Меню

воскресенье, 25 августа 2013 г.

Мухолифатга Дадахон Хасан. Халқни ўйлаб эл ичинда юрганда эди. Роҳат истаб хорижлара кетмаса эди...





Булар майдон ичра собит турганда эди,
Халқни ўйлаб эл ичинда юрганда эди.
Роҳат истаб хорижлара кетмаса эди,
Ўзларини юртдан йироқ тутмаса эди.
Она эли ила нафас олсалар эди,
Нима бўлса ҳам эл билан қолсалар эди.
Ўзбак бугун шунчалар ҳам хор-зор бўлмасди,
Ўзбакнинг оҳ-ҳасратига дунё тўлмасди.

Қум барҳани эканда, биз суянган тоғлар,
Афсус мева бермади, биз кўз тутган боғлар.
Мухолифат бўлса булар, кураши қани,
Дунёвий ҳам демократик қараши қани.
Хорижда ҳам, фисқ-у фасот,иғво ёғдириб,
Содда-самамий ёшларни йўлдан оздириб,
Қилар ишлари йўқ,фақат ғовғо қилдилар,
Гуруҳлашиб ўз-ўзларин расво қилдилар.
Олисда юриб кучанган бир сохт-сумбат,

Дилсорани бўлгинчи деб қилмиш маломат.
Қани ўша бўлинмоғи мумкун мухолифат,
Қани ўша элим деган олов-жасорат.
Юртга келиб ўшал кучни кўрсатгин менга,
Ўшал куни тасаннолар айтайин сенга.
Йигирма йиллар изладим, топмадим уни,
Пайдо бўлмади, бўлмади билиб қўй шуни.
Хориждаги гурухлардан юртга не фойда,
Кураш заруратдир,фақат юрт деган жойда.
Курашлар кечган ҳамиша, қутлуғ майдонда,
Шу қутлуғ майдонни ташлаб кетмоқ осонда.
Булбуллар сайрайди фақат боғда, чаманда,
Тарихда ҳам кураш кечган она Ватанда.
Мухолифат аҳли бундай бўлмайди ахир,
Булар мунча заҳар-заққум аччиқ ва тахир.
Булар ҳануз бир-бирин еб битирмоқдалар,
Авом элга эса қисмат келтирмоқдалар.
Мухолифатдан ҳам Худо бермаган экан,
Озодликни бизга раво кўрмаган экан.
Биз нетайлик, пешонамиз шўр эканда, шўр,
Мухолифат деганлари ғўр эканда, ғўр.
Ва ниҳоят авом бугун умидин узди,
Бир-икки эргашганлари ҳам ҳар томон тўзди.
Баъзилари пул ишлаш-чун чиқиб кетдилар,
Ва ниҳоят орзу-армонлара етдилар.
Ҳали-ҳануз чиқиб кетиш давом этмоқда,
“Баъзи”лари юртга тез-тез келиб-кетмоқда.
Аммо баъзи “аҳд”га вафо қилмаганлари,
Вазифани қатъий бурч деб билмаганлари,
Юртда олиб қолинмоқдадир,
“Қийноқ”ларга солинмоқдадир…
Баъзи чарчаган “эскилар” қайтиб келмоқда,
Ўрнига эса “янгилар” сафар қилмоқда.
Бу не кўргулик, фожеа не аччиқ қисмат,
Бугун ҳатто ҳорижда ҳам йўқ мухолифат.
Мухолифат туғилмади, бўлмади бунёд,
Аммо, карнайчи-сурнайчи милёнта хайхот.
Баъзилар пул ишлаш учун партия тузди,
Раисининг кўкраклари дилларни бузди.
Моддий манфаатчи чунон кўпайди бугун,
Долар Лайли, мухалифат бўлдилар Мажнун.
Гулхан бўлмаганлар тунни ёритмоқ учун,
Ғаним бўлмасин ҳеч қурса шамчироқ учун.
Майли така бўлса бўлсин, бизга сут берсин,
Қайда бўлса ҳам Ватан деб, эл деб қайғурсин.
Анов тўнғиз хоним чунон тўйиб кетибди,
Мил-мил бўлиб бехосият бойиб кетибди.
Икки томонга ишласа, бой бўладида,
Бошдин оёқ тиллога-зарга тўладида.
Воалҳазар тумшуқлари осмонда эмиш,
Франк-евро, долар эмиш ҳар кунлик емиш.
“Бирлик” уни шундай башанг мақомга солмиш,
Бугун у ўз нажасина кўмилиб қолмиш.
Мухолифат “консерт”идан бағоят тўйдик,
Қўлни ювиб ва қўлтиққа ҳам уриб қўйдик.
(давоми бор)

Комментариев нет:

Отправить комментарий