Меню

среда, 1 апреля 2015 г.

Мен соғиндим Ўзбекистонни.




УШБУ ШЕЪРИМНИ ВАТАНДАН АЙРО ЮРГАН ДЎСТЛАРИМГА БАҒИШЛАЙМАН!

Қалдирғочлар ҳар йили такрор,
Қайтиб келар ўша маконни,

Бодомлари кўпирган баҳор,
Мен соғиндим Ўзбекистонни.

Киндик қоним тўкилган тупроқ,
Кузда ерга тушган ҳар япроқ,
Ҳатто ёмғир, момақалдироқ,
Мен соғиндим Ўзбекистонни.
Бошқа юртда йиғламайди най,
Тўйларида чалинмас карнай,
Қандай яшай энди йиғламай,
Мен соғиндим Ўзбекистонни.
Оналари тебратмас бешик,
Тонг сахардан очилмас эшик,
Қўшни уйга йўқ бунда тешик,
Мен соғиндим Ўзбекистонни.
Қизларининг сочи жамалак,
Дошқозонда тўла сумалак,
Қўшиқ айтган эски чарҳпалак,
Мен соғиндим Ўзбекистонни.
Туш кўраман узундан узун,
Ва уйғониб кетаман ҳар тун,
Балки жондан суйганим учун,
Мен соғиндим Ўзбекистонни.
Мусофирнинг дуоси дуо,
Яратгандан қилгум илтижо!
Ўз юртимда ўлай, эй Ҳудо!
Мен соғиндим Ўзбекистонни!

Малика Салимова

Комментариев нет:

Отправить комментарий