Меню

суббота, 21 ноября 2015 г.

Ватанимиздаги Ходиса..Ким ёрдам бера олади ?? Хеч булмаса маслахат



ҚЎЛ-ОЁҚ, ЎПКА, ОНГ ВА ЗАБОН ҚАНЧА ТУРАДИ?
ЁХУД ТУҒРУҚХОНАДА ШУ АЪЗОЛАРИ ФАОЛИЯТИДАН АЙРИЛГАН ЁШ ОНА ҚИСМАТИ ҲАҚИДА
Бу ҳақда ёзиш, хотирлаш, ўтган кунларни кўз олдимизга келтириш биз учун жуда оғир. Биз ҳам майли, мана, беш ойдирки, жону тани азобда ётган 24 ёшли синглимга эса...
Воқеани бошидан қисқача баён эта қолай. Синглим Усанбоева Муборак (26.06.1991йилда
туғилган) шу йил 3 июл куни биринчи фарзандини дунёга келтириш учун Самарқанд вилояти Жомбой тумани марказий шифохонасининг туғруқ бўлимига ўз оёғи билан юриб, одатий тўлғоқ билан боради. Бир кун туғолмай азоб чекади. Эртасига 4 июл куни шифокорлар “Ҳомила боши она чаноғига диспропортцияси, йирик ҳомила” тахшиси билан соат 13:20да шошилинч равишда операцияга олишади.
Кесарча кесиш вақтида синглимнинг ўпкаси тешилади ва комага тушади. Буни биринчи шифокорлар “Лидокаин перепаратига реакция” деб, кейин “Ўпкага сув кетиб қолибди”, ундан сўнг “Ўпкаси асли касал бўлган”, охири эса “Буллёз касаллиги” дея изоҳлашди.
Хўп, синглимнинг ўпкаси касал экан, нега улар операциядан аввал чора кўришмади? Нима учун зарур текширувлардан ўтказишмади? Нега шошилинч операция қилишди? Ваҳоланки, синглим туғруқхонага бир кун олдин келганди-ку! (Қон ёки сув кетиб келган бўлса эканки, шошилинч операцияга олишса!)
Синглимнинг ўпкаси касал эмаслиги кўп ўтмай исботланди. (Бу шундоқ ҳам маълум эди. Чунки синглим спортчи бўлган). Ўпкасининг рентген қоғозларини Самарқанд вилояти сил касалликлари шифохонасига аниқлик киритиш учун Жомбой тумани шифохонаси шифокорларининг ўзлари юборишди. У ерда “Ҳеч қандай касаллик аломатлари йўқ, ўпка зўриққан”, деган хулосани беришган.
Ўшанда бизни ҳеч қанақа хулоса қизиқтирган эмас. Фақат синглимни асраб қолишни ўйлаганмиз. Синглимнинг ҳолатида ҳеч қанақа ўзгариш бўлавермагани боис, биз Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” Бош бошқармасига мурожаат қилдик.
Хуллас, синглим 27 июлга қадар сунъий нафас берувчи аппарат орқали яшаб турди. Аста-секин ўзи нафас олди. Аммо ҳамон ўзига келмасди. Охири “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” Бош бошқармаси бошлиғининг таклифи билан синглимни 5 август куни Самарқанд шаҳар шифохонасига кўчирдик. (Шу инсонга ташаккур, Самарқандга келган чоғларида шахсан келиб, синглимнинг ҳолатини ҳам кўриб кетди).
Самарқанд шаҳар шифохонасида ўндан ошиқ малакали шифокорлар иштирокида консилиум ўтказилди ва синглимга “апалик синдром” (Апаллический синдром или бодрствующая кома – это состояние человека, вызванное нарушениями функций коры головного мозга, оно характеризуется утратой познавательных функций и полной безучастностью ко всему. Апаллический синдром характеризуется еще одним признаком — типичной позой больного — небольшой сгиб в локтевом и коленном суставах, руки сжаты в кулаки, ступни ног в состоянии подошвенного сгибания. Возможны кратковременные тонические спазмы мышц парализованных конечностей, наблюдается вытягивание губ или появление сосательных движений, а также двигательные реакции. При этом синдроме лечение довольно ограничено и нет общей методологии терапии для этой группы больных.) деган ташхис қўйилди.
Лекин Жомбой тумани шифокорларининг бизга “18 кунда ўзига келади, 21 кунда ўзига келади, бир ойда ўзига келиши мумкин”, деган алдовларига ишониб юрганимиз сабабли синглиминг ҳолати ўнгланишига умид қилардик.
Аммо “апалик синдром” нималигини билгач, жим туролмадик ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (27.08.15да) ҳамда Самарқанд вилояти Ички ишлар бош бошқармасига (24.08.15да)га шикоят аризаси билан мурожаат қилдик. Айнан бу жойларга ёзишимизда тезроқ сабаб аниқланиб, тезроқ чора кўрилармикан, деган мақсад бор эди.
Афсуски, мана бугун сана 21 ноябр бўлдики, шикоят ариза билан мурожаат қилган онам на бир энлик жавоб хати олди, на бирорта гап.
Билганимиз, хатни кўриб чиқиш ҳақидаги мактуб Булунғурга — ўзимизнинг участка нозиримизга борган ва онам тушунтириш хати ёзиб берган. Кейин ўтган ой Жомбой тумани шифохонаси шифокори Неъмат Аҳмедов ва бир мутахассис келиб синглимни кўриб кетган. Улар куёвимизга “Даъвом йўқ” мазмунида хат ёздириб олишган. Онамдан ҳам сўрашган, аммо онам ёзмаганлар.
Буларнинг ҳаммаси шикоят хатимиз ортидан бўлаётган ишлар эканлигини кейин мен суриштириб билдим.
Аммо натижа ҳамон йўқлиги боис, 16 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси ИИВга телефон қилдим. Улар хат Самарқандга юборилганини айтишди. Ўша куниёқ СамИИББга қўнғироқ қилдим. Улар “Жавоб хати келган. Ўзимиз қўнғироқ қилиб айтамиз”, дея телефон рақамимни олиб қолишди. Икки кун кутдим ва 19 ноябр куни яна боғландим. “Сизга ижрочининг ўзи хабар беради, телефон рақамингизни қолдиринг”, дейишди яна.
Мана, ҳалиям кутиб ўтирибман.
Айтмоқчи бўлганим, беш ой аввал комага тушган ва ҳамон тўлиқ ўзига келмаган, ногирон бўлиб қолган синглимнинг тақдири билан боғлиқ шикоят аризаси ҳамон кўриб чиқилиб, бизга бирор хабар айтилмади. Синглимнинг хуши ўзида эмаслиги ва гапира олмаслиги сабаб, ариза онам томонидан ёзилган, кўрганлар бефарқ бўлмасин, деган ниятда суратларини ҳам илова қилганмиз.
Наҳот, фуқароларнинг мурожаатлар шунчалик узо-о-о-о-қ (4 ой) кўрилади? Шу қадар бефарқлик билан қараладими ёки? Мурожаатлар узоғи билан бир ой муддатда кўриб чиқилмасмиди? (ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА ҚОНУНИ, III-БОБ, 17-18-МОДДАЛАР)
Биз қонун устувор юртда яшамаяпмизми? Айнан биз мурожаат қилган ташкилот бу борада ўрнак бўлиши лозим эмасми?
Наҳотки, туғруқхонага ўз оёғи билан бориб, ногирон бўлиб чиққан ёш она тақдири ҳеч кимни қизиқтирмайди? Онасининг ҳолати сабаб, ҳам она сутидан, ҳам меҳридан мосуво ўсаётган гўдак тақдир-чи?
Юртимизда айнан она ва болага катта эътибор қаратилаётганига, уларнинг саломатлиги учун барча шарт-шароитлар яратилганига шуми муносабат?
Ахир, 1999 йил — “Аёллар йили”, 2000 йил — “Соғлом авлод йили”, 2001 йил — “Оналар ва болалар йили”, 2010 йил — “Баркамол авлод йили”, 2014 йил — “Соғлом бола йили” деб эълон қилишини ҳам айнан она ва бола саломатлиги йўлида қилинаётган ислоҳотларнинг исботи-ку!
Афсуски, бу ислоҳот ва эътиборлар айрим лоқайд ва бефарқ ходимлар томонидан оёқости қилинаётгандек. Чунки улар туфайли бугун 24 ёшли ёш она ва унинг 5 ойлик фарзанди тақдири билан боғлиқ аризага ҳамон бирор хулоса берилмади.
Синглимни шу кўйга солган шифокорларга чора кўриладими, йўқми, ҳақиқат қандай қарор топади, мен буни билмайман. Аммо мен билган ҳақиқат шу: синглим туғруқхонага ўз оёғи билан соғлом кириб борган ва соғлом 4,7 кг. болани дунёга келтирган! Шифохонадан эса ногирон бўлиб чиқди: ўтиролмайди, юролмайди, гапира олмайди, фикрлолмайди, ҳатто ўзи овқатлана олмайди ҳам! Мана шу — ҲАҚИҚАТ!
Тасодифан интернет саҳифаларида кўриб қолдим. Донорлар ўз тана аъзоларини (битта буйраги, жигарининг маълум қисми) 380.000-400.000 у.е. га баҳолашаркан.
Хўш, синглимнинг ишлаб турган қўл-оёғи қиймати қанча эди? Операция чоғида тешилган ўпкасининг баҳоси-чи? Мияси, онги-чи? Забони-чи?
Инсонни ҳайвондан фарқлаб турувчи онгнинг баҳоси қанча бўларкан? Баҳоси бормикан, ўзи?
Кома туфайли онгу шууридан айрилган инсон ҳаёти қанчага баҳоланади?
Она сутининг нархи борми? Меҳрининг-чи? Ахир айнан операциядан сўнг бугун синглимнинг гўдаги мана шу икки бебаҳо неъматдан мосуво ўсяпти-ку!
Мен янаям, фарзанди ва рафиқаси аҳволидан руҳий зарба олган куёвимиз, қизи ва невараси ҳолидан эзилаётган кекса онам ва синглимнинг қайнонаси ҳолидан гапирмадим.
Синглим туғруқхона хизматидан фойдаланаман деб шу кўйга тушди. Қайсидир маънода у истеъмолчи. Хўш, бугун унинг ва гўдагининг қандай ҳуқуқлари бор? Уларни ким ҳимоя қилади?
Наргиза УСАНБОЕВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий