Меню

четверг, 11 апреля 2013 г.

БОР АРМОНИМ........


  


Ў, дунё-я, ўзбекнинг не сор боласи, 
Кўкрагида ёнар ўти бор боласи,
Шу ўт сабаб аввал-охир хор боласи
Магаданнинг тупроғида ухлаб ётар.

Одамизод бир-бирини ўнгласинлар,
Ўнгламаса, ўзлари ҳам ўнгмасинлар.
Ўзга ерда ризқ тергани майли-ку-я,
Ўзгаларнинг тупроғига кўммасинлар. 

Ўз элига сиғмаган қувғин болалар,
Қасоси бўғзида кеттан хун болалар,
Ёлғонларга емиш бўлган чин болалар
Магаданнинг тупроғида илдиз отар.

Мушкул кўриб кетмоғинг бу эл доғини,
Санчиқ олар кўкрагимнинг чапроғини, 
Боз ўйлайман, отилажак бу вулқонлар
Қўпормасми Магаданнинг тупроғини...

... Қути қочган, ўри, қири ёлғиз элим,
Ожизи-ю баҳодири ёлғиз элим,
Ҳар бирида ўзининг жон талвасаси,
Ўзича бек, лек ҳар бири ёлғиз элим.

Куймайманми, ўнгмаганинг кўриб ўлсам,
Бир-бирингни бир-бирингдан қўриб ўлсам,
Ўтарканман бу дунёдан, бор армоним —
Бир-бирингни ўнглаганинг кўриб ўлсам.

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий