Меню

пятница, 19 апреля 2013 г.

Лўлини Эшагини махтаб пулини ол дегани шу бўса керакда,,,,,,


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 17 апрель куни Оқсаройда “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Ислом тараққиёт банки президенти Аҳмад Муҳаммад Алини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ислом тараққиёт банкининг аъзо мамлакатларда муҳим ижтимоий ва иқтисодий дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали изчил ривожланиш ва барқарорликни таъминлаш бўйича олиб бораётган бунёдкорлик ишлари Ўзбекистонда юксак баҳоланишини таъкидлади.
Ислом Каримов Аҳмад Муҳаммад Алининг нуфузли халқаро молия ташкилоти раҳбари сифатида мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини, Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаётганини ҳамда юртимизда ўтказилаётган бугунги даврнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференцияларда ўзининг анжуман мавзуси чуқур ва ҳар томонлама таҳлил этилган маърузалари билан доимий равишда иштирок этиб келаётганини араб дунёсининг Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида қаралишини алоҳида таъкидлади.
Аҳмад Муҳаммад Али ҳар гал юртимизга келганида улкан ўзгаришлар, юксалишга интилишнинг
буюк самаралари, янги-янги хайрли ташаббуслар натижаларига гувоҳ бўлишини таъкидлади. Меҳмон қайд этганидек, Президент Ислом Каримов юритаётган оқилона сиёсат натижасида мамлакатда барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришилмоқда. Илгари Ўзбекистон асосан пахта етиштирувчи ўлка сифатида танилган ва экспортининг деярли барчаси пахта хомашёсига тўғри келган бўлса, бугун мамлакат экспортида пахтанинг улуши 10 фоиздан ошмайди. Иқтисодий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон тайёр маҳсулотлар, шу жумладан автомобиллар экспорт қилувчи давлатга айлангани таҳсинга сазовордир. Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар барпо этиш дастури буюк ғоя ва эзгу ташаббус бўлиб, Президент Ислом Каримов узоқни кўзлаб сиёсат юритадиган раҳбар эканини яна бир бор тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги модели минтақадаги ва умуман дунёдаги бошқа давлатлар учун намунадир. Мазкур халқаро конференция ана шу мақсадларга ҳам хизмат қилади, деди Ислом тараққиёт банки президенти.
Жорий йилда мамлакатимизда ИТБ билан муносабатларнинг ўн йиллиги нишонланмоқда. Ўтган давр мобайнида юксак даражадаги ўзаро англашув ва мазмунан қатор муваффақиятли лойиҳалар билан тўлдирилган яқин ҳамкорлик қарор топтирилди.
Ушбу нуфузли халқаро молия ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида қиймати 186,4 миллион АҚШ долларига тенг 10 лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирги вақтда қиймати 640,9 миллион долларлик яна 10 лойиҳанинг ижроси давом этмоқда. 9 лойиҳани амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда, уларнинг молиявий қиймати 877,9 миллион долларга тенг.
Шунингдек, техникавий ҳамкорлик доирасида ИТБ томонидан Ўзбекистонга 12 лойиҳа учун 2,7 миллион долларлик грантлар ажратилган.
ИТБ раҳбарининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи асносида қиймати 36 миллион АҚШ долларига тенг “Тошкент шаҳрининг ташқи ёритиш тизимларини модернизация қилиш ва уларга энергия тежайдиган технологияларни татбиқ этиш” лойиҳаси бўйича молиявий битим имзоланди.
Ислом тараққиёт банки мамлакатимиз саноатини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга ҳамда инфратузилмага оид лойиҳаларни амалга оширишда Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг молия институтлари, жумладан, Саудия тараққиёт жамғармаси, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, ОПЕК жамғармаси, Абу Даби тараққиёт жамғармасининг инвестиция ва кредитларини жалб қилиш борасида асосий мувофиқлаштирувчидир.
Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир лойиҳаларни амалга ошириш Ислом тараққиёт банки гуруҳи билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Корпорация томонидан кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 83 миллион долларни ташкил этади.
Музокарада муносабатлар истиқболи ҳамда янги ўзаро манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Аҳмад Муҳаммад Али самимий қабул учун Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этиб, ИТБ Ўзбекистон билан бундан кейин ҳам самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий