Меню

воскресенье, 21 апреля 2013 г.

MEXP



Бекатда автобус кутиб турган эдим. Автобус келмагач, бекатдаги ўриндиққа бориб ўтирдим. Бир онахон ўтирган эканлар. Гурунглашиб қолдик. Ёшлари 70 га яқинлашиб қолибди. Кўзлари мунгли, ҳаётда жуда қийналганлари ажинли юзлари, оппоқ сочларидан ҳам кўриниб турибди.
- Хўжайинимнинг феъли жуда оғир эди. Фарзандларим олдида мени кўп хафа қилар, ўринсиз ҳақоратлар, бошимдан калтак тушмасди. Фарзандларим учун ҳаммасига чидадим. Аммо, бугун уларга оғирлигим тушаётганини ҳис қилиб, қалбим ўртаниб кетади. Турсам ҳам, ўтирсам ҳам яккагина ўғлимга ёқмайман. Феъли отасиникидан қолишмайди. Каттасидан ташқари қизларим ҳам бемеҳр. Айниқса, кичик қизим жуда шартаки, мени кўп хафа қилади. Андиша қилмасдан ҳамма нарсани, яхши гапни ҳам, ёмон гапни ҳам шарта- шарта юзимга айтади, қўяди. Худога шукур, келинимдан ёлчиганман. Қизларимдан кўра менга меҳрибон. Кўнглимга қарайди, доим.

Онахонни сўзларини эшитиб, бир ҳамкасбимнинг гапи ёдимга тушди. “Ота-она ўнта фарзандни боқади, аммо 10 нафар фарзанд битта ота-онани боқа олмайди...”. Ҳақ гап.
- Неваралар фарзанддан ҳам ширин бўлар экан, 10 нафар неварам бор. Шу йил тўртинчи қизим яна бир фарзанд кўрди. Бирам ширин қизча. Кўзлари мунчоқдек. Айниқса уни жуда соғинаман. Аммо қизим уникига боришимни сира ёқтирмайди. Борсам, умуман хуш кўрмайди. Ҳар бир хатти-ҳаракатим негадир унга малол келади. Кўзи ёриганидан кейин неварамнинг чилласи чиққунча ёнида бўлдим. Туғруқ оғир кечгани учун жарроҳлик операциясини бошидан ўтказганди, шунинг учун қийналмасин дедим-да... – оғир хўрсиниб қўйди онахон.
Фарзандга меҳр бериш керак, агар у меҳр кўрмаса бағритош бўлиб вояга етади. Оилада отанинг ҳам, онанинг ҳам ўрни муҳим. Аммо ота онанинг, яъни хотинининг қадрига етмас экан, бу фарзандлар тарбиясига салбий таъсир қилмасдан қолмайди. Худди шундай она ҳам отанинг, турмуш ўртоғининг ҳурматини жойига қўйиши даркор. Акс ҳолда бундай оилаларда вояга етган фарзандлар жиззаки, бемеҳр бўлиб вояга етишади. 
- Болаларимдан меҳримни аямадим. Аммо, отасининг бадфеъллиги тўнғич қизимдан ташқари барча фарзандларимга ўтган. Кунора оиламизда бўладиган жанжаллар сабаб бўлса керак, бунга. Қизларим турмушга чиққандан сўнг, фарзандли бўлгандан кейин ўзгаради, деб ўйлагандим. Афсуски, бундай бўлмади. Ёлғиз катта қизим ёшлигидан кўнглимга қарайди, менга жуда меҳрибон. - деб сўзида давом этди онахон.
Онахон бу ҳикоясини мени чуқур ўйлантирди. Ота-она бўлиш, том маънода фарзандларга ота-оналик қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмас экан-да… “Сени едираяпман, кийдираяпман, яна қилишим керак?” дея такрорлайдиган оталар, “Мени айтганимни қиласан, сен ҳаётда нимани ҳам тушунардинг!” деб фарзандига тинмай уқтирадиган оналар ўзларини доим ҳақ деб ўйлашади. Аслида эса ота-она бўлиш эркакдан ҳам, аёлдан ҳам катта масъулиятни талаб этади.
- Бундан 50 йил муқаддам ҳаётимиз анча оғир эди. Илк турмуш қурган йилларимни эсласам, бугунги шарт-шароитдан анча фарқ қилишини тушуниб етаман. Илгари қийин эди. Ҳозир эса ҳамма нарса бор. Фақат... Пул бўлса бўлди. Нимани хоҳласанг, пулга ўшани оласан. Аммо ҳозир одамлар орасида негадир меҳр йўқ. Оқибат етишмайди. Ҳамма пул топиш билан овора. Қандай йўл билан бўлмасин, пул топсам дейди. Илгари бир бурда нонни яқинларимиз, қўшнилар билан баҳам кўрардик... Ҳозир негадир, ундай эмас, – таъкидлайди онахон.
Меҳр берсанг, меҳр кўрасан. Ўз ота-онангга қандай муомила қилсанг, келажакда фарзандларинг ҳам сенга шуни қайтаради. Аммо оталари сабаб бадфеъл бўлиб вояга етган онахоннинг фарзандлар бир куни келиб, волидаи муҳтарамаларининг қадрига етиш лозимлигини тушуниб етишармикан...
Онам ҳар доим “Беш панжа баравар эмас”, деб такрорлайдилар. Яна тўрт хил феълли одамлар бўлади, дейдилар... Олов, сув, ҳаво ва тупроқ. Кимдир оловдек тез. Кимдир сувдек суюқ. Яна кимдир ҳаводек ўзгарувчан. Биров эса тупроқдек оғир, вазмин...
Аммо, менинг назаримда, ота-она бўлиш ҳамма учун бирдек масъулиятли. Шу билан бирга фарзандларнинг ҳам ота-она олдида ўзига яраша бурчлари бор... Фақат буни ҳамма ҳам англаб етмайди... Нима ҳам қилардик, буни ҳаёт дейдилар. Бироқ, бир нарсани унутмаслигимиз керак. Бу дунёда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қайтади. Ва яна ... меҳр берсанг, меҳр кўрасан...

Комментариев нет:

Отправить комментарий