Меню

четверг, 6 июня 2013 г.

Буюк Британия Ўзбекистонга қурол ва ҳарбий техника сотади

Буюк Британия ўз қўшинларининг Афғонистондан хавфсиз олиб чиқиб кетилиши эвазига Ўзбекистонга қурол ва ҳарбий техника сотади. Бу ҳақда, Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммондга асосланиб, The Times газетаси хабар бермоқда.
Ҳаммонднинг сўзларига кўра, расмий Тошкент 2014 йилнинг сўнггига қадар Ўзбекистон автомобиль ва темир йўллари орқали британиялик ҳарбийларнинг ўтишига рухсат берган. Ўзбекистон айнан қандай қурол-аслаҳани қўлга киритишига Ҳаммонд аниқлик
киритмаган.
Инглиз газетасининг тахминларига кўра, гап бунда зирҳли автомобиллар ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Уларнинг ёрдамида Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани қўриқлашни кучайтириши мумкин. Хаммонд аввалроқ, Афғонистондан халқаро тинчликни сақлаш кучлари чиқиб кетганидан сўнг, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси ҳимоясиз қолиши мумкинлигини айтиб ўтганди. Британиялик вазирнинг сўзларига кўра, инглиз ҳарбий техникаси ўзбекистонликларга Афғонистондан келадиган наркотраффикка қарши самарали курашишда ҳам ёрдам беради.
Буюк Британия ҳар куни Афғонистондан 80 тоннадан ортиқ ускунани олиб чиқишни режалаштиряпти. Айни вақтда, юкларнинг умумий сони 6500 контейнерга тўғри келади, деб баҳоланмоқда. Бундан ташқари, сўнгги 11 йил давомида Британия контингенти Афғонистонга 2600га яқин ҳарбий техника олиб келган. Қуроллар ва техникаларни қайта жўнатиш учун Буюк Британия тахминан 1500 нафар ҳарбий (9 минг кишилик контингентнинг олтидан бири)ни жалб этмоқчи.
Қўшимча сифатида, Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд 2012 йилнинг февралида Тошкентга ташриф буюрган, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашган эди. Учрашув чоғида минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалалари, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама этилган эди.
Буюк Британиядан ташқари, «Толибон» жангариларига қарши курашиш учун Афғонистонга АҚШ, Германия, Чехия, Польша, Австралия ва бошқа мамлаакатлар ҳам ўз ҳарбийларини жўнатган. Қўшинлар 2014 йилнинг охиригача Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилиши кутилмоқда. 2012 йилнинг июнида НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен, Афғонистондаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудидан олиб ўтиш учун ушбу мамлакатлар келишувга эришилганини маълум қилганди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий