Меню

понедельник, 29 апреля 2013 г.

Россиядаги нарко-жиноятларни камайтириш учун Ўрта Осиёда паррандачиликка пул тикилади



Россия ҳукуматининг махсус комиссияси Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат корпорациясини ташкил этиш борасидаги Россия гиёҳванд моддалар айланмасини назорат қилиш федерал хизмати (ФСКН) раҳбари Виктор Ивановнинг ғоясини маъқуллади. Бу ҳақда, «Коммерсантъ» газетасига асосланиб, «Лента.Ру» интернет-нашрихабар бермоқда. Ушбу қарор Марказий Осиё минтақасида янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолини гиёҳванд моддалар савдосидан олиб қолиш мақсадида қабул қилинган.
Комиссия мажлисида тасдиқланган протоколга кўра, корпорация лойиҳасини комиссия Россия ташқи иқтисодий фаолият ва тараққиёт банки – ВЭБ иштирокида ишлаб чиқилади. Молиялаштириш манбалари Россия Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан белгиланади. Ташкил этиладиган корпорациянинг мулкчилик шакли ҳозирча номаълум.
Виктор Ивановнинг сўзларига кўра, дастлабки босқичда корпорация Россия бюджетига 2 миллиард рублга тушади. Ташкилот Ўрта Осиёдаги ГЭСлар, паррандачилик корхоналари, шунингдек, саноат корхоналари акцияларини сотиб олиш билан ҳам шуғулланади.
Комиссия протоколида қайд этилишича, 30 мингта янги иш ўринларини ташкил этилиши натижасида Афғонистондан етиштирилган наркотик моддаларнинг Ўрта Осиё орқали ўтиши тўртдан бирга, Россиядаги гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар сони эса учдан бирга камайиши мумкин. Айни вақтда, Ивановнинг фикрича, чегараларни қўриқлаш ва контрабандачиларга қарши курашишдан кўра Осиё давлатларига пул киритиш самаралироқ бўлади, чунки фақатгина полиция кучидан фойдаланиш натижа бермайди.
«Лента.Ру»нинг қайд этишича, Россия ҳозирги кунда Ўрта Осиёнинг аксарият мамлакатлари учун асосий савдо ҳамкор ҳисобланади. Бундан ташқари, Россия миграция оқимларининг асосий пунктига ҳам айланган. Баъзи маълумотларга кўра, Россияда ишлаётган ўрта осиёликлар сони 10 миллион нафаргача етади ёки минтақа мамлакатлари аҳолисининг 20 фоизини ташкил этади.
Виктор Ивановнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2010 йилда Ўрта Осиё республикалари орқали Россияга ҳар куни 200 килограмм героин олиб келинган.

Комментариев нет:

Отправить комментарий