Меню

воскресенье, 5 мая 2013 г.

Узбекчадан--Uzbekchagcha


Тошкентдаги «xolat»лар «holat»ларга ўзгартириб чиқилди

Амир Темур хиёбонидаги ижтимоий билбордлар ўзгартирилмоқда © xushnudbek.blogspot.com
Тошкентдаги майдонлар ва янги қурилган иншоотлар олдига ўрнатиб чиқилган ижтимоий билбордлардаги хато ёзувлар тўғрилаб чиқилди. Бу ҳақда, жумладан, блоггер Хушнуд Худойбердиев ҳам ёзган.
Сўнгги бир йил давомида Тошкентдаги марказий майдонлар, жумладан, Мустақиллик майдони, Амир Темир хиёбони, шунингдек, янги қуриб битказилган объектлар, хусусан, «Бунёдкор» стадиони, Миллий кутубхона, Навоий кўчасидаги янги кўп қаватли турар-жой бинолар ва бошқалар олдида объектнинг Мустақилликдан олдинги ва кейинги кўриниши тасвирланган ижтимоий билбордлар ўрнатиб чиқилган эди.
Сўзлари имловий хато билан ёзилган билборд (архив фотоси) © twitter.com/jalilovsm
Билбордларда ўзбек лотин алифбоси асосида сўзлар ёзилган бўлиб, «ҳолат» сўзи «holat» ўрнига хато кўринишда – «xolat» деб ёзилган эди. Апрель ойи охирги ҳафтасида ушбу хатолик тўғриланиб,
билбордлар янгилаб чиқилган.
Бундан ташқари, бошқа ижтимоий билбордлар ҳам тўғриланган. Жумладан, Мустақиллик майдони атрофида майдоннинг турли йиллардаги кўринишлари ва Мустақилликдан кейинги ҳолати тасвирланган билбордлар бир неча йил аввал ўрнатилган бўлиб, «50 yillar; 60 yillar; 70 yillar» ва «2013 yil» кўринишида хато ёзилган эди (лотин алифбосига асосланган ўзбек имлоси қоидаларига кўра, саналардан кейин чизиқча «-» қўйилиши керак, яъни, «50-yillar; 60-yillar; 70-yillar» ва «2013-yil» кўринишида ёзилиши керак).
Ушбу билбордлар ҳам ҳозирги кунда тўғриланган бўлиб, унда йиллар олиб ташланган ва «Аввалги ҳолат», «Ҳозирги кунда» мазмунида ёзувлар қўйилган.
Маълумот ўрнида, аввалроқ, блоггер Хушнудбек Худойбердиевнинг ташаббуси билан «Трастбанк» ўз биноси олдидаги тошлавҳадаги хатоларни тўғрилагани ҳақида хабар берилган эди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий