Меню

вторник, 3 декабря 2013 г.

ХАНТ: I-боб. 1-қисм. КЎНГИЛ ПАРЧАСИ.

Жуда совуқ, изғирин ва қорли шимолий ўлкаларнинг бирида  “KONDIKHOU” яъни “Конди одамлар” дея аталувчи қабила аҳли  яшаркан. Одамларнинг узун қулоқ гапларига кўра, бу одамлар ҳаттоки Қизил китобга ҳам киритилган эканлар. Чунки улар бугунки кунда дунё бўйича тахминан 31500 нафар кишини ташкил этарканлар холос.
Уларнинг бўйлари калта- 160 см. атрофида бўлиб, юзлари балиқ сингари текис, қўллари эса тиззарига қадар узун экан.  Қўлларининг узунлиги ҳар ишни қила оладилар дегани бўлмасада улар учун барча қонунларда имкониятлар ва ҳуқуқлар жуда яхши белгиланган экан. Агарда улар жиноят қилсалар, ҳаттоки қотиллик қилишсада уларни жазолашмас, аксинча ҳаттоки уларга шапалоқ тортган кишиларни қамоққа тиқишар экан.
Уларнинг хонадонида бирор бир меҳмон келиб қолгудек бўлса борми, бу улар учун жуда катта байрам экан. Албатта, ҳар бир хонадон ўзаро бир биридан алоҳида узоқда яшаганидан сўнг кўрган кишилари улар учун азиз бўладида. Айтишларича, кимки уларнинг хонадонига меҳмон бўлиб қолса, мезмонлик одатига кўра кечқурун меҳмоннинг дам олиши учун ўз хотинларини тортиқ қилишаркан. Бунинг сабаби эса ўз авлодларини яъни қонни тозалаш ва янгилаш учун ҳаракат экан.
Улар ўз ҳаётлари давомида атиги икки марта ювинишар эканлар холос. Туғилганларида ва ўлганларида. Балки гуноҳсиз дунёга келдим ва қилган гуноҳларимни ювиб бу дунёни тарк этай демоқчиларда. Уларнинг уйларида хожатхоналари йўқ экан. Доимий кунлар жуда совуқ бўлгани учун кийимларида чўнтакка ўхшатиб махсус қўйилган халтачалардан фойдаланишаркан. Буниси энди балки уйдирмадир...
Аммо, бизнинг суҳбатимиз бу қабила ҳақида эмас.
Кечагина ўғли таҳсилни тугатиб, Япониядан уйга қайтган ва орзулари ушалганидан оламга
сиғмай қувонган “Афғон мулла” номи билан элга таниш, маҳалла имоми Муродилла - кайф ҳолатида ўзини осиб қўйибди деган шум хабар маҳалла бўйлаб совуқ шамол каби тезда тарқалди. Маҳалладошлар таъзия билдириш ва марҳумни охирги манзилга кузатиш учун унинг хонадонида йиғилдилар.
Муродилланинг хонадонининг олдидаги катта ариқнинг бўйида қачонлардир марҳум
ўтказган бир туп мажнунтол ўз дўстини йўқотганидан афсусланган каби бўйи эгилиб қолган, кўзёшларини яшириш учун оқиб ўтаётган сувга энгашиб кўзёш тўкаётгандек эди. Бу мажнунтол жуда кўп сирлардан огоҳ эдики, бугунки куннинг ғам андуҳида тилсиз қолган соқовдек бўлиб қолган эди.
Таъзияга келганларга ариқ бўйидан жой ҳозирлаб қўйилган ва унда марҳумнинг дўсту биродарлари, маҳалла аҳли ўрнашиб олгандилар. Марҳумнинг ўғли ва яқинлари келган кетганларнинг таъзия изҳорларини қабул қилишарди. Таъзияган келганлар орасида марҳум ҳақида шивир шивир ғийбатлар бошланиб кетганди. Афғонистонда ҳарбий хизматни бирга ўтаган Муродилланинг дўсти- Олимжон ҳам таъзияга келган орасида бўлиб уларнинг бу гапларидан чуқур ўйга толганди.
1 кун олдин.
 Зафар ёлғиз онаси билан иккиси кўп қаватли уйларнинг бирида яшардилар. Онаси уйга келин олиб келиш таклифини бир неча бор ўғлига айтсада, Зафар ўз севгилиси ҳақида онасига айтишга уялиб, бу масалани ўқишини важ қилган ҳолда доим орқага суриб келарди. Бунинг устига севган қизига бирор марта севги изҳори ҳам қилиб улгурмаган. Янада ташвишлиси бугунки кунда тўй харажатлари учун бу хонадон деярли тайёр эмасди.
Зафаржон эрта уйғонди. Чунки, бугун тоғаси Муродилла билан аслида синфдоши бўлган жияни Умиджонни кутиб олишга бирга чиқишлари лозим. Ювиниб бўлгач, овқатланмай кийим кийишга уринди. Онаси Роҳила ўғлининг кийимлари жуда тартиб билан тайёрлаб қўйган экан. Кийимларининг орасида янги шарф пайдо бўлиб қолибдими?
-Ойи,- дея атрофга алангларкан қўлида шарфни махкам ушлаганча онасини қидириб ошхона томон йўналди.
Онаси ошхонада тимирсикиланиб турарди. Балки севган ўғлига қандай ширин таомлар тайёрлаш учун бош қотираётгандир. Нега бош қотирмасин. Шу биргина ўғлидан бўлак яна кими бор, ахир.
-Ойи, бу шарфни сиз сотиб олдингизми, -кўзлари қувончдан яшнаб кетган Зафар, -нима қилардингиз овора бўлиб, аммо жуда чиройли экан, раҳмат.
-Буни отанг совға қилиб юборибдилар, -Роҳила тутила жавоб бераркан, айб ишқилиб қўйгандек уялиб ўғлига орқа ўгирилди. -Кеча сенга эслатиш ёдимдан кўтарилибди.
-Нега олдингиз?, -Зафар хурпайган мушукдек бўлиб.
-Болам, -она ўғлининг бошини силаб, -отанг биз билан яшамасаларда сени жуда яхши кўрадилар. Фақат биз билан яшамайдилар холос, аммо бизни жуда яхши кўрадилар. Фақат биз билан бирга яшамайдилар холос,- Роҳила паришонларча охирги гапида овозини пасайтириб.
Онанинг мунгли нигоҳида Зафар нималарнидир уққандек бўлди-ю, аммо аниқ бир маънони илғай олмади. –Майли, -дея онасининг кўнглини ранжитишни истамай шарфни бўйнига илдирди.
Кийим инсоннинг ҳуснини очади деганлари рост экан. Отаси юборган шарф Зафарнинг кийимларига жуда мос тушди. Бошланишида ёқмаган бу шарф эндиликда унга ёқа бошлади. Жуда савлатли кўринишга келди. Мана энди тоғаси Муродилланинг қўшниси бўлган Гўзалга кўриниш қилса ҳам бўлади.
Гўзал- Муродилла билан тенгдош бўлган Аҳмат бойнинг ягона қизи бўлиб, бу хонадоннинг аждодлари азалдан бой ва мансабдор кишилар эдилар. Ҳаттоки, Муродилла Афғонистон ҳудудларида собиқ СССР ҳарбийлари сафига кўнгилли бўлиб қўшилган бўлсада, тенгдоши Аҳматни хизматдан олиб қолиш учун раис бўлган отаси жуда кўп пулни сарфлаб ўғлини ўз фикри бўйича бевақт ўлимдан асраб қолганди.
Ахматнинг қизи номига мос маҳалланинг энг олди гўзалларидан бири эди. Зафар эса унга кўпдан эътиборли.
Зафар тоғасининг уйига етиб келганда кўз қири билан Гўзал яшайдиган икки қаватли уйга қараб қўйди. Бу уйнинг гўзаллилигига маҳлиё бўлмади. Шу уйнинг бирор деразасидан севгилисини кўриш баҳосида қадамини секинлатди. Ҳа деганда севгилиси ҳам кўриниш беравермади.
Муродилла ўғлининг қайтгани шарафига мурод дастурхони ёзган эди. Шу сабаб, хонадон дарвозаси очиб қўйилган, супаларга сувлар сепиб меҳмонлар кутилаётган эди.
Дарвозага яқин келаркан, Зафарнинг нигоҳлари бир зум бўлсада севгилисининг висолидан баҳраманд бўлиш истагида бўлди.
-Келинг болам, -келинаяси Маҳлиё Зафарнинг истиқболига чиқаркан, -жуда башанг кийинибсизку, нақ куёвнинг ўзисиз-а, -йигитнинг пўрим кийинганига ишора қиларкан, қўллари билан унинг елкасига қоқиб.
Зафаржон саломлашаркан, бу аёлга табассум қилди.
-Ойингизнинг қўллари гулда..., нақ олтин, - Маҳлиё Зафарнинг бўйнидаги шарфни силаркан Роҳилани мақтай кетди.
Бир зумда Зафарнинг хаёллари остун устун бўлиб кетди. Демак, онаси ўғли учун кечаси ухламай тонгга қадар шарф тўқиб чиққан эканда! Мана онанинг ўғлига бўлган муҳаббати. Зафар эдиликда бу шарфдан ғурурлана бошлади. Бу шарф эндиликда у учун шарафли эди.
Тоғаси Муродилла Зафарни ҳовлидаги сўрида ўрнидан турган ҳолда кутиб олди.
-Кел жиян, кел.
Зафар тоғасининг кенг феъли ва мард инсонлиги учун яхши кўрар ва жуда ҳурмат қиларди. Онасининг ёлғиз акаси бўлсада, аслида ўгай эди. Лекин ака сингил ота онанинг тарбияси натижасида бир қориндан талашиб тушган фарзандлардан кўра меҳрибонроқ эдилар.
-Синглим қани?, -Зафарни бағрига босаркан, Муродилла кўзлари билан дарвоза томонга боқиб.
-Бироздан сўнг келадилар.
-Оббо, жияней!, -тоға жиянини сўрига чиқишга имлади. -Бироз кечикдинг, -юрагидаги қувончни яширолмай. -Мана жиянинг Умиджонни ҳам уйга келтириб қамаб қўйдик. Яна ўқишни давом эттираман дейди, занғар, -Муродилла қаҳ қаҳа отиб кулиб Зафарга қаради. Оғзини жиянининг қулоғига яқин келтириб пичирлади. -Бошингни икки, оёғингни тўрт қиламиз дедикда, -атрофга бир назар ташлаб, кейин баланд овозда, -кетиб бўпсан дедик.
Муродилла жиянига чой узатиб туриб, боплабманми деган ишорани қилди.
Зафар тоғасининг ҳазилларига қувонч билан қўшила кетди.
-Тоға! Бошингни учта, оёғингни олтита қиламиз демабсизда.
-Нега жиян?, -Муродилла ҳазилнинг мазмунини чақа олмай.
-Ахир япон хотин ҳам олиб келгандир!, -Зафар тоғасининг ҳайратланиб турган чеҳрасидаги саволга жавоб бераркан.
Бу хонадон тоға ва жияннинг кулгусига кўмилиб кетди.
Умиджон ўзгача бўлиб қайтибди. Физика фанига қизиқиши бугунда ўз самарасини берган, ўз юртида бакалавр даражасили дипломини олиб, магистрликни Япониянинг машҳур олийгоҳларининг бирида Robotics system йўналишида тугатиб қайтганди.  
Икки тенгдош дўст қадрдонларча кўришдилар. Йигитларга хос бир бирлари билан куч ҳам синашиб ҳазиллашдилар.
-Бўлди, бўлди! – Муродилланинг ҳам шавқи ошиб, -ҳозир мен ҳам сизларга қўшилиб курашиб қоламан.
Бирин кетин меҳмонлар ҳам кўриниш бера қолди.
(Давоми бор)
Мистер Қалампир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий