Меню

пятница, 26 октября 2012 г.

Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда


Ёдгор Обид
( Ўтган аср дафтаридан)

Аламлар зўридан дийдалар қотди,
Руҳга жо орзулар қолди армонда.
Хокисор танларни босиб ва янчиб -
Хайкаллар юрибди Ўзббекистонда.

Кўзи - тош. Кўкси - тош. Оёқлари - тош.
Билмам, бунёд этмиш қайбир сангтарош...
Гўдаклар додидан кийиб бошга тож -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.


Бешафқат, беомон, мунофиқ, айёр,
Неки иллат бўлса - барчаси бисёр...
Элга эълон этиб ўзин ҳукмдор -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Ҳарбирин гирдида пашшадек ғужғон -
Ўғри, қароқчилар ялашар товон.
Товонин қонларга ботириб ҳамон -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Одамлар юрагин ҳовучлаб қолган,
Қўрқувдан нафрат ҳам ғурур йўқолган.
Ватандош, ватанни шу куйга солган -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Йиғламоқ - қатоғон, кулмоқ - қатоғон,
Бир одил сўз учун умрингдир хазон.
Қилиб ҳалолликнинг ҳолини ёмон -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Менинг шўрлик ҳалқим, шўрлигим ҳалқим,
Менинг хўрлик ҳалқим, хўрлигим ҳалқим,
Кўзларим кўр бўлса - кўрлигим ҳалқим...
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Наҳотки муносиб сенга шу тақдир,
Ўз ҳолинг ўзингга этмасми таъсир...
Сени қўрқоқ билиб ва қилиб таҳқир -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Кўтаргил қаддингни, дадил боқ бир зум,
Мард келса - номардлик ўлимга маҳкум.
Бошинг эгган саринг ҳаддан ошиб шум -
Хайкаллар юрибди Ўзбекистонда.

Комментариев нет:

Отправить комментарий