Меню

пятница, 5 октября 2012 г.

Кўнгилдан ўтган гаплар

МАНСАБ
Илгари ҳукумат томонида бўлган бир танишим “Агар ўшa пайтда менинг ўрнимда бўлганингизда ўзингиз ҳақингизда нима деб ўйлардингиз? Менинг ўша кездаги вазиятимга тушиб, четдан ўзингизга бир баҳо бериб кўринг-чи?!” деди.
Аввалига бу жуда осондек кўринди. Лекин кейин ўйлаб кўрсам, у жуда қийин саволга тутган экан. Чунки ўзимни унинг ўрнида тасаввур қила олмадим.
У ўша кезда ҳукуматга яқинлашишни мақсад деб билган ва мансаб олишни буюк бахт деб қараган. Менда ҳеч қачон мансабга иштиёқ бўлмаган ва ҳукуматга яқинлашишни бахт деб билмаганман. Унга буни айтсам, у асло ишонмайди. Ким ҳам ишонарди?
Уни тушунаман. Ўзимни унинг ўрнига қўя олмаганимдек, у ҳам ўзини менинг ўрнимга қўя олмайди. Воқеа ва ҳодисаларни ҳар ким ўз ўлчови билан ўлчайди ва ўз қараши билан баҳолайди.
Юқорида ҳеч қачон мансабга интилмадим, дедим. Лекин мансаб доим ортимдан қувиб юрган. Ислом Каримов каминани, Шавкат Мирзиёев, Эркин Халиловни Ўзбекистоннинг келажаги учун танлаганини айтганида ишонмаганимни ёзгандим. Балки ёзганимни ўқиб ҳам кимлардир ишонмаган бўлиши мумкин. Ахир ким ҳам мансабдан ўз ихтиёри билан узоқлашади? Лекин вақт ҳақ эканлигимни кўрсатди. Эркин Халилов нима бўлди? Мирзиёевнинг ҳаёти ҳам жаннати эмас.

Ўзбекистон тарихида ҳукумат таркибидан-Ўзбек Телевидениеси раҳбарлигидан истеъфо берган биринчи шахсман. Баландпарвоз гап! Лекин қани менга қадар ким очиқ исён этиб, ҳукуматдан  истеъфо берди?
1992 йилнинг февралида 12 бандлик Истеъфонома ёзиб, мамлакатда диктатура бошланганини айтиб, Телевидение эшиклари калитларини ташлаб, чиқиб кетганимда, кўпчилик “Бу ахмоқ экан..” деб қараб қолганини ҳам энди тушунаяпман.
Ёки Ўзбекистон Олий Кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари эканман, ҳатто кабинети, минадиган машинаси бўлмаган ва ҳали маоши тайинланмаган вазифа-Ўзбекистон журналистлар уюшмасига раис бўлиш учун номзодимни қўярмидим? Ўшанда ҳам кимлардир  “ Ақлини еб қўйган..” деб ўйлаганини бугун англаб турибман.
21 ёшимда республика газетаси – “Қишлоқ ҳаёти”да масъул котиб ўринбосари эдим.
26 ёшимда катта бир хўжаликда маданият масалалари бўйича директор ўринбосари, 27-29 ёшимда вилоят газетасининг “Қишлоқ хўжалиги”  ва “Партиятурмуши” бўлимларига мудирлик қилганман.  Балк имансаб деган нарсадан ўшанда безгандирман.
30 ёшимда “СоветЎзбекистон” газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири эдим. Вилоят партия қўмитасининг раҳбарлари минадиган  “Волга“да юрар ва бюро мажлисларида махсус ўрним бор эди. Ана ўшанда эркинлик нима эканлигини тушунганман. Ёнимда раҳбарим йўқ эди,  аммо ўзим сидқидилдан ишлардим ва беш йил давомида мингдан зиёд танқидий ва муаммоларни таҳлил қиладиган мақолалар ёзганман. Биров “Буни ёз!” демаган. Ўзимдан билиб, ҳаммадан бир қадам олдинда борганман.
Бу одатимни Би-Би-Си радиосининг Ўзбек хизматидагилар яхши эслашса керак? Туркияда ҳам “Туркия” газетасида ишлардим, ҳам “Коч” университита дарс берардим ва ҳамда бу радионинг мухбири эдим. Бўлимдан телефон қилиб, фалон долзарб мавзуда материал керак дейишса, бу материал аллақачон тайёр ва  қўл остимда турган бўларди.
Лекин Самарқанд вилоят бўйича мухбирлик давомида мансаб деган нарсанинг бир тийинга қиммат эканлигини тушунганим аниқ.
Самарқанд вилоятини титратиб турган ҳалол инсон Назир Ражабовни кўзимнинг ўнгида қўлига кишан солиб, олиб кетишган.  Идеология котибаси Фароғат Шукурованинг “Энди навба тбизгами?” дея ҳўнгир-ҳўнгир йиғлаганига гувоҳ бўлганман.
Мен ҳурмат қиладиган Назир Ражабовнинг аҳволини кўриб, ер ютсин мансабни демаган бўлсам ҳам бу юрагимда чуқур из қолдирган.
Ўзим қадрлаган таниқли раҳбар Владимир Қодировни заҳарлаб ўлдиришгани ҳақида китоб ёзиб, мансабнинг уйи куйсин, деганимда бу фикр шууримга ерлашган, шекилли.
Ундан олдин ярим тунда Шароф Рашидовнинг қабрини ковлашганида Тошкентда эдим. Тошкентга журналист дўстимни зиёрат этгани келгандим. Воқеа газеталар жойлашган бинонинг ёнида юз берган. Ҳамма ёқни ўраб олишган ва тунда бизни йўлимиздан қайтаришганди.
-Нима гап?- деб сўрадик бир миршабдан.
-Қаттан сила?-деб сўради у биздан.
-Самарқанддан,-дедик биз.
-Ҳе онасини… мана гўрдан отадиган кун ҳам келди иблисни…, -деди у бизга нафрат билан қараб.
Ўшанда Рашидовни шу куйга туширган бўлса падарига лаънат мансабнинг деб ўйламаган бўлсам ҳам бу руҳимда ўз таъсирини қолдирган.
Беш йил давомида вилоят партия қўмитасида ойига камида икки марта, бўлмаса бир неча марта бюро мажлиси бўларди. Ҳар бир мажлисда камида бир-икки киши ишдан қувиларди. Ҳар сафар журналист бўлганимга ва мансабдор бўлмаганимга қувониб, чиқиб кетардим.
Баъзан, балки кўп ҳолларда одамлар адолатсиз жазо олардилар. Мухбир бўлганим учун дардларини айтардилар. Юзлаб мансабдорларнинг йиғлаганини кўрганимда балки мансаб деган нарсадан нафрат қилгандирман?
Кейин ҳам ҳеч қизиқмадим. “Америка овози” да Ўзбек хизмати раҳбари бўлмасам ҳам хизмат раҳбарининг ишлари менга қолганди. Дастурларни таҳрир қилишдан тортиб, ҳамкорларни ишга олишгача ҳаммасини қилардим. Балки раҳбарнинг шу ишни қил, деб бошимда турмагани учун ўзимдан билиб қилгандирман. Буни истамасдим. Аммо иш ишлаган одамни қувар экан. Хизмат ёпилиш арафасида менга катта иш ваъда қилишди. Аммо бир араб бошлиқнинг битта гапига жаҳлим чиқиб, бу таклифга ўт қўйганман.
Бугун ишлайдиган жойимда ўзимга ўзим раҳбарман. Ишга истаган соатда келишим ва истаган соатда кетишим мумкин. Аммо кунига 12 соат ишлайман. Бошимда туриб “ишла” дейишмагани учун ишлайман. Агар биров бошимда туриб, “ишла” деганда балки бу ишдан ҳам воз кечардим.
Мансабни обрў, эътибор эмас, балки оғир хизмат ва тақдир таҳқири деб ўйлаганман. Шунинг учун ҳам мансаб келганда ҳеч қачон қувонмадим. Умуман ишлайман деган одам мансабсиз ҳам кўп иш қилади.
Умр бўйи интилган, мансабни қувган одамларга мансаб жуда қийинчилик билан келади. Менга эса акси. Ўзбекистон президенти девонида камина учун Депутатлар билан ҳамкорлик бўлими очилган ва мен кетгач, қисқартирилган. Ўзбекистон радио ва телевидение қўмитасида янги ўринбосар штати очилган ва мен кетгач, қисқартирилган…
Президент девонидан телевидениега кетар эканман, таниқли бир журналист:
-Одамлар бу даргоҳга келиш учун нималар қилишмайди, сиз бўлсангиз қувониб-қувониб кетаяпсиз, бу ерда туриб истаган жойга таъсирингизни ўтказа оласиз, аммо телевидениеда бош оғриғидан бошқа нарсани билмайсиз,-деган эди.
Хуллас, илгари ҳукумат томонида бўлган танишимнинг ўрнига ўзимни қўйиб, ўзимга унинг кўзи билан баҳо беролмадим. Балки шунинг учун ҳам ўзимга ортиқча баҳо бериб юбордим, шекилли, сизнинг наздингизда.
Лекин ўзим фахрланаман. Ахир Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоевнинг ўзи Америкага телефон қилиб:
-Сизни сенатор этиб тайинламоқчилар…,-деганда унга у бажара олмайдиган шартлар қўймасдан, Каримовни мақтаб, иккита мақола ёзган ва Ўзбекистонга қайтган бўлардим-да. Лекин шундай қилмаганим учун бугун ифтихор туйғуси билан яшамоқдаман.
2006
ЖМ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий