Меню

вторник, 20 августа 2013 г.

Эски гапининг Янги куриниши,биродарлар ва Экстремистлар киму-ким?



2007 йилнинг март ойи бошларида бир шов-шувли жиноий ишга нуқта қўйилди. Бир гуруҳ ўзбекистонликлар – Иваново шаҳридан бўлган тадбиркорлар “Акромийлик” диний-экстремистик гуруҳи ҳамда 2005 йил май ойида Андижонда бўлиб ўтган воқеалар”га алоқадорликда айбланган эдилар. Ўн саккиз ой давом этган текширувлар натижасига кўра, Россия тадбиркорларни Ўзбекистонга топширишдан бош тортган.
Собиқ айбланувчилардан бири Ҳотам Ҳожиматов “акромийлар” раҳбари Акром Йўлдошев ва унга эргашувчилар ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашишга рози бўлди. Бу ҳикоя ташкилотга кирмаган, аммо у ерда жорий этилган тартибларни яхши билувчи ва уларга танқидий ёндоша олувчи кишининг гувоҳлиги ўлароқ бизга қизиқ туюлди.
Ҳотам ҲожиматовҲотам Ҳожиматов ҳақида икки оғиз сўз
Мутахассислигига кўра – нефтчи-муҳандис. Тюмень вилоятидаги конларда ишлаган. 2003 йилдан бошлаб Иваново шаҳридаги “Ростекс” МЧЖ бош директори. Ўзбекистонлик сиёсий муҳожирларга фаол ёрдам кўрсатган “Ивановолик ўзбеклар” жамоатчилик ташкилоти асосчиларидан бири. Ўзбекистонга топширишларидан чўчиган Ҳ. Ҳожиматов 2005 йил охирида Украинага кетган, у ерга бориши билан сиёсий бошпана сўраган. Ҳозирги пайтда Норвегияда яшайди.
* * *
Фарғона.Ру: - Андижон воқеаларидан кейин кўпчилик, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам
“Акромийлик”ни Ўзбекистон махсус хизматларининг хаёлоти маҳсули дегандилар. Бунақа ташкилот ҳақиқатан ҳам бўлганмиди?
Хатам Хаджиматов: - Ташкилот бор эди. Фақат унинг аъзолари ўзларини “биродарлар” деб атардилар. Халқ орасида улар ўз раҳбарлари Акром Йўлдошев номи билан “акромийлар” сифатида таниш эдилар. Ташкилот, агар таъбир жоиз бўлса, ягона раҳбарлик остида ишловчи ўнлаб фирмалар кооперациясидан иборат эди. “Биродарлар” ўз ижтимоий, иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш ниятида бирлашгандилар, уларнинг сони эса бир неча ўн минг кишини ташкил қиларди. Албатта, ташкилот давлат рўйхатидан ўтмаганди, бунақа вазифани ўз олдига қўйган ҳам эмасди.
Фарғона.Ру: - Улар билан қандай танишиб қолдингиз?
Ҳотам Ҳожиматов: - Раҳматли дўстим Жўрахон Азимов мени Акром Йўлдошев билан учраштириб қўйганди. 90-йиллар бошларида Жўрахон “Бирлик” ҳаракати Андижон бўлими раҳбарларидан бири бўлган, кейинчалик эса “Биродарлар”га қўшилган, кейин эса ҳибсга олиниб, “Жаслиқ” колониясида ҳалок бўлган. Биз танишган пайтларда Акром Йўлдошев ўрта мактабда муаллимлик қиларди. У “Иймонга йўл” китобини айнан ўша пайтда ёзган ва ҳамфикрлари доирасида тарғиб қилган. У менга ўқимишли ва ўз ғояларига қаттиқ ишонган одам бўлиб кўринганди.
Унинг бошқа издошлари билан мени фақат иш юзасидан ҳамкорликкина эмас, дўстона муносабатлар ҳам боғлаб турарди. Улар мени бизнес юритиш йўсинлари билан ҳам қизиқтириб қўйгандилар. Уларнинг анча муваффақиятли бўлган ўз тизимлари бор эди. Аммо улар инсон сифатида ҳам ўзига хос хусусиятларга эга эдилар, буни сезмаслик мумкин эмасди. Масалан, мен билган “Биродарлар”нинг ҳаммалари ўз ғояларининг ҳақлигига қаттиқ ишонганликлари билан ажралиб турардилар. Мен уларга ачинардим, аммо диндор одам сифатида уларнинг қарашларига қўшилолмасдим.
“Биродарлар” мафкураси менга Ислом билан коммунизм ўртасидаги мафкурага ўхшарди. Бу менинг мазкур ташкилотга киришимга тўсқинлик қилган асосий сабабдир. Аммо ёрдам беришга ёрдам берганман. 2004 йил охирида Ивановога бизнинг олдимизга Ўзбекистонда таъқибга учрай бошлаган жамоат аъзолари кела бошладилар. Ташкилотимиз сиёсий қочоқларга, шу жумладан, акромийларга ҳам кўмак кўрсатарди. Албатта, биз ҳибсга олинган тадбиркорлар учун қайғурганмиз, Андижондаги суд жараёнини изтироб билан кузатиб турганмиз. Бу иш юзасидан тергов қилинганлар орасида менинг дўстларим ҳам бор эди.
Фарғона.Ру: - Андижон воқеалари чоғида Йўлдошевнинг издошлари ҳақиқатан ҳам қўлларига қурол олганмилар? Ҳарбий гарнизон ва маҳбуслар чиқариб юборилган қамоқхонага, сизнингча, ким ҳужум қилганди?
Ҳотам Ҳожиматов: - Буни ҳалигача тушунолмайман. Йўлдошевнинг мафкуравий тизими ҳар қандай зўравонликни истисно этарди. “Биродарлар” жамиятни босқичма-босқич, фаровонлик “оролчалар”ини ташкил қилароқ, янги тарафдорларни сафларига жалб этароқ ва улардан янги шахслар шакллантирароқ ўзгартирмоқчи эдилар. Шунинг учун ҳам улар бизнес билан шуғулланардилар ва катта муваффақиятларга эришгандилар.
Уларнинг фирмалари бошқа корхоналар рақобат қила олмайдиган энг юқори сифатли маҳсулотларни чиқарардилар. Маъмуриятлар офислари, шу жумладан, ҳоким кабинети ҳам акромийлар корхоналарида тайёрланган мебеллар билан жиҳозланганди. Андижонга келган ҳар қандай одам таксичидан акромийлар каҳваҳонасига олиб бориб қўйишни сўраши мумкин эди ва ҳайдовчи уни ортиқча гап-сўзсиз машҳур “Шинам” қаҳвахонасига етказиб қўярди. Акромийлар пиширган қандолатчилик маҳсулотлари ва пишириқларга маҳаллий бозорда талаб катта эди.
Уларнинг қурилиш корхоналари кўпинча тендерларда ғолиб чиқарди. “Биродарлар” ҳалол, виждонан ишлардилар – уларнинг сири ҳам шунда. Текширувга келган ташкилотлардан бирортаси уларнинг ишидан ишкал тополмасди, чунки улар чиндан ҳам қонунга мувофиқ ишлардилар. Уларда ҳисоб-китоб иши аъло даража эди. Улар солиқларни доим ўз вақтида тўлаб турардилар. Аммо мутлақо машруъ ва мақтовга сазовор бу фаолиятдан ташқари кўринмас, гизли томон ҳам мавжуд эди.
Фарғона.Ру: - У нима билан боғлиқ эди?
Ҳотам Ҳожиматов: - Уларнинг мафкураси билан. Улар теран эътиқодли мусулмонларга ўхшамасдилар. “Биродарлар” узун соқол қўймасдилар, беш маҳал намозни доим ҳам ўқимасдилар, барча мусулмонлар учун фарз бўлган Рамазон рўзасини тутмасдилар, ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка ва Мадинага бормасдилар.
Уларнинг таълимотларига кўра, барча мўминлар учун фарз бўлмиш бу амрларни бажармаса ҳам бўлаверарди. Чунки жамоат, уларнинг айтишларича, исломий жамият қуришнинг дастлабки босқичида экан. Иймонга, уларнинг фикрича, босқичма-босқич бориш лозим экан.
Ташкилотга эндигина кирган одам сиёсат ёки акромийлар мафкураси билан кам қизиқарди: аслида уларни фақат битта нарса – ўз моддий муаммоларини ҳал қилиш масаласи қизиқтирарди. Ўз иш ўринларини сақлаб қолиш учун улар ўз раҳбарларининг ҳар қандай ғояларини қўллашга тайёр эдилар. Акром Йўлдошев китобини ўқиб-ўрганиш асносида (ўқиш эса мажбурий эди) янгиларнинг онги аста-секин ўзгара бошларди. Яхши йўлга қўйилган ташвиқот ўз ишини қиларди. Вақт ўтиши билан ёшлар ҳақиқий “биродарлар”га айланишарди. Бошқача қилиб айтганда, улар акромийлар идеал деб ҳисоблаган мусулмон тимсолига мувофиқлаша бошлар эдилар. “Биродар” ўзининг бевосита раҳбарига сўзсиз бўйсуниши, ҳар қандай буйруқни бажаришга тайёр туриши керак эди.
Агар ташкилотга дин асосларидан хабардор бўлган, ўз фикрини изҳор қилишга ботинган одам тушиб қолгудек бўлса, уни “мафкуравий жиҳатдан” етилмаган кишилар сафига ёзиб қўярдилар. Бунақа одамлар ташкилотдан суриб чиқариларди, аммо бу аста-секинлик билан, ишчининг ўзига билдирмай амалга ошириларди. Уни чиройли баҳона билан бошқа ёмонроқ ва маоши камроқ ишга ўтказардилар. Агар “диссидент” янги жойда ҳам мафкуравий ишловга бўйин бермаса ва ўз мулоҳазасини билдиришда давом этса, уни яна бир поғона пастга туширардилар. Охир-оқибат унинг ўзи акромийлар тизимидан кетишга мажбур бўларди.
Фарғона.Ру: - Сиз ташкилотнинг ички тартибларидан яхши хабардор экансиз. Буларни қаердан биласиз?
Ҳотам Ҳожиматов: - Менинг улар орасида дўстларим бор эди, мен уларнинг қандай кун кечиришларини, ўз устозлари билан қилган мулоқотларини кўрганман. Аввал айтганимдек, ҳар бир ишчининг ўз раҳбари бор эди, ишчи унга ўз ҳаёти, оиласи ҳақида ҳамма нарсани айтиши, ташвиш ва муаммолари билан ўртоқлашиши керак эди. Бунга жавобан у устозидан маслаҳат оларди ва бу маслаҳатдан четга чиқолмасди. Ташкилотда интизом қаттиқ эди. Аста-секин “Биродарлар” ёпиқ жамоатга айландилар; улар ўзаро қуда-анда тутинардилар, фақат ўз жамоатлари ичида тўй қилардилар. Улар менга ўз тартиблари ҳақида гапириб берардилар, чунки ташкилот раҳбарлари билан таниш бўлганим учун улар мени ўз доираларидаги одам деб ҳисоблардилар.
Фарғона.Ру: - Ҳозирда АҚШ ва Европа мамлакатларидан бошпана топган қочоқларнинг кўпи уйга қайтаяптилар. Нима учун?
Ҳотам Ҳожиматов: - Менимча, Ўзбекистон ҳукумати билан Акром Йўлдошев ўртасида қанақадир келишув борга ўхшайди. Мен Ивановодаги тергов ҳибсхонасидан чиққанимдан сўнг Украинага келган пайтимда, у ерда яшаётган акромийлар раҳбари (унинг исмини А. К. деб турайлик) билан гаплашгандим. Ўша одам 2006 йилнинг январь ойида яқинда уйга қайтишга тўғри келиб қолиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. У мендан: “Агар фатво бўлса, қайтишга розимисиз?” деб сўради. Мен бунинг текширув эканини англадим ва тасдиқ жавобини бердим. А. К. менинг жавобимни юқорига етказишини айтди. Бизнинг суҳбатимиздан мен уларда қайтиш режаси бор экан, деган хулоса чиқардим.
Фатво Акадан (Акром Йўлдошевни улар ана шундай деб атайдилар) ёки унинг ишончли вакилидан бўлиши мумкин, аммо бунинг аҳамияти йўқ. Йўлдошевнинг издошлари унга кўр-кўрона ишонадилар. Ваҳолонки, улар 2005 йилнинг 13 майида ҳамма нарсадан – қариндош-уруғларидан, бола-чақаларидан, уй-жойларидан, мол-мулкларидан воз кечишиб, ўлим ва ўт-аланга оралаб Қирғизистонга, айтиш мумкинки, аросат сари кетган эдилар. Энди эса, худди шу хилда, ҳибсга олинишлари ва қийноққа солинишлари мумкинлигига қарамай, устозларининг илк даъвати билан ортга қайтмоқдалар.
www.fergana.ru

Комментариев нет:

Отправить комментарий