Меню

понедельник, 13 мая 2013 г.

Қирғин гувоҳи: «Ўша куни Андижон уруш ичида яшади»




Uznews.net – 2005 йилнинг 13 майи – Ўзбекистон тарихидаги энг қора кундир. Ўша қонли кун, Uznews.net га ўз хотиралари билан ўртоқлашган Андижонлик Бахтиёр Тўйчиев Ислом Каримов режими ёлғонларига қарамай ҳамон Андижонликлар қалбида яшамоқда.

Бахтиёр Тўйчиев – Андижон Uznews.net учун.

Мен 12 -дан 13 майга ўтар кечаси гумбирлаган овозни эшитиб, қаердадир нимадир қулаб тушди деб ўйлагандим. Бироқ, бир неча дақиқадан сўнг гумбурлаш яна такрорланди ва кетма -кет ўқ овозлари эшитила бошлади.

Мен ойнаванд айвонга югуриб чиқдим ва энди автомат ва тўппончалардан отилаётган ўқ
овозини ажратиб олиш мумкин эди - отишма овозлари мени уйимдан атиги икки бекат пастроқдаги, Семашко кўчасидаги

Андижон қамоқхонаси томондан келарди.

Дастлаб калламга қамоқхонадан кимдир қочган, қўриқчилар уни ортидан қуваётган бўлса керак, деган фикр келди. Лекин отишмалар кучайиб кетди, балки бир гуруҳ маҳбуслар қочдимикан, деган хаёлга бордим.

Кўп ўтмай кўчамиз бўйлаб югуриб кетаётган одамларнинг шарпасига кўзим тушди, улар микрорайон мавзеси томон кетишарди. Кейин маълум бўлишича улар турмадан озод бўлган маҳбуслар экан.

Эрталаб мени онам уйғотиб, тунда кимлардир вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олишганини, ҳозир эса Бобур майдонида катта митинг бўлаётганини - одамлар ўз муаммолари ҳақида гапиришаётгани, ҳукумат шаҳарда назорат ўрната олмай, фаолиятсиз бўлиб қолганини айтдилар.

Бошқа қариндошларимни айтишларича, одамлар ҳеч қандай хизмат кўрсатмай ҳаддидан ошган комунал хизмат корхоналари ходимлари, газ ва электрсиз уйлар музлаб ётгани ҳақида гапиришмоқда экан.

Мен тезда кийиниб шаҳар марказига бориш учун кўчага чиқдим. Бироқ вилоят ҳокимлигига борадиган кўча берк эди, шу сабабли турма томонга қараб яёв кета бошладим - бу бор йўғи ўн дақиқа вақтимни олди.

У ерда махсус кучлар кўп қаватли уйлардан бирини қуршаб олишганини кўрдим, у ерда турган одамлардан билишимча ичкаридагилар террорчилар экан. Мен агар бу уй ичида ҳаттоки 50 нафар террорчи яшриниб олган бўлса ҳам улар бу ердан тирик чиқа олишмайди деб ўйладим, чунки ҳарбийлар жуда кўп эди.

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, ҳарбийлар отишни бошлади, биз бошимизни эгиб олдик, қўлига карнай ушлаб олган бир милиционер қалтираган овоз билан, ичкарида беркинганлар таслим бўлсалар, уларга ҳеч ким тегмаслигини айта бошлади. Оломон тўс -тўполон бўлиб кетди, кимдир уй томига тош отган эди ҳамма ётиб олди, кейин эса бу ҳазилдан кула бошлашди. Мен булар қанақа ахмоқ одамлар деб ўйладим.

Кейинроқ билсам, тиш тирноғигача қуролланган қуролли кучлар, ички ишлар, махсус бўлим аскарлари уйда яшриниб олган олти кишига қарши туришган ва уларни ҳаммасини отиб ўлдиришган.

Бобур майдонига фақат Чор-Гузар кўчаси орқали бориш мумкин эди. Кўчада хизмат ҳақига 300 сўм талаб қилган 33-йўналиш бўйича қатновчи маршрутка кўринди, ҳар кунги нарх 100 сўм эди. Мен Богдан Хмельницкий кўчаси бўйлаб пиёда кета бошладим.

Лекин мен Навоий проспектигача етиб бора олмадим, Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармаси биноси олдида танклар ва бронотранспортёрлар турганлигини кўрдим. Шундагина, бу воқеалар тинч йул билан якунланмаслигини тушундим: агар ҳукумат ғолиб келса, пикетда қатнашган ҳар бир киши 5 йилга қамалади, мени у ерга боришим шартми, дея ўйлай бошладим.

Бир неча дақиқадан сўнг юра бошладим. Бироқ бир неча қадам ташлашим билан қарши томондан :«Тўхта! Қаёққа?» деган овозни эшитдим.

Мен уларга ўгрилдим - Андижон шаҳар МХХ биноси томонидан менга қараб икки аскар келарди, уларни орқасида эса яна 50 нафардан зиёд ҳарбий формадаги йигитларни кўрдим. Мен, бўлди, ҳозир мени ҳибсга олишади, деб ўйладим. Улар мендан ҳужжатларимни сўрашди, мен уларга паспортим ва пасторлик ҳужжатимни кўрсатдим. Уларга диққат билан разм солиб, бошлиқлари билан рация орқали боғлангач, ўн минутлардан cўнг қўйиб юборишди.

Мен майдонга қараб йўл олдим. Негалигини билмайман - одамларга қанча яқин юрсам ўзимни шунчалик дадил ҳис қилдим - шаҳарда режимга қарши бошланган кўтарилиш менга ҳам кўчиб ўтган, менга куч бағишларди.

Майдонда фақат одамлар бор эди. Одамлар ва бошқа ҳеч ким йўқ. Атрофда эса бир қанча лўлилар титиб ётган ёқиб юборилган машинани, тутаб ётган Бакиров номли кинотеатр, Охунбобоев номли театрга кўзингиз тушади.

Ҳукуматнинг вазиятга эгалик қила олмаётгани ва майдонда одамларнинг купайиб бориши, рўпарамда турган ва бошдан оёқ қуролланган ҳарбийларнинг ҳаракатига эрк бериши мумкин эканлиги хаёлимни эгаллади.
Майдонда мен ўзимга таниш овозни эшитиб қолдим. Қўл карнайи орқали халққа қараб гапираётган бу аёл – менинг амакимни собиқ хотини эди!

Мен 16 йилдан буён кўрмаганим Насиба опа халққа қараб, ҳукумат халқни саволига жавоб бериши кераклигини, уларни муммолари ва камчиликларига эътибор бериши кераклигини, агар шундай қилмаса ҳеч ким майдондан кетмаслигини гапирарди. Қизиқ - олдинлари унда шундай қобилият, шундай фикр ва ғоя борлигини билмасдим.

Мен собиқ холамни тинглар эканман, камида ўн минг одам тўпланган майдон устидан вертолётлар учиб ўтди. Айтиш жойизки, эрталаб майдонда отишмалар бўлган, ўша пайтда ўлдирилган одамлар сони йигирмага етган, уларни ҳеч қаерга олиб кетишмаган, шунчаки оқ сурплар билан устларини ёпиб қўйишганди. Мен шунингдек исёнчилар ҳибсга олиб ҳокимият биносига олиб кириб кетган милиция ходимларини ҳам кўрдим.

Ҳукумат адолатсизликларидан, қашшоқлик, ишсизлик ва пахта қуллигидан шикоят қилган одамлар арз -додини тинглаш қизиқарли эди.

Соат 16 ларда мен ҳавони авзои бузулганини кўриб кийимларимни алмаштириш ва намойишни яхши кузатиш, иссиқ кийиниш ва албатта рақамли фото аппарат олишни ўйлаб уйга келдим.

Уйда хотинимга дарҳол бирон бир егулик тайёрлашни ва эрталабгача майдонда бўлишимни айтдим. Хотиним қачон кетишимни сўраганда, бир соатдан кейин деб жавоб бердим. Кейин кийимларимни алмаштирдим, фотоаппарат ва ёмғирпушни ҳам ёдимдан чиқармадим.

Кетишга тайёргарлик кўрар эканман, майдонда Киевдаги инқилоб ёки Қирғизистондаги намойишга ўхшаш воқеалар бўлаётганини айтдим. Халқ аниқ талабларни қўймоқда. Қолган гапларни эса эртага айтаман, дедим.

Тахминан соат 17 ларда уйдан чиқдим, худди рангли инқилобга кетаётгандекман, хотиним сумкамга бутербродлар ва бир бутилка кола солиб қўйган. Мобил телефоним ишларди, лекин негадир, мен фақат Андижондан қўнғироқларни қабул қилишим мумкин - алоқа чегаралаб қўйилгани аниқ эди.

Бирданига отишмалар овозини эшитдим. (Мен бу вақтда Маиший хизмат уйи яқинида эдим). Шунда Чоргузар томонга қараб юра бошлагандим, мен томонга қараб югуриб келаётган бир тўда одамларга кўзим тушди, улар нафаслари тиқилиб, майдонга бормасликни, у ерда ҳаммани отишаётганини айтишди.

Мен "Кимга, қанақа штурм бошланди?" дея сўрайман. Улар, аскарлар одамларга ўқ узишди, одамлар ҳар ёққа қараб қоча бошлашди, ИИВнинг "Барс" махсуслаштирилган отряди ўқ узди, деб жавоб беришди. Мен улардан қаёққа қочиб кетишаётганини сўраганимда, уйга кетишаётганини айтишди.

Мен черковдаги бир биродаримга телефон қилдим. У менга деярли қичқириб гапирарди, биз черковда бу оҳангда гаплашмасдик, у ваҳима ичида эди, тезда уйга кетишимни айтиб бақира бошлади.

«Нима сиз ўлишни истайсизми? – дея бақирарди у. – Бахтиёр ака, бизни уйимизга ҳам отишди, сиз эшитмаяпсизми, ҳаммани ўлдиришаяпти! Кўрмаяпсизми, осмон ўқларга тўла, улар бизни тепамизда!»

Ҳақиқатдан, осмон ўқдан ва ёға бошлаган ёмғирдан кулранг тусга кирганди. Гўёки ўқ ёмғири ёғаётгандек эди.
Атрофимдан эса ваҳима ичидаги одамлар чопиб ўтишарди. Бир аёл менга яқинлашиб, у ерда нима қилаётганимни, тезда уйга боришим зарурлигини айтиб, узоқлашди.

Кейин яна даҳшат бошланди. Энди эса пулемётлар овози эшитила бошлаганди. Мен уйга қараб югурдим. Йўл- йўлакай ўз-ўзимга уруш бошланганини айтиб келардим. Худди Андижонга қўшин киритилган ва ҳаммани, ҳамма нарсани ўлдириб йўқ қилаётгандек эди.

Уйдаги телевизорни ёқдик - маҳаллий каналлар сукут сақлашарди. Россиянинг ОРТ телеканали орқали Андижонда тартибсизликлар бошланганини ва бутун мамлакат ахборот блокадаси остида қолганини гапиришди. Мусулмон лидерларидан бири Каримов режими тугаб битаётганини айтди.

Эртасига эрталаб яна майдонга бориш учун уйдан чиқдим. Бироқ у ерга элтадиган йўл ёпилган эди. Мен Чулпон кўчасигача бордим ва у ёқда одамлар, асосан аёллар тана аъзолари ётганини кўрдим.

Мен карахт аҳволда эдим. Ҳамма жойда ўликлар ёки тана аъзолари сочилиб ётарди. Баъзи мурдаларни боши йўқ эди - кеча кечқурун одамларга қарата отилган катта калибрли ўқлар одамларни бошини учириб кетган ёки танасини бўлиб ташлаганди. Шу сабабли асфалда мия қолдиқлари, ички аъзолар сочилиб ётарди.

Ҳамма жой қон ва гўшт бўлаклари... Андижон шундай даҳшат ичида эди...

Тинч аҳоли ўққа тутилди, судсиз ва сўроқсиз отиб ташлашди. Бегуноҳ қурбонлар ичида - қариялар, аёллар ва болалар...

Одамлар карахт аҳволда эди, улар худди тушдагидек ҳаракат қилишарди, нима содир бўлганини билишсада, бу воқеани қабул қила олишмасди. Кўчада унсиз йиғлашарди.

Мен мурдалар орасидан ўз яқинларини излаб юрган одамларни кўрдим. Бир аёл икки нафар боласи - қизи ва ўғли билан бир ўспириннинг қонга беланган жасадини кўтаришга урунишаётганини кўрдим. Маълум бўлишича марҳум уларни ўғли ва биродарлари эди.

Мен уларга чойшабни тўшашни маслаҳат бердим ва мурдани елкасидан кўтардим, улар эса оёғидан. Биз мурдани оқ чойшабга солиб, олиб кета бошладик. Улар Найман кўчасида яшашар экан, мен уларга марҳумни Сой бекатигача олиб боришга кўмаклашдим. Улар менга раҳмат айтиб, энди машина кутишларини билдиришди.

Улардан узоқлашар эканман, бутун вужудим қалтираётганини сеза бошладим, мен ҳамон бу титроқдан халос бўла олмайман..
 

Комментариев нет:

Отправить комментарий