваъдасига вафо қилиб, шиғир ёзиш тугул, қайтиб қўлига қалам олмайди. Лекин узоқ йиллар, бир авлод алмашгунча "Олча" лақаби билан яшашга маҳкум бўлади.

Т. ҳақидаги бу воқеа тафсилотларини Т.нинг тенгдош жўраларидан эшитганман. Бошида бир авлод жўраларнинг ўйлаб тўқиган ҳазил ривоятидир-да деб қўя қолганман. Лекин 2-3 йил аввал қишлоқдаги қайсидир маъракада ҳозирги шоир-ёзувчилар ҳақида мавзу очилиб қолди, даврада дуога келган меҳмонлар тарқаб, маҳалла имоми рутбасидаги Т. иккимиз рўпара қолгач, унинг ўзи ҳам қачонлардир кимсан шоир Т. бўлганини айтиб қолди. Маълум бўлдики, Т.нинг жўралари ёлғон қўшмаган экан.

- Сиёсат ёки ачиб ётган муаммолар тўғрисида гапириш мумкин бўлмагандан кейин мен каби бир мишиқи шиғирчининг кўчирмаси роса мавзуга айланганди-да ўшанда, болам, - дейди 50 йил ўтиб энди оқсоқол имомга айланган Т., хўрсинганича. - Лекин ўзим ёзган яхшигина машқларим бориди. "Олча" эмас, ажриқ босган далалар, қўшнимнинг қўйбоқар қизи ёки молбозори ҳақида ёзганларим чоп этилганда, ҳаммаси бошқача бўларди балким....

Комментариев нет:

Отправить комментарий