Меню

четверг, 11 апреля 2013 г.

12 aprel — O’zbekiston xalq artisti Sherali Jo’rayev tavalludi kuni.


090
Сизларга бир воқеани айтиб берсам: Мен ёшлигимда ота-онамга “Нега менинг исмимни Алишер қўймагансизлар?” деб эътироз қилардим. У пайтлар исм-шариф ёзишда бош ҳарф қўйиш урф бўлганди.
Отамнинг исми Нурмуҳаммад, агар менинг исмим Алишер бўлганида исм-шарифимни ёзишда “Алишер Н.” деб ёзардим, деб орзу қилардим….
087
ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ: ҚЎШИҚНИ ҚАЛБ ЭШИТАДИ
Ўзбекистон халқ артисти, “Навоий” мукофоти совриндори Шерали Жўраевнинг файзли хонадонида бўлиб ўтган, кўпчилик ҳамкасбларимиз иштирок этган навбатдаги суҳбатимиз жуда самимий кечди.
– Аввало, хонадонингизга таклиф қилганингиз учун раҳмат, Шер ака. Сиз билан икки улуғ зот – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобомиз Ҳазрат Навоийнинг таваллуд айёмлари арафасида суҳбатлашиб турибмиз. Ёшлар бу икки зотнинг асарларини бирданига тушуниб кетишида бироз мураккаблик сезишади. Уларни ўрганиш жараёнида ёшларга нимани маслаҳат берган бўлардингиз?
– Китоб ўқишни! Муттасил ва узлуксиз, кунни-тунга улаб, мутолаа завқидан баҳра олиб, китоб ўқишни маслаҳат бераман. Ўқиганда ҳам асл китобни танлаб, меҳр билан ўқиш зарур. Албатта, мактабларимизда Ҳазратни ўрганамиз, Бобур бобомиз асарларини ўқиймиз. Лекин Ҳазратнинг бизга қолдирган адабий мероси шундай бир уммонки, уни бутун умримиз давомида ўргансак ва келгуси авлодга ўргатсак арзийди. Шунингдек, Бобур Мирзонинг ҳаёт йўли, у чеккан машаққатлар ва шунча синовларга қарамай, ижоддан чекинмаганидан ҳар қанча ўрнак олсак ярашади.
Мен ҳам жуда ёшлигимдан китоб ўқиганман. Ўқиганда ҳам радиодаги чиройли овозларга тақлид қилиб, тиниш белгиларига эътибор билан ифодали ўқишга ҳаракат қилганман. Ҳамиша китоб кўтариб юрганим учун отам “Шу ўғлим олим бўлади” деб қўярди. Лекин мен олим бўлмадим, қўшиқчи бўлдим.
Менинг бу даражага етишимда отамнинг ўрни беқиёс. У киши биз фарзандларга китоб олиб келиб, “Бизнинг ёшлигимизда китоб ўқишга имкон бўлмаган, сизлар ўқинглар, албатта ўқинглар!” деб тайинлар ва биз китоб ўқисак, ўзи ҳам тинглаб ўтирарди. Ҳазрат Навоий, Бедил ижодига ўша пайтларда ошно бўлганман. Эсимда, отам Ҳазратнинг уч томли тўпламини олиб келиб берганди. Хамсага кирган барча достонлар мавжуд бўлган бу тўпламнинг ўзига хос томони шунда эдики, унда достонлар ҳам назмда, ҳам насрда баён қилинганди, яъни тушуниш бирмунча осон эди. Бу китоблар ҳозир ҳам бор ва ёшларимиз уларни албатта мутолаа қилишлари керак.
Сизларга бир воқеани айтиб берсам: Мен ёшлигимда ота-онамга “Нега менинг исмимни Алишер қўймагансизлар?” деб эътироз қилардим. У пайтлар исм-шариф ёзишда бош ҳарф қўйиш урф бўлганди. Отамнинг исми Нурмуҳаммад, агар менинг исмим Алишер бўлганида исм-шарифимни ёзишда “Алишер Н.” деб ёзардим, деб орзу қилардим. Бу ҳам Ҳазратга бўлган чексиз ҳурматимнинг кичик бир рамзи эди-да.
Энди қаранг, бир неча йил олдин сафарга жўнаш чоғида аэропортда кетаётган эдим. Олдимдан бир лўли болакай чиқди ва садақа сўради. Унга бир неча сўм пул узатдим. У хурсанд бўлганича, нарёқдаги шериклари томон югуриб кетди. Болалар тўдалашиб келгунига қадар мен тўсиқларнинг нариги тарафига ўтиб кетдим. Шунда улар буёққа ўтолмай, қўл силкиганларича мени чақира бошлашди. Улар мени кўриб, танишяпти, лекин бирортаси исмимни эслай олишмаяпти ва чақира олмаяпти. Шунда болакайлардан бири “Алишер” деб қичқирди (исмимни ўзим хоҳлагандай ўзгартириб айтди), кейин барчаси бирваракайига “Алишер, Алишер” деб чақира бошлашди. Қаранг, мен халқ озми, кўпми таниган қўшиқчиман, шу лўли болакайлар телевизорда мени кўришган, газета-журналларда суратларим чоп этилган. Лекин менинг исмимни эслашмаса ҳам Ҳазратнинг исмини яхши эслашяпти. Навоий бобомиз барчанинг қалбидан чуқур ўрин олганининг яна бир исботи бу.
Мен ҳалигача Навоийни ўрганаман ва ҳануз ҳайратга тушишда давом этмоқдаман. Ҳозир ҳам ўзим бирданига тушуна олмаган янги сўзларга дуч келаман ва дарров уларнинг мағзини чақишга ҳаракат қиламан. Шукрки, юртимизда етук Навоийшунос олимлар бор, улар ҳам менинг бу одатимни яхши билишади ва ярим тунда қўнғироқ қилишимга ҳамда бирданига савол беришимга ўрганиб қолишган.
– Ижодингизда Жалолиддин Румий асарларига ҳам кўп мурожаат қиласиз.
– Бу инсон адабий мероси ҳам жуда беқиёс. Кунларнинг бирида “Тарк айлама” ғазалининг бир қисмини менга айтиб беришди. Ўшани эшитдиму бунинг давоми бўлиши кераклигини англадим.
Қаранг:
Гоҳ у ёну гоҳ бу ёна талпинар лов-лов ёниб,
Титрагай ожиз бу танда эътиқод ҳам ўртаниб,
Бўлди ким собит бу йўлда, кимдир имондан тониб,
Дод этарман ёлвориб, имон мани тарк айлама.
Мана шу сўзларни Румий ҳазратнинг руҳидан сўраб, ғазалга ўзим қўшиб ёзиб, куйга солганман. Кейинчалик форсчасини топиб, айнан шунга ўхшаш маънолар борлигидан ҳайратланганман. Кўп жойларда шу қўшиқларни сўрашади. Ҳатто, чет элларда ҳам шу қўшиқни куйлаганимда тилимизни умуман тушунмайдиганлар ҳам мириқиб тинглашган ва кейин бу сўзларнинг маъносини сўраб олишган. Улар тинглаб таъсирланганларига сабаб – қўшиқни қалб эшитади, руҳ эшитади. Фақат қулоқ эшитадиган ва қалбга сингмайдиган, руҳда из қолдирмайдиган қўшиқларнинг умри қисқа.
– Отангизни кўп тилга оласиз. Биламизки, у киши бутун умр чўпонлик қилиб ўтган. Бу касбнинг сизнинг ҳаётингизда ҳам ўзига хос ўрни бўлгандир?
– Албатта. Отамнинг ортидан эргашиб ошган довонлар, мен зилол сувларини ичган жилғалар, мен гўзаллигидан завқланиб, ҳидидан маст бўлган чечаклар қани энди?! Ўша тоғу тошлар, чексиз сўқмоқлар менинг қалбимда ўчмас из қолдирган. Бизнинг ота-боболаримиз чўпонлар ўтишган ва бу касбнинг машаққатини ҳам, завқини ҳам мен жуда яхши биламан. Бобом минглаб қўйларга эга бўлган. Қулоқ қилиш даврида бор мулкларини тортиб олишган, қўйлар ҳам колхозларга тарқатиб юборилган. Бобом азбаройи касбига ўрганиб қолганидан ўзи топширган қўйлардан беш юзтасини колхоздан сўраб олиб, чўпонликни давом эттирган. Отам ҳам Ўшнинг қир-адирларида чўпонлик қилган. Раҳматли жуда шинаванда инсон эди. Довонлар ошиб, қўй ҳайдаб юрганимизда кўрган одам қучоқлашиб кўришар, ўзбекми, қирғизми, албатта дастурхонга таклиф қиларди. Отамнинг ўзи ҳам меҳмон келмай қолса, қидириб топадиганлар тоифасидан эди. Зокир акам тўрт ёшидаёқ юзлаб қўйларни бир ўзи боқар ва ҳар бир қўй-қўзини танирди. Бирортаси йўқолиб қолса, санаб ўтирмаёқ “Ҳалиги қашқа қўзи кўринмаяпти”, деб таърифини келтириб берарди. Мана, етмиш йил ўтибдики, акам чўпонликдан воз кечмаган.
– Сизни туркиялик хонанда Иброҳим Тотлисаснинг концертида кўргандик. Бу ниманидир ўрганишми, шунчаки қизиқишми?
– Бу меҳмонга бўлган ҳурмат. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги оламга машҳур. Иброҳим Тотлисас билан аввалдан танишмиз. Юртимизга ташриф буюрганда шу халқнинг вакили сифатида унинг ўзига ва санъатига ҳурмат юзасидан ўғилларим билан концертига кирдим ҳамда гул билан қутлаб қайтдим. Ўрганишга келсак… менинг ундан ўрганадиган нарсам йўқ, шекилли.
– Бир мухлисимиз сизга шу саволини етказишимизни сўраган: “Мен 35 ёшга кирдим. Ҳалигача “Истиқлол” (собиқ “Халқлар дўстлиги”) саройига кирмаганман. Онамни концертга олиб бориб, эшикдан киргизиб қайтдим, турмуш ўртоғим ва болаларимни жўнатдим, лекин ҳануз ўзим кирганим йўқ. Чунки ўзимга ўзим ваъда берганман: қачон Шерали Жўраев концерт берса, кираман! Мен “Истиқлол” саройига кираманми?”
– Жуда ажойиб савол бўлибди, келинг, бир дуо қилайлик, бу йигит ҳам, ҳаммамиз ҳам ниятларимизга етайлик! Дуо ҳақида гап кетганда, ҳар биримиз дуоларимизда аввало халқимизга, юртимизга файзу барака тилашимиз, мамлакатимиз янада равнақ топишини сўрашимиз лозим. Кейингина ўзимизга сўрасак ярашади.
Энди бевосита саволга келсак, насиб қилса, албатта кирасиз, ука. Унга қадар ўғилларимиз Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳлар концерт беришни режалаштиришмоқда. Шу режаларимизни амалга оширайлик, бизга ҳам навбат келиб қолар…
– Тилакларингиз?
– Тилакларим кўп, аммо келинг, дуо қилайлик! Юртимиз тинч бўлсин, “Обод турмуш йили”да ҳар бир юртдошимизнинг турмуши фаровон бўлсин! Яхши кунлари кўп бўлиб, яхши кунларида биз ҳам шерик бўлишимиз насиб қилсин!
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Комментариев нет:

Отправить комментарий