Меню

вторник, 12 мая 2015 г.

Ёдгор Обид. Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!

www.temuriylar.com


Узоқ - узоқларда ингроқ бир нидо -
Бағримни ўртайди. Шунчалар нолон...
Дўстим, бас, ўзингни қилмагин адо,
Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!
"Нега йиғламайсан?..." Бағри қон савол,
Борлиғинг ўртайди. Келтирар завол...

Дўстим, бас, рост сўзим келмасин малол,
Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!
Кўзёшлар, аламлар бўғзига ботган,
Кўксида тўлғониш. Тинчин йўқотган.
Дўстим, бас, бу элнинг дийдаси қотган...
Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!
Мен ҳам бор дардимни ичимга ютдим,
Хоинлар тиғига кўксимни тутдим,
Дўстим, бас, гангидим...ўзни унутдим...
Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!
Биламан, бўғзингдан ўрлайди фарёд,
Ўзингдан чиққан ёв - маккор ва бедод.
Дўстим, бас, ҳақ ўзи айлагай имдод...
Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!
Бегуноҳ эл қони тутмоғи тайин,
Қочгали жой топмас ёв билан хоин.
Дўстим, бас, яқинлар муддат кун сайин...
Дўстим, бас, йиғламас аҳли Андижон!

Комментариев нет:

Отправить комментарий