Меню

воскресенье, 18 августа 2013 г.

Дилнурани ёдлаб


Дилларда ёрқин нур қолдирган Дилнура



IV "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалида Дилнура Қодиржонова (Мирзақулова)  юқори ўринлардан бирини эгаллаган эди.
Санъаткор ўлар қачон- ортида бирорта мухлис қолмаса,
Санъаткор ўлар қачон-мухлиси бўлса-ю, ёдга олмаса...
Дилнура Қодиржонова ярқ этиб порлаган-у, қоронғу осмонда ўзидан ёруғ из қолдирган, ҳақиқий санъат ихлосмандларининг юрагини туб-тубидан жой эгаллаган, бевақт хазон бўлган санъаткор. Суратига тикилиб қарайман-у, сурат ва сийратдаги гўзаллик мужасамлигини пайқайман. Дилнура билан ҳаётда учрашмаганман, фақатгина унинг куйлаган қўшиқларини тинглаганман холос. Қўшиқларидаги оҳанг шунчаки хиргойи эмас, нола, дард, фиғон бор. Оҳангларни тинглаган мухлиснинг ичига
нолалар жо бўлади-ю, қалбларни паргола қилиб юборади. Балки бу Дилнураннинг дардидир, балки унинг қўшиқни ҳис этиб куйлашидир... билмайман, фақатгина Яратганга аён бу сирли жараён.
Шуниси аниқки, у ҳаётни чуқур ҳис этарди, қўшиқни ҳис этиб куйларди.
Азизлар, шу кунларда "Шарқ тароналари" жаҳоншумул анжумани ўтказилаётган бир пайтда бизнинг фахримиз орамизда йўқ. Бўлганда, албатта у ҳам фестивалда қатнашар, баҳоли қудрат ўз санъатини Регистоннинг юлдузлар тўла осмони остида жойлашган саҳнада намоён этган бўлар эди. Марҳумлар бизни тарк этмайдилар... Уларнинг руҳи поклари Арзи самода туриб  тирикларнинг қилаётган амалларимизни жимгина кузатиб турадилар. Дилнура Қодиржонованинг санъатини гарчи бир неча йиллар орамизда йўқ бўлса-да, элимиз севиб тинглайди, ардоқлайди.
20090420181548jamolkamol203
Ана шундай мухлислардан бири, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Дилнура ҳақида қалбларидаги қуйидаги ёрқин сўзи аржумандларини зоҳир этдилар:
- Дўстлар, гулшан аро гулғунча хандон ким эди?
Бизни маст этган ўшал булбул, ғазалхон ким эди?

Билмадим аслин, наманганликми ё фарғоналик?
Кўзлари жоду, ажаб, зулфи паришон ким эди?

Куйласа ҳар гал, бу хонишдин юраклар сув бўлиб,
Нолиш айларкан, яна ўтларга солғон ким эди?

Гар овозин қўйса, то етгайди осмон авжига,
Савти "Ушшоқ"у, "Наво" авжини олғон ким эди?

Саҳнада гар бўлса пайдо сарви гулдек қомати,
Пойига гуллар келиб, бир-бир йиқилғон ким эди?!

Кўксида дард эрди ҳар дам, бўйнида дурдона ҳам,
Ошноси икки ул- чин бирла ёлғон ким эди?

Ул гўзал Дилнура эрди, кетди ногоҳ куйдириб,
Термулиб биздек яна йўлларда қолғон ким эди?
Дилнура Қодиржонова ўзбек санъати осмонида чақнаган юлдуз эди. Афсуски, халқимизнинг пешонасига сиғмади. Жуда эрта кетди. Аммо ана шу қисқа бир умри давомида кўп нарсаларга эришди. Халқимизнинг энг асл мумтоз ашулаларини юракдан куйлаб бизга мерос қолдирди. Уларни санайдиган бўлсак, саноғи 40-50 тадан ошади. "Муножат", "Феруз", "Самарқанд ушшоғи", "Фарғонача Шаҳноз", "Қурбон ўлам", "Насруллойи", "Гулузорим", "Бир келиб кетсанг", "Чоргоҳ"... Яна қай бирини айтай?!.. Уларни тинглар экансиз, ҳайратга тушмасдан, хонандага таҳсин айтмасдан иложингиз йўқ.
Донишмандлар айтишадиким, -"Куй, оҳанг аввало осмонларда туғилади. Кейин бир кумуш кабутардек чарх уриб келиб хонанданинг кўксига қўнади. Сўнгра унинг руҳини кўтариб яна кўкларга парвоз этади. Ана шу сеҳрли қуш ҳар сафар авждан авжга, мартабадан мартабага кўтарилар экан, хонанданинг бутун жону жисми титраб турган бир торга айланади.. хонанданинг ана шу ҳолатига жонлар қурбон бўлсин".
Дилнуранинг хонишларини эшитиб ҳар гал унинг ана шу гўзал ҳолатига гувоҳ бўламиз. ундаги дард, ундан овоз миқёсини, ундаги табиий санъаткорликни ҳеч ким билан қиёслаб бўлмайди. Ҳар гал унинг ижросида мумтоз наволарни тинглаб, унинг унинг ҳақига дуо қиламиз.. Аллоҳ Дилнурани, санъатимиз кўкида порлаган ўша юлдузни ғариқи раҳмат, шойистайи жаннат айласин. Унинг қўшиқлари доимо халқимизга ёр бўлсин, кўнгилларни завқу сурурга тўлдириб ҳамиша жаранглаб турсин.

 Дилнуранинг кушиги  http://www.youtube.com/watch?v=WVn0rCyldLM#at=284
manba mezon.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий