Меню

суббота, 13 мая 2017 г.

Нима, сиз худомисиз? Пайғамбармисиз? Сиз кимсизки




Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси
Муҳаммад Али жанобларига
СИЗ ХУДО ЭМАССИЗ! ПАЙҒАМБАР ҲАМ ЭМАССИЗ!
Ассалому алайкум ҳурматли раис жаноблари!
Сиз мени тан олишни истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам, яна бир бор сизга хат ёзишга қарор
қилдим. Зеро, сиз ҳозирча уюшма раиси экансиз, зеро,ҳозирча, мен уюшма аъзолигидан ўчирилмаган эканман, сиз раис сифатида ҳар бир уюшма аъзоси фикрини тинглашга, ҳисоблашишга мажбурсиз.
Сиз менинг иккинчи хатимга ўринбосарингиз Ғ. Эшмуродов номидан қайтарган ғазабнок жавобингизда айтганингиздек, мен аноним хат ёзувчи эмасман. Мен Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарча Ҳамид Олимжон кўчаси 29-1 хонадонда яшовчи, 99894 5728832 рақамли телефони бор, прозаик, уюшма аъзоси - Абулқосим Мамарасуловман.
Мен, Абулқосим Мамарасулов, прозаик сифатида ўзимни шунчаки ижодкор ҳисобламайман. Негаки, 1984 йили Москвада ўтказилган Бутуниттифоқ ёш ижодкорлар семинарида ёш ўзбек прозасини фақат икки киши – Хайриддин Султонов ва мен тамсил қилганмиз. Шахсан мен ўшанда Даниил Гранин ва Алесь Адамович каби забардаст ёзувчилар томонидан тан олиниб, ҳикояларим бир қанча марказий журналлар ва китобларда босилиб чиққан.
2016 йил 8 сентабр куни, яъни, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи этиб сайлангандан сўнг Ўзбекистондан хорижга юз тутган, бир гуруҳ аламзада ўзбеклар тарафидан интернет орқали Ўзбекистондаги сиёсий жараёнга нисбатан хуруж бошланди. Ёппасига Шавкат Мирзиёев номига қора чаплашлар бошланди. Ўшанда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолари орасида битта мен интернетда очиқчасига ўша аламзадаларга қарши 17 бетли, “Шавкат Мирзиёев Жиззахда нималар қилган эди?” номли жавоб мақола ёздим. Мақолам ўзимнинг “фейсбук” саҳифамда, шоир Муҳаммад Исмоилнинг “фейсбук” саҳифасида, Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” сайти саҳифасида сентабр- октабр ойлари давомида бир неча бор қайта-қайта нашр этилди. Мен ўша жавоб мақолага “Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Абулқосим Мамарасулов”, дея имзо чекдим.
Сиз бошлиқ идора, Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан битта мен шу ишга журъат қилганим учун сиз мендан фахрланишингиз керак, деб ҳисоблайман.
Сиз эса мени аноним ёзувчи дея ҳақорат қилдингиз.
1.Сиз нима сабабдан менинг хатларимни виртуал қабулхонадан эътиборсиз қолдиришни талаб қиляпсиз? Нима, сиз худомисиз? Пайғамбармисиз? Сиз кимсизки, сиз виртуал қабулхонага буйруқ берасиз? 
2. Сиз менинг хатларимни оқибатсиз қолдиришингизга сабаб нима? Ёки, марҳум ёзувчи Туроб Мақсуд ўзининг сизга ёзган машҳур хатида таъкидлаганидек. Жиззахдаги вакилингиз Меҳрибону Абдураҳмоновадан муттаҳамлик жойингиз борми? Йўқса, нега менинг оддий илтимосимни бажаришни истамайсиз? Нега мен айтган, Жиззах ижодкорлари орасида юзага келган носоғлом муҳит айбдори, Жиззахдаги ёзувчилар уюшмаси вакили Меҳри Абдураҳмонова масаласини муҳокама қилишдан мутлақо бош тортяпсиз? Нега Тошкентдан битта вакил жўнатиб, барча жиззахлик уюшма аъзоларини тўплаб, улар фикрини билишни истамаяпсиз? 
3. Менинг билишимча, сиз худо эмассиз! Пайғамбар ҳам эмассиз! Авлиё ҳам эмассиз, Ҳамма қатори эрта бир кун тупроққа қоришадиган хом сут эмган бандасиз. Шундай экан, сиздан илтимос,осмондан пастга тушинг. Айтилаётган фикрлар билан ҳисоблашинг. 
Менинг бор-йўқ талабим ҳам, илтимосим ҳам шу.
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ, 
ТЕЛ: 99894 5728832

Комментариев нет:

Отправить комментарий