Меню

пятница, 16 августа 2013 г.

Ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайиб бораётгани



Юртимизда фарзандларимиз маънавиятини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида изчил ишлар амалга оширилаётир. Чунки ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий қадриятларимизга ёт ғоялар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайиб бораётгани барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида баркамол авлод тарбияси ва уларни диний экстремистик гуруҳларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш масалаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Миллий ғоя ва
мафкура илмий-амалий маркази раҳбари М.Қуронов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Ш.Шарипов, Тошкент ислом университети ректори Р.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани, бу йўлда амалга оширилаётган тизимли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.
Бу жараёнда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда уларни гиёҳвандлик, 
ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган турли зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият”нинг таҳдид ва хатарларидан асраш масалалари – доимий эътиборда. Чунки айнан ана шундай иллатлар халқимизга хос ҳаё, андиша, инсоф, диёнат каби фазилатларга, асрлар давомида шаклланган анъаналаримизга путур етказади. Ўз навбатида, инсоният бошига турли кулфатларни солаётган диний экстремизм ва терроризмнинг зимдан илдиз отишига шароит яратади. Бунга кейинги пайтда айрим минтақаларда содир этилаётган қонли воқеалар мисолдир.
Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида таъкидлаганидек, “маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин”. Шу маънода бугун Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистондаги барқарорликка таҳдид солувчи диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш – долзарб аҳамиятга эга.
Анжуманда ўсиб келаётган ёш авлоднинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, ёшларни билимли, ватанпарвар ва ҳар томонлама етук этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар чуқур таҳлил қилинди. Диний экстремистик оқимлар бугунги кунда ўз ғояларини турли йўллар, хусусан, интернет тармоғи орқали тарғиб этишга ҳаракат қилаётгани, ўқиш ёки ишлаш учун хорижга чиққан ёшларни алдаб ўз сафига тортишда турли усуллардан фойдаланаётгани қайд этилди.
Шу боис ёшларнинг бундай ғаразли кучлардан доимо огоҳ бўлиши учун уларнинг билими, маънавиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўлами кенгайтирилмоқда. Ақидапарастликка қарши кураш ўқув муассасаларидаги маънавий-маърифий тадбирлар, ёшлар билан турли шаклдаги учрашувлар, суҳбатлар, оммавий нашрлар, радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар воситасида олиб борилаётир. Бу жараёнда тегишли тадбирлар ўқув муассасалари, жамоат ва диний ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар билан тизимли равишда ва замонавий мультимедиа воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Анжуманда таълим муассасаларида ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, интернет тармоғида диний экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олиш, ақидапараст ғояларни фош этиш бўйича ишларни янада такомиллаштириш юзасидан фикрлашилди. Бу борадаги ишларга ҳисса қўшиш буюк ва муқаддас Ватанимизнинг фарзанди бўлган ҳар бир юртдошимизнинг доимий бурчи экани таъкидланди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий