Меню

среда, 13 марта 2013 г.

БАҲОР ЎЙЛАРИ...


Наврўз арафасида турли касб эгалари бўлган юртдошларимиз билан
суҳбатлашишга қарор қилдик. Одатда баҳорда барча эзгу ишларни
режалаштиради. Шукроналик ҳақида ўйлайди. Қишдан омон ўтиб шу
кунларга етганига яратганга ҳамду санолар айтади.
Бироқ бизнинг суҳбатдошларимиз қалбларидаги аччиқ дардларини
тўкиб соладилар. Хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмларини
келтирмадик.

Биринчи суҳбатдош: Фаррош бўлиб ишлайман. Меҳнатдан қочмайман.
Ишим билан фахрланаман. Аммо, меҳнаткашнинг косаси оқармас экан-да,
ҳеч.
Баҳор келди, хурсандчиликлар кутаётган бир пайтда, янги тайинланган
ширкатимиз раиси ҳе йўқ, бе йўқ, ҳеч кимни огоҳлантирмасдан коммунал
тўловларни кескин ошириб юборди.
Ахир, қоида бўйича ширкат аъзолари йиғилиши ўтказилиши, кейин
нарх-навони кўтариш таклифи ўртага ташланиши керак эмасми? Иссиқ сув
учун 17 минг сўмдан сал ошиқроқ тўлардик, бирдан бу нарх 25 минг сўмдан
ҳам ошганини маъдум қилишганида донг қотиб қолдим! Шунакаси ҳам бўлар
экан-да!
Дардингни ким айтишни ҳам билмайсан, ҳамма ўзи билганича иш
юритади. Ўзи билганини қилади. Биз оддий халқни эса ҳеч ким ўйламайди.
Мана, Россияда ҳаммасини очиқчасига гапиришади. Ҳеч нарса
бўлмаяптику! Неварам коллежда ўқийди. Ўқувчилардан бири президент
Ислом Каримов ҳақида сўз очса, ўқитувчи бу ҳақда гапирмай қўя қолайлик,
деб мавзуга якун ясабди.
Иккинчи суҳбатдош: Мана баҳор ҳам келди. Бу баҳор менга
хурсандчилик олиб келди. Янги жамоада иш бошлаяпман. 20 йил давомида
республика нашрларидан бирида ишладим. Охири бўлмади, бир гуруҳ
ҳамкасбларимиз билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, ишдан кетдик.
Сабаби ҳақида тўхталсам, ҳайрон қоласиз. Менимча, ҳозир
Ўзбекистонда ўғри-мутаҳҳамлар гуллаб-яшнайдиган давр келди.
Таҳририятимизга янги раҳбар тайинланганидан кейин қалам ҳақи учун белгиланган маблағни талон-тарож қилишга тушди. Кимларгадир бир
мақола учун фалон минг сўм, бошқа бировга эса айнан шундай мақола учун
арзимаган ҳақ. Албатта, ўзига ҳам каттагина қалам ҳақи ёзишдан тоймайди.
Алам қилар экан. Шов-шув кўтармадик, чунки бефойда. Бир гуруҳ
ҳамкасблар аризани ёздик-да, шартта ишдан бўшадик.
Учинчи суҳбатдош: Баҳор келса, ундан кейин ёз келишини ўйлаб
сиқиламан. Ўқитувчиман. Очиқроқ гапиришга ҳаракат қиламан. Жаҳон
тиллари университети қошидаги академик лицейда ўқувчиларга сабоқ
бераман. Лицейимиз директори Феруза Рашидова содир этаётган ишлар
ҳақида гапирсам, ҳайрон қолишингиз аниқ.
Ишонасизми, йўқми, лицейда биз ўқитувчиларнинг заррача қадримиз
йўқ. Ёз келишини ўйласам, юрагим зириллайди. Чунки бизнинг лицейда
ҳар бир ўқитувчи янги ўқув йили арафасида ўз лавозимини сотиб олади.
Бўлишими мумкин эмас, дейсизми? Ҳозир тушунтириб бераман. Сентябрь
олдидан бир ойлик маошимизни директоримизнинг қўлига топширамиз. Акс
ҳолда ариза ёзиб, ишдан кетишимиз керак.
Яна бир масала ҳақида тўхталсам, донг қотасиз. Директоримиз
қайсидир бир банкдан кредит олиб, фалон миллион сўмга ҳашаматли уй
сотиб олган. Шу уйда яшаб келади ҳозир. Ана шу ҳашаматли уйнинг ҳар
ойлик фоизини лицейимиз ўқувчилари тўлайди. Улардан бунинг учун ҳар ой
10 минг сўмдан пул йиғамиз.
Директоримиз Феруза Рашидова Ташқи ишлар вазирлигида
ишлайдиган бир амалдорнинг хотини. Пул биринчи ўринда тургандан
кейин таълим сифатида ҳақида гапириш ўринсиз. Барча масалада
директоримизнинг айтгани айтган, дегани деган. Эътироз билдирганлар,
аллақачон бошқа таълим даргоҳларида меҳнат қилишаяпти. Шунинг учун
ҳам ғинг дейишга қўрқамиз.
Тўртинчи суҳбатдош: Вилоят туманларидан бирида истиқомат
қиламан. Биласиз, қишда шаҳар ахлидан кўра, биз қишлоқдагиларга ниҳоятда
қийин. Табий газ умуман йўқ. Электр энергиясини маълум бир соатларда
беришади. Қишни фарзандларим билан бетоб ҳолда ўтказдик. Барчамизни
йўтал айниқса жуда қийнади. Дори-дармонга қанча пулимиз кетди.
Шунга яраша тузалсак, қанийди. Кенжа ўғлимга жуда ачинаман. Бир яшар
болакайда нима гуноҳ?Баҳор келганидан албатта хурсанд бўламиз-да, чунки ҳаво исий
бошлайди. Аҳолини газ, электр энергияси билан таъминлаш яхшиланади.
Қаҳратон қишдан дармонсиз чиқиб, тўйиб-тўйиб халқимиз суюниб
тайёрлайдиган сумалак, ҳалимларни ейишга нима етсин!
Бешинчи суҳбатдош: Ёлғиз қизимни ўзим вояга етказдим. Ҳозир икки
нафар неварам бор. Каттаси ўғил, кичиги қиз. Иккаласини ҳам жонимдан
ортиқ қўраман. Иккаласи ҳам шириндан ширин. Каттаси турли тилларни
ўрганишга қизиқади. Ҳозир ўқувчилар олимпиадасига тайёргарлик кўраяпти.
Инглиз тилини, франсуз тилини, рус тилини яхши билади. Олдинги гал
туман олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаганида анчагина тортишувлар
бўлганди. Аммо ўқитувчиси барака топсин, эътироз билдирганларга исбот
учун неварам ва яна биринчи ўринга даъвогар бошқа ўқувчини юзма-юз
ўтқизиб, ҳайъат аъзоларининг савол беришларини талаб қилиб қилибди.
Натижада, неварагинамнинг билими кучли эканлигига ҳамма гувоҳ
бўлибди. Бу йилги баҳорда ҳам хушхабарлар кутаяпман.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимиз. Бундай суҳбатдошларга ҳар
биримиз ҳар куни дуч келишимиз мумкин. Тилагимиз гўзал ва бетакрор
юртимиз она Ўзбекистонимизга ташриф буюрган нафис баҳор барча
хонадонларга бешинчи суҳбатдошимиз кутаётгандек, фақат хурсандчилик,
фақат яхши хабарлар олиб келсин! Ва хорижий тилларни ўз она тилидек
ўзлаштираётган йигитчанинг ўқитувчиси сингари фидойи инсонлар сони
барча соҳаларда фақат кўпайсин!

14 Февраль 2013 йил
Мадина ҲАҚГЎЙ

Комментариев нет:

Отправить комментарий