Меню

вторник, 10 декабря 2013 г.

– Эстрадамизда “Ситора”, “Садо”, “Дадо”, “Анор” каби гуруҳлар бир порлаб чиқишди-ю, сўнг тарқаб кетишди

www.milliyburch.com


Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри биноси атрофини жуда яхши биламан, сабаби – “Бекажон” газетасининг Тошкентдаги таҳририяти шу атрофда жойлашган. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ҳам бу жойларни жуда яхши биларкан, сабаби – бу театр унинг иккинчи уйи бўлган экан... Театр атрофидаги қаҳвахоналардан бирида санъаткор билан
кечган суҳбатимиз ўтмиш ва бугун ҳақида бўлди.
– Фаррух ака, телевидениеда камнамосиз, мухлисларимиз сизни соғиниб сўрашади…

– Ёшларга йўл беряпмиз...


–  Эстрадамизда “Ситора”, “Садо”, “Дадо”, “Анор” каби гуруҳлар бир порлаб чиқишди-ю, сўнг тарқаб кетишди. “Ялла” ансамбли эса мана 43 йилдан бери ижод қилиб келмоқда. Айтинг-чи, бунинг сабаби нимада?

– Ҳақиқатан ҳам, ансамблимизнинг бундай узоқ умр кечириши ўзбек эстрадасида эмас, жаҳон эстрада тарихида ҳам ноёб ҳодиса ҳисобланади. Буни ўзимнинг эмас, санъатсевар халқимизнинг ютуғи деб биламан. Ҳозирда “Ялла”да тўрт киши ижод қиламиз – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Аббос Алиев, Алишер Тўлаганов, Жавлон Тўхтаев ва мен. Улар 79 йилдан бери “Ялла”нинг доимий аъзолари бўлиб келишмоқда.  Худога шукр, ижодий куч-қувватдамиз. Тўхтаб қолганимиз йўқ. Қўшни давлатларга гастролларга борамиз, тўй-ҳашамларда хизмат қиламиз. Гастроль-концерт фаолияти билан шуғуллангимиз келади, аммо ҳозирда бу йўналиш анча сусайган.


– Ватан тўғрисида қўшиқларингиз кўп. Бугун эса ёшларни Ватан ҳақида қўшиқлар яратишга “мажбур” қилинаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бунга муносабатингиз қандай?


– Ҳақиқатан ҳам, аксарият “хит” қўшиқларим ватанпарварлик руҳида. Буни атайлаб қилмаганмиз. Қўшиқларни меҳр билан, юрагимизнинг қўрини бериб яратганмиз, холос. Ватан тўғрисидаги ҳар қандай асар кўнгилдан чиқиши, бундай қўшиқ куйлаш учун санъаткор етилган бўлиши керак. Буйруқ билан Ватан ҳақида яхши қўшиқ яратиб бўлмайди. Вақт-соати келиб, ёшлар ўзларида  она юртни мадҳ этишга эҳтиёж сезиб қолишади.


– “Ялла” миллийликни, ҳозирги тил билан айтганда, менталитетимизни бутун дунёга тарғиб қилди. Тан олиш керак, шу билан машҳурликка эришди. Ўзбек менталитети нима ўзи?


– Бу улкан бойлик, қадрият. Бизнинг маданиятимизга етадиган маданият йўқ, деб ўйлайман. Масалан, Шашмақом – юқори даражадаги санъат, юксак маданият меваси. Ёшлар мақом эшитмайди.  Аслида, бу табиий ҳол. Ёшларни аста-секин тарбиялаб, шашмақом эшитиш даражасига етказиш керак. “Ялла”нинг олдига қўйган бош мақсади ҳам  халқ қўшиқларини замонавий услублар орқали кенг тингловчилар аудиториясига етказиш. Аслида, миллий қўшиқларни оммалаштириш, эстрадага олиб чиқиш жуда қийин жараён. Томошабинларнинг бу қўшиқларни осонликча, енгил қабул қилишларига эришиш ортида улкан меҳнат ётади. Ҳаддан ташқари замонавийлаштириш бачканаликка олиб келиши мумкин. Эстрада жанрига хос услублардан камроқ фойдаланилса,  қўшиқ қуруқ чиқиб қолади.

     
– Лекин жанрларнинг омухта қилинаётгани ҳозирда тингловчилар дидини бузяпти.


– Ботир акамнинг “аросатизм” деган сўзлари бўларди. Мана шу сўз билан  ҳозирги, айниқса, санъатга кириб келаётган ёшларга сифат бериш мумкин.  Негаки ахборот кўп, лекин унинг моҳиятини англаш эса оқсамоқда. Бунинг учун ўзгарувчан замонамизда вужудга келаётган таҳдидларни ёшларга оммабоп қилиб тушунтириш йўлларини топиш керак. Ёшлар миллий қўшиқчилик санъати ва Европа классикасини чуқур ўрганмас экан, “аросатизм”дан қутула олмаймиз. Шу гапларн гапирарканман, кўз олдимга отам –  Карим Зокирий келади. Улар, аввало, ўз миллий санъатини, мусиқий маданиятимизни ўрганиб, кейин Европа маданиятига ошно бўлган.


– Ота-онангизнинг қайси ўгитларини тез-тез эслаб турасиз?


– Ойим биз учун бадиий кенгаш ролини ўтардилар. У киши ўткир зеҳнли, диди баланд, санъатни чуқур тушунадиган, табиатан қаттиққўл, талабчан аёл эди. Агар ойим бизнинг ижодимизга ижобий баҳо берса, бу биз учун энг катта мукофот бўларди. Отам раҳматли эса камтарин, бағри кенг, меҳрибон инсон эди. Доимо “Артист бўлсанг, яхши артист бўл, ўртача бўлганингдан кўра, бўлмаганинг яхши”, дерди.


– Ўғлингиз санъаткор бўлмади...


– Хайрият. Ярқ этган истеъдоди бўлмаганидан кейин санъатга аралашишига қарши ҳам чиққан бўлардим.


– Фаррух ака, анчадан бери кўринмаганингизга одамлар, Фаррух Зокиров оғир касал бўлиб қолибди, деб ҳам ўйлашди...
– Худо сақласин... Балки Жамшиднинг тўсатдан вафот этгани учун шундай гаплар чиққандир?


– Жамшид Зокировнинг бевақт ўлими сиз учун жуда оғир бўлган бўлса керак...


– Нимасини айтасиз. Дадам, акам оламдан ўтганидан кейин ҳамма ота ўрнига Жамшид қолди, дейишарди. У жуда ажойиб, бағри кенг инсон эди.  Отам, акамлардан кейин оиламизнинг устуни Жамшид эди. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлимиздан келган ишни қилдик, аммо Аллоҳнинг иродаси экан... Жойи жаннатда бўлсин!


– Ҳозир ҳамманинг оғзида “Голос”да барчани ҳайратга солаётган жиянингиз Наргиза Зокирова. У киши бу лойиҳага қандай тушиб қолди?


– Ростини айтсам, унинг бу лойиҳага қандай тушиб қолганидан хабарим йўқ. Лекин унинг халқаро саҳнадан чиқаётганидан ғурурланаман. Албатта, нега сочи ундай, нима учун бундай кийинибди, дейдиганлар ҳам топилади. Буларнинг ҳаммаси деталлар. Умуман олганда, у бу кўрсатувда юқори даражали вокалистлигини намойиш этмоқда. Ҳаммадан ҳам опам учун хурсандман. Луиза опам оиламизнинг ягона қизи. Битта қиз бўлганидан кейин қанча орзу-ниятлар қилган. Наргиза 42 ёшга кириб,  натижага эришди. Бунинг орқасида жуда катта машаққатлар турибди. Гап шундаки, 1994 йили опам мураккаб тиббий жаррроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Жарроҳлик амалиётининг биринчи босқичи ўтганидан кейин врачлар иккинчи босқични, албатта, ривожланган хорижий мамлакатлардан бирида амалга оширишни маслаҳат беришди. Бўлмаса, Тошкентда жуда яхши туришарди, фаровон ҳаёт кечириш учун барча шароитлари бор эди. Аммо касаллик туфайли туғилиб ўсган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Шу даволашлардан кейин, мана, худога шукр, ҳозир опам етмишдан ошиб, фарзандларининг муваффақиятини кўриб ўтирибдилар. Опам ягона қизи Наргизага умрини бағишлади. Касбига халақит бермасин деб, унинг болаларини тарбиялашда ёрдам берди. Айниқса, Америкада яшашни бошлашганида, беш-олти йил улар роса қийналишди. Наргиза у ёқда ҳар хил ишлар билан шуғулланди, ресторанларда ишлади, ҳаётнинг барча машаққатларини бошидан кечирди. Аммо Зокировлар сулоласининг номини оқлади. “Наргиза Зокирова – Карим Зокирийнинг набираси” деган гапдан бошим осмонга етди.


– Наргиза Зокированинг ҳозирги овози биз билган “Сен кетарсан” қўшиғидан тамоман фарқ қилади.


— Ахир “Водиллик келин” фильмининг саунтрекини айтганда, Наргиза атиги 13 яшарлик ўспирин бўлган. Албатта, одам улғайган сари овози ҳам ўзгаради. Кўпинча жиянларим бирор ютуққа эришса, ҳамма, амакиси ёрдам берган, деб гапиради. Наргизанинг бу чиқиши ҳақида эса ҳатто хабарим ҳам йўқ эди. Беш-олти ой аввал қандайдир лойиҳага таклиф этишганини эшитгандим-у, аммо отаси оғир ётгани учун розилик бермаганди. Ўшанда барака топгур, “Дадам оғир ётганларида қандай бораман?” деб бормаганди.


- Шу лойиҳада қатнашганидан сўнг жиянингиз билан гаплашдингизми?

- Йўқ, ўзи билан гаплашганим йўқ. Опам билан гаплашиб турибман.


-  Зокировлар сулоласи муваффақиятининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Авваламбор, қуш уясида кўрганини қилади, дейишади. Бундан ташқари, бизни ўраб турган муҳит ҳам тарбиямизга таъсир этмай қолмаган. Ёшлигимни хотирларканман, Мукаррама опа, Ҳалима Носирова, Шаҳодат Раҳимоваларни эслайман. Дадам раҳматли Комилжон Отаниёзов билан  қадрдон эди, бир-бирларини жуда ҳурмат қилишарди, ака-ука бўлиб кетишганди. Шуларнинг фотиҳасини, маслаҳатини олганмиз. Дадам ўзбек опера санъатининг асосчиларидан бири бўлганлар. Навоий номидаги опера ва балет театри худди уйимиздек эди. Ҳар шанба ва якшанба куни театрга опера ёки балет кўргани келардик. Биз ўзимизни сеҳрли дунёда яшагандек ҳис қилардик. Оркестр, хор, буюк хонандалар ичида айланиб юрардик.


– Демак, санъатга кириб келиш ҳам сизга бошқаларга қараганда осонроқ кечган экан-да?

–  Палончининг ўғли, палончи укаси бўлганим учун менга бошқалардан икки карра қийинроқ бўлган.  Санъат йўлини танлашимдан аввал ўзим ҳам кўп иккиланганман, негаки менда Карим Зокирийдек, Ботир Зокировдек овоз йўқлигини жуда яхши билардим. Шунинг учун қайси йўналишда кетишим кераклиги ҳақида кўп бош қотирганман.  Ботир акамнинг тайёр оркестри бор эди, лекин ундан фойдаланиш қаёқда? Акам “Аввал ўқинг, тажриба орттиринг, кейин бир гап бўлар”, дедилар. Талабчанликда акамдан ўтадигани бўлмаган. Албатта, яратган асарларимни акамга кўрсатардим. Кўп уриндим...  Аслида, қўшиқларимни Ботир Зокиров репертуарига олармикин, деган яширин ниятда, катта орзу билан  яратардим.  Анча вақт ўтиб, 1974 йили акам  “Мажнунтол”ни мен айтсам майлими?” деб сўраб қолдилар. Бу менинг ижодимга берилган энг катта баҳо эди. Ана шу пайт мендан-да бахтли одам йўқ эди дунёда. Луиза опам учун ёзилган “Сен бўлмасанг ёнимда” қўшиғимни Наргиз Бойхонова ижро этди.


- Ҳозир ҳам қўшиқларингизни ёшлар куйлашни яхши кўришади. Уларнинг ижросига қандай қарайсиз?


- Ҳаммаси уларнинг виждонига ҳавола. Бу ёшларнинг тарбияси, дунёқарашига боғлиқ. Тўғри, баъзи ёш қўшиқчилар рухсат сўрашади. Шунгаям хурсанд бўламан. Бош устига, айтсин. Демак, менинг асарларим одамларнинг юрагидан жой олган экан, демак, улар ҳали ҳам одамларга керак, деб ўзимга таскин бераман. Лекин, илтимос, бузиб айтманглар, дейман. Ёшлар ўзларича эски қўшиқларни янгичасига куйлашга ҳаракат қилишди. Менинг қўшиқларим у ёқда турсин, классик қўшиқларни  ўз билганларича буза бошлашди. Буни эса асло кечириб бўлмайди.


– Акбар исмли шогирдингиз сизнинг кўп қўшиқларингизи айтиш билан бир қаторда, ташқи қиёфаси ҳам сизга ўхшаб кетади. Мухлисларингиз ҳатто ўғлингизмикан, деб ўйлашаркан.


–  Йўғ-ей, сира ўхшамайди... Бунақа миш-мишларнинг пайдо бўлишига Акбарнинг ўзи ҳам озроқ айбдор. Шу ҳақида савол беришса, йўқ, ундай эмас, деб жавоб қайтармайди. Санъатда тақлид қилиш деган нарса бор. Бу ҳам бир мактаб. Бу босқичдан ҳамма ўтади. Акбар ҳозир шу босқичдан ўтмоқда.


– Ансамблнинг собиқ иштирокчилари телевизорда “Ретро Ялла” деб чиқиш қилишди, аммо бу таркибда сиз йўқсиз. Ваҳоланки, ансамблнинг бошида ўзингиз турган бўлсангиз ҳам. Бунинг сабаби нимада?


– Бу мен учун оғриқли савол...  Ўша “Ретро Ялла” бўлиб саҳнага чиқаётганларнинг ичида Шаҳбоз Низомиддиновга мен тан бераман. У доимо анъаналарга содиқ. У 1976 йиллари қаттиқ касал бўлиб қолиб, жарроҳлик операцияси қилинди. Шунда ансамблимизни тарк этишга мажбур бўлганди...


 – Қайси қўшиқчиларнинг қўшиқларини эшитиб турасиз?


– Ўзбек мумтоз қўшиқларини эшитаман. Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонованинг ижоди ёқади. Уларнинг бетакрор ўзбекона овозига ҳавас қиламан. Умуман, эстрададан кўра, миллий қўшиқларимиз кўнглимга яқин бўлиб қолган. Ҳатто тўйхонага кириб келаётган келин ва куёвни “Келибди-ё, келибди” қўшиғингиз билан кутиб олинг, дейишганида, нима учун “Ёр-ёр” эмас, “Тўйлар муборак” билан кутиб олишни исташмас экан, деб ўйлайман. Агар бу қўшиқларга ярашиқ ўзбекона овозим бўлганида, албатта,  шуларни айтган бўлардим.

Назокат АЗИМ суҳбатлашди.


mezon.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий