Меню

четверг, 5 декабря 2013 г.

Ўзбекистонда пора олишни талабаликдан бошланади



Ҳуқуқшуносликка ўқиётган талаба фирибгарлик туфайли озодликдан маҳрум қилинди.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг нашри бўлган “Huquq”газетасида босилган «Ҳожатбарор» талабанинг кирдикорлари» номли мақолада хабар берилмоқда.

Мақолада ёзилишича, пойтахт институтларидан бирида ҳуқуқшуносликка ўқиётган талаба Баҳром Бафоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) талабалик даврининг гаштини суриш ўрнига
фирибгарлик қилиб, жиноят кўчасига кириб қолади.

2010 йилда пойтахтдаги нуфузли олийгоҳларидан бирига ўқишга кирган Баҳром Бафоев иккинчи курсга ўтганда фирибгарлик йўлига тушади. Институтда ўзига дарс берган ўқитувчиси Фарида Мансуровага ёлғон ваъдалар бериб, автосалон орқали 2 дона "Spark" русумли автомашина олиб бериши мумкинлигига ишонтиради. 2012 йил 26 июнь куни эса аёлнинг ишончини суи­истеъмол қилган ҳолда шарт­номани баҳона қилиб, автомашиналар учун олдиндан тўланадиган 85 фоиз суммани тўлаш кераклигини маълум қилади. Ф.Мансурова унинг таклифларига рози бўлади. Баҳромнинг бегона эмаслиги ҳамда ўзининг талабаси бўлганлигини ҳисобга олиб, алданиб қолиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. У қулай фурсатни бой бермаслик мақсадида машиналар учун келишилган 12 минг 600 АҚШ долларини олдиндан бериб қўяди. Орадан икки кун ўтиб, Б.Бафоев бу пулга танишидан 10 минг 700 АҚШ доллари эвазига ўзи учун "Nexia" автомашинаси сотиб олади.

Фарида опа эса машинасини қачон олишини талабасидан сўрайди. Фирибгар "автосалонда навбатингиз келган куни машинангизнинг калити ва тегишли ҳужжатларини қўлингизга топшираман", деб унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. Талабасининг гапларидан кўнгли тўлгандек бўлган опа унинг гапларига ишониб қолаверади. Шундай қилиб, Баҳром ўқитувчисидан алдов йўли билан олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.


Мўмай пул мойдек ёқиб тушган фирибгар талаба энди иккинчи жиноий иш режасини тузади. Баҳром Бафоев бу сафар Олим Шарипов деган танишининг укасини ишга жойлаштиришга ваъда бериб, у билан учрашади. Баҳром ўзини инс­титутда талаба ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бирида ходим бўлиб ишлашини айтиб, уларга ўзи ҳақида ёлғон маълумотларни беради. Суҳбат давомида у яқинда уч-тўрт кишини орган соҳасига ишга жойлаштирганини ва олди-бердидаги нарх-наводан тўлиқ хабардор эканини айтади. Олим Шарипов Баҳромнинг гапларидан илҳомланиб, укасини ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ишга жойлаштиришда ёрдам беришни сўрайди. Баҳром фирибгарлик йўли билан суҳбатдошининг ишончига киргани етмагандек, орган соҳаларига ишга кириш учун "бақувват" таниш ва "отнинг калласидек" пул кераклигини ҳам қистириб ўтади. Шундай қилиб, навбатдаги "ўлжа" ҳам "тўр"га илинади. Ака укаси учун айтилган пулни топиб беришни ваъда қилгач, "ҳожатбарор" мақсадга кўчиб, ишни бошлаш учун дастлаб 10 минг АҚШ доллари кераклигини айтади. "Ишонч"ли бўлиши учун бу пул ўша "бақувват" таниши, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бирида ишловчи кишига берилишини маълум қилади-да, иш битгандан сўнг қолган 20 минггини, ҳаммаси бўлиб 30 минг АҚШ доллари керак бўлишини маълум қилади. Орадан уч кун ўтиб, Олим сўралган пул ҳамда укасининг барча ҳужжатларини Баҳромга келтириб беради.

Орадан ойлаб вақт ўтса-да, Баҳром Бафоевдан дарак  бўлмайди. Аммо Б.Бафоев турли баҳоналар билан унинг кўнглини хотиржам қилишга ҳаракат қилиб, улардан олган пулни аллақачон "бақувват" танишига бериб қўйганини айтади. Аммо алдов қурбонига айланиб қолганини сезган Олим Шариповнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилишдан бошқа чораси қолмайди.

Ниҳоят Баҳром Бафоев жиноят устида қўлга олинади ва суриштирув-тергов ишлари бошлаб юборилади. Натижада, Баҳром Бафоев жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман суди томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан айбдор, деб топилиб, унга беш йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий