Меню

пятница, 30 августа 2013 г.

Жонимга тейиб кетти... етишмовчили жонимга тейиб кетти.....

Бедные люди


Маълум юмуш билан Оҳангаронга бордим. “Баҳонада дўстимни ҳам кўриб ўтақолай, шу билан бу ерларга қачон келаман” деган ўй билан дилга яқин ерлардан бир-бир босиб кетдим... мана ўша болаларча шўхликларимизга гувоҳ бўлган ерлар... мана ўша шийпон... ҳув анави чорпоями... улғайибман, кўзимга анчайин кичкина бўлиб кўринди...





Баҳром. Дўстимнинг исми шундай. У билан уч йил бир синфда ўқигандик. Далаларига яқинроқ ердан уй олиб кўчиб кетишди. Ўқишни эса ўша ердаги мактабда давом эттирди. Агар инсонлар қалбан, руҳан бир-бирларига яқин бўлишса, ўртадаги масофанинг йироқлиги айтарли билинмас экан. Шу боис мактабда, ҳар чорак якунидаги таътилда, у бизникига келса мен уларникига борардим.
Ҳар ёзда дала шийпонидаги чорбурчак чорпояни дўстим иккимиз қўнимгоҳ қилиб олардик. Уларнинг даласида Мирпўлат ака сувчи бўлиб ишларди. Кечга яқин ёнимизга келиб, қумғондан чой дамлааб қизиқ-қизиқ воқеалардан гапириб берарди. Ҳангомаларининг асосий қисми миллий киноларимиз қаҳрамонларининг диолог ва монологлари бўлсада, бизга хуш ёқарди.
Йиллар ўтди. Улғайдик. Ҳар биримиз ўз мақсадларимизга элтувчи йўлдан кетдик. Баҳром ўз юмушлари, мен ҳам ўз ташвишларим билан андармон бўлиб, узоқ вақт кўришолмадик. Лекин ҳар қандай манфаатлар бир кун тўқнашади. Турли йўллар кесишади деганларича бор экан. Мана ҳозир у билан ошни ҳазм қилиб кетидан кўк чой ичиб ўтирибмиз. У ер – бу ердан гаплашдик. Қишлоқни айланиб, йўлда учраган эски танишлар билан гурунг қилдик. Шу зайлда икки кун ўтиб кетганини ҳам билмай қолибмиз.
Нонуштадан сўнг: “Кун қисқа. Йўл узоқ. Эртага иш. Бормасам бўлмайди”,  деб ўрнимдан  қўзғалдим. Аввалига Баҳром уннамади. Мендан ранжигандай бўлди... кейин яна келиш шарти билан қўлини дуога очди... бепаён далаларда қўй-қўзилар боқиб, болалар билан қувлашиб юрганимизни эслаб кулишиб борар эканмиз, Баҳромларнинг шийпонидаги чорпояда ўтирган кимсага кўзим тушди. Баҳромга ким у дегандай қарадим.
—   Мирпўлат ака. Даламизда сувчи эдилар. Эсладингми?.. — деди у.
Мирпўлат акадан ҳол-аҳвол сўраяпман-у зимдан уларни кузатаман. Сочларига оқ оралабди. Кайфияти тушкун. Кўзлари синиққан, аллақандай мунгли эди...
Баҳром, аканинг билагидан тутди. Мен ўйлаганларни у ҳам ўйлади чоғи Мирпўлат акадан салмоқлаб сўради.
—   Ака тинчлими, шаштис пас. Кенейим, жиянла хаммаси яхшими?
—   Дуруст...
Баҳром қошларини чимириб, ўткир нигоҳларини ака кўзларига қадаб:
—   Ўхшамаяпти, - деди.
Мирпўлат ака бироз сукут сақлаб:
— Нимасини айте, ука? Тутоқиб гап бошлади. — Нимасини айте?.. жонимга тейиб кетти... етишмовчили жонимга тейиб кетти... уни қилсен буниси, буни қилсен униси етмиди... уй ўлгур авария ҳолатда... маниям одамлардек яшагим, данғиллатиб тўй қигим, болаларни ўқитиб уйли-жойли қигим келади... лекин... нима қиле, қўлимдан хич воқо кемаяпти...
Котта ўғлим бу йил ўқишга кирувди, кантракка. Ўқитомадим... фарзанд екан кўзимга тик қарамади... бугун... бугун ичими ит қопти ука...  Оилавий ўтириб, абед қилаётсе, теливизорда ўзимизни миллий кино бўлаётганакан. Кичкина қизим кўрели диб хархаша қилди. Кинодеги уй, гилам, парда, мебил ҳуллас, ҳаммаси европача. Кинодеги герой қиз билан бола инамарка миниб, ўқишга, итшга қатнаётганини кўриб, фарзандларим бир-бир кўзини манга ташаб қўйди. Уларни бу қарашларидан “қанақанги ота-она бизи дунёга келтирганакан” деган хаёлга бордим ука...
          Баҳром мени бекатда транспортга чиқариб юборди. Негадир манзилга етишимга икки бекат қолганда уловдан тушдим. Кўз олдимдан Мирпўлат аканинг изтиробга тўла чеҳраси, қулоқларим остидан эса аламли гаплари сира нари кетмади. Ҳа, Мирпўлат аканинг дарди оғир. Бир пайтлар миллий киноларимиз уларнинг изтиробларини аритган бўлса, ҳозир қалбига ҳанжар санчди. Шу ва бошқа нарсалар ҳусусида ўйлаб, маҳалла оралаб борар эканман. Хаёлимни кўчамизнинг чап муюлишидаги уйларнинг биридан эшитилган танали гап тиниқлаштириб юборди.



—...мани уришга умуман ҳаққиз йў... нима сиз оғайниларими адасига ўхшаб мошина обериб, уйлантириб қўйдизми...

Комментариев нет:

Отправить комментарий