Меню

вторник, 21 мая 2013 г.

Дипломсиз ижодкорми ёки калбакиликни (ошковокни) пул билан таькдирлаш....


IMG 1172

Ушбу саҳифада бугунги ўзбек киносининг савияси, ундаги қаҳрамонлар, тижорат фильмларининг томошабинларга нима бера олиши ҳақида режиссёрлар Саид Мухторов, Жавлон Шодмонов, Дилмурод Масаидов, Суҳроб Ҳасановлар билан биргаликда баҳс юритишга қарор қилдик.


— Бугунги кунда кўплаб  фильмларимизнинг савияси тушиб кетишига нима сабаб бўлмоқда?


Жавлон Шодмонов: — Сценарий, маблағ ва бир хил йўналиш! Лекин, бунинг сабаби ҳам бор. Бу бадиий кенгашни ёмонлаш эмас, лекин кинонинг ўз “доира”си бор. Бадиий кенгашда “доира”дан чиқиб кетиш мумкин эмас. Биз ундан чиқмасликка ҳаракат қилганимиз сабаб, фильмларимиз бир-бирига ўхшаб қоляпти.


— Демак, сиз бунга бадиий кенгаш, унинг қолипи сабаб бўляпти, демоқчимисиз?


Жавлон Шодмонов: — Йўқ! Йўқ, бадиий кенгаш ҳам эмас! Бир хиллик сабаб.

Дилмурод Масаидов: — Аслида гап кинодраматургиянинг оқсаши ёки сустлигида эмас, унинг йўқлигида! Агар драматургия бор бўлса ҳам, унинг ўз қонун-қоидаларига амал қилиш лозим. Ҳозир ҳамма фильмларимизда аралашган жанрларни учратишимиз мумкин.


— Нима учун унда драматургларга мурожаат қилмайсизлар? Ёки драматурглар етишмаяптими?


Дилмурод Масаидов: — Ҳозирги кунда яхши драматурглар етишмаяпти, деса ҳам бўлади.

Жавлон Шодмонов ва Суҳроб Ҳасанов: — Йўқ, драматурглар бор. Жуда ҳам кўп.

Дилмурод Масаидов: — Кинодраматурглар йўқ!

Жавлон Шодмонов: —Нима учун хусусий киночиларни “хонтахта” фильм суратга олади, дейишади? Хусусий фильм суратга олаётган ижодкорлар фильмида динамика бўлишини истайди. Аммо, фильм динамикали бўлса, унда драматургия йўқолади.

Дилмурод Масаидов: — Динамикани ўйлаб, драматургиядан чиқиб кетаман, денг. Йўқ, бу нотўғри. Ўзи тижорат фильмлари ёки муаллифлик фильмлари деб биз ажратамиз-ку, лекин асл драматургияда булар ўртасида чегара қўйилмайди!


— Ўзингизнинг фильмларингизда ўша динамика бор, деб ўйлайсизми?


Дилмурод Масаидов: — Ўз фильмларим ҳақида ўзим гапира олмайман, аммо, нимадир янгилик қилишга ҳаракат қиламан. Тўғри, ҳозирги кунда ҳаммамизнинг фильмларимиз деярли бир хил.


—  Нима учун?


Саид Мухторов: — Ҳаммамиз бир нарсани тўғри тушунишимиз керак! Масалан, биз бир тадбиркор, деҳқонмиз, дейлик. Биринчи навбатда шу ишнинг бошида турган инсонлар бизнинг ҳуқуқларимизни тиклаб беришсин. Тижорат фильмларини суратга олишга рухсат берилганида мен хурсанд бўлганман, мана шу йигитлар, кимларгадир ялиниб-ёлвориб, бир нарса қилишга ҳаракат қилиб келишяпти. Мана шунга тан бераман!

IMG 0949
— Ҳозирги кунда кино соҳасига дипломи йўқларнинг кириб келиши кўпаймоқда...


Саид Мухторов: — Тўғри, биринчи навбатда драматургияда. Лекин, қаранг, бир режиссёр, сценарийни ўқиб келади, калласида ҳеч нарса йўқ. Аммо, ақли бор, дунёқараши кенг, халқи нимага чанқоқлигини яхши билади. “Ўзбеккино” мутасаддилари диплом, деб ёшларни орқага  қайтаргунча, мусобақа ўтказсин! Энг яхши сценарий, фильмлар ўртасида танловлар қилсин! Ҳаққоний бўлса, ўзидан ўзи сараланиш бошланади. Давлат бюджети ҳисобидан йилига фақат 10 та фильм суратга олинади. Шу етарлими?.. Томошабинни энди тўхтатиб бўлмайди! Томошабинлар яхши фильмларга оқиб келаверади!


— Ҳозирги кунда шу соҳада дипломи йўқ инсонларнинг фильм суратга олишига  қандай қарайсизлар?


Саид Мухторов: — Ғани Аъзамовни ҳаммамиз яхши биламиз. Ўзбек кино ва театр санъатининг дарғаларидан. Биз ҳам у кишини устоз деб биламиз. Дарҳақиқат, у кишини  ўзбек миллий комедиясининг қироли десак хато бўлмайди. Унинг дипломи бўлмаган! Ёки Шукур Бурҳоновнинг дипломи бўлганми?


— Аммо, улар актёр бўлишган. Режиссёрликда-чи?


Саид Мухторов: — “Ўзбеккино”да кино суратга олиш учун, режиссёрлик дипломи кимда бор?

Жавлон Шодмонов: — Чиндан ҳам ҳозирги кунда фильм суратга олаётган кимда режиссёрлик дипломи бор?


— Аюб Шахобиддинов, Ёлқин Тўйчиев...


Саид Мухторов: — Устозим, таниқли режиссёр Мелис Абзаловда режиссёрлик дипломи борми? Исамат Эргашевда-чи? Қанчадан-қанча актёрдан чиққан режиссёрларимиз бор!

Жавлон Шодмонов: — Ўқимоқ бор, уқмоқ бор! Бир хиллар бор, дипломи бор, лекин ўқимаган, кечирасиз-у, калласида ҳеч нарса йўқ! Бир хилларни эса, дипломи йўқ, лекин уққан! (қўли билан боши ва юракни кўрсатиб) Мана бу ерида бор! Мен ўзимни зўр режиссёрман, зўр фильм оламан, деб айтолмайман! Мен профессионал эмасман! Лекин, фильм суратга оляпман, томошабин келяпти!

javlon-shodmonov
— Шундай режиссёрларнинг кўпайгани яхшими?


Жавлон Шодмонов: — Агар эпласа, талабга жавоб берадиган даражада бўлса, яхши.

Дилмурод Масаидов: — Менимча “сенинг дипломинг йўқми, қилма” дейиш нотўғри! Нега дипломи бор ўқитувчи ҳам ҳар 3-4 йилда малака оширади? Ҳукумат ўзи пул тўлаб, ўқитиб, “мана шундай янгиликлар бўлди, тарғиб қилинглар” дейди. Биз эса, мастер-класс машғулотларини  фақат фестиваллар доирасида кўрамиз.

Саид Мухторов: — Ёшларимиз барибир интернет, телевизор орқали жаҳон киносини ҳам кўради ва улардаги ритм, динамикани кўриб, бизники билан солиштиради. Кейин ўша даражага чиқишга ҳаракат қилади. Натижада, драматургия боя айтилганидек, ўзгаради.


— Бу саволим қўпол туюлиши мумкин. Ҳозир сизлар қизиқиш туфайли кинодамиз, дедингиз. Баъзилар тирикчилик туфайли ҳам, дейишди. Энди айтинглар-чи, қизиқиш туфайли, эртага шифохонага бориб, жарроҳлик операцияси ўтказа оласизларми?


Жавлон Шодмонов: — Киноматография ўзи, пул ишлаш мақсадида пайдо бўлган.  Ҳолливудда ҳам кинони бизнес мақсадида суратга олишади.

said-muhtorov

Саид Мухторов: — Ҳозир шифокор келиб, кино суратга олаётгани йўқ-ку. Мана шу кинонинг атрофида юрганлар, жараёнларни кузатганлар вақт ўтиб, фильм суратга олишяпти. Жарроҳликда ҳам, агар бош шифокор йўқ бўлса, атрофидаги шогирдлари операция қилишларига тўғри келади.


— Нега энди? “Лайлойимсан” фильми режиссёри тиббиёт соҳасидан экан...


Суҳроб Ҳасанов: — Масалан, ўша “Лайлойимсан” фильми ижодкорлари билан гаплашганимда, бошқа кинога аралашмаймиз, деган сўзларни айтишди. Шунга ўхшаб, нотўғри иш қилаётганини, фильмларига томошабин келмаётганини кўрса, бошқа фильм қилмайди, бошқа ишга кетади.

Дилмурод Масаидов: — Бу инсоннинг интилишига ҳам боғлиқ. Агар шунчаки кириб қолган бўлса, чиқиб кетади. Ҳеч ким осмондан режиссёр бўлиб тушмайди! Масалан, мен кинога 1999 йилда кириб келган бўлсам, 2006 йилда биринчи марта фильм суратга олдим.

IMG 1199
— Суратга олаётган фильмларингиз томошабинга нима беряпти, деб ўйлайсизлар?


Жавлон Шодмонов: — Ҳозирги кун томошабини танлаш ҳуқуқига эга! Ҳар битта фильмни ўзига яраша мақсади, ғояси бор. Томошабин ўзи танлаб олади!

Дилмурод Масаидов: — Бизнинг бир мақолимиз ҳам бор, “Бир яхшини кўр, бир ёмонни кўр” дейди. Ҳиндистонда йилига 1000 та фильм қилинади, чиқса 3-4 таси яхши фильм бўлиб, бизгача етиб келади.


— Саид ака сизнинг фильмларингиз ёшларга нима беради?


Саид Мухторов: — Мен биринчи навбатда ўша фильмларим орқали, мана бу отанг, мана бу онанг, бу дейлик ногирон инсон, шунга мадад бергин, ёрдам бергин, маҳаллага қарагин, ёрдамга муҳтожни кўрсанг, ёрдамингни аяма, севги-муҳаббатнинг қадрига ет, демоқчи бўламан. Кино ҳам аста-секин жойига келади. Ҳолливуд ҳам бир йилда Ҳолливуд бўлиб қолмаган.

Суҳроб Ҳасанов: — Санъатда диплом шарт эмас, ижод қилгиси келган инсон, ижод қилиш ҳуқуқига эга, деб ўйлайман.

Саид Мухторов: — Ҳар бир ижодкор халқ учун хизмат қилади! Шуни унутмаслик керак.

 

Мана, азиз мухлис, режиссёрларнинг фикри билан танишдингиз. Баҳсни шу ерда тўхтатиш ниятида эмасмиз, мазкур мунозара  бўйича фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.


Феруза Фаттохова суҳбатлашди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий