Меню

вторник, 16 апреля 2013 г.

ор-номус, уят ва андиша


Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат мавзуидаги маърифий тадбирда хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришнинг долзарб вазифалари хусусида сўз борди. Тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, фаол хотин-қизлар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маънавият тарғиботчилари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, талаба-ёшлар иштирок этган.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори В.Алимова, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори А.Ҳайдаров, «Камолот» ёшлар ижтимоий
ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова, Ўзбекистон халқ артисти Р.Иброҳимова ва бошқалар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиққан.
Ўзбекистонда ёшларнинг онгида эзгу фазилатларни мустаҳкам қарор топтиришга қаратилган қатор ижодий лойиҳалар, кўрик-танлов ва фестиваллар ташкил этилмоқда, таълим тизимининг барча босқичида миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани жорий этилган. «Бироқ бугунги глобаллашув даврида миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган, маънавий саёз қўшиқ ва клиплар айрим ёшларни ўзига жалб этаётгани таассуфлидир», – деб ёзади ЎзА.
ЎзА хабарида қайд этилишича, мобил телефон, интернет орқали Ўзбекистон халқи ҳаёт тарзига зид суратлар, турли компьютер ўйинлари, паст савияли фильмлар тафаккури шаклланаётган ёшлар, биринчи навбатда, қизлар ўртасида ҳам оммалашаётгани уларнинг тарбиясига жиддий путур етказяпти. ЎзА хабарида бу борадаги мисоллар келтирилмаган.
Хабар беришларича, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бу борадаги таҳдидларга қарши курашиш мақсадида туркум маърифий лойиҳалар, акциялар, жонли мулоқотлар, китобхонлик кечалари ўтказилмоқда. «Таълим маскани ва маҳаллаларда «Ораста қизлар» тўгараклари ташкил этилаётгани қизларнинг таълим олиш билан бирга, миллий қадриятларга ҳурмат, оила, жамият ва Ватанга садоқат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда», – деб ёзади ЎзА.
Тадбирда бу йўналишдаги ишларни давр талаби даражасида такомиллаштиришда турли вазирлик ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини жонлантириш, бунда «оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланган.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизматининг  маҳаллаларда ўтказилаётган ўзаро мулоқотларда ёш қизлар глобаллашув даврининг айрим салбий таъсирлари ҳақида, хусусан, баъзи ҳолларда интернет ва телеканалларда миллийликка ёт бўлган ғояларнинг тарғиб этилаётгани каби ҳолатлар ҳақида ўз муносабатларини билдириб, тақдимотлар ўтказишмоқда.
kun.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий