Меню

понедельник, 15 апреля 2013 г.

Бостон марафонидаги кетма-кет икки портлаш




15 апрель куни Бостонда содир бўлган терактлар бўйича тергов-суриштирув ишларини ФҚБ олиб боради. Бу ҳақда BloombergTV сайтида трансляция қилинган матбуот анжумани вақтида қидирув бюроси расмий вакили маълум қилди. Тергов-суриштирув ишлари ҳам маҳаллий, ҳам федерал даражада олиб борилади.
Массачусетс штати губернатори Патрик Деваль ўз нутқида айни вақтда тергов-суриштирув
ишлари ҳодиса содир бўлган жойга қўшни мавзеларда ҳам олиб борилаётганини маълум қилди. Аввалроқ, ФҚБ бошқа портловчи қурилмалардан эҳтиёт чораси сифатида портлашлар содир бўлган Бостон марафонининг бутун йўналиши бўйлаб қидирув олиб бораётгани хабар қилинган эди.
Тергов-суриштирув ишлари бир неча кун давом этиши кутилмоқда. Губернаторнинг қайд этишича, шаҳар фаолияти 16 апрель куни деярли тўлиқ қайта йўлга қўйилса-да, суриштирув ишлари кундалик ҳаётга таъсир этади. Хусусан, амалдорлар аҳолидан шубҳали шахслар ва предметлар ҳақида огоҳлантиришни илтимос қилишди.
Шаҳар кўчалари бўйлаб ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинадиган нуфузли Бостон марафонининг финал қисмида, маҳаллий вақт билан соат 14:50да, кетма-кет икки портлаш содир бўлди. Кейинроқ эса ишламай қолган иккита портловчи қурилма топилган. The Wall Street Journal’нинг ёзишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари бешта шубҳали предметни топишган, бироқ терговчилар ушбу қурилмалар портловчи бўлганини тасдиқлашмади.
Расмий маълумотларга кўра, портлашлар натижасида икки киши ҳалок бўлган, юздан ортиқ киши жароҳат олган. Воқеадан жабр кўрганлар тўғрисида расмий манбалардан бошқа батафсил маълумот йўқ. Айни вақтда, Американинг CNN телеканали тарқатган маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида саккиз ёшли бола ҳам бор. CNN ҳисоб-китобига кўра, жароҳатланганларнинг тахминий сони 141 киши бўлиб, улардан 17 нафарининг аҳволи оғир.
Америка ҳукумати содир бўлган ҳодисани террорчилик ҳаракати деб баҳолади. АҚШ президенти Барак Обама ким ҳужум қилгани ва уларнинг мақсади номаълумлигини маълум қилиб, айбдорларни топиш ва жазолашга ваъда берди.
Аввалроқ, бир қатор ОАВда портлашларни содир этганликда гумон қилинган шахс қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, шубҳали шахс 20 ёшли Саудия Арабистони фуқароси бўлиб, у портлашдан кейин жароҳат олган ва шифохонада қўриқчилар назорати остида қолган. Бироқ Бостон полицияси ушбу маълумотларни рад этиб, айни вақтда, полициячилар бир неча кишини сўроқ қилишаётганини маълум қилди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий