Меню

четверг, 28 марта 2013 г.

Бир кун ватан...


1.

Гўдак хаёл денгизига тош отдилар,
Гўдак хаёл денгизини булғотдилар.
Кўз ўнгимдан нелар ўтди, кимлар ўтди...
Бари алам бўлди. Алам уйғотдилар.

2.

Гўдак хаёл денгизида қонли тўфон,
Қонли тўфон. Қонли қуюн. Қонли армон.
Тўлғонадир. Тебранадир. Оғир - оғир -
Ўкирадир бўшлиқларга солиб сурон.



3.

Гўдак хаёл денгизи кенг. Хаёл қадар.
Олам қадар қучоғида қат - қат кадар...
Қат - қат кадар тўла ҳаёт насиб экан,
Қайга бошин урса - ўша ерда хатар.

4.

Гўдак хаёл денгизига тошлар ботар,
Тошлар ботар. Алам бўлиб ўртаб ётар.
Кун келадир. Ўртанишлар вулқон бўлиб -
Тош отганлар кўзларига оташ отар.

5.

Денгиз бўлиб қалқинар эл. Биртан бўлар.
Тун пардаси ёвузларга кафан бўлар.
Орзулар ҳам, умидлар ҳам ўлган эмас...
Бир кун Ватан - ҳаммамизга Ватан бўлар.

Ёдгор Обид 


Комментариев нет:

Отправить комментарий