Меню

четверг, 11 октября 2012 г.

Бошқа дунё

7. Биринчи машинам
Бир куни Меҳмет деган турк билан танишиб қолдим. Уйига таклиф қилди. Бордик. Умр йўлдоши Севинч хоним ва бир ўғли билан яшар экан.  Дўстлашиб қолдик. У׃.
-Америкага янги келган одам нима қилиб бўлса ҳам ишни машина олишдан бошлаши даркор,-деди.- Бу ерда машинангиз бўлмаса кераксиз одамсиз. Бирор жойга вақтида боролмайсиз, ишга ўтаман, десангиз ўтолмайсиз…
Лекин мени кўндириши қийин бўлди. Чунки Ўзбекистонда хусусий машинага эҳтиёжим бўлмаган. Бунинг устига машина ҳайдасам хаёлга толиб қолишдан қўрқардим. Шунинг учун Америкада ҳам машинасиз яшаш мумкин, деб ўйладим. Аввалига автобусда юришга қарор қилдик. Аммо бу азобнинг азоби, вақтнинг ажали.
-Машина сизнинг ҳам қўлингиз, ҳам оёғингиз,-деди Меҳмет,- Шунинг учун ҳам бу ерда машина
бойлик рамзи эмас, балки ҳаракат воситаси ҳисобланади. Қаранг, уч юз миллион аҳолиси бўлган Америкада халқнинг қўлида икки юз миллиондан ортиқ машина бор… У ёғини топиб олаверинг.
-Бу ерда биздаги каби сиз машинани эмас, машина сизни қидиради,-деб суҳбатга қўшилди Севинч хоним.
-Ҳа, Севинч ҳақ, қайси кўчага бош суқманг бирор бир кампаниянинг диллери(машина сотувчиси-ЖМ) ёки диллершипи(машина сотадиган ширкати-ЖМ)га дуч келасиз. Улар ҳам янгисини, ҳам эскисини сотишади.
-Агар машина олиш ниятингиз борлигини билиб қолишса, бўлди, қўлларидан қутулишингиз мушкул,-дея қўшимча қилди Севинч хоним.-Шундай кўчалар борки, бошидан адоғигача диллершиплар эгаллаб олган. Ўша томонга бордингизми, демак, машина олмоқчисиз, сизни таъвозе билан қарши олишади. Кирган ҳам сизга қараб жилмайган, чиққан ҳам сизга қараб кулган, ҳамма сизга салом берган, аҳвол сўраган. Мақсад-пулингизни олиш. Мақсад-сизга салом бериб, бошлиқларига яхши кўриниш.
-Нима қилишсин? Сотувчиларнинг аксарияти маошга эмас, сиз оладиган машинадан тушадиган “комиссион”га, фойизга ишлашади. Қанча кўп сотишса, шунча кўп пул топишади. Уларнинг қармоғига лаққа балиқдек илиниб қолмаслик учун сиз ҳам тайёргалик кўриб боришингиз керак. Энг камида пул сизники эканлигини ва  улар шунга ҳамла қилаётганларни ҳис этишингиз ва ўзингизни бардам тутишингиз керак.
-Меҳмет, бу гапларни қўй, жоним,  буларга кўчада сотиладиган машиналардан топиб бер!-деди Севинч эрига.
Биз уларни “сизлаб” гапирганимиз учун бизга “сиз” дейишсада, ўзаро одатларига кўра сенсираб гаплашишаради.
Биз ҳали машина олиш учун пулимиз йўқлигини ва ишга кирсак кейин бу ҳақда ўйлашимизни айтдик.
-Бу пробелма эмас, машинани топсак у ёғини ҳал қиламиз,-деди Меҳмет.
Эртасига у бизни машина қидиришга олиб чиқди.  Кўчаларни айланиб, пештоқига “FOR SALE” (“Сотиш учун”)  деган ёзув ёпиштирилган машиналарни кўрдик. Бириси ундай, бириси бундай. Битта катта уйнинг ёнида сотувга қўйилган “минибус”ни кўриб қолдик. Меҳмет кўрса ҳам унга эътибор қилмади.
-Дада, опам машинасини сотмоқда, шекилли?-деб бақирди ўғли.
Меҳмет инглизчалаб бир нарса деди. Ота – ўғил анча  чуғурлашдилар. Кейин Меҳметнинг уйига келдик. Унинг сайёр кафеси бор. Уйида овқатларни пишириб, кафе-дўконга айлантирилган машинасига жойлаб, туш пайти қурилиш жойларига олиб боради. Бир зумда пуллаб қайтади. Таомлари кўпроқ туркча ва грекча. Аммо ҳафта охирида, кўл бўйига борганда фақат Америка таомларини олиб боради ёки ўша ернинг ўзида пишириб сотади.
-Америкаликлар таом масаласида жуда консерватив, асосан билган овқатини ейди, билгани эса “Ҳотдог”,- дерди у.
Уйида Севинч хоним Роҳила билан  бирга “Дўнар” пиширишга бошлашган экан. Меҳмет бир шиша “Виски”ни кўтариб чиқди. Уни ичмайди деб ўйлагандим. Лекин бирининг ортидан иккинчисини сипқора бошлади. Кайфи ошгандан кейин кўзига ёш олди.
Ҳаётининг даҳшатли ҳикоясини айтиб берди׃
-Туркияда миллатчилар партиясига аъзо эдим. Давлат тўнтариши бўлиб қолди. Ким демай, нима иш қиласан демай қамоққа тиқишди. Оёғимнинг тирноқларини сўкиб олишди. Адолатсизлик ёмон экан. Қилмаган ишингни бўйнингга қўйишса, синиб кетаркансан…
Меҳмет қамоқдан чиқиб ҳам таъқибдан қутула олмай, Туркияни  тарк этиб, Америкага келибди. Икки қизи  бор экан. Ўғли Америкада туғилибди. Катта қизи мактабни битириб, олийгоҳга кирибди ва бир америкаликни севиб қолибди.
-Ҳаётимиз остин-устун бўлиб кетди. Динимиз, маданиятимиз нима бўлади? Уйда ҳеч нарса қила олмадим. Болангизни уриб-сўкдингизми, олиб бориб қамашади. Болани сиздан ажратиб олишади. Унга ётадиган жой беришади, егулик-ичкилигини ҳам беришади. Бу ерда битта мачит бор эди. Шунга қатнардим. Бориб дардимни имомга айтдим. Имом яхши одам. Узоқ ўйлади ва ливанлик бир киши икки қизини пичоқлаганини мисол қилиб айтиб, бу охири ёмонлик билан тугайди, шунинг учун Туркияга бор ва қизингга ўша ерда йигит топилади, деди…
Меҳмет шундан кейин ўзи туғилиб ўсган Коняга бориб ўш ерда қизига куёв излабди. Охири бир йигитга узатиб қайтишибди. Орадан уч ой ўтгач, қизи ўз жонига қасд қилибди.
Меҳмет йиғлаб юборди׃
-Борганимизда, кўмиб қайтишган экан… Бошимни деворларга урдим, дод дедим, вой дедим … лекин нимани ўзгартира олардим? Ҳатто қизим нега ўз жонига қасд қилганини ҳам билолмай қайтдим. Қайтсам  қизимдан хат келган экан.
У шундай деб ичкаридан бир хатни олиб чиқди. Қарасам Севинч хоним ҳам пиқиллаб йиғламоқда. Шундагина уларнинг сочлари оқариб қолгани, юзларига ажинлар тушганини фаҳмладим. У хатни менга узатди. Хат икки саҳифалик бўлиб, унда қизи ота-онасидан миннатдор эканлиги, уларни айбламаслигини ёзган. Кейин у Туркия шароитига мослаша олмагани,  ҳамма нарса бошқалиги, одамлар ҳам бошқалиги, ҳатто фикрлаш ҳам бошқа эканлиги, ўз севган йигити қолиб, ўзи илгари танимаган-билмаган йигит билан битта ёстиққа бош қўйишнинг азобларига чидай олмаганини ёзганди.
Даҳшат эди. Қўлларим қалтираб, кўзларимдан ёш сиза бошлади. Меҳметни қучоқлаб бағримга босдим. Унга таскин беришга кучим етмас эди.
1988 йилда у туғилиб ўсган Коняга борганим ва у ерда “Само” рақсларини томоша қилиб, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг шеърларини тинглаганимни айтдим. Румийнинг мана бу сатрларини туркча айтиб бердим׃
“Gel, gel, ne olursan ol yine gel,
İster kafir, ister mecusi,
İster puta tapan ol yine gel,
Bizim dergahımız, ümitsizlik dergahı değildir,
Yüz kere tövbeni bozmuş olsan da yine gel…
Şu toprağa sevgiden başka bir tohum ekmeyiz,
Şu tertemiz tarlaya sevgiden başka bir tohum ekmeyiz biz…
Beri gel, beri ! Daha da beri ! Niceye şu yol vuruculuk ?
Madem ki sen bensin, ben de senim, niceye şu senlik benlik…
Ölümümüzden sonra mezarımızı yerde aramayınız!
Bizim mezarımız âriflerin gönüllerindedir.”
Бугунга қадар ҳам дунёда ўз аҳамиятини йўқотмаган бу улкан асарни қуйида Ўзбек лаҳжасига ағдардим׃
Кел, кел, не бўлсанг ҳам кел,
Балки кофир, балки мажусий,
Балки бутпарассан, бари бир кел,
Бизнинг даргоҳимиз умидсизлик даргоҳи эмас,
Юз карра тавбангни бузган бўлсанг ҳам кел,
Бу тупроққа севгидан бошқа нарса экмаймиз,
Шу беғубор далага севгидан бошқа уруғ қадамаймиз биз,
Яқинроқ кел, яқинроқ! Яна ҳам яқинроқ! Бу айирмачилик йўли кимга ҳам керак?
Модомики сен менсан, мен сенман, нега бу санлик-манлик
Ўлганимиздан кейин қабримизни ердан қидирманг!
Бизнинг мозоримиз орифларнинг кўнгилларидадир.
Кейин Меҳметнинг иккинчи қизи ҳам бир америкаликни ёқтириб қолибди ва оила қуришга азм қилишганини хўрсиниб ҳикоя қилди׃
-Ҳеч нарса демадим. Шу билан оила қурсанг бахтли бўласанми?-деб сўрадим. Индамади. Мен ҳам индамадим. Оила қуришди. Икки фарзанди бор. Домот қизимни бошига кўтаради. Бизни ҳам жуда ҳурмат қилади. Болалари мактаб борадиган бўлишди. Шунинг учун ҳам минибусини сотувга қўйибди. Боя кўрганимиз ўша эди.
Шу пайт қизи ва куёви кириб келишди. Неваралар Меҳметбейни қучоқлаб ўпишди ва дастурхондаги “Дўнар”ни кўриб уни бир зумда унутишди.
Отасининг йиғлаётганини кўрган ўғли опасига телефон қилибди. Опасининг исми Орзу. Куёвнинг исми Виллиам. “Вил” дейишаркан. У туркчани анча ўрганиб олибди. Кулгили чиқсада парво қилмай гапираяпти. Биз уйининг ёнидан ўтганимиз ва кирмаганимизни ҳам биларкан. Машина қидирганимиздан ҳам хабардор.
-Эртага янги машина оламан.. Шунинг учун бунисини сизга бермоқчимиз,-деди у.
-Бепул олмаймиз,-дедим худди чўнтагимдан пул оқиб турган одамдек.
-Бепул эмас, минг доллар,-деди Вил туркчалаб.
Меҳмет ҳолимни тушунди ва сўзга аралашди׃
-Ҳозир миниб турасизлар, қачон ишлаб, янгисини олганда, буни сотсангиз ўша пул Вилники.
-Тўғри, тўғри,-деди Вил.
Кейинчалик тушундимки, Вил  туркка айланиб бўлган экан. Чунки  бирор бир америкалик машина сотса, қайнотаси у ёқда турсин, отаси билан ҳам маслаҳатлашмайди ва бир тийинни ҳам ҳужжатсиз қарзга бермайди. Вил эса машинасини деярли текинга берди.
Ўша куни Вил миниб келган минибуси(Plymouth van)ни бизга ташлаб кетди. Биз эса ҳайдашни ҳам билмаймиз.
Машина ҳайдашни ўрганганимиз ҳақидаги ҳикоядан аввал бир нарсани айтиб кетмоқчиман. Минибусни тўрт ой миндик ва Вашингтонга кетиш олдидан  бир рус аёл׃
-Бир ярим минг доллар бераман, кетгунча миниб, вокзалда қолдириб кетасизлар,-деди.
Пулни олиб Вилнинг ёнига бордим׃
-Мана машинани сотдим,-деб унга бир ярим минг долларни узатдим.
-Мен минг долларга сотгандим, кейин Меҳметнинг дўсти бўлганингиз учун беш юзга арзонлаштирдим, кейин менинг ҳам дўстим бўлганингиз учун яна беш юзга арзонлаштирдим,-деди у пулни қўлига ҳам олмай.
Кўп гап сўздан кейин охири минг долларни олдида׃
-Рози бўлинг,-деди.
Ичкаридан югуриб чиққан ўғилчаси Мустафо инглизчалаб׃
-Амаки овқат тайёр, ойим айтилла,-деб қўлимдан тутиб, ичкарига тортқилади.
Бу пайтда инглизчани оз-моз тушунадиган бўлиб қолгандик.
Орадан ўн йил ўтиб бизга қадрдон бўлиб қолган бу оиланинг Мустафосига туғилган кунида бир ҳадя жўнатдик. Ундан туркча жавоб келди׃
“Мен билан бирга онам ва дадам ҳамда бобом ва бувим ҳам севиндилар…”
Бизга доим шундай саховатпеша, яхши одамлар рўбарў келиб қоладими ёки дунёнинг асосий қисми яхшилардан иборатми, бунисини билмадим?
(Давоми бор).
ЖМ.
Олдинги бўлимлар׃
1.Аэропортдаги “марш-бросок”
 2. “Жет лаг”
3. Мерит
 4. Пост Меридиан
5.Дуохонлик
 6. Тил-туннинг моҳитоби

Комментариев нет:

Отправить комментарий