Меню

пятница, 2 мая 2014 г.

Нидерландияда Амир Темур семинари ўтказилди


 

Тадбирда Нидерландия эксперт-таҳлил ва академик доиралари вакиллари ҳамда тарихий мерос муҳофазаси мутахассислари иштирок этди.
Лейден университети ва Халқаро Осиё тадқиқотлари институтининг тадқиқотчиси Елена Паскалева ушбу илмий-амалий семинарнинг асосий маърузачиси бўлди. У ўз чиқишида Амир Темурнинг
истеъдодли саркарда ва буюк сиёсий етакчи бўлганини қайд этди. Темур иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий тамойиллар асносида қудратли марказлашган давлат яратган. Улкан ҳудудларни қамраб олган мазкур салтанат халқаро савдо-сотиқ ва Европа билан ҳамкорликнинг жадал ривожланишига ҳам хизмат қилган.
Маърузачи мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан Самарқанддаги ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликларни реконструкция қилиш учун жуда катта миқдорда бюджет маблағлари ажратилиб, бу борада улкан ишлар амалга оширилганини эътироф этди. Кўплаб тарихий обидалар, ҳатто, экспертлар томонидан «тиклаб бўлмайди», дея таърифланган ёдгорликлар ҳам сифатли таъмирланди.
Тадқиқотчи семинар қатнашчиларига 2014 йил 15—16 май кунлари Самарқандда ўтказиладиган «Ўрта аср Шарқ алломалари ва мутафаккирлари тарихий меросининг ҳозирги замон цивилизациясидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда иштирок этиши ҳақида ҳам маълумот берди.
Тадбир доирасида Амир Темур ҳамда Ўзбекистонда яшаб ижод қилган буюк олим ва мутафаккирларнинг Европа билан маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Лейден университетида очилган мазкур кўргазма жорий йилнинг 2 июнига қадар ўз ишини давом эттиради.

Комментариев нет:

Отправить комментарий