Меню

воскресенье, 12 января 2014 г.

Кадрим ила озор

www.milliyburch.com

Ҳар қандай неъмат борки, унинг қадрини йўқотганда биламиз. Йўқ, аслида унинг қадрини, усиз нимадир кам бўлишини, нимадир етишмаслигини шундоқ ҳам фаҳмлаймиз. Фақат уни борида қадрлай олиш лозимлигини англамаймиз, холос. Кейин эса афсус чекамиз, беҳудага ўзимизни айблаб юрамиз.
Бошимиздан жуда кўп бор ўтказганмиз бу ҳолни.
Ҳар бир одам ҳеч бўлмаса бир бора дуч келган бу ҳолатга. Лекин хулоса чиқаришга шошилмаймиз. Йўқотилган нарсалар учун надомат чекамиз-у, аммо яна шу ишимизни давом эттираверамиз.
Йўқолган пичоқнинг сопини олтиндан деб биламиз-у, лекин нима учун беҳудага сарфлаётган умримизга ачинмаймиз?! Ёки ўтиб бораётган дақиқаларнинг қиймати бой берилган ўша ҳузур-ҳаловотдан пастми?..

Қумсоатни кузатганмисиз,
Тўкилишин минглаб зарралар?
Бир-бирига йўл бермай, тўзиб,
Умримизни аста арралар...

Бемор бўлса, юрак урса тез,
Соғлиқ дебон югурар чунон.
Ташвиш келса, топар чорасин –
Беҳаловат яшолмас инсон.

Йўқотса-чи бойлик, пулини,
Олиб кетса ё кимдир молин,
Йўлин топар, қадри баланд-да –
Кечиб бўлмас, тутар уволи!

Нечун сира бермас эътибор,
Зарраларнинг қадри йўқми ё?
Ахир унда кетар миллионлаб
Дақиқалар жо бўлган дунё!

Йўқотилган ҳар бир неъматни
Қайтармоққа қодирмиз мудом –
Уриб турса тин билмас юрак,
Тарк этмаса танимизни жон.

Аммо қандай улгурармиз, айт,
Қайтармоққа ўтган кунимиз?
Фурсат бўлмас, ва бошқа имкон –
Қайтмас сира фоний умримиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий