Меню

суббота, 1 февраля 2014 г.

Умри далада ўтаётган биздек ёшлар партада тек ўтириб китоб ўқишга сабримиз чидамасди





Бизларнинг ёшлигимиз пахта сиёсати зулмга, ўзбек халқига нисбатан қирғин қуролига айланган даврга тўғри келган. Томорқамизгача мажбурлаб пахта эктиришганини эслайман. Боғларимизни бузиб ипак қурти боқиш учун тут дарахтларини экишарди. Пахтахорларни Кукуруз дейиладиган самалёт дефолация қиларди. Улкан-улкан пахта далалари ўртасидаги тўппидек қишлоқларимиз устидан ҳам химикат сепишарди. Зарарли химикан ховли-
жойларимиз, кўча-майдонларимизни тумандек қоплар, унинг сассиғига чидай олмай оғзимизни румол, сочиқ билан беркитиб олардик. Бир марта онам ховлининг очиқ жойида овқат пишириш учун ёғ қиздираётган пайти тепадан самалёт химикат сепиб ўтди. Тумансимон сассиқ химикат ёғнинг устига тушиб чарсиллаганлари ёдимда. Баъзан биз бечора ақли йўқ болалар дефолация қилинаётган далага бориб самалётнинг ваҳима билан бўкириб учишини томоша қилардик. Энг қизиғи шуки, устимиздан сепилаётган химикатнинг соғликка ўта зарарли эканлигини катталар ҳам аниқ идрок этолмасди. Дефолация қилинган майдонда пахта териб кўпимиз хушимиздан кетардик. Ўша йиллар совхозимизга директорлик қилган бир одам дефолация қилинган пахта майдонини узоқроқ айланиб заҳарланиб ўлганди. Директоримизнинг бурни хид билмас экан.

Боғча ёшидан пахта теримга чиқардик. Юқори синфга етганимизда эса 31-декабргача пахта даласидан қайтмасдик. Бу орада қор ёғарди, қорни эришини кутардик. Қалин оппоқ қировларни эса арқон билан тўкиб ердан пахта топиб терардик. Сентябрнинг бошидан хайдалар эдик пахта даласига.

Қишда атига уч ой мактабда ўқигандек бўлардик. Умри далада ўтаётган биздек ёшлар партада тек ўтириб китоб ўқишга сабримиз чидамасди. Шу уч ойда ҳам ўқиб миямига бир нарса кирмасди.

Апрел ойи бошидан яна пахта даласига қувғин қилинардик. Қатқалоқ, пахта чопиқ деган ишлар бошланар эди. Пахта ишлари ёзги каникулга уланиб кетарди. Ёз ичи ҳам далада мол боқар, ота-онамизга пахта ишига ёрдам берардик.

Мактабни томомлаб мустақил ҳаётга қадам қўйган пайтимиз калламизда ҳеч қандай билим, қўлимизда биронта хунар бўлмасди. Икки йил харбийда "стройбат"да хизмат қилиб қайтиб яна оқ пахтанинг қора ишига қоришиб кетардик.

Мен бир-бирига занжирдек боғланган қора қисматни 28 ёшимда парчалаб синдириб, Тошконга
ўқишга жўнаворгандим. Пахта қамоғини бузиб, эркинликка чиққанимни, ўқишга кирмоқчи бўлаётганимни эшитган қишлоқдошларим оғзи қолиб, кети билан кулганди устимдан.

Нега қишлоқдошларим ўқишга хавасимни эшитиб мени масхара қилганини ҳозир ҳам яхши тушунмайман. Бир-икки йил ўқишга киролмадим. Омадсизлигимни кўриб қишлоқдошларим севинди, хурсанд бўлди. Ўқишга кириб кетганимда эса устимдан кулганлар мотамсаро бўлиб қолишди.

Назаримда пахта қули бўлиб қолган қишлоқдошларим тақдирни ўзгартириш ва пахта қуллигидан қочиш мумкинлигига шонишмаган.

Ўша йиллари ўқишга киролмай юрган пайтим далага чиқиб кетмон чопардим. Бир гап бўлиб ўзимдан бир неча ёш катта ишчи билан жанжаллашиб қолдим. Ёши катталигини ҳисобга олиб жағига урмадим. Даҳанаки жанжаллашдик. Кўнгилга ботадиган ҳамма оғир гаплар айтилди. Охирида у энг даҳшатли гап сифатида " Сен ўқишга киролмайсан " деб қичқирди. Бу гап ростдан ҳам менга таъсир қилиб, нима дейишимни билмай қолдим.

Собиқ мустамлака даврида ҳаётимизни чин маънода қамоққа айлантириб қўйишган эди. Одам мақсадига етолмаса, орзуси ушланмаса, ўзи хоҳлаган касбни танлай олмаса ва унинг инсоний ҳуқуқлари бир тийн бўлса,хўш, бундай ҳаёт қамоқ бўлмай нима ўзи.

Куёвга чиқатган қиз қуда томонга " далада ишлатмайсиз " деган шарт қўярди. Ҳамма қизлар далачи йигитларга эрга тегмайман дерди. Лекин қишлоқда ҳамма йигитлар далада ишларди. Шундан кейин махалламизнинг сулув қизлари шаҳарлик овсар, ногирон ёки безори йигитларга турмушга чиқиб кетарди. Биз далачи йигитлар эса ғазабланиб, кесак отиб қолаверар эдик. Шуки, мавжуд қамоқсифат ҳаётдан қочиш учун маҳалла қизлари шаҳарлик эси паси йигитларга эрга тегишга мажбур бўларди.

Рахимжон Рахмат

Комментариев нет:

Отправить комментарий