Меню

воскресенье, 7 апреля 2013 г.

Кўзларимга мунча маюс боқма, болам.



Кўзларимга мунча маюс боқма, болам,
Вайрон дилим вайрон этма, ёқма, болам.
Насибангни йўлда итлар талаб кетди,
Менга таъна қилиб кииприк қоқма, болам...

Жигар - бағрим эзилади сени ўйлаб,
Қаерларга бош урмадим дардим сўйлаб.
Бизни нонга зор қилганлар юрар тўйлаб...
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам.

Онангнининг кўз ёшларига қаролмайман,
Билиб туриб, ҳолинг не деб сўролмайман.

Эркак бўлиб, бош кўтариб юролмайман...
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам.

Умрим меҳнат билан ўтди. Ўтди ҳалол,
Ўғри - подшо бўлди. Бу юрт топди завол.
Қонимизни сўриб ётар билмай увол...
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам.

Насибангни шулар йўлда талаб олди,
Тўппончалар ўқтаб ёмон ғавғо солди.
Отанг нонсиз ва имконсиз бўлиб қолди...
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам.

Қонлар ютган бир сен эмас, Бир мен эмас.
Нажот - фақат ўз жонимга қилмоқми қасд...
Бутун бу юрт оғир - оғир олар нафас,
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам.

Умр берсин, мен бир йўлин биладирман,
Шу кунларга солганга қасд қиладирман.
Ўғри подшо жигар - бағрин тиладирман...
Менга таъна қилиб киприк қоқма, болам.

Ёдгор Обид 

Комментариев нет:

Отправить комментарий