Меню

пятница, 7 июня 2013 г.

Ўзбекча Сердючкалар бор-ми ?

ilhom-verka
Мазкур мавзу минг йиллардан бери инсоният энг кўп мурожаат қилган мавзу бўлса керак. Ибтидоий инсон икки оёғида тик туришни ва ов қилишини ўрганган пайтдан бошлангандир балки?.. Овдан қайтган тўда бошлиғи барчага баравар овни тақсимлай бошлайди. Шунда кимдир очофатлик билан ўлжага ташланади. Ёши кекса тўдабоши таёғи билан унинг бошига тушириб, одобга чақиради...

 

Улуғ даҳолару донишмандларга бешик, Шарқ фалсафасининг ватани бўлмиш юртимизда одоб ва ахлоқ масалаларига азалдан катта эътибор қаратилган. Халқимизда ўнлаб, юзлаб одоб, ахлоқ тўғрисида мақол ва масаллар борки, уларнинг замирида минг йиллик кузатишлар, улкан тадқиқотлар ётибди, дейиш мумкин. Биргина “Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма”, “Ота деган давлат, она - саодат” сингари мақолларда ота ва онанинг нақадар улуғ зотлар экани васф этилади. Катталар доим ёшларга кўча-куйда ўзингдан каттага салом бер, қарияларнинг ҳожатини чиқарсанг биринг икки бўлади, дуо оласан, дея ўгит қилади.


Албатта, бу каби мисолларни ҳали узоқ давом эттириш мумкин, аммо мақоладан кўзлаган мақсадимиз бу эмас. Боз устига, қаламга олган мавзуимиз айтарли янги ҳам эмас. Бу тўғрида газета ва айниқса, интернет саҳифаларида кўплаб чиқишлар қилинди, мақолалар чоп этилди. Мавзу – санъаткор одоби ҳақида. Нега яна айнан санъаткор одоби мавзуига қайтаверамиз? Шунга аниқлик киритиб олиш жоиз. Қўшиқчи, кино ёки театр актёри азалдан омма эътиборида бўлиб келган. Уларнинг юриш туриши, кийинишию сўзлашиши ҳамманинг қизиқишига сабаб.

Мисол учун, неча йилар олдин илк телефидение сухандонларининг соч турмаги, кийиниши, ўзига қандай усулда оро бериши, дунё бўйича мода йўналишини яратган, десак муболаға бўлмас. Ёки ўтган асрнинг 50-60-йилларида АҚШда машҳур бўлган таниқли қўшиқчиларнинг эгнидаги кийими ва соч турмаги зум ўтмай бутун дунёга тарқалган. Бугун ҳам аксарият санъаткорларнинг либослари ва соч турмаги ёшлар орасида урф бўлаётгани сир эмас.

Хуллас, санъаткорлар азалдан кўпчилик учун қайсидир маънода намунага айланган. Ўзбек миллий маданияти ва санъати аҳллари ҳам шу маънода истисно эмас. 70-80 йилларда таниқли сухандонлар Насиба Қамбарова, Ўктам Жобировларнинг кийиниш, соч турмаклаш услуби аксарият йигит-қизлар, талабалар орасида урф бўлганини катта ёшдагилар яхши эслашади. Кейинчалик, устоз санъаткорлар Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Хайрулла Лутфуллаев, Ғуломжон Ёқубов, Дилором Қаюмоваларнинг саҳна либосларига ўхшаш энгил-бошларга мижозлардан буюртмалар тушган экан. Асосийси, ана шу санъаткорларнинг концертларида ўзини тутиши, мухлислари билан муомаласи, мулоқот усули ҳам барчанинг тилига тушганди. Тўй-ҳашамларга ана шу санъаткорлардан биронтаси келиб қолгудек бўлса, тўйхона одамга лиқ тўлиб кетар, айтилгану айтилмаган, севимли санъаткорини яқинроқдан кўриш, унинг бир оғиз ширин такаллуфини эшитиш учун ёприлиб келарди.

Ўша пайтларда бугунгидек ҳашаматли тўйхоналар, Амир Олимхоннинг қасри ҳам ҳижолат ресторану қаҳвахоналар қайда, дейсиз. Биздан ёши улуғроқлар, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг ёки Маъмуржон Узоқовнинг дала шийпонлари, деҳқону, чўпон-чўлиқ ҳузурида юк машинасининг очиқ бортида 4-5 соатлаб жонли ижрода қўшиқ айтганини ширин энтикиш билан эслашади. Тошкентнинг қоқ марказидаги концерт залида (ҳозирги товар-хомашё биржаси жойлашган ҳудуд) манаман деган устоз ҳофизлар минглаб мухлислари ҳузурида ўзини тутиш, мулоқот ва санъаткор одобидан, хулқидан дарс ўтган, десак хато бўлмайди.

Балки бундан бугунги ёшларнинг хабари бордир ёки йўқ, аммо санъаткор бўламан, қўшиқ куйлайман, халқнинг олқишини оламан деб саҳнага чиққанлар билган, кўрганлардан сўраб ўрганса фойда бўлса бўладики, зиён эмас. Таассуфки, гуруч курмаксиз булмас, деганларидек адаб кўчасидан ўтмаган, санъаткор номига баъзи-баъзида хийлагина доғ тушириб қўяяётганлар йўқ эмас. Бу билан санъат аҳли ундоқ бўлиши ёки бундоқ бўлиши керак, деб ақл ўргатиш фикридан йироқман, аммо зиммасига халқ хизматини адо этишдек шарафли вазифа тушган ҳох у қўшиқчи бўладими ёки актёр, ҳар бир қадамини ўйлаб босгани дуруст. Негаки, ашулачи, актёр, умуман санъаткор аҳли халқ назарида, айниқса ёшлар аксарият ҳолларда тарбияни улардан ўрганади, десак муболағага йўйманг.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 18 дан 25 ёшгача бўлганларнинг 60-70 фоизи юриш-туриш, кийиниш ёинки сўзлашиш маданиятини кимгадир тақлид орқали онгига сингдирар экан. Уша “ким” аслида ким? Ота-она, яқин дўст ёки дугона, улар ёқтирган хонанда ёки актёр. Бир пайтлар ҳинд киноактёрлари, ғарб қўшиқчиларининг кийинишию сўзлашишига, ҳатти ҳаракатига тақлид жуда кучли булганини яхши эслаймиз. У пайтлар бугунгидек газетаю журнал, ФМ-радио ва хусусан, интернет деганлари қайда дейсиз?.. Киноларда ва онда-сонда бериладиган концертлардан шунча таассурот оларди киши.

Ҳозир мобиль телефондан интернетга уланиб, исталган маълумотини ўқиши, сурату кино томоша қилиши мумкин. Бундан ташқари юзлаб телеканалу радиостанциялар хизматимизда. Мусиқий, кўнгилочар каналлар, “жаҳон ўргимчак тўри”даги ўнлаб-юзлаб ижтимоий тармоқлар шубҳасиз, ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Уйга иккита нон кам олишимиз мумкин, аммо мобиль алоқамиз учун кўзимизни чирт юмиб, 20-30 мингнинг баҳридан ўтаверамиз. Мобиль телефон ўчгудек бўлса (таниқли бир компания билан боғлиқ воқеани эсланг), нақ осмон узилиб ерга тушгандек бўлади. Асосий мавзудан андак чекиндим шекилли? Буниси аслида, алоҳида мавзу.

Хуллас, адабнинг кўчасидан ўтмаганмисан, деб танбеҳ берардилар ёшлигимизда маҳалламиздаги Алиқул бобо. Нега? Мабодо шошилинчда бобони кўрмай қолиб, саломни насия қилгудек бўлсак. Қизариб, саломни қуюқ қилардик. Алиқул бобо эринмай саломнинг маъносию мағзини, энгил-бошнинг қандай бўлгани дурустлигини, ўғилу қиз боланинг юриш-туришига қадар эринмай тушунтирардилар ўшанда. Юқорида айтганимиз, либос кийиш, соч турмаклашнинг ҳам қоидасига амал қилган, меъёрида упа-элик сурган маъқул. Юқорироқда сўз очганимиз, бугун қўшиқчи йигитчалару қизчаларнинг юриши, кийиниши ва ўзини тутишидан юрагинг безиллайди баъзан.

Масалан, “йигитсимон” учовлоннинг “жилпанглаб” пистани қандай чақишни ўргатишига нима дейсиз? Бундан олдинроқ ТВМ каналида алламбало клипи айланганди уларнинг. Ё пирай! Соч дегани нақ қуш уяси! Либослар пала-партиш, саҳнадаги ҳаракатларидан ёқангни ушлайсан киши. Буларнинг саҳнага чиқишига рухсат берадиган ташкилот қаёққа (нимага) қараб ҳужжат берди экан, тушунмадим. Муниса Ризаева деган бақиргич қўшиқчи бор. Яқинда учта бола қўшилишиб, шу қизни талашди шекилли, ўша қизни ёнларига олиб “сеники-меники, ҳаммамизники”, деган мазмунда қўшиқ айтди. Балоғатга етганида бўй кўрсатган тўртта мўйни ҳалига қадар олмай, саҳна “юлдузи”га айланган боланинг ўзини тутшишию юришидан “алҳазар” дейиш керак.

Суратга олиниб, эфирга берилаётган клипларнинг савиясини кўриб, “дидинга балли э!” дейсан. Туппа-тузук, эл таниган актёрлар ҳам уч-тўрт танга эвазига, беўхшов қилиқлари билан кўпчиликнинг энсасини қотираётгани ҳам бор гап. Хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармоновнинг шу кунларда тинмай айлантирилаётган қўшиғига ишланган клипни олинг. Украиналик Верка Сердючка дегич (аслида, ўғил бола ўзи) “кўкракдор” қўшиқчининг мусиқасини шундоққина “ўзлаштириб” (ўғрилаб десак тўғрироқ бўлади) устига сўз “ёпиштирилган”. Бировнинг мол-мулкига кўз олайтирган киши жиноятчи бўлади. Ўғрига жазо тайинланади қонунда. Муаллифнинг шахсий мулкини ўзлаштириш ҳам ўғирликнинг бир турига киради азиз санъаткорлар. Ва қачонгача эл танигану танимаган қўшиқчилар ҳали форсий, ҳали ҳиндийча ва яна қанча бора туркча мусиқани ўзлаштириб, ўзбек миллий санъатига юмшоқ қилиб айтганда, соя солишади буниси очиқ савол бўлиб қолаяпти.

Кейинги масала борки, бунга алоҳида тўхталмоқ жоиз. Санъаткор маънавий олами, ахлоқи ҳақида бот-бот гапириляпти, мақолалар чоп этилаяпти. Баъзи нашрларда танқидий руҳдаги чиқишларга баъзан кўзимиз тушади. Бироқ, хулоса чиқаришга келганда эса ҳурматли санъат аҳли ўз билганидан қолмаётгани қизиқ. Масалан, устоз Хуршид Дўстмуҳаммад таъбири билан айтганда “хазонрезги нашрлар” вақти бир қадар ўтган эсада, ҳалигача қўшиқчи ёки актёрнинг “кир кўйлагини” (таъбир жоиз бўлса, ички кийимини) оммага кўз-кўз қилиш орқали эътиборга тушиш иллатлари ҳали ҳануз учраб турибди.

Боринки, бир қўшиқчининг ўзидан ўттиз ёш катта кишига турмушга чиққани ёки ёшроққина қизчага кўнгил қўйгани ҳақида очиқ-ойдин материаллар йўқ эмас. Ҳатто, баъзи санъатчи қизларимиз борки, узоқ йиллар кутиб мана ниҳоят орзуимга эришдим, муҳаббатимиз устун келиб севгимга эришдим, дейишдан ҳам тоймаяпти. Олтмишларни қоралаган амакига кўнгиллари тушиб қолган эл таниган қўшиқчи қиз бахтли турмуш кечираётган эмиш. Бу ҳақда ҳатто, газетада каттагина мақола ҳам эълон қилинди. Аммо, бўлиб ўтган тўйдан бир шингилгина суратлар берилмагани қизиқ? Қўшиқчининг онаси қизимни оппоқ никоҳ либосида кўриб, бахтиёрликдан йиғлаб юбордим дейишича, куёв бўлмиш унгаям жуда ёққан. Аммо куёв жониворнинг расми кўринмайди?

Тавбангдан кетай, элликдан ошган кишининг оиласи бўлгандир, бола-чақаси бордир. Ҳе йўқ, бе йўқ сенга кўнгил қўйгани унинг виждонига ҳавола. Аммо, сингилжон, бировнинг турмушини бузиб, болаларнинг кўз ёши эвазига эришган бахт сизга татирмикан? Бир муддатча аввалроқ анчагина ёши ўтиб қолган қўшиқчи жувоннинг эри, болаларини ташлаб кимгадир турмушга чиқди. Ана энди ҳақиқий бахтини топгани, бундан шодумон экани тўғрисида мақола газетада босилди ва адашмасам, унинг собиқ қайнонаси шу материалга ҳамда келинига нисбатан аччиққина фикрлари ҳам эълон қилинганди. Бошқа бир халқ артисти эса ўғли тенги шекилли, бир йигитга кўнгил қўйди ва бугун улар “бахт оғушида” сармаст. Яқинда забон билмас бир артист қиз ҳам норғулгина болага турмушга чиқиб, асал ойини Шарқ мамлакатларининг бирида ўтказиб қайтди. Мақоламиз орқали “қозилик” қилиш фикридан йироқмиз. Умуман кимнинг шахсий ҳаётига аралашиш ниятимиз ҳам йўқ. Аммо биз ўзбекларга минг йилардан бобо ва момомерос ор-номус, андиша, ахлоқ сингари тушунчалар борлигини эслатиб қўймоқчимиз.

Албатта, ҳар ким бахтли турмуш кечиришга ва ўз ҳаётини йўлга қўйишга ҳақли. Ҳеч ким бировнинг турмушига дахл қилишга ёки уни муҳокама этишга қонунан йўл қўйилмайди. Бош Қомусимизда ҳам шахс эркинликлари кафолатланган. Шундай экан, нима қиласизлар ёшларнинг кийиниши, юриш-туришини муҳокама қилиб, қўшиғини ёқтирмасангиз эшитманг, дейдиганлар топилишига аминмиз. Лекин жамиятимизда азал-азалдан ёзилмаган қонунлар борки, улар назаримизда эътиборга молик. Биз атрофимиздаги кишилар тақдирига бефарқ қараб тура олмаймиз. Бировнинг уйида тўй ёки аза бўлса маҳалла-кўй баб-баравар бош қўшади. Йиқилганни суяш, кўнгли ўксикка малҳам бўлиш бизга бегона туйғу эмас. Шунинг баробарида, “Бир болага етти маҳалла ота-она” деганларидек, ножўя ҳатти-ҳаракат қилаётган баъзи бировларни тартибга чақириш, ахлоқсизга адаб бериш ҳам қонимизда бор.

Уммонорти ёки Кўҳна қитъа мамлакатларида “Ўзим чиққан тепа омон бўлсин”, дейиш балки одатдир. Бироқ Шарқ маданият ва маърифат булоғидан меҳр-мурувват, шарму ҳаё, одоб ва ахлоқ каби юксак ахлоқий хислатлар булоғидан сув ичган қалбларимиздаги чашма доимо бизни маънавиятли бўлишга чорлаб туради.

Анвар НАСИМОВ, журналист

Комментариев нет:

Отправить комментарий