Меню

четверг, 21 марта 2013 г.

“ўнгақай” ни – ўнағай, “чапақай” ни – чапағай, “бесўнақай” ни – бесўнақай



Ҳақиқат шуки, ҳар қандай бефарқлик ва лоқайдлик энг аввало инсоннинг ўзига, халқига, миллатига ва охир оқибат ватанига бўлган ҳиёнатдир.
Аслида бефарқликнинг ва бефарқларнинг тури кўп. Бири билиб билмасликка олса, иккинчиси билмаганини биламан, деб куйдиради. Яна бирлари ҳеч иккиланмай туҳмат
қиладилар, бошқалари эса туҳмат қилганни қувватлайдилар. Бу каби яхши ва ёмонни фарқламасларнинг қилмишлари оқибатида кимнингдир бурни қонайди, бошқасининг пешонаси ёрилади... Хуллас йиқиладилар. Бу ишда жонбозлик кўрсатганлар “ғалаба”ларидан қувонишади.

Ўйламайдилар-ки, бошқаларга отаётганлари лой нишонга тегса-тегмаса, қўллари лойлигича қолаверади.

Қирғизистондаги бугунги ҳолат билан қизиққан одам борки, Равшан Гапировни яхши танийди. Мен улар билан на кўришганман ва на ҳамсуҳбат бўлганман. Ёзганларини ўқиб хулоса қиламанки, Равшан ака “тириклиги” билан бошқалардан ажралиб туради. Гоҳида аччиқроқ ёзади, гоҳида қаттиқроқ. Кимнидир оқ дейди, кимнидир қора. У учун “шаффофлар” йўқ. У шаффофларни ҳам қоралар сафига қўшади, аямайди. Равшан ака “ўнгақай” ни – ўнағай, “чапақай” ни – чапағай, “бесўнақай” ни – бесўнақай дейди.
Мавжуд муаммоларнинг ислоҳ бўлишида Равшан Гапиров сингари тошойналар жамият учун сув ва ҳаводек зарур. Бундайларсиз бошбошдоқларнинг уруғи кўпаяди, урчиб кетади.

Шу кунларда айрим ОАВ ларида Ўшлик бир қатор депутатларнинг Равшан Гапиров устидан арз қилаётганлари ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Ажа-аб дедим, бу нимаси бўлди?.. Бу дейман “ёзда бўйинбоққа қул бўлганлар” нинг пайтавасига қурт тушди чоғи. Арздодларнинг исмларини бирма-бир ўқийман: Рашидхон Хўжаев, Бахтиёр Тўхтаматов, Иброҳим  Етимишев, Тўхтасин Раимжонов, Акрамжон Ҳакимов, Хожинаби Ишматов, Мурод Адашбоев... Алҳазар, ўзимизникилар-ку! Жин урганми буларни, ақлини еганми булар? Ёки Ўшда ўртасига ўт тушган қирғиз ва ўзбекнинг бошини “бирлаштираман” деб ақлдан озишдими? Қирғиз рўзномалари кунда чайнаётган бу етовлоннинг кучи ўзидан чиққан бир жонкуярга етдими? Ва ёки Ўшда Равшан Гапировдан бошқа муаммо қолмадими? Қамоқхоналарда бегуноҳ ўтирган жабрдийдалар озодликка чиқарилдими? Уйлари ёқилганларнинг ҳаммаси уйлик бўлдими? Номуси топталганларнинг бокиралиги қайтарилдими? Беватан изғиётганлар ватанларига қайтишдими? Нима бўлди? Қачон бўлди-ки, юқорида санаганларимиз ўзбекнинг “бошлари” ўзиникидан шикоят қилишади. Қирғизистондаги миллий озчиликларнинг бугунги аҳволини рўйи-рост айтаётганларнинг ёқасидан олишмоқчи, номини лойга қоришмоқчи бўлишади. Акалар, бошқаларнинг ёқасини кўйиб юбориб, ўзингизникидан маҳкамроқ олсангиз бўлмайдими. Қаердадир “белбоғ”ларингиз бўшаяптики, танқидга учраяпсиз. Туллакилик, найрангбозлик авжидаки, номингиз тез-тез тилга олинаяпти. Ёки бу миллатнинг ўз яхшиларини кўкларга кўтарганини кўрганмисиз? Қачон? Қаерда?

“Ўзингдан чиққан балога – қайга борасан давога” деб, боболар бекорга айтишмаган экан. Бири боласидан озор еб, бири отасидан... кейин айтишган экан.

Уялсак яхши!.. Бугун бир-биримизга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ керакмиз. Ҳар доимгидан ҳам кўпроқ муҳтожмиз. Шунча панд бердик, шунча чалдик, шунча чапладик. Ер ёрилмади, номусдан ерга кирмадик. Ўзи Худо урган миллат эканмиз! Ғурурсиз, орсиз, пароканда, бурдсиз!


Шу нуқтада “Кучук бирлан ҳўтикни, қанча қилма тарбият…” ни эслатиб, аччиқларини тўғри қабул қилишингизга умид боғлаб, мухтасар қилдим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий