Меню

четверг, 1 августа 2013 г.

Ҳокимият учун талашаётган кучларни иккига бўлиш мумкин



  ДУНЁНИ ТИТРАТГАН УЧ КУН

 1991 йил август воқеаларининг уч йиллигига

   Агар биз кейинги ўн йил ичида кечган исталган каттароқ ҳодисани тушунишни истасак, бир ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишимиз керак — жамиятда ҳокимият учун кураш кетмоқда ва ҳамма яхши-ёмон ҳаракатларнинг замирида шу манфаат ётибди. Қолган барча ялтироқ шиорлар, “халқ фаровонлиги”, “демократия” борасидаги баландпарвоз гаплар — ана шу ниятнинг жилвакор либоси, холос.

Ҳокимият учун талашаётган кучларни иккига бўлиш мумкин. Бир ёнда — салтанатига дарз
кетган, лекин ўз ўрнига маҳкам ёпишиб олган собиқ партиянинг давлат арбоблари, иккинчи томонда — ўз ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилаётган “демократлар”, миллат ва исломдай муқаддас туйғулардан ҳам амал эгаллашда фойдаланишга тайёр турган мутаассиблар… Ўртада — ҳайрона халқимиз. Ҳокимият учун курашаётганларнинг тилида шу — “биз халқ фаровонлигини оширишимиз керак”, “халқни боқишимиз лозим”. Гўё мамлакат — улкан етимхона, халқ боқишга муҳтож сағирлардан иборатдай. Йўқ, сиз халққа ерини, сувини қайтаринг, эркини беринг — у ўзини-ўзи боқади, ҳукуматни ҳам, демократларни ҳам, партияларингизни ҳам боқади, лозим бўлса.



1.”Путч” олдидан жамиятда аҳвол қандай эди?



         Ростини айтганда, “қайта қуриш”ни бошлаган Михаил Горбачев шўро мамлакатини унчалик яхши билмас экан. СССР — “халқлар маҳбусхонаси” эди. Коммунистлар раҳбарияти “халқ фаровонлиги” ҳақида гапирар эдилару, ўз фаровонликларини ўйлар эдилар. Илгари райком котиби бўлган, ҳозир “тадбиркор”га айланган танишим шундай деди: авваллари уйни ўзини кўримсиз қуриб, подвалини ҳашаматли қилардик. Ер остида икки-уч қават бўлар эди. Худога шукур, бугун тепага чиқдик — ер устидаги қисмини икки-уч қават қилаяпмиз”. Ҳа, файласуф айтганидай: “Халқни занжирда сақлаш учун ўзинг ҳам номига занжир тақиб юришинг керак”. Яъни уйингнинг тагига тилло-ю марварид кўмиб қўйсанг ҳам, тепасини халқникидай кўримсизроқ қурасан. Фақат раҳбарлар иккиюзламачи эмасди. Одамлар ҳам билардилар — бойиб кетсанг, ОБХССга чақишади. Шунинг учун ишга иштиёқ йўқ эди. Одамлар ўзларини ишлаётгандай кўрсатарди, ҳукумат ўзини уларга ҳақ тўлаётгандай кўрсатарди. “Интернационализм” ҳам шундай: халқлар “рус халқининг буюклиги” ҳақида ваъзхонлик қилардилару, аслида унинг зулмидан тезроқ қутулишни ўйлар эдилар. Бугун Шароф Рашидовнинг “улуғ ўрис тили” ҳақидаги китобларини унга айб қилиб қўймоқчи бўладилар, ҳолбуки, юртбошимиз ўрисларни мақтаб, бюджетдан пул ундирган ва ўз халқига сарфлаган. Даврага кирган раҳбар “ўйин қоидаси”га бўйсуниши керак.

СССР империалистлари ҳам халқларнинг озодлик ҳақидаги армонларидан, зулм остида қўл учида ишлаётганларидан хабардор эдилар. Шунинг учун ҳамма ДХК (КГБ), миршаблар, айғоқчилар назорати остида яшайди, ҳар қандай эркинликка нафақат йўл берилмайди, ҳатто жазоланади ҳам. Ҳатто шеър, мақолалардан ҳам “халқ-ночор”, “амалдорлар-порахўр” деган жумлалар териб олиб ташланади. Райком, обкомларга чақириб ўдағайлашади: “Бу нима ўзбошимчалик?!” Яъни ўз бошинг билан иш қилма, ҳаммага Лениннинг боши етади.

Бу эркинликнинг бўғилишидан мақсад нафақат одамларнинг иши, фикрини назорат қилиш, норозиларни йўқотиш эди. Асосий мақсад — иқтисодиётга боғлиқ. Зулм ва зўравонликсиз халқ яратган барча бойликларни пойтахтга, бир қўл остига тўплаш қийин эди. Улкан мамлакатнинг чексиз ашёларини меҳнаткашлардан зўрликсиз, алдовсиз тортиб олиш мумкин эмасди. Тузум эса ана шу қароқчилик ҳисобига яшарди. Тортиб олинган нарсаларнинг бир қисми раҳбарнинг халққа ” ғамхўрлиги” сифатида тақсимланарди. Пахтакорлар ҳукуматнинг “оқ олтин ижодкорлари”га ғамхўрлигидан хурсанд, колхозчилар партиянинг колхозчиларга ғамхўрлигидан шод, ёшлар раҳнамоларнинг талабаларига ғамхўрлигидан бахтиёр, кимнинг нафақаси ошган, кимнинг стипендияси кўтарилган. Халқнинг бойлиги ими-жимида планлар, солиқлар тарзида тортиб олинади-ю, шов-шув билан тақсим қилинади: партия гоҳ ўқитувчиларга, гоҳ ёзувчиларга “ғамхўрлик” кўрсатади. Сен ташвиш тортма, сен учун тепада “ташвиш тортишяпти”, сен ўйлама, юқоридагилар “ўйласалар” етади.

Одамлар бунга кўникиб ҳам қолдилар. “ўамхўрлик”ни қабул қилаверардилару, бу нарсаларнинг манбаини сўрамасдилар. Ҳолбуки, уларга “партия ва ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги” деб берилаётган бойлик одамларнинг ўзидан ўмарилгандир. Одамлар боқимандаликка, навбатларга кўникдилар. Навбат — гўё адолат мезони, ким навбатсиз пештахтага ўтмоқчи бўлса, оломоннинг ғазабига дучор бўлади. Улар учун “ғаним” қароқчи совет давлати эмас, навбатсиз гўшт олаётган оддий фуқародир. Халқ компартия хонларини ҳам улар яратган тузум учун эмас, енгил машина мингани учун ёмон кўради. Бундай совет халқини дунёда ҳеч ким тушунмаган бўлса керак.

Садақага ўрганган, “нарх тушириш”, “маошни ошириш”ни байрам деб биладиган халққа демократия хунук кўринади. Демократияда қароқчилик қилиш имкони йўқ, шунинг учун у “ғамхўрлик” ҳам қилолмайди. Демократия ҳалол меҳнат қилиш, ҳалол яшаш тарзидир.

“Путч” олдидан Коммунистлар фирқаси ўз ҳукмронлигини йўқота бошлаган эди. Иккинчи томондан, коммунист амалдорлар яширин бойишдан очиқ бойишга ўтдилар. “Партия — давримизнинг ақли, номуси ва виждонидир”, — деган шиор бўларди. Компартия йиқилгач, бу шиор ҳам йиқилди, энди коммунистлар ор-номусини ҳам, виждонни ҳам буткул унутдилар, яшириб пора оладиганлар очиқ олишга ўтди.



2.”Ошкоралик” амалга кирди



         Ҳа, совет тузуми иккиюзламачиликка қурилган бўлиб, у фақат зулм-зўравонлик билан ушлаб турилар эди. Мен Михаил Горбачевни шўро тузумини унчалик билмасликда айблаганимнинг боиси нимада? Михаил Сергеевич жамиятнинг инқирозга учраганини, жар ёқасида эканини тушунарди. Шунинг учун “қайта қуриш”ни бошлади. У большевиклар тузумини асоси зўр, қурилишда айниб кетган деб ўйларди. Ҳолбуки, ленинча тузум бошидан, асосидан ғайриинсоний эди, у тенгликни шиор этиб, ҳаммани “баравар” қилмоқчи, яъни барчани қашшоқликда тенглаштирар эди. “Халқлар дўстлиги” эса занжирдаги одамларнинг дўстлигидир.

Горбачев ошкоралик, демократия ёрдамида социализмни “қайта қурмоқчи” бўлди. Совет тузуми ошкоралик, демократияни бўғиб турсагина яшай олишини англамади. Халқлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила бошладилар, миллий тиллар қаддини тиклади, одамлар ўз қадрларини англадилар. “Путч”га олиб келган бош сабаб Горбачевнинг ошкоралигидир. Айбдор эса — шўролар тузуми.

1985 йилда бошланган “қайта қуриш” учун Горбачевдан миннатдор бўлишимиз лозим. Тилимиз эрк олди, динимиз ёруғликка чиқди, ўз еримизга ўз раҳбариятимиз хўжайин — энди буйруқлар Московдан эмас, Тошкентдан тараладиган бўлди. Яратганга шукур!

Собиқ СССР учун давлат бошқарувининг ҳудудий-соҳавий тизими хос эди. Халқ хўжалигининг соҳалари минтақаларда (жумҳуриятлар, вилоятларда) ўз бўлмалари, корхоналарига эга эди. Минтақаларни эса КПССнинг маҳаллий аппаратчилари бошқарарди. “Қайта қуриш”нинг олти йили давомида Московлик министрлар ва партия қўрбошилари эгалик қилган халқ хўжалиги соҳаларининг мулки аста-секин советларга, кейинчалик ҳокимликларга ўта бошлади, КПСС Марказий Қўмитасининг қўлидан бошқарув дастаги сирғалиб чиқиб кета бошлади. 1991 йил баҳорига келиб эса Иттифоқ шартномаси ҳақида гаплар пайдо бўлди. Жумҳуриятларни топтаб келган салтанат уларни тенг кўриб, шартнома туза бошлаши марказдаги министрликлар ва мансабдорларнинг қўлидан ҳокимиятни тортиб олиши ойдинлаша бошлади. Партиянинг “халққа ғамхўрлиги”дан қолган бойликларни еб ётган улкан Совет Армияси ва унинг қориндор генераллари, Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ), ички ишлар министрлигининг муштумзўр офицерлари саросимага тушиб қолдилар ва ими-жимида давлатни қўлга олиш режасини туза бошладилар. Қўзғолонга бевосита тайёргарлик 5 августда бошланди. Бундан олдинги ярим йил — қўзғолончиларнинг бир-бирлари билан “ишонч кўприклари” тиклаши учун, жумҳуриятларга сафар қилиб шериклар излашига сарф бўлди.        Бугун турмада ўтирган КПСС котиби О.Шенин, СССР собиқ бош вазири В.Павлов кетма-кет Ўзбекистонга ҳам келганлари, ёғингарчиликка учраган далаларни “айланиб кетгани” ёдимизда.

“Нега айнан 5 августда тайёргарлик бошланди?” — деган саволга Россия бош прокурори В.Степанков шундай жавоб беради: “Бир кун аввал Горбачев дам олишга кетганди, аммо Иттифоқ шартномасини 20 августда имзолаш аниқ белгиланган эди. Шундан сўнг ҳукумат қайтадан тузиларди. Бу ҳақда июль ойининг охирида яширин суҳбат пайтида Горбачев, Ельцин ва Назарбоев келишиб қўйган эдилар. Павлов ўрнига ҳукумат раҳбари бўлиб Назарбоев ўтириши керак эди, Язов ва Крючковни истеъфога жўнатиш режалаштирилганди” (“Известия”, 14 август, 1992 йил). Ҳамма жойга ўз айғоқчиларини тиқиштириб ташлаган кегебечи В.Крючков бу сирли суҳбатдан хабардор бўлган, албатта…



3.Шундай қилиб, қўзғолон бошланди



         Ўша кунни ҳали-ҳануз ички бир титроқ билан эслайман. Тонгдан ойнаи жаҳонни кўришга одатланганимдан, унинг қулоғини бурадим. Дастурда йўқ классик балет кўрсатилмоқда эди. Юрагим шув этди. Радиода ҳам оғир куй… Тепада бирор гап бўлганга ўхшайди. Саҳарлаб балет кўрсатдими, тамом, албатта юқорида кимдир ўлади, нимадир бўлади. Совет фуқароси бунга ўрганиб қолган… Кейин фавқулодда ҳолат бўйича Давлат Қўмитаси (ГКЧП) тузилгани ҳақидаги хабарни ўқиб эшиттиришди. “Соғлиғи ёмонлашгани туфайли Михаил Сергеевич Горбачев СССР Президенти вазифасини бажара олмай қолганини ҳисобга олиб…” унинг ваколатлари “СССР вице-президенти Геннадий Иванович Янаевга” топширилибди. Мамлакатнинг айрим жойларида 6 ой муддатга “фавқулодда ҳолат” жорий этилибди. ГКЧП таркибига мамлакат Бош вазири, Мудофаа вазири, ички ишлар вазири, Мудофаа Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, хавфсизлик вазири, колхозчиларнинг “қўрбоши”си ва “янги президент” кирибди.

Давлат тўнтариши содир бўлди. Бир гуруҳ раҳбарлар Горбачевни Қримдаги дала ҳовлисига қамаб, унинг ҳокимиятини тортиб олдилар.

1991 йил 19-21 август кунлари содир бўлган фитна ҳақида мулоҳаза юритишдан олдин ўзим гувоҳ бўлган, ҳалигача гап-сўзи тинмаган бир воқеа ҳақида айтишим керак. Ўша кунлари жумҳурият Олий Кенгаши ва ҳукумати Қўшма мажлис ўтказиб, ГКЧПга ўз муносабатини билдирди. Ушбу мажлисда мен ҳам қатнашдим. Уни ойнаи жаҳонда уч бор қайта кўрсатишди. Ўзга нотиқларнинг фикри ҳақида айтиб ўтирмай, ўз сўзларимнинг бир қисмини келтираман: “Ўртоқлар, биз аниқ айтишимиз керак: ГКЧПни тан оламизми-йўқми?! Агар биз тан олсак, прецидент (намуна) яратамиз. Жумҳуриятлардаги вице-президентлар ҳам президентларнинг йўғидан фойдаланишлари мумкин…” Иккинчи фикрим эса кинояга тўла эди, биров фаҳмлади, кўпчилик эса тушунмади, чунки ҳамма таҳликада эди. Мен шундай дедим: “Бизда фавқулодда ҳолат жорий этиш шарт эмас, биз анчадан буён шунақа ҳолатда яшаяпмиз…” Нега шундай дедим? ГКЧП митинг ва намойишларни ман қилди, бизда улар аввалдан таъқиқланган. ГКЧП матбуот, радио ва ойнаи жаҳон устидан назорат ўрнатди. Бизда бу назорат аллақачон бор эди ва ҳакозо.

1991 йил август қўзғолони ҳақида хаёлимга келган илк фикрлар шундай эди: Ахир бу “гекачепечи”ларнинг ўзи мамлакатни хароб, халқни оч-яланғоч ҳолга олиб келган раҳбарлар-ку, улар яна нега “халқни бўҳрондан қутқармоқ”қа киришди экан? Ахир, бу товламачилик эмасми?

Нархларни ошириб, қаҳатчиликка олиб келган, пул алмаштириб кўпчиликни хонавайрон этган, иқтисодни йиқитган Бош вазир В.Павловнинг ўзи-ку?

Армияни қаллоблаштириб, аскар йигитларнинг умрини хазон қилган Язов эмасмиди?

Болтиқбўйида, Фарғона ва Ўшда тўкилган қонларда қўли булғаган ички ишлар вазири Пуго яна қанақа “тартиб ўрнатаман” деб халқни алдамоқчи?

“Колхоз қўрбошиси” Стародубцев айби билан ҳосил йиғиштирилмай эл оч қолган эди-ку?

Ахир, ахир, ахир… “Қўзғолон” кўтарганлар юксак лавозим эгалари — нега аввалдан аҳволни тўғриламадилар? Бугун “халқ учун қайғура” бошладилар. Ҳозир қамоқдан туриб ҳам “халқ учун қўзғолон қилдик”, — деб товламачилик қилмоқдалар.

Умуман, ҳокимият тепасидагилар ҳам, ҳокимятга интилаётган мухолифатдагилар ҳам “халқ ҳақида қайғураётган”ликларини пеш қиладилар. Аслида халқ ҳақида халқнинг ўзи қайғуради. Бошқа ҳеч ким ўйламайди.

Хаёлга толдирадиган яна бир фикр шу бўлдики, ГКЧПчилар орасида партия амалдорлари йўқ эди. Уларнинг ўзи КПСС аъзоси эди, албатта. Аммо Марказий Қўмитадан, Котибиятдан ҳеч ким йўқ эди-да. Бироқ “қўзғолон” ортида мавқеини йўқотиб хавотирга тушган Компартия тургани аниқ. Зеро ГКЧП ҳамма сиёсий партияларни таъқиқлади, фақат КПССга тегмади. Ҳамма рўзномалар ёпилди, компартия газеталари ёпилмади. “Путч”нинг раҳнамоси КПСС МК Сиёсий бюроси ва Котибияти эканини шундан ҳам билсак бўладики, Горбачев уларнинг Бош котиби эса-да, на 18, на 19, на 20 август кунлари партия ўз раҳбари қайдалиги билан қизиқмади, ГКЧПга қарши чиқмади ҳам. “Сукут — аломати ризо” — дейди халқимиз. КПСС раҳбарлари ўз бошлиқларини оёққа кўтариб, “қўзғолон”нинг олдини олиш ўрнига, Сиёсий бюро аъзоларига, вилоят ва ноҳияларга ГКЧПни қўллаб-қувватлашни буюриб яширин хатлар жўнатишга овора эдилар.

Худога шукур, қўзғолон тез барҳам топди. Боши-охири беш кунга чўзилди, холос. Аммо бу нафақат халқлар мустақиллигига, демократияга хавф солди, ўша август кунлари биз билан бирга дунё хавф остида қолди. Нега? Сир эмас, собиқ Совет Иттифоқи улкан ракета-ядро салтанати ҳамдир. Бу юрт, А.Яковлев айтганидай, “бир тугмача устида” турган юртдир. Шу тугмача босилса — тамом. Бу дегани СССР ва АҚШ каби ялпи қирғин қуролларига эга мамлакатларда ҳокимият — ўз халқининг устидангина эмас, дунёнинг тақдири устидан ҳам ҳокимлик қилмоқ демакдир. Бу мамлакатларда ҳокимият хавф остида қолса, “ядро тугмачаси” ҳам хавф остида бўлади, инсониятнинг келажаги хавф остида қолади. Ёнида “тугмачали яшиги” бўлган Горбачевнинг дала ҳовлисида қамалиб қолиши — дунёни ларзага солди. Буни дунё тушунди, биз тушунмадик, холос. ГКЧПчиларни фақат шу биргина гуноҳи учун ҳам ҳеч қачон кечириб бўлмайди.



4.”Қўзғолон” амалга ошмади. Нега?



         Ҳозир қўзғолончиларнинг ҳаракатини “бир тўгаракнинг ўйини”, “масхарабозлик” тарзида баҳолашади. Ҳатто кулиб ҳам қўйишади: “Қара-я, бу совет раҳбарлари бошқа ишни-ку эплолмайди, булар уқувсизлигидан ҳатто давлат тўнтаришини ҳам расво қилди!”

Жиддий фикр юритадиган бўлсак, “путч”нинг амалга ошмаганига бир неча сабабларни кўрсатиш мумкин. 1991 йилги август воқеалари кўзи очилаётган Иттифоқда кечди. Жумҳуриятлар мустақиллик эълон қилдилар, уларнинг раҳбарлари ҳам эркинлик ҳавосидан тотиб кўрдилар. Марказда ҳокимиятни олган билан жойларда катта қонсиз эгалик қилиб бўлмасди. Лоқайдлик ва муросасизлик ўрнини сиёсий онг ривожи эгаллаётганда, демократия ва ошкоралик ҳали совет тузумини қулата олмаган бўлса-да, халқнинг кўзини очди — халқ “қўзғолончи”ларнинг “тартиб ўрнатиш”, “фаровонлаштириш” ҳақидаги ваъдаларига учмади.

ГКЧП аъзоларининг уқувсизлиги ёнига хабарсизлигини ҳам қўшиш керак. Улар ёлғонга асосланган тузум қурдилар ва алдовнинг қурбони бўлдилар.Ҳайрон бўласан киши, деярли ҳеч ким қамалмади, телефон-телеграф ишлаб турди — шу ҳам “қўзғолонми?” Ҳамма гап шундаки, улар бизни совет халқи қучоқ очиб кутиб олади, деб хаёл қилганлар. Уларга шундай тахминлар етказилган. Умуман, бу тузумда раҳбарга ростини айтиш қийин. Амалдорнинг атрофини хушомадгўйлар эгаллайди. Эътибор беринг-а! Улар халқнинг аҳволи ҳақида рост гапни эмас, раҳбарга ёқадиган, у эшитишни хоҳлаган гапни айтишади. Фожеа шунда.

Шўролар тузумининг амалдорлари ҳам “қўзғолон”ни қўллаб-қувватламадилар. Жумҳуриятларни раҳбарлари ҳам, жойлардаги коммунистлар ҳам “путч”ни хавотир билан қарши олдилар. Нега? Бу ўйлашга арзигулик ҳол.

Жумҳуриятларнинг “путч”га муносабатини шартли равишда учга бўлиш мумкин:

1) Қаршилик (Россия, Латвия, Литва, Эстония, Молдова, Қирғизистон);

2) Кузатувчилик (Украина, Ўзбекистон, Белоруссия, Арманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон);

3) Муросасозлик (Гуржистон ва Озарбайжон).

Жумҳуриятларнинг бундай акс-садосини тушуниш мумкин — бу бошқарув тизимларининг қайта қуриш даврида қанчалик ўзгарганлигига, аҳолининг иттифоқ идораларига муносабатига ва жумҳуриятлар иқтисодига қарамлик даражасига боғлиқ эди.

Яна шуни айтиш лозимки, “ГКЧП” айнан демократияга қарши фитна эди. Шубҳасиз фавқулодда ҳолат ҳам демократлар ҳокимият тепасида турган ерларда жорий этилди. Бошқа жойларга тегилмади. “Кузатувчи” жумҳуриятларда ҳам айнан демократик партия ва ҳаракатлар дарҳол қарши чиқдилар, зеро “гекачепечи”лар ғалаб қилганда бу ташкилотларнинг ҳам ҳоли вой эди. Украинада “Халқ радаси” (“Рух”, ДП, Иқтисодий уйғониш фирқаси, республикачилар фирқачи), Арманистонда АОД (Армани умуммиллий ҳаракати), Қозоғистонда жумҳурият тадбиркорлар Иттифоқи, Тожикистонда Демократик партия, Туркманистонда “Оғзи бирлик” ҳаракати, Ўзбекистонда “Эрк” демократик партияси тўнтаришга қарши чиқдилар.

“Кузатувчилик” қилиб турган жумҳуриятларнинг, шу жумладан Ўзбекистоннинг аҳволи тушунарлидир. Биринчидан, жумҳурият мустақиллигини асраб қолиш керак. Иккинчидан, ГКЧПнинг баёноти бор-йўғи халқни қитиқлайдиган гаплардан иборат бўлиб, унинг ҳаракати номаълум эди. Жумҳуриятимизниннг тутган йўли: “Биз ўз йўлимиздан бораверамиз, Москов тез-тез ўйин кўрсатаверади!” — дегани тўғри эди. Зеро ҳукуматнинг елкасида йигирма бир миллион фуқаронинг юки бор.

Хулоса қилганда, “қўзғолончи”ларни халқ ҳам, аксар жумҳуриятларнинг раҳбар ходимлари ҳам ҳадик билан қаршиладилар ва шунинг оқибатида фитна амалга ошмади. Тижоратчилар (банк, биржа, қўшма корхоналар, ширкатлар ходимлари) ҳам совуқ муносабатда бўлишди. Бунинг сабаби — жамиятда кечаётган жараёнлар чуқурлашгани, ” марказ” ғалаба қилса, жумҳуриятлардаги ҳокимият “ҳавоси”ни олганлар яна Московга қарам бўлишини англагани, маҳаллий хом-ашёларга эгалик қилиш истагидир. Империя ғоясига ҳам путур етган эди, собиқ СССРни тиклашни кўпчилик хоҳламасди. Ёшлар, тадбиркор ва иқтисодчилар, ўрта ёшдаги аҳоли бозор иқтисодидан умидвор, ҳали пулдор бўламан, лавозим эгаллайман, кўтариламан деб ният қилганлардир. Шунинг учун ГКЧПни қўллаб-қувватлаганлар асосан кексалар, амалдан, яхши яшашдан умидини узганлар бўлди. Фитнани қўллаган ягона оммавий ташкилот иттифоқ Ветеранлар уюшмаси бўлгани ҳам шу сабаблидир. Ақли кирган “номенклатура” ҳам ҳеч кимга ёқмай қолган “иттифоқ тузиш” ғоясидан кўра “миллат манфаатлари” борасидаги дилтортар шиорлар орқали ҳокимиятни эгаллаб туриш мумкинлигини биларди.

1991 йил август тўнтариши уч кунда енгилди. Бугун маълумки, гекачепечиларнинг ғалаба қилмаслигини “путч”нинг биринчи куниёқ хулоса қилганлар ҳам бор экан. Швециянинг махсус “Орион” ҳаво кемаси ва “Каравелла” самолёти ўша куни Совет Иттифоқининг Балтикадаги денгиз ва ҳаво чегараларида айланиб, мамлакатнинг юзлаб километр ичкарисидаги ўзгаришларни кузатганлар, Швециянинг Хельсинкидаги элчихонаси тепасига ўрнатилган “жосуслик” аппаратлари Ленинград ва Болтиқбўйини текширган. Ҳарбий ваколатхоналарда матбуот хабарлари тўпланган. Барча маълумотлар Швеция мудофаа қарогоҳида таҳлил этилиб, аввал бўлим бошлиғи, полковник Ян Блумквистга, кейин ҳарбий разведка ва хавфсизлик хизмати раҳбари Леннарт Фрикка етказилган. Мана натижаси: “путч” ҳақидаги хабар олинганидан сўнг етти соат ичида, яъни тушликкача шведларнинг ҳарбий разведкаси ёзма таҳлил тайёрлаб “тўнтариш” амалга ошмайди, деган хулоса чиқарганлар (“Известия”, 15 август, 1992 йил). Буни давлат деса бўлади. Биз эса “тўнтариш” бўлган мамлакат ичида туриб, уч кун довдираб юрдик.

1991 йил 19-21 август тўнтаришидан менинг назаримда шундай мулоҳазалар чиқариш мумкин. Марҳамат.



5. ХУЛОСА



         “Тўнтариш” маълум маънода тайин эди, яъни ходисаларнинг ривожи шунга олиб келарди. У тузум ва халқ ўртасидаги қарам-қаршиликни юзага чиқарди ва ойдинлаштирди. Меҳнаткашларни оч ва яланғоч қолдирган, ишлаб чиқариш кучлари ривожини ушлаб турган, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига зид тузум парчаланиб кетди. Бу золим тузумнинг парчалари жумҳуриятларда сўнгги кунларини яшамоқда.

Тўнтариш халқнинг кўзи очилаётганини кўрсатди. Энди соғлом кучлар бирлашиб, келишиб ҳаракат қилишлари керак.

Социализмни йиқитдик ва йиқитамиз. Хўш, унинг ўрнини нима билан алмаштирамиз?

Бугун буржуйлар пайдо бўлмоқда. Энди большавойлар қилган хатони такрорламайлик.

Август тўнтариши — очиқчасига айтганда — юқорида, ҳокимиятда кечган ҳодиса, холос. Халқнинг аосий қисми иштирок этмади, англамай ҳам қолди. Россияда бир янгича фикрловчи амалдорлар гуруҳи иккинчи кўҳна “партиячи” раҳбарлардан ҳокимиятни олди, холос. Ҳокимият Ельцинга ўтди — у ҳам кўҳна партиячи ўриспарвар амалдордир. Московга танк кирганда у “руслар русларни отмасин”, — деб аскарларга мурожаат қилди. Вильнюсда, Бокуда, Фарғонада қон тўкилганда жим ўтирганлар Московга аскар кирганида одам ўлдириш мумкин эмаслигини “эслаб” қолди. Ўшанда Европарламент Ельцинга эътироз билдирганди: “Руслар русларнигина эмас, ҳеч кимни отмасин!”

Август тўнтариши оқибатида ҳокимият бир гуруҳ мансабдорлардан иккинчи гуруҳга ўтди, Россия халқи эса ҳали ҳам “тешик тоғора” олдида ўтирибди. Большавойлар зўрлаб коммунизм қурмоқчи бўлсалар, янги раҳбарлар — зўрлаб капитализм қурмоқчи. Бу ҳам самарасиз ҳаракатдир. Ҳозирги шароитда кам сонли миллионерлар пайдо бўлмоқда. Бу яна инқилобга олиб келиши мумкин. Чораси шуки, хусусийлаштиришни тезлаштириш — мулк эгалари сонини кўпайтириш керак, халқ — мулкдорга айланмаса, “тўнтаришлар” тез-тез қайтарилади.

Яна бир хулоса — “тўнтариш”ларнинг олдини олиш учун давлат тизими ўзгартирилиши керак. Бир кишининг қўлида ҳокимият тўпланса, у қанчалик ақлли, доно бўлмасин, ғанимлар ҳокимиятни тортиб олиб қўйиши мумкин. Бунга қарши кафолат эса — ҳақиқий Парламент, эркин суд, озод матбуотдир. Эрки бор халқдир.

http://kariмbahriev.com/main/?p=530#more-530

Комментариев нет:

Отправить комментарий