Меню

воскресенье, 12 января 2014 г.

Чумчуқни энди ким сўяди?! ( Фикристондан)

www.milliyburch.com


Бугун ҳар ким ўз фикрини ҳеч бир таҳрирсиз, мустақил ифодалай олиш имконига эга. Бунга журналистикадаги янги оқим – блоггинг йўналиши ёки, бошқача айтганда, фуқаролик журналистикаси бош сабабчи!
Фан-техника тараққиётининг улкан ютуқларидан бири бўлган интернет шарофати билан эндиликда қай бир соҳага назар солманг, албатта, блогерлар “дастхати”ни кўрасиз. Энг муҳими, шу орқали халқни лоқайдлик ҳисси тарк этмоқда. Бу – катта эврилиш!

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мавзу: “Журналистика соҳасида фақат профессионаллар қалам тебратиши керакми?” – деган саволга жавоб бериш асносида халқимизнинг тарихий бир мақоли ўз долзарблигини йўқотиб бораётганига амин бўлдим.
“Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин!” Балки бу мақолни эндиликда журналистикага нисбатан татбиқ этмаган маъқулмикин? Нима дейсизлар?!
Сабабини сўраяпсизми? Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Майли бир-иккитасини санаб ўтишим мумкин.
Биринчидан, янгиликларни етказишда блоглардаги тезкорлик бошқа ҳеч бир оммавий ахборот воситаларида (ОАВ) учрамайди. Бирор бир аҳамиятга молик воқеа содир бўлдими, тамом – биринчилардан бўлиб аллақайси бир блогда бу ҳақда албатта ёзишади.
Иккинчидан, эндиликда, қанчалик ғалати туюлмасин, расмий ОАВ ҳам блогларда чиққан янгиликлардан ўз нашрларида кенг фойдаланмоқда. Биргина мисол: блогер Хушнудбек Худайбердиевнинг “Трастбанк”га хат!”и бир неча интернет нашрлари ва босма ОАВлари учун яхшигина материал вазифасини ўтаб берди.
Учинчидан, эндиликда пресс-конференцияларда блогерларнинг ҳам иштирок этиши аввалдан тайёргарлик кўрилган савол-жавоблар бўлмаслигини кафолатламоқда. Бу, ўз навбатида, ошкоралик ва ҳаққонийликни таъминлашга хизмат қилади.
Тўртинчидан, ҳозир шундай блогерлар авлоди шаклланмоқдаки, улар баъзи профессионал журналистлардан фарқли ўлароқ, воқеликни шунчаки баён этмай, балки бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларга ўз нуқтаи назарини билдирмоқда. Фикр билдирганда ҳам, профессионаллардан савиялироқ хулосалар беришмоқда. Бу фикрлар хилма-хиллиги ёки плюрализмга ишончли замин яратади.
Бешинчидан, халқ ўз фикрини билдирмоқда. Демак, фуқаролик жамияти шаклланмоқда. Жуда катта муваффақият бу! Ва ҳоказо...

P.S. Хуллас, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин. Лекин блогерлар бундан мустасно...

Дилшодбек Адуазизов

Жавоб урнида Дилшодбекка

Биринчидан, янгиликларни етказишда чет элдаги блоглар тезкор бўлиши мумкин, лекин Ўзбекистондагилар эмас.

Иккинчидан, расмий ОАВ деганда - "Халқ сўзи", "Правда Востока", "Ўзбекистон" радиоси ва телеканали ва ҳакозо, ва ҳакозо шунга ўхшаш давлат ташкилотлари муассислигидаги ОАВ тушунилади. Булар ҳали блогларда чоп этилган маълумотлардан фойдаланишни бошлагани йўқ. Давлат рўйхатидан ўтган ҳар бир нашр "расмий ОАВ" бўлавермайди. Блогларга манбаларни, хусусан, сиз келтирган мисолда воқеаларни давлат рўйхатидан ўтган, бироқ давлат ташкилотларига бўйсунмайдиган, мустақил нашрлар ёритди.

Учинчидан, ҳамма пресс-конференцияларда ҳам блоггерлар иштирок этаётгани йўқ. Иккита матбуот анжуманида блоггерларни кўриб қолиб, "ана, блоггерлар ҳам келишяпти экан", дейиш - кўп тўғри эмас. Модомики, матбуот анжуманларига ҳақиқатан ҳам кўплаб блоггерлар ташриф буюраётган бўлганида эди, биз албатта блогларда айнан ўша матбуот анжуманлари бўлаётгани ҳақида кўплаб ўқирдик. Йўқ, ҳозирча ундай бўлаётгани йўқ. Бундан ташқари, блоггерларга ҳам олдиндан тайёрланган

Тўртинчидан, ахборий жанрлардаги журналистик материалларда ҳеч қачон хулоса бўлмайди, аксинча, ўқувчи унга берилаётган ахборотни ҳазм қилиб, ўзи хулоса чиқаради. Лекин бадиий-публицистик жанрларда (дейлик, фелъетон, памфлет ва ҳакозо) ёзадиган журналистлар ҳам бор ва уларда фикр бўлади. Баъзан, журналистлар ёзган репортажларни ўқиб, бевосита воқеа жойида бўлгандек ҳис қиласиз ўзингизни.

Блоглар яхши, улар кўпайса - ундан ҳам яхши. Бироқ ҳозир, ҳозирги Ўзбекистонда уларнинг ижтимоий аҳамияти жуда паст, деярли сезилмайди.

Мухрим Аьзамхужаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий