Меню

пятница, 19 октября 2012 г.

Жаҳонгир Муҳаммадга ёзилган мактублардан

Яна тил ҳақида Posted on by JM 

www.jahonnoma.com

“TERRA EST ROTUNTA”
Бошқа бир куюнчак ўқувчининг тил борасидаги муаммолар юзасидан билдирган қалампирли жиддий муносабати׃
Ҳурматли Жаҳонгир ака!
Ўзбек тилининг буюклигини не қилайликки, ўзимиз, шу жумладан барчамиз хор этиб келмоқдамиз.
Сиз бир изоҳингизда туркий қавмлар ҳақида таъкидлар экансиз, чиғатоймизми ёки бошқа деган мавзуни кўтарган эдингиз.
Сизнинг фикрингиз менга маъқул келганди. Бунга сабаб чет эллик оғайнимга оғиз кўпиртириб Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Беруний, Абу Али ибн Сино, Фаробий, Амир Темур каби буюк шахсларимизни мақтаганимда унинг ҳайрон қолиши эди. Мен буни унинг авзойидан сезгандим. Негадир мен айтган буюк шахслар унинг фикрича менга бегона эди. Буни қарангки, у бошқа миллат ўлароқ менинг тарихимни ўзимдан кўра жуда кучли биларкан. Тўғри мен тарихчи эмасман. Бунга даъвоим ҳам йўқ!
Тарих масаласи ўлароқ, тил масаласи ҳам шу жумладандир.
Бироз вақт ўтиб Сизнинг изоҳингизни ўқигач унинг(чет элликнинг) ҳақ эканлигига амин
бўлдим.
Дўстимиз ШоҳиЖаҳон тил масаласи бўйича жуда долзарб масалани кўтарган. Қани энди бу каби инсонлар Ўзбекистонда кўпайса ёки борлари ҳам бироз ўзларини намоён этсалар. Лекин Ўзбекистонда буни кутиш афсонавий қуш бўлмиш семурғни кутиш билан баробар!!!
Жаҳонгир ака! Қулайликларни бошқаларга маъқул келганлигини унитиб қўйиб уларни бекорга айбламаяпмизмикин? Олдин рус тили қулай эди communicate қилишга, энди эса хитой тили “крутой” бўлиб қоляпти. Ким бизни бундай ҳолга солди?
Буни биласизми?!
Унда Жаҳонгир ака, сизга балки нотаниш бўлган ажойиб адиб Жаҳон Муҳаммаднинг “Ўзбеклар ва ўзбеклар” асарини ёки “Бирлашмади ўзбеклар” асарини ўқиб чиқишни тавсия этаман.
Ҳозирча унинг шогирдидан тил масаласидан бир лавҳа:
Муттаҳамнинг парвози ёки TERRA EST ROTUNTA (Лотинчада ер думалоқ дегани)
Ёшлигимда чет эл адабиётидан бир китоб қўлимга тушиб қолганди. Исми ҳам ажойиб “Муттаҳамнинг парвози”.
Агарда жиддий эътибор берилса, бир қанча асарлар дунё юзини кўраркан уларда тасвирланган ҳолатлар ва воқеалар кейинчалик башорат каби чин ҳаётда содир бўлади ёки дунёнинг гардиши каби айланиб такрорланади.
Бугунки кунда бир муттаҳамнинг парвозини деярли бургут, лочин, хумо қуши ёки ҳалқ тили билан айтсак семурғ ҳам геннес рекордлари сингари такрорлай олишмаса ҳа керак.
Ҳа дарвоқе, нега айнан бу каби афсонавий қушлардан гапира бошладим?! Нима бўлди ўзи?
Балким, Ҳусайн Бойқаронинг вазирларига айтган гаплари ёдимга тушгандир. Ҳусайн Бойқаро нимадан афсус қилганди?
Бойқарони дўсти Мир Алишер Навоийдан ажратганларида жон чиқар ҳолатда бир ривоят айтганди. Унинг айтиши бўйича семурғ қуши бир кишини кўтариб осмону фалакка олиб чиқади. Учиб бораркан, семурғ чангалидаги одамнинг этини ейишни бошлайди. Қанча азоблар бўлсада ўша инсон ўз этидан семурғга беради аммо ўз юрагини бермаскан. Бойқаро эса афсус надомад билан айтадики, мен семурғга юрагимни бердим.
Энди, кишини ўйлантириб қўядиган савол юзага чиқади. Ким у парвоз қилаётган муттаҳам аслида? Семурғми ёки унинг чангалидаги инсон? Ҳар иккаласи ҳам парвоз қилмоқдаку, ахир!
Виждон, ор, номус… Булар бир бирига сингиб кетган тушунчалардир.
Ўзбек ҳалқи нега бугунга келиб, ўз юраги тугул виждон, ор, номусини ҳам семурғга қўш қўллаб тутқазиб берди?
Семурғ сиймосидаги муттаҳамларнинг эса парвозларининг юқорилиги айнан ўз чангалларидаги кишининг этидан узиб олиб қорин тўйдиришлари ҳисобидан бўлмаяптими?
Мен адашиб кетдим… Ахир Ўзбекистонда Семурғ қушлари афсонаку. Бу ерда мусича каби беозор қушлар анчагина.
Ер эса думалоқ. Ернинг қайсидир бурчакларидан учиб келаётган семурғ қушларига буюк афсона сингари талпинмоқдамиз. Ахир уларга бизнинг бахтимиз эмас, балки қонимиз ва этимиз керакку!
Ўзбек халқининг томирида қон қолдими, танасида эти қолдими?
Семурғларга бизнинг чирий бошлаган этимиз ёки айниб кетган қонимиз керак эмас албатта.
Улар замонавий семурғлардир. Уларга олтин, нефть ва газ ҳамда шу каби бойликлар қизиқроқ.
Бизлар эса семурғларни қон ва этимиз билан боқишга ўрганиб қолганмиз. Лекин юрагимизни бермаймиз. Қонимиз, гўштимиз ва борингки барчасини уларга беришга тайёрмиз. Ўз ўзимизни алдаймиз, юрагимизни бермаймиз. Меҳрсиз қолган юрак эса семурғнинг жиғилдонини вайнатиб иштаҳасини бўғишини асло ўйлаб кўрмаймиз. Семурғларнинг юракка бўлган қизиқишлари бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аммо биз барибир ўзимизни овутамиз ва алдайверамиз. Юрагимизни бермаймиз…
Мир Алишерларимиз эса кетиб қолишган… Улар ўзлари билан тилларини ҳам олиб кетишган.
Бизга не керак эски туркий ёки ўзбек тили?! Русчалаб боплаб гаплашсак, русчада гаплашганимизда дунёни лол қолдирсак?!
Агарда эътибор берсак афсонавий қушлар ҳам рус ва инглиз тилида гаплашмоқдаларку!!! Бизлар эса этимизни берарканмиз уларнинг тилида гаплашишимиз лозимда. Агарда уларнинг тилида гаплаша олмасак, биратўла бошимизни узиб олиб ейишса нима бўлади? Тилган билган ҳам яхшида.
Лекин бора бора ўзлигимизни ҳам шу тилимизни унутаётганимиз каби унута борамиз. Бу тезда сезилмайди, албатта.
Бизлар доим афсонавий қушларни кутамиз. Улар келишади, кетишади. Биз ўзбеклар эса ажойиб меҳмондўст халқдир.
Афсонавий қушлар… Замонавий қушлар… Бизлар эса ҳамон уларга талпинмоқдамиз…. Биргалашиб осмону фалакларда учамиз…
Мистер Қалампир 2012.
(Изоҳлар бўлимидан).

Комментариев нет:

Отправить комментарий