Меню

среда, 6 марта 2013 г.

Иллатлардан соф бўлсин дунё! (1)


Барча ватандошларимга мурожаатнома!

Ёмон иллатларнинг ғалаба қозониши учун зарур бўлган асосий нарса бу- яхши инсонларнинг эътиборсиз, ҳеч нарса қилмасдан қўл қовуштириб туришларидир.
Эдмонд Бёрк (1729-97)

Мен бир ёш ўқувчиман холос, Сизлардек кўплаб кўйлаклар йиртмадим, ватаним деб кўксимга урмадим, етарликча фидоийлик ҳам қилмагандирман балким...

Менинг сўзларимни бир оддий ўқувчидан, шу жумладан ўз миллат вакилингиз, ўз фикрларини изҳор этаётган бир ёшдан деб қабул қилишингизни сўрайман. Буни кўнглингизни оғритиш учун эмас балки самимий қабул қилишингиз учун ёзмоқдаман.

Ҳозир замон жуда ривожланди. Ахборотлар алмашинуви жуда тезкор. Шуни ўйлаб ҳам баъзан жуда хафа бўлиб кетаман.
Нега?
Чунки, ўтмиш даврларда бир кишининг мактуби иккинчи бирисига етиб боргунча орадан вақт ўтган, кеч етиб келган мактубнинг муҳимлик даражаси камайган, баъзан эса мактублар ўз эгасига етиб келмаган ёки душманлар томонидан ўзгартирилиб ўзгалар манфаатини ифодалашга хизмат қилган.

Буни тарихдан кўрсак Амир Темур билан бошқа ҳукмдорлар ўртасидаги ёзишмалар ҳам шу жумладандир.

Бунинг оқибатида дунёнинг бошида турган миллат ҳозирда дунёнинг оёғи остида қолиб кетди.


Эътиборсизлик ва манманлик оқибатида шундай бўлди.

Нега айнан гапни мактублардан бошладим?!
Ҳозирда мактуб йўллаш учун бировнинг ёрдами ёки кабутарларнинг парвозлари шарт эмас. Мант ёзилади ва мактуб электрон тарзда юборилади.

Хўш! Нима бўлибди деб сўрамоқчимисиз?
Айнан шу каби ёзувларда душманларнинг кераклиги кўринмаяпти. Ўзимиз боплаб ҳаром ҳариш ва бировларнинг нафсониятларига тегадиган сўзлар билан бошқаларга мурожаат қилишимиз одат тусига кирмоқда эмас, аниқроғи,  қонимизга сингиб бормоқда. Буни ҳар бир ўзбек тилида ёзилаётган сайтларда учратиш мумкин. Кимдир боплаб ҳақоратлаётган, кимдир туҳмат қилаётган ва яна кимдир мен каби нолиётган бўлади.

Шундай эмасми, азизлар?!
Ўзаро ҳурмат қолмади. Мағзава ағдариш жуда оддий ҳолга айланиб қолган. Ўйлаб ҳам ўтирмай заҳримизни сочаверамиз, башарасига тупурамиз.
Демак, ўзбек халқининг ўз ўзига дўстлиги шунчалар эканки , бугунки кунда душманнинг сира ҳам ҳожати қолмади!

Мен буни ўзаро ҳурматимизни йўқолиб бораётганлигини эслатиб ўтиш учун ёздим.
Гапнинг индаллоси бошқа томонда.
Ҳар бир сайтнинг ўз мухлислари бор ва улар ҳам бошқа сайтларнинг мухлислари билан ўзаро душманлик кайфияти ҳолатига келиб қолганлар ёки бунга ўша сайтнинг "АДМИН"лари кўмаклашмоқдалар. Бировларнинг номидан ёки номсиз бировларга аҳлат отиш кундалик ҳолатга айланиб қолди.

Энди гапнинг яйчейкасига келсак.
Ҳар бир газета бу қайси миллатга тегишли бўлса демак ўша миллатнинг юзидир. Ёшлар ҳам қовун қовундан ранг олади каби, сизлар қандай тарбия йўлини кўрсатсангизлар улар шу каби тарбия топишни бошлайдилар.

Мухолифат вакиллари кечирсинлару, уларнинг катта айбларидан бири шуки- улар доим Ўзбекистон ҳукуматини ёмонлаб ва ундан зорланиш билан машғул бўлиб келдилар. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳукумати эса уларни ёмонотлиқ қилиш ва босим ўтказиш чоралари билан банд бўлиб келди. Бунга жуда катта вақт йўқотилди. Энди, етишиб келаётган ёшлар ҳам шундай қилишса борми, ана унда кўраверасиз ҳақиқий томошани....

Сал олдинроқ айтганимдек бизга бошқа душманнинг кераги йўқ!
Мухолифат вакиллари ўзаро бир бирларини ёмонлаш билан биргаликда Ўзбекистонда содир бўлаётган камчиликларни очиб беришга ҳаракат қилишмоқдами?!

Ҳа, шундай бўлмоқда. Ярим чин, ярим ёлғон тарзда.
Эътибор берсангиз, ҳозирда ўзбек миллатининг болалари ҳоҳ давлат ичида бўлсин ҳоҳ ташқарисида, турли фикрлар оқимида чўкиб кетишмоқда. Миллат ичида маддоҳликка, ташқарида ғийбатлар орасида.

Миллат ичидагилар маддоҳ бўлсаларда ташқаридагилар ҳам улардан қолишмаяпти. Яъни ташқи "окахонлар"га маддоҳлик демоқчиман.
Ичкаридагилар -ичкаридагиларга маддоҳлик қилишмоқда, ташқаридагилар эса ташқаридагиларига... Уларда аниқ, тўғри фикр кам.

Тўғри, кучли фикрлайдиган ёшлар сони ошиб бормоқда. Бунга эътирозим йўқ!
Энди хулоса қилиб айтадиган бўлсам, мени кўпдан қўрқитиб келаётган бир масала бор.
Масала шуки, агарда Ислом Каримов истеъфо берса ёки бирор сабаб билан жойини бўшатса, унда буни келажагимиз бўлган ёшларга қандай салбий таъсири бўлиши мумкин?

1. Каримов даврида ёзилган турли китоблар бошқа бир кишининг манфаати учун йўқотиб юборилиши ва уни қоралаб китоблар ёзилиши мумкин.

2. Бошқа бир "крутой" ўзи улуғланган маддоҳона китобларни нашр этиши мумкин.

Яъни икки ўн беш бир ўттиз.
Демак ёшлар 20 йиллар давомида Каримов мақталган китобларни ўқиган бўлсалар, бошқа ҳолатда уларни яна 20 йиллар давоми Каримовни қоралаб ёзилган китобларни ўқиб чиқишларига мажбур қиласизларми энди?!

Афсуски, эндиликда бирламчи пойгалар бошланди яъни Каримовни қоралаб китоб ёзиш пойгаси. Бу қандай аҳмоқлик ўзи?! Нега 10-15 йиллар олдин ёзмадингизлар. Ёшларни энди ўз ҳиссиётларингиз асосида ёзилган "шоҳона асар"ларингиз билан уларни заҳарламоқчимисизлар?!

Миллатнинг бошига 20 йиллар савдолар солиб энди ўз "Бобурнома"ларини ёзиш бу аслида ўзбек мақоли билан айтганда "Ўғри қариса сўфи, қароқчи қариса қози бўлади" кабининг худди ўзидир.

Ҳозирга қадар Ислом Каримов ҳақида 3 та китоб чиқди. Айтайлик, қолганлари маддоҳона.
1.ИАК-Жаҳонгир Муҳаммад.
2. Йўлнома-Муҳаммад Солиҳ.
3. Оқланмаган ишонч қиссаси (ёхуд президент эркасининг хотиралари) -Исмат Хушев.

"ИАК" асарида асосан Каримовга мухолиф сифатида, танқидий тарзда ҳақиқатни очишга ҳаракат қилинган.

"Йўлнома"да эса рақиб сифатида кундаликлар тарзида ва бироз ҳиссиётлар асосида маълумотлар келтирилган.

Энг ажойибиси Исмат Хушевнинг "Оқланмаган ишонч қиссаси"дир. Унда муаллиф ўзи кўрган воқеаларни бадиий тасвирлашга уринган. Ўз фикрига асосланиб Каримовни ҳам яхши ҳамда ёмон томонларини кўрсатиб берган. Тўғри, Исмат Хушев яхшиликни эсидан чиқармайдиган одам. Уни тушунса бўлади. Кўплаб ҳақиқатлар ёзилмай кетилганлиги аниқ. Шундай бўлсада, бу асарда жуда ажойиб маълумотлар берилган.

Менимча шу учта асар бир киши ҳақида катта маълумот бера олади.

Албатта бу асарлар ўз муаллифларининг фикр мулоҳазалари, кўрган кечирганлари ва аниқ фактларга асосланган. Бунга шубҳа йўқ. Кучли ёзилган китоблардир. Ўзаро бир бирини тўлдиради.

Энди 4,5,6,7,8,......... (чегара йўқ) китоблар яратиладими? Олдин қаерда эдингизлар? Каримов хатоларни қилаверсин, пенсияга чиқиб олиб у ҳақда боплаб китоблар ёзаман, ҳозир эса уни мақтаб ёзиб турай демоқдамисиз?!
Каримовнинг ўзи сизнинг башарангизга тупуриб юборарди.
Ёшликда маддоҳлик-кексаликда ғийбатлик.
Шуми?..

Тасаввур қила оласизми? Дейлик, Эркин Воҳидов эртага ўртага чиқсаю деса: " Сизга отилган ўқ менга теккунча ўзингизга текса бўлмасмиди, тезроқ ўлсангиз бўлмасмиди, шунда кўнгил тўлмасмиди?" ёки Абдулла Орипов ўртага чиқсаю деса "Энди кўнглим тўқ, афсус бизда денгиз йўқ, сизга эса денгиздан жой йўқ, чунки денгиз шахсан ўзимиз, энди бўлди катта сўзимиз, биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз, демак тўғри сўзимиз!".

Жуда кулгили ҳолат бўлмайдими?!!!
Қачон бас қиламиз бу иллатларни?
Келажак авлод таълим олишадими ёки қораловчи китобларни ўқишга маҳкум этиладиларми?!

Буни қанчалар даҳшат эканлигини тушуниб етиш учун эса жуда катта ақл соҳиби бўлиш зарурияти йўқ.
Бир неча йиллик фикрларни бошқа бир маддоҳликка қурбон этиш ҳолати юзага чиқиши мумкин.
Айтмоқчисизки, фикрлар турлича бўлса ривожланиш ва онг ўсиши мумкин!...
Балки, мумкиндир...

Лекин, атрофга бир назар ташлангчи, ҳозирда ўзингизнинг жуда ҳам ривожланган фикрларингиз ўзаро қовушмагани сабабли нималар қилмоқдасизлар?!
Кенг оммага эга бўлган ёшларнинг сизлар каби ўзаро фикрлари қовушмаслигини, ўзаро ҳурматсизлигини ва бир бирини тушунишни ҳоҳламаслигини бир мулоҳаза қилиб кўрингчи энди!!! Нақадар даҳшат...

Оддий қилиб айтсак, аслида бир уруғ бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқаларнинг ўзаро муносабатидек бир бирларидан ажралиб қолишлари каби бўлмайдими?

Бунга Ленин бобомизни бош сабабчи айбдор қилайлик. Яъни биз туркий қавмларни харитада жойларимизни чизиб ўзаро ажратиб қўйган эди. Энди бўлса кимни айбдор қиламиз?! Бунданда энг расвоси эса фикрларни ажратиб қўйиш эмасмикин???
Демак, турли фикрларни бирлаштириш учун ҳалиям вақт бор.

Ўзингизни ўйламасангиз ҳам шу ёшларни ўйланглар азиз миллатдошлар.
Ҳозирда қилаётган ишимиз велопойганинг худди ўзи. Финишга етиш учун атрофдаги ўйинчиларни дуртиб, уриб йиқитиб ҳам ўз манфаатимизни кўрмоқчи бўламиз.
Бизнинг велопойга келажак учун, ривожланиш учун қилинаётган бўлиши зарур.
Барча ўйинчилар эса ўзбек миллатидир.

Ақлни йиғиб олмас эканмиз велопойгада учрайдиган ҳолат яъни ўзимиз уриб йиқитган бошқа ўйинчига илакишиб, ўзимиз ҳам шу жумладан орқадан келаётган бошқаларнинг ҳам ўралашиб йиқилишига ва финишга асло етиб боролмаслигимизга сабабчи бўлиб қолишимиз мумкинку ахир...

Бошқа миллат вакиллари уриб йиқитишга эмас балки ким ўзарга ва ўз кучларини оширишга ҳаракат қилмоқдалар.

Бизларда эса ажойиб! МЕН БЎЛМАСАМ СЕНГА ҲАМ ЙЎҚ!
Бир кун келиб ватанни харитадан ўчиб кетишига сабабчи бўлиб, ватансиз қолиб қайдасан Ўзбекистон деб қолмайлик тағин!!! Бу секин аста содир бўладиган жараён... Балки, набираларингиз ёки эвараларингиз сизларнинг қилмишларингиз касофатига қолиши мумкиндир... Истаймизми ёки йўқ, тарихда кимларнингдир номлари қолади. Балки Сизнинг номингиз қолмас....

Илтимос, "менга нима" деманг!!!
Биламан, сизларга менинг гапимни сариқ чақадек қадри йўқ, пашша чаққанчалик ҳам бўлмади...
Аммо мен хурсандман. Чунки, мана шу жумлага қадар ўқиб чиқдингиз...
Катта раҳмат барчага.

Мистер Қалампир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий