Меню

суббота, 16 марта 2013 г.

ШИФОКОРЛАР БУРЧИНГИЗНИ БИЛАСИЗМИ?

        Инсон нима учун дунёга келади, нима учун яшайди? Аслида
яшашдан мақсад нима? Бундай саволлар жуда кўп. Бундай саволларга жавобни
кишилар турлича беришади. Кимдир яшашнинг ўзи бахт деса, яна кимдир инсон
бахтли бўлиш учун дунёга келади, деб жавоб қайтаради. Яна кимдир ҳаёт
курашдан, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги курашдан иборат, деб таъкидлайди.
Бошқа бир киши эса дунёга келган ҳар бир инсоннинг ўзига яраша вазифалари,
бурчлари бор, дейди.


Эркак кишининг  ота-онаси  олдидаги  фарзандлик вазифаси, бурчи, оила
аъзолари,  рафиқаси олдидаги эрлик вазифаси, фарзандлари олдидаги оталик
бурчи.  Худди шундай аёл кишининг  ҳам, рафиқа, она сифатидаги, вазифалари,
ёшларнинг ўз ота- оналари олдидаги фарзандлик вазифалари, бурчлари
талайгина.

Барча жавобларда жон бор, ҳақиқат бор.  Барча жавобларни таҳлил қилсангиз,
ҳаётнинг нечоғлик мураккаб ва айни пайтда кимлар учундир жуда осон
эканлигига амин бўласиз.

Ва яна ҳар бир инсоннинг ўз оиласи, ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари,
яқинлари олдида бўлгани каби ўз ватани олдида ҳам қатор вазифалари,
бурчлари бўлади.

Ота-она олдидаги қарзимиз жуда катта. Турмуш ўртоғимиз-у, фарзандларимиз
олдида ҳам ўзига яраша бурчга эгамиз. Бу ҳақда батафсил тўхталиш, ўринсиз
назаримизда.

Фақат Ватан ҳақида сўз кетганда, анча кенг фикрлашишга тўғри келади. Чуқур
мушоҳада қилиб кўрсак, ватанимиз, киндик қонимиз тўкилган замин олдида
бурчимиз ниҳоятда улкан эканлигини англаймиз.

Шундай экан, ватанимизда содир бўлаётган ҳар бир воқеа-ҳодисага дахлдормиз.
Ҳар бир ўзгариш эса бевосита бизнинг ҳаётимизга ҳам таъсир этади. Буни яхши
англаймиз.

Фақат сиёсий фаолликка келганда негадир, жуда сустмиз. Биз қўзғолонлар,
тўполонлар тарафдори эмасмиз, беҳуда қон тўкилишини, одамлар ҳалок бўлишини
ҳам истамаймиз.

Онгли бир киши сифатида бу ҳақда кўп ўйланаман. Чунки мен ҳам шу юрт
фарзандиман. Қалам тебратиб, шу юртда оиламни боқаяпман.  Фақат ҳар
қадамда ноҳақликларга дуч келганимда,  эркак
сифатида ғазабим, нафратим қўзғаб кетади.

Ишингиз шифокорга тушди, дейлик. Ноинсофлар пулини ҳам олади, аммо барибир
беморга қарашда ҳафсаласизлик қилади. Бир дўстим шу ҳақда куюниб гапирганди:

-                      Эл танийдиган инсонман. Қизимнинг кўзи ёриб,
шифокорларга ишим тушди. Конвертга кўкидан солиб, ҳақини ҳам бердим. Ҳар
ҳолда шифокорни қўл ҳақини бериш лозим, дейишади. Неварамни мазаси йўқ, хўп
қараймиз, деди бош шифокор аёл. Пулни ҳам илжайиб олиб қўйди. Икки уч кун
ўтиб ҳам, неварамнинг аҳволи яхшиланмади. Охири, МХХ да яхши укахонлар бор
эди, ўшаларга барчасини айтишга мажбур бўлдим.

Бош шифокор чақириб қолди, хонасига кирсам, яна илжайиб конвертдаги пулни
қайтариб туриб, “бу керак эмас, олиб қўйинг”, деди. Икки уч-кун ўтиб,
неварамнинг аҳволи ҳам яхшиланди. Қизим шифокорлар болага яхши
қарашаётганини айтди.

 Бугун Ўзбекистон тиббиёти ҳақида кўп ва хўб гапиришади. “Бизда Марказий
Осиёда ягона тиббий жиҳозлар, асбоб ускуналар билан жиҳозланган марказлар
бор! Мутахассисларимиз хорижнинг мана ман деган тиббий марказларида малака
оширган!”, дейишади, жар солишади. Аммо пулини берсангиз ҳам, шифокор
беморга қарамаса, яқинингизнинг аҳволи яхшиланмаса, нима қилиш керак?

Шифокорнинг шифокорлик бурчи қаерда қолди?

 Яна бир беморнинг сўзига қулоқ тутинг. Бу пойтахтимиздаги 6-сон
туғруқхонасида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ:

- Туғруқхонага ётишимдан олдин шифокор билан учрашдик, барчасини гаплашдик.
Кўзим ёрийдиган пайт келганда, шифохонага бориб ётдим. Кечаси билан тўлғоқ
тутиб, қийналиб чиқдим. Илк фарзандни дунёга келтириш осон эмас экан.

Эрталаб, ширингина қизчани дунёга келтирдим. Аммо, икки марта жарроҳлик
амалиётини бошдан кечирдим. Кейин ҳам анча пайтгача қийналдим.

Cўраб суриштирсам, ҳали туғиш пайти келмаган бўлса ҳам, шифокор сунъий
равишда мени туғдирган. Оқибатда тайёр бўлмаган бачадон, бошқа ички
аъзоларда бир нечта ёриқ пайдо бўлган. Натижада туғуқдан кейин икки марта
танамга тиғ теккизишди.

Ҳаммасига ўша пайти шифокор айбдор! У бошқа бир ҳомиладор аёлда кесерево
операциясини ўтказиб, катта миқдордаги пулдан ва биз тўлайдиган ҳақдан ҳам
қуруқ қолмаслик учун мени майиб қилиб қўйишдан ҳам қўрқмаган. Бир умрга
майиб бўлишим мумкин эдику! Пул шифокорлар учун  инсон соғлиғидан ҳам
шунчалик азизми?

Наманганда неча йил олдин туғруқхона бош шифокори қамалгани ҳақида
эшитгандим. 100 нафарга яқин гўдакларга спид касалини юқтирган шифокорни
атиги 7 йилгами, 8 йилгами қамашганди. Бош шифокорнинг буйруғига асосан
гўдаклар стерилланмаган шприцлар билан эмланган. Ҳозир, адашмасам юз сўм
турадиган, бир марта ишлатиладиган шприц ёрдамида бир неча гўдак эмланган.
Бу ҳақда бир депутат сўзлаб берганди. Спидга чалинган гўдак ўз онасининг
кўкрагини тишлаб, унга касалликни юқтиради. Онадан касаллик турмуш
ўртоғига  ҳам юқади. Шундай қилиб, бир оила ўлимга тайёр. Адашмасам ўшанда
87 нафар гўдак Спидга чалинганди. Шунча оиланинг дилбандлари бош
шифокорнинг очкўзлиги туфайли, ҳа, ха ебтўймаслиги туфайли ҳаётдан эрта кўз
юмишади. Чунки жажи чақалоқлар бу касалликнинг азобию асоратларига дош бера
олмайди. Бу ҳаммага маълум.

 Тиббиётда бўлгани каби бугун кўкларга кўтариб, мақталадиган юртимиз таълим
тизимида ҳам муаммолар қалашиб ётибди. Бу энди бошқа мавзу. Гарчи
шифокорлар ва ўқитувчилар бурчи тенг бўлса ҳам, бу ҳақда бошқа сафар
тўхталамиз.

Инсонни бир нарса қийнайди, бошқа соҳалардаги муаммоларни ечиш мумкин,
бироқ тиббиётда инсон ҳаёти, таълимда эса инсон тақдири, келажаги ҳақида
сўз кетар экан, бу соҳаларда хатоларга йўл қўйиш жиноят билан тенг эмасми?

Нега, шифокорлар ўз бурчларини унутиб қўйишаяпти? Нега Гиппократ қасамига
содиқ қолишмаяпти? Бунга шифокорлар ойлик маошининг камлиги сабабми? Ёки
мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов томонидан айтилганидек,
"Шифокорларни халқ боқади!", деган  фикр сабабми? Шифокорлар,
ахир сиз миллатнинг фарзандлари ногирон бўлишига сабабчи бўлаяпсизку! Айрим
ҳолларда ўлим билан тугаётган бефарқлигингизга қачон барҳам берасиз?

 Анвар БОЗОР 
 Миллий бурч Мухбири 

Комментариев нет:

Отправить комментарий