Меню

пятница, 1 февраля 2013 г.

ЁДГОР ОБИД: Онамга

Умидларим бўлди йўлдошим,
Олиб кетдим узоқларга бош.
Ортда қолди қишлоқ, қурдошим.
Сен ҳам тўкиб қатра - қатра ёш,
Балки ўртаб қалбингни ҳижрон...
Шуни кутганмидинг мендан, онажон!

Не изладим, не кўрдим ахир
Гоҳи ҳушнуд, гоҳи бўлиб ғаш...
Сенга эмас ташвишларим сир,
Ёнишларим асримга туташ.
Ҳали кўпдир истак ва армон...
Шуни кутганмидинг мендан, онажон




Ҳар ерда бор нону - насибам,
Яшамоқдан йўқдир ўкинчим.
Гоҳи шодлик кўрдим, гоҳи ғам,
Кўзламадим аммоки тинчим.
Қалбим ҳамон урмоқди туғён...
Шуни кутганмидинг, мендан, онажон!

Ётмасмидим иссиқ бағрингда
Осойишта ҳаётда шодон,
Тортмасайди агар қаърига -
Интилишлар тўла бу жаҳон.
Қололмадим, топмадим имкон...
Шуни кутганмидинг мендан, онажон!

Юрагимга ўт солдинг ўзинг,
Қамраб олди ҳаёт гирдоби.
Нечун яна намланди кўзинг,
Эзмоқдами ҳижрон азоби?
Ташвишларга қолиб беомон -
Шуни кутганмидинг мендан, онажон!

Ўгитларинг ёдимда тутдим,
Одамларга бўлолдим ёндош.
Ўз дардимни баъзан унутдим,
Дардлиларга бўлдим қайғудош.
Истиқболим ўйлаб бир замон -
Шуни кутганмидинг мендан, онажон!

Комментариев нет:

Отправить комментарий