Меню

среда, 10 апреля 2013 г.

Қўйлиқ деҳқон бозори собиқ директори Абдиусмон Муталиев


Қўйлиқ деҳқон бозори собиқ директори Абдиусмон Муталиев бозорни «ўзининг шахсий «томорқаси»га айлантириб» олгани учун жазога тортилди. Бу ҳақда «Huquq» газетасининг 28 март сонида эълон қилинган Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Мираглам Мирзаевнинг «Қўйлиқ бозоридаги олғирликлар» номли суд очеркида маълумот берилган.
Ёзилишича, 2010 йилнинг 7 апрелидан 2012 йил 7 майигача Тошкентдаги «Қўйлик деҳқон бозори» ОАЖ директори сифатида ишлаган Абдиусмон Муталиев жамият бош ҳисобчиси Дания Яхяева, савдо расталарини тозалаш ва назорат қилиш
бўлими бошлиғи Дилмурод Абдураҳимов, фуқаро Нодиржон Қосимов, автотўхтов жойи чипта сотувчиси Сайдали Мадраҳимов, бозор ҳуқуқшуноси Нурбек Рустамов ва бошқалар билан тил бириктиргани ҳолда уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилиб, жамият мулкини талон-тарож қилган.
Мирзаевнинг ёзишича, Муталиев дастлаб бозор атрофидаги автотураргоҳлардан «даромад» олишни йўлга қўйган: жамият учун 7550 метр квадрат майдон ажратилган бўлса-да, жиноий гуруҳ «солиқ тўлашдан бўйин товлаш мақсадида ўзбошимчалик билан» яна 2574 метр квадрат майдонни қўшиб олган. Натижада, 2010-2011 йилларда 1958,5 метр квадрат майдон ҳеч қаерда акс эттирилмай, эами ҳисобда солиқ солинадиган объектлар 240,63 миллион сўмга камайтириб кўрсатилиб, ўтган вақт давомида 292,585 миллион сўмликдан зиёд хизматларни амалга оширган ҳолда, қўшимча майдонлардан ноқонуний даромад топилган.
Бундан ташқари, Муталиев қўл остида ишлаётган ходимларни ишдан бўшатиб юбормаслик баҳонаси билан пора олишни ҳам йўлга қўйган. Жумладан, бозор ходими Б.Ҳикматуллаев ҳар куни жамият хизматидан тушган пуллардан 300 минг сўмни кассага кирим қилмасдан, директорга яқин одамлара орқали етказиб турган ва маълум давр мобайнида бозор хизматидан тушган 37 миллион сўм маблағ Муталиев қўлига бориб тушган. Бошқа бир ходим – Ш.Игамбердиев ҳам ҳар куни тушган пулдан 200 мин сўмини кирим қилмасдан, Муталиевга пора сифатида етказиб турган. Натижада жами 100,8 миллион сўмлик бозор мулки талон-тарож қилинган.
Бундан ташқари, автотураргоҳлардаги чипта сотувчилар ҳам кунига 300 минг сўмдан директорга тўлашлари шарт қилиб белгиланган, бунинг натижасида 2011 йил сентябридан 2012 йил апрелигача 72 миллион сўм пул Муталиевнинг шахсий эхтиёжлари учун етказиб берилган. Айни вақтда, Муталиев бу пулларнинг бир қисмини АҚШ долларига алмаштириб беришларин ҳам талаб қилган ва 12 минг доллар олган. Шунингдек, бозордаги тарозибонлар ҳам директорга улуш беришлари керак бўлиб, 2011 йил майидан 2012 йил апрелигача Муталиев бундан 24,6 миллион сўм даромад кўрган. Муталиев директорлик даври мобайнида юкхона хизматидан тушган пулдан 12,885 миллион сўм, аравалар ижарасидан тушган маблағлардан эса 47,5 миллион сўмни ўзлаштирган.
Муталиев тегишли ваколатли ташкилотларнинг рухсатларини олмасдан, бозор ҳудуди ва жамиятга тегишли бошқа жойларда енгил турдаги қурилиш ишларини амалга ошириб, кўчма киоскларни ташкил этган, уларнинг мавжудлигини ҳужжатларда кўрсатмай, дўконларни тадбиркорларга ижара шартномалари асосида фойдаланишга топширган. Натижада, ноқонуний йўл билан қурилган 245 енгил турдаги дўконлардан 3,477 миллиард сўм даромад қилинган бўлиб, давлатга мажбурий тўланиши керак бўлган 1,738 миллиард сўмлик маблағ тўланмаган.
Бундан ташқари, очеркда ёзилишича, нотўғри қурилиш ишларини ташкил этиш, қурилиш ишларини расмийлаштиришдаги фирибгарликлар, бозор ҳудудини таъмирлаш баҳонасида тадбиркорлардан нақд пул йиғиб олиш, маҳсулотни олиб келиб, сотиш бўйича алдов йўли билан нотўғри ва сохта шартномалар тузиш натижасида Муталиев ва у бошчилигидаги гуруҳ юз миллионлаб сўм маблағларни ўзлаштирган.
«Huquq» газетасида ёзилишича, Муталиев ва у бошчилигидаги жиноий гуруҳ аъзолари ўз манфаатлари йўлида яна кўплаб қонунбузарликларни содир этганликлари инкор этиб бўлмас далиллар билан ўз тасдиғини топган, «бу кимсаларнинг барча қилмишлари тергов-суриштирув жараёнида тўлиқ фош этилган», жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан барча айбдорларга қонуний жазо тайинланган. Бироқ газета очеркида жиноятчилар айнан қандай жазо олишгани тўғрисида аниқ ва батафсил маълумот берилмаган.
Муталиев иқтисодий жиноятларда айбланиб, бир ой ҳибсда сақланган ва шундан сўнг гаров эвазига озодликка чиқарилган. Ўтган йилнинг июль ойида бозорга Шокирбек Музроббеков янги директор этиб тайинланган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий