Меню

суббота, 20 августа 2016 г.

ЎРТОҚ ЎЗБЕКФИЛЬМ! (М.Юсуфга ўхшатма)



ЎРТОҚ ЎЗБЕКФИЛЬМ!
Ўртоқ “Ўзбекфильм”, қумсайди кўнгил,
Шунча йил мизғидинг, уйғонгил энди.
Ҳозирги фильмлар жудаям енгил,

Бошингни кўтар-ей, тўлғонгил энди.
Ҳозирги фильмлар вазни пар, енгил,
Туғилиб, уч кунда ўлаверади.
Яна “Ёр-ёрлар”га тортади кўнгил,
“Суюнчи”ни кўргим келаверади.
“Севгинаторлар”му ишқ тарбияси,
Чорлар нурсизликнинг дастурхонига.
“Суперкелинчак”нинг бўш савияси
Тортмайди “Келинлар қўзғолони”га.
Ногоҳ "Улфат"ларга тушади кўзим,
Озгина ҳазилдан сўйлар лофчилар.
Эшик таққиласа, қарайсиз, у ким?
Бари “Замонавий янги совчилар”...
Бу бир парча саҳна, фильмлар эмас,
Бошланса, ўрнимдан тургим келади.
Тўғриси, қандайдир “Бўрилар”нимас,
“Тўйлар муборак”ни кўргим келади.
Раззоқ Ҳамроларни қумсайди кўнгил,
Наби Раҳимларга тортар ҳуморлар.
Эргаш Каримлардан бир қатра шингил,
Наҳот қайтмас энди Ҳамза Умарлар?!
Ўртоқ “Ўзбекфильм”, бермайсан жавоб,
Ўзингга топдингму ҳар хил “паноҳлар”,
Оинаи жаҳонга термулиш азоб,
Чарчатиб қўймоқда бир хил нигоҳлар!
Маънисиз оламда кўзларим толди,
Оқмай қўйдилар-ей дил жолалар ҳам.
"Тангалик болалар" ўтмишда қолди,
Қайта туғилмайди “шум болалар” ҳам.
Айтақол, қайлардан бу қадар зулминг,
Бориб-бориб сандан охир кечгумдир.
Бугун ишлаётган жуда кўп фильминг
Номига яраша “жаноб ҳеч кимдир”.
Гоҳида чинқирсам аччиқ аламдан,
Гоҳ кулгим қистайди гиналарингга.
Қочгим келмоқдадир рангли оламдан
Оқ-қора тасвирли киноларингга!
Муаллиф: Х. Ҳамидов

Комментариев нет:

Отправить комментарий