Меню

вторник, 14 апреля 2015 г.

Дийдорга зор онларим...Соғинч тўла кўз ёшларим ювар юзим

Muqim Mahmud facebookdan


Оилам, ўғил-қизларим жигарларимни зиёрат қилиб, қайтишяпти. Мен эса боролмадим... Ҳозирча боролмайман, иложим йўқ... Мана шу иложсизлик дарди, алами кўзни ёшлатди, қўлга қалам олишга ундади...

Олдингизга боролмадим, афсус, ўзим,
Соғинч тўла кўз ёшларим ювар юзим,
Чорасизлик мўлтиратар мунгли кўзим,
Бағрингизга босинг, опа, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди

изим.

Меҳр тўла кўзингизни соғингандим,
"Муқим" деган сўзингизни соғингандим,
Опажоним, ўзингизни соғингандим,
Бағрингизга босинг, опа, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди изим.

Сиз - Ҳидоят, Ибодатсиз, Шарофатсиз,
Назокат сиз, малоҳат сиз, латофат сиз,
Куним ўтмас соғинч отлиқ бу офатсиз,
Бағрингизга босинг, опа, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди изим.

Умр бўйи кўрсангизда заҳмат фақат,
Кўрсатдингиз не эканин бардош, тоқат,
Сизда бордир шукр этишга зўр лаёқат,
Бағрингизга босинг, опа, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди изим.

Етарлича ҳолингизни сўролмадим,
Ука бўлиб, кунингизга яролмадим,
Тўй, азада ёнингизда туролмадим,
Бағрингизга босинг, опа, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди изим.

Акам, десам, кўзларимда қалқийди ёш,
Гоҳ-гоҳида ўйларимга суққанда бош,
Соғинчларга ем бўлади бутун бардош,
Бағрингизга босинг, ака, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди изим.

Умидим шул, энди мудом бир, жам бўлинг,
Ғиллу ғашни йиғиштириб, баҳам бўлинг,
Иноқликла юраги хотиржам бўлинг,
Бағрингизга босинг, опа, ўғил-қизим,
Жилла қурса, дийдорлашсин энди изим.


Комментариев нет:

Отправить комментарий