Меню

понедельник, 22 апреля 2013 г.

«Мумкин эмас, тамом!»,


Якинда интернет-нашрида «Тошкент: завқланиш мумкин, фотосуратга олиш эса – йўқ», – номли мақола эълон қилинди. Kun мақола таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.

«Кенг ва равон кўчалар, замонавий кўприклар, муҳташам бинолар, гўзал хиёбонлар, обод бозорлар – оммавий ахборот воситалари Тошкент кўчаларини шундай иборалар билан таърифлашади.
Бунга қўшилмаслик қийин – Ўзбекистон пойтахти билан ҳақиқатан ҳам исталганча завқланиш мумкин, бу ерда бир неча йил бўлмаган кишилар эса шаҳар қиёфасидаги катта ўзгаришларни дарҳол сезишади.
Бироқ, фотоаппарат ёки ҳатто мобил телефонни чиқариб, мана шу кўчалар, бинолар ёки хиёбонларни суратга олишга шайланганингиз ҳамоноқ, милиционернинг овозини эшитасиз:
«Оғайни (ака, синглим ва ҳакозо), расмга олманг!».
Бизнинг мухбирларимиз бу гапни мунтазам эшитишларига тўғри келади. Бу ҳақда ўқувчиларимиз бизга тез-тез хат ёзишади. Нима учун шаҳарда фотосурат олиб бўлмаслиги масалалари интернет-форумларда муҳокама қилинмоқда. Бунда гап энг оддий кўчалар, бино ва иншоотлар ҳақида бормоқда.
Янги мисол. Шанба куни ходимимиз фарзанди билан Тошкент вилояти ҳокимлиги биноси олдида сайр қилиб юрган вақти: «Ишда керак бўлиб қолади», – деган фикр билан смартфонига сурат (юқоридаги сурат) олди.
Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан бинодан милиция ходими чиқиб келиб, суратга олмасликни сўради. Нима сабабдан тақиқ қўйилгани ҳақидаги саволга: «Мумкин эмас, тамом!», – деган жавоб янгради. Тақиқ ҳақидаги тегишли ҳужжат ёки фотоаппаратнинг устига чизилган тахтачани кўрсатиш илтимос қилинганида, милиционер: «Бу оғзаки кўрсатма», – деб жавоб берди.
Милиция ходими, хокимлик биноси махфий объект ҳисобланмаслиги ҳақидаги фикрга қўшилган бўлса-да, нима учун уни суратга олиш мумкин эмаслигини асослаб бера олмади. Охир-оқибат, у ходимимизга тақиқ сабабини тушунтириб бериши ва, «агар лозим деб топишса», суратга олиш рухсат бериши учун ўзининг раҳбарияти билан учрашишни таклиф қилди.
Милиционер бино фотосурати нима учун кераклигига қизиқди. Журналистнинг ёнида гувоҳномаси йўқ эди, бироқ, тажрибадан биламизки, у камдан-кам «раҳбарият билан суҳбат»лардан сақлаб қола олади. Одатда, милиционернинг раҳбарияти ҳар доим ижобий жавоб беради ва бу қўшимча саволларни пайдо қилади: аслида ушбу таҳқирловчи жараённинг нима кераги бор ва агар кишида журналистлик гувоҳномаси бўлмаса, нима қилиш керак?
Орадан бироз вақт ўтиб, нима суҳбат бўлаётганига қизиқиб, милиционернинг ёнига ҳамкасби қўшилди. У суратни ўчириб ташлашни талаб қилди ва рад жавобини олди. Бу вақтда эшикдан учинчи милиция ходими қараб турганди. Ҳаммаси борган сари қизиқарли кўриниш олиб бораётганди, бироқ сайр қилгани чиққан журналист, бинони рухсат этилмаган суратга олишдан сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган тартиб посбонлари умуман сезмаётган фарзандини зериктириб қўйиш нияти йўқ эди.
Милиционерлар билан хайрлашишга тўғри келди ва охирида улардан бири: «Тўғри тушунасиз», – деб қўл силтаб қолди. Ҳақиқатан ҳам, милиционерларга эътироз билдириш аҳмоқлик бўларди. Ҳеч қандай ҳужжат билан тасдиқлаб қўйилмаган мантиққа зид қоидаларни улар ўйлаб топишмайди.
Баён этилган вазият ҳар сафар бир хил сценарий билан такрорланади: 1) милиционер суратга олишни тақиқлайди, 2) агар суратга олаётган шахс бу талабни рад этса, милиционер ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилади, 3) фотосурат нима учун кераклигини сўрайди, 4) гувоҳнома ёки паспортдан маълумотларни кўчириб олади, 5) фотосуратни ўчириб ташлашни талаб қилади, 6) рад жавоби берилганда, милиционер одатда яқин орада турган раҳбариятига мурожаат қилади, 7) раҳбарият одатда фотосуратни қолдиришга рухсат беради, бироқ «бошқа расмга олмасликни» сўрайди.
Кўпинча (худди шу вазиятда бўлгани каби) бир милиционернинг ёнига бошқалари қўшилади. Бир сафар, Митрофанов бассейни бузилишини суратга олаётган журналистимизни бирданига олти ёки етти нафар формадаги ходим ўраб олган эди.
Айни вақтда, мана бундай одатий гапларни эшитишга тўғри келади: «Расмга олишга ким рухсат берди?», «Интернетга қўймоқчимисан?», «Балки «шпион»дирсан!» ва биз энг яхши кўрадиганимиз: «Ҳеч ким расмга олишни тақиқлаётгани йўқ, хат ёзинг, рухсат олинг-да, расмга олаверинг!».
Бу каби вазиятлар ҳукумат давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга ҳаракат қилаётган бир вақтда айниқса мантиқсиз бўлиб кўринади. Ахборот эркинлиги асрида, очиқ, демократик жамият қураётганимизда, ёшларни эркин ва илғор фикрлайдиган қилиб тарбиялаётганимизда эскирган ва аҳмоқона тақиқларни бекор қилиш вақти етди».
«Газета.uz»нинг ёзишича, нашр биноларини суратга олиш нега тақиқлангани тушунтриб беришни сўраб, бир қатор давлар органларига, жумладан, Тошкент вилояти ҳокимлигига ҳам мурожаатлар жўнатган. «Биз суратга олаётган вақтимиз ушбу сурат бизга нима учун кераклигини тушунтиришимизга тўғри келган бинолар суратларини чоп этишни хоҳлагандик, бироқ, бундай суратлар жуда ҳам кўп бўлиб чиқди», – дея қўшимча қилган «Газета.uz».

Комментариев нет:

Отправить комментарий