Меню

понедельник, 20 мая 2013 г.

Молим канисан Ёхуд Бир вокеа изидан


Мана, тўрт йилдирки, қўшни Қоракўл ва Олот туманларининг чегара ҳудудларида фаолият кўрсатиб келаётган Акром Султон Улуғбек ва Меҳмонжон Рустамов номли
икки фермер хўжалигини муросаи мадорага келтиришнинг сира имкони бўлмаётир. Ҳали у, ҳали бу важ-карсонлар оқибатида орадаги зиддият кучайса кучаймоқдаки, пасаймаяпти.
Маълум бўлишича, ихтилоф кескин тус олишига Меҳмонжон Рустамов  фермер хўжалиги раҳбари Баҳром  Рустамовнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга зид  хатти-ҳаракати туртки бўлган. Ерлари, ҳатто ариқ-зовурлари бир-бирига туташиб кетган икки жамоа аҳли учун 2010 йилнинг 9 сентябри жуда ташвишли кун бўлиб қолганини эсга олмай иложи йўқ. Негаки, айни шу куни Акром Султон Улуғбек номли фермер хўжалиги (раҳбари У. Султонов) аъзоларига қарашли бўлган 17 бош қорамол йўқолиб қолади. Аниқроғи, Баҳром Рустамов уларни, бизнинг ҳудудга ўтиб экинзорларимизни пайҳон қилди, деган асоссиз важ билан ҳовлисига қамаб қўяди. 
Бордию, моллар ҳудудга ўтиб, экинлар пайҳон бўлган тақдирда ҳам бу борада ҳукуматимиз томонидан қабул
қилинган қарорга (2008 йил 10 декабр) кўра, ҳақиқий ҳолат юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўрилиб, тегишли далолатномалар кўрилиши, шундан сўнг чорва моллари жойлардаги маҳаллий ҳокимият идоралари, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ўзини ўзи бошқариш идоралари ихтиёрига топширилиши лозимлиги алоҳида қайд этилган. Аммо Баҳром Рустамов шу куни, негадир, бу ҳаққоний талабни унутиб, ўзича тамомила бошқа йўлни тутган.
Моллари кутилмаганда изсиз йўқолиб қолганлигидан азият чекиб, У. Султонов жамоа аъзолари билан уларни ахтаришга тушиб, тўрт томонга югуради. Ҳеч қандай натижа бўлмагач, улар охири Қоракўл ва Олот туманлари ИИБ идораларига мурожаат қилишдан бўлак чоралари қолмайди. Орадан уч кун ўтгандан сўнг моллар қаерда эканлиги маълум бўлади. Бундан Баҳром Рустамов ранжийди шекилли, у ҳам 11 сентябр- да Олот тумани ИИБ га шикоят аризаси билан юзлашади. Уч кун тилни тишлаб сукут сақлаш, сўнгра эса, ёқа йиртишни кўзлаб қоғозбозликка эрк берган ҳолда, қўшниларни «кўролмай», ҳасад билан, уларни руҳан синдириш мақсадида келтирилган моддий ва маънавий зарарни ундиришга қаратилган жадал ҳаракатлар вазиятни чигаллаштирди ва боши берк кўчага тақаб қўйди.
Р. Баҳромов аризасини ўрганиб чиқиш туман ИИБ бошлиғининг имзоси билан участка нозири Ш. Халилов зиммасига юклатилади. Аммо участ­ка нозири текшириш ва суриштирув ишларини охирига етказиши негадир қийин кечади. Эҳтимол, даст­лабки босқичда холислар ва гувоҳлар иштирокида тўлдирилиши лозим бўлган далолатнома, шунингдек, зарарнинг аниқ параметрлари кўрсатилган агро хулосанинг йўқлиги ишнинг белига тепгандир. Балки, ҳушёр ва зийрак ходим чорвачиликка йўналтирилган фермер хўжалигида экинзорлар мавжуд эмаслигидан хабардор бўлгач, калаванинг учини йўқотгандир. Яна ким билади дейсиз...
Қўлимизда жиноий ишлар бўйича Қоракўл туман судининг 2010 йил 26 октябрдаги ҳал қилув қарори. Унга кўра, ўзига тегишли бўлган қорамолларни қаровсиз қолдиргани оқибатида қўшни фермер хўжалиги экинларини пайҳон қилиб, зарар етказгани учун ҳуқуқбузар У. Султонов (Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 104-моддаси 1-қисми билан) маъмурий жавобгарликка, яъни энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида жаримага тортилган... Лекин Акром Султон Улуғбек фермер хўжалигига тегишли 17 қорамолдан 3 таси ҳанузгача топилмади. Улар қайдалигини Баҳром Рустамовдан бошқа киши билмайди.
Жарималар тўланиб, қўшнилар аҳил-иноқ ҳолда ишни давом эттирсалар бўларди. Минг афсуски, ундай қилинмади. Кўнгилсизликларни янада алангалатишга зўр берган           Б. Рустамов куракда турмайдиган ҳар хил важларни пеш қилиб, югуришда давом этаверди.
Шу орада икки ўртадаги низони мумкин қадар юмшатишни кўзлаб, жиноят ишлари бўйича Олот тумани суди ниҳоятда муҳим тўхтамни илгари сурганини алоҳида эътироф этиш лозим. Мазкур суднинг 2011 йил 8 февралдаги қарорига кўра (маъмурий материал шу кунга келиб, судга тақдим қилингани боис), ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш муддати ўтиб кетгани сабабли, Ўзбекис­тон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 2- бандига асосан иш юритишдан тўхтатилсин, деган тўхтамга келинганидан ғазаби алангалаган Б. Рустамов яна енг шимарди. Кекса чол ўзича катта миқдорда моддий ва маънавий зарарни ундиришни кўзлаб, фуқаролик судидан жилмай қолди. “Мен қатор идораларнинг етакчи раҳбари бўлганман, қўлим узун, қаерга чўзсам бемалол етиши керак”, деган ўй-хаёлда. Орадан анча вақт ўтган бўлишига қарамай, мутахассисларни чорлаб, бир-бирига қарама-қарши мазмундаги далолатномаларни судга тақдим қилишдан чарчамади. 3 та ана шундай далолатномада пайҳон қилинган экин турлари, улар эгаллаган майдон ўлчамлари ва даражаси ҳар хил кўрсатилганди. Буни фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси Ф. Ёдгоров номига ёзилган хатида вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасининг аграр сектори бўлими бошлиғи, етук агроном, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди У. Рашидов алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. У тўлдирилган далолатномаларда етказилган зарар миқдори ҳам бир-биридан кескин фарқ қилишини ошкора эътироф этиб: “Тақдим этилган 3 та агрохулосанинг қай бири тўғри, деган саволга, қоғозларга қараб бирон-бир хулоса чиқаришнинг имконияти йўқ. Чунки, мазкур воқеанинг содир бўлганига 10 ойдан ортиқ вақт ўтган...” қабилидаги хулосага келгани  ҳам кўп нарсани англатиб турибди. Ушбу асосли хулоса даъвогарга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабни асоссиз деб топиш ва рад қилиш учун туртки бўлди. Унча катта бўлмаган миқдордаги зарарни ундиришга қаратилган суд қароридан ранжиган Б. Рустамов шундан сўнг бошқа идораларнинг эшигини қоқишга ўтди. Бир думалаб фермер хўжалигининг соҳибига айланган акахоннинг жимжимадор имзо чекилган шикоят хатини вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри ходимлари қайта чиғириқдан ўтказа бошлашди. Шу-шу текширувчи ва келиб-кетувчиларнинг кети узилмади.
Акром Султон Улуғбек номли фермер хўжалиги тасарруфидаги суғориладиган ва яйлов ерларининг бир қисми ўзаро келишувга мувофиқ бир вақтлар Қоракўл туман “Сайёд” ширкат хўжалиги кучи билан ўзлаштирилганлиги, хўжалик тугатилгач, бу ерлар негизида фермер жамоаси ташкил этилганлиги тўғрисидаги “янгилик”дан воқиф бўлган         Б. Рустамов анча ҳушёр тортди. У шундан сўнг очиқдан-очиқ “ҳужум”га ўтиб, қўшнисини кўз очирмай қўйди. У гарчи 2011 хўжалик йилида Акром Султон Улуғбек номли фермер хўжалиги тайёрлов корхонаси билан дон етказиб бериш юзасидан (жамоа йилига  85–90 тоннага маҳсулот тайёрлашга эришган ва бу борадаги режани мудом ошиғи билан уддалаб келган) шартнома имзоланганидан яхшигина хабардор бўлса-да, тап тортмай экилган ва униб чиққан бошоқли экинларни моллари билан пайҳон қилишга ўтди. “Бу ерлар Олотники экан, уни қоракўллик эгаллашига йўл қўймайман”, дер эди у ҳар икки гапнинг бирида. Шу тариқа     Б. Рустамов ушбу ҳудуднинг якка “ҳукмдори”га айланиб борди. Бу орада эса, Акром Султон Улуғбек номли фермер хўжалигининг дод-фарёдини, амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатларини, негадир, ҳеч ким   тингламади ва эшитгиси келмаганлиги афсусланарлидир.
Ўлганнинг устига тепгандек, Б. Рустамов 2012 йил бошида Олот туман ҳокимининг шу ҳудуддаги ер майдонларига қайта эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида ташкил этилган тендерда ғолиб бўлган “Ўктам Яҳё замини” фермер хўжалиги (раҳбари Ў. Яҳёев)нинг эркин фаолиятига ҳам сунъий тўсиқ қўйиб, жамоани ишдан совутганини айтиб ўтиш жоиздир. Буни фермер хўжалиги раҳбари томонидан ёзиб,    муҳрлаб берилган билдиришномадан ҳам ўқиб олиш мумкин. Шунингдек, бу кимсанинг Олот давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги майдонларига ҳам кўз олайтириб, улардан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келгани хусусида етарлича далилларга эгамиз.
“Еб тўймаган ялаб тўймас” деганларидек, қанча кўп бўлса, кўзига шунча оз  кўринадиган Б. Рустамов 2013 йил бошида чўнтакни қаппайтиришнинг яна бир йўлини топганини айтсак, ишонмассиз. У измида бўлган яйлов ерларнинг бир қисмида санитар-тозалаш ишларини олиб боришга рухсат бериш юзасидан туман ҳокимининг 15-сонли қарорини чиқариб олиб, (тегишли тўловларни амалга оширмай туриб) Олот ва Қоракўл туманидаги фуқароларга юзлаб тележка ўтин сотишга эришганига қойил қолмасдан бўлмайди. Суриштирув жараёнида масалага ойдинлик киритишни сўраб, ушбу сатрлар муаллифи вилоятнинг янги раҳбариятига махсус хат билан чиққанидан сўнггина Б. Рустамовнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига тўсиқ қўйишга киришилди. Аммо шунда ҳам қўшни фермер хўжалиги тақдирига рўшнолик киритиш масаласи ҳамон ҳал этилган эмас, худди шунингдек, фермер хўжалигининг фаолиятига сунъий тўсиқ қўйиш оқибатида 3-4 йилдан буён тўланмай келинаётган ер солиғи ва бошқа ижтимоий тўловлар масаласи ҳам очиқ турибди.
Ҳар бир қилинган ишнинг яхши-ёмон сифатлари, мақбул ва номақбул жиҳатлари бўлади. Афтидан, бу ҳаётий хулосани Б. Рустамов унутганга ўхшайди. Йўқса, у ўғлини бир четга суриб қўйиб, қўшнилари ёқасига осилганича, йиллар давомида улар билан талашиб юрмасди. Талашганга тор дунё, деб бежиз айтилмаган.
Усмон НАВРЎЗ,
журналист.

Комментариев нет:

Отправить комментарий