Меню

четверг, 16 января 2014 г.

Берса ол,Урса коч дегандек маслахатдан маслак





Одатда кайфиятим унча-мунчага бузилмайди. Қандайдир сабабларга кўра руҳиятим синиқлликка мойилланса, хазиллашиб: "Қуёшда магнит бўронлари бошландими, дейман" дея ўзимни овутиб қўяман. Келинг, ҳадеб мақтанавермайин-да, кайфиятни кўтариш учун
қўллайдиган тажрибаларим билан ўртоқлашсам. Демак кайфиятим бузилганда:

1. Яқин дўстим билан суҳбат қураман. Яхши дўст ғамингнинг ярмини олиб, қувончингни икки баробар оширади, деган ҳикматга амал қиламан. Дўстим билан одатда мени қийнаётган муаммо ёки ташвиш ҳақида суҳбатлашмайман. Шунчаки, икки дўст ўртасидаги одатий суҳбат бўлади. Баъзан болаликда бирга ўсган, турли тақдир йўлларини танлаб, бошқа-бошқа жойларда яшайдиган дўстларимга қўнғироқ қиламан ёки улар билан интернет орқали хабарлашаман.

2. Ёқтирган шоирларнинг шеърлари (ёки ўзимнинг шиғирларим)ни мутолаа қиламан. Ҳозир менда ажойиб шеърий аудиоальбом ҳам бор. Уни тинглашим ҳам мумкин.

3. Мусиқа! Мусиқанинг инсон руҳияти, саломатликка кўплаб фойдалари борлигини ўқиганман. Юрагимга қулоқ тутаман. Қандайдир оҳанг, ритм эшитилади. Дарҳол ўша ритмга мос ашула тинглашга ҳаракат қиламан. Мен мумтоз мусиқаларни кўпроқ тинглаганим учун одатда Шерали Жўраев ёки Дилнура Қодиржоновага мурожаат этаман.

5. Кимларгадир хушкайфият, яхшилик илинаман. Бирор совға, арзимасгина тортиқ нафақат ҳадя олган кишига, балки сизга ҳам олам-олам завқ, ўзингизга бўлган ишонч ва мамнунлик бағишлайди(Лекин буни ўзгаларга сира айта кўрманг).

4. Шунчаки табассум қиламан. Биласизми, табассум қилган кишининг миясида бахт ва хушкайфият гормони ҳисобланган эндорфинлар ишлаб чиқарила бошлайди. Тушкунлик вақтида, ҳеч ким кўрмаган пайтда (одамлар орасида ғирт аҳмоққа ўхшаб кўринса керак) кулгим келмаса ҳам жилмаяман.

5. Худони кўп эсга оламан. Худони эсга олиш аслида ҳаммасидан кўпроқ фойда беради. Тушкунлик, кайфият бузилган вақтда юрак аввало таскин топишни, хотиржам бўлишни истайди. Энг оғир вазиятда бошимни саждага қўйиб узоооқ тураман. Аввал қалб таскинлик топади. Хотиржамликка кўниккан қалб энди роҳатни тусаб қолади. Саждада туравераман. Шунда юрагим ажиб туйғуларга кўмилади. Бироқ бу ҳам камлик қилишни бошлайди. Энди қандайдир азобни ҳам тусаб қолади. Бу шундай азобки, тил таърифлашга ожиз бўлган роҳат-фароҳат, айрича ҳаловат билан кўмилган. Беихтиёр кўзларимга ёш қуйила бошлайди, йиғидан ўзимни тута олмай қоламан. Тўғри, бу ҳолат мутлақо махфий тутилиши лозим. Лекин Худодан мағфират сўраган ҳолда баъзилар учун ибрат бўлиши учун айтай: айни шу вазиятда Худо сизга шунчалик яқин бўладики, бутун вужудингиз билан буни ҳис этасиз. Йиғи аралаш У билан ғойибона суҳбат қура бошлайсиз, қилган гуноҳларингиз учун мағфират сўрайсиз... Қалб эса мутлақо сокин, руҳингиз шу қадар енгил бўладики...

Комментариев нет:

Отправить комментарий