Меню

пятница, 3 мая 2013 г.

Андижон фожеасининг 8- йиллигига ---- Андижонда тўкилган қонлар


Андижонда тўкилган қонлар

Борлиғимда, сезгимда ғулув,
Ўша ваҳм, ўша армонлар...
Даҳшат босар. Солади қўрқув -
Андижонда тўкилган қонлар.

Вужудимни зорлатган титроқ,
Томоғимни тилган ҳирқироқ,
Кўкрагимга санчилган сўроқ -
Андижонда тўкилган қонлар.

Хаёл - мажруҳ. Кезар дарбадар.
Бугундан то Бобурга қадар
Алам оқар... Аламдан баттар -
Андижонда тўкилган қонлар.

Ҳалқдир асли, эмас оломон,
Ҳақдир асли... Йўқ сира гумон.
Падаркушлар бўйнида ҳамон -
Андижонда тўкилган қонлар.

Ўлим нима - гўдак бехабар -
Она кўксин таталаб ётар...
Юракларни, жонни титратар -
Андижонда тўкилган қонлар.

Туҳмат ёғди. Ёғди қўрғошин.
Ўзбек еди ўзбекнинг бошин...
Синар бўлди бу эл бардошин -
Андижонда тўкилган қонлар.

Ёдгор Обид

Комментариев нет:

Отправить комментарий